«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-03T10:58:24+05:003 Aprel, 2021|Олтин қалам|

“БАҒИШ” КЎЧАСИДАГИЛАР ЎГАЙМИ? ЁХУД ЁВВОЙИ ЎТ БОСГАН ЕР КИМНИКИ?

Якшанба куни яъни 2 августда Ўрта Чирчиқ тумани “Оқ-ота” маҳалласи “Бағиш” кўчасида яшовчи устоз Абдужаббор Абиловни ҳайит билан табриклагани бордим. Устознинг юз-кўзидан нимадандир хафалиги сезилиб турарди. Мен улардан нимадан безовталигини сўрадим. Устоз минг бир истиҳола билан дардини айтди:

“1996 йилда собиқ колхоз томонидан бизларга уй-жой қуриш учун мана шу ерларни ажратиб берганди. Уйни қуриб, кўчиб чиққанимизда кўчамиз қишда лой, ёзда тупроқ, чанг бўларди. Чироғимиз хира, газ йўқ эди. Арз қилмаган жойимиз қолмади. Натижа бўлмагач, 2017 йилда шу кўчада яшовчи 51 нафар хонадонда яшовчилар пул йиғиб, 210 машина шағал келтириб, йўлимизни бироз обод қилдик. 1800 метр газ трубасини ҳамда газ тақсимловчи аппаратни ҳам сотиб олиб ўрнатдик. 4100 метр электр узатгич симини ва трансформаторни ҳам ўзимиз пул йиғиб ўрнатдик. Бу ишларга 110 миллон сўмдан ортиқ пул сарфладик. Ўрта Чирчиқ туман ҳокимиятидан ҳеч қандай ёрдам берилмади. Кўчамизда бўш турган ерни маҳалламизда яшамайдиган  бегона одамларга сотишди. Бу томорқа ер эгаларини ҳаттоки “Оқ-ота” МФЙ раиси Омон Райимбердиев ҳам билмайди. Йигирмадан ошиқ 10 йиллаб қаровсиз, ташландиқ ерлар, томорқалар бор. Шу ерларни маҳалламиздаги кам таъминланган эҳтиёжмандларга бўлиб берса, унумли фойдаланган бўларди. Бу томорқаларни ёввойи ўт босиб ётибди. Ҳозир кўпчилик ишсиз қолди. Ҳокимиятдаги мутасаддилар кўчамизни асфальт қилиб беришса яхши бўларди”.

“Ўша сиз айтган ташландиқ ерларни кўрсатасизми?” дедим устозга.

Устоз дарҳол йўл бошлади. Тахминан 100 метрлар юрганимиздан сўнг ўнг томонимизда тиконлар ўсиб ётган ерларни кўрдим. Кўчанинг охирида эса пахта майдони бор экан. Ташландиқ ернинг рўпарасидаги атрофи баланд девор билан ўралган ернинг дарвозасини тақиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Ўша ердан сассиқ ҳид келарди.

“Бу ерни уй-жой учун олиб, ферма қилган. Молларнинг тезагини ҳидига кечқурунлари чидаб бўлмайди” деди устоз.

Ўша уйга қўшни бўлган аёллар биз томонга келди. Мен уларга журналист эканимни айтдим.

“Мен Зебо Якубоваман. Мана шу молхонанинг рўпарасида яшайман. Уч-тўрт йилдан буён фермадан чиқаётган ҳидга туриб бўлмайди. Эшик-деразаларимизни ёпиб ўтирамиз. Пашша, чивин кўпайиб кетган. Молларга ем таёрлаш учун балон ёқишади. Балоннинг сассиқ ҳидидан дод деворгинг келади. Олдинги маҳалла раисига мурожаат қилганмиз. Ферманинг эгаси Адҳам акага ҳам бир неча бор молларини бу ердан олиб кетишини айтганмиз. Аммо натижаси кўринмаяпти”.

“Мен Айнур Усмонова ферманинг ёнгинасида яшайман. Фермадан чиқаётган сассиқ ҳидга туриб бўлмай қолди. Қачонгача биз шу аҳволда яшаймиз?”

Уларнинг шикоятини аниқлаштириш мақсадида “Оқ-ота” МФЙ раиси Омон Райимбердиевга қўнғироқ қилиб чақиртирдик. Етиб келгач, Омон акадан Адҳам аканинг фермаси ҳақида сўрадим.

“Билмайман, мол боқишини ҳам билмайман”, деди маҳалла оқсоқоли.

Шундан сўнг Абдужаббор ака ферманинг дарвозасини қаттиқроқ тақиллатди. Бироздан сўнг у ердан озғингина бир киши чиқди.

Ўзини таништиришини сўрадим. Лола Юсупов, сурхондарёлик экан. 29 та мол боқаётганини, бир ойдан буён шу ерда ишлаётганини, Адҳам ака ҳар куни озиқ-овқатини бериб кетишини таъкидлади у.

“Бир ойга қанча маош беряпти. Иш бўйича оғзаки ёки ёзма шартнома туздиларингизми?” дея сўрадим.

“Қанча пул беришини билмайман”, деди содда Лола Юсупов.

“Эртага ишлатиб, пулингизни бермаса, нима қиласиз? Маҳалла оқсоқолига, кўча бошига ҳам айтиб қўйингда” дедим мен унга.

“Пулимни бермаса Худога соламан. Нимаям қилардим деди”, бечора молбоқар.

Мен ишчи билан савол-жавоб қилаётганимда маҳалла раиси нарироққа бориб, қўл телефонидан аллақачон Адҳам акага қўнғироқ қилган экан.

Бироздан сўнг Омон ака ёнимизга келиб “Адҳам эртага кечқурун келаркан” деди.

“Мана молбоқар. 29 та молни боқаётган экан. Сиз эса хабарим йўқ дейсиз. Энди бу молхонани нима қиласиз раис?” дедим мен.

“Молхонани олиб ташлаттираман” деди раис.

Маҳалла раисининг оқсоқол бўлганига бир ярим йилча бўлибдию наҳотки маҳалласида шундоқ уйларнинг ёнидаги фермадан хабари бўлмаган бўлса. Унинг жавоблари бизни ҳайратлантирди. Маҳалла оқсоқоли ҳудудидаги тадбиркорни, фермерни қаерда нима иш билан шуғулланаётганини билмаса!

“Катта кўчаларингиз чиройли қилиб асфальт қилинибди. Бу кўча ўгайми? Қачон бу кўча асфальтланади?” дедим.

“Бу ҳақда ҳокимиятга айтганмиз. Карантиндан сўнг, албатта, бу кўчани асфальт қилишга ёрдам берамиз”, деди маҳалла раиси.

Ўша ерда яна бир участкани кўрдик. Маҳалла раиси уни кимга тегишли эканини ҳам билмаслигини айтди. Қўшнилар эса бир неча йил олдин қурувчилардан сўрашгани, қурувчилар “ферма” қурилиши ҳақида айтишганини таъкидлашди. Атрофи баланд девор билан ўралган ҳайҳотдек томорқани ёввойи ўт босиб ётибди. Одамлар бир қарич ерга зор бўлиб турганда бу ерлардан фойдаланмаслик увол эмасми? Томорқадан унумли фойдаланишни қачон йўлга қўямиз?

“Фермани йўқотиш тўғрисида бир неча маротаба ҳокимиятга ёзма равишда ариза билан мурожаат қилганмиз. Ҳокимиятдан мутасаддилар келади, кўради. Шундан сўнг бир икки ойга моллар йўқотилади. Кейин яна пайдо бўлаверади. Яна ўша сассиқ ҳидни ҳидлаб ўтираверамиз”, деди Абдужаббор Абилов.

Наҳотки ферма аҳоли яшайдиган жойда қурилса? Молхонадан чиқаётган бадбўй ҳиддан, чивину пашшадан ўша ерда яшаётганларни ким қутқаради? Туман СЭС ва экология ташкилотлари қаерга қараяпти?

Маҳалла оқсоқолидан ўша ердаги ташландиқ, тиконзор бўлиб ётган ерлар кимга тегишли эканлигини сўрадим.

“Ҳеч кимга?” деди маҳалла раиси.

Эссиз шунча ер. Юртбошимиз ердан унумли фойдаланиш ҳақида тинмай гапираётган бир пайтда бу ерда ерлар бўш ётибди. Шу ерларни ҳам тезроқ ҳақиқий эгасига беришса эҳтимол чиройли боғ яратармиди? Ёки гулзорга айлантирармиди? Жуда бўлмаганда картошка, сабзи экиб халқнинг эҳтиёжини қондирармиди?..

Донишмандларимиз “Ер эл билан обод, Эл ер билан обод” дейдилар. Деҳқоннинг хазинаси ердир. Шундай экан тиканзор бўлиб ётган ерларни одамларга бериш навбати келмадимикин? Мутасаддилар қаерга қараяпти? Қачон бу ерлар ўз эгасини топади?

 

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

“Миллий тикланиш” газетасида 2020 йил 12 августда чиққан.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 46

OAV nomi va parolini kiriting!