«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-03T10:03:35+05:003 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Қолган ишга қор ёққани шу бўлса керак — ўтинсиз печлар, ис гази ва тумшуғи кўтарилган айрим раҳбарлар… ҳақида

Кейинги кунларда об-ҳаво ҳароратининг кескин совуб кетиши Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда. Бу борада белгиланган тадбирлар, ўтказилаётган йиғилишлар, қабул қилинган қарорлар ижроси афсуски, ҳозирча кутилган натижани бермаяпти. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар ҳамда қишлоқлардаги аҳоли хонадонларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида кескин чоралар кўриш лозимлиги юзага чиқяпти. Айниқса, кейинги кунларда бу борадаги муаммолар кўпая бошлади. Кишилар ижтимоий тармоқларда хонадонларни иситиш тизимида жиддий камчиликлар мавжудлиги, туман ва шаҳарларда табиий газ босими кескин камайгани, айрим ҳолларда хонадонлар газ таъминотидан узиб қўйилаётгани борасида ҳақли эътирозлар билан чиқишмоқда.

2020 йил ноябрь ойининг охирги ўн кунлигида вилоятнинг Бўка, Тошкент, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Пискент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Оққўрғон, Паркент, Бўстонлиқ, Қибрай, Зангиота, Оҳангарон, Чиноз туманлари ҳамда Оҳангарон ва Красногорск шаҳарларидаги ҳудудий газ қувурларида вақтинчалик газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилди. Шу сабабли, мазкур туман ва шаҳарлардаги бир қатор МФЙларида газ босими кескин пасайди. Афсуски, бу ҳолат кўпчилик жойларда ҳали ҳануз давом этмоқда.

Жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида бундан бир неча кун олдин Паркент туманида бўлганимизда, қалин қор ва қишнинг аччиқ изғирини ҳукмрон эди. Туман ҳокимлигидаги мутасаддилар бу борадаги чора-тадбирлар хусусида умумий тушунча бериш билан чегараланишди, холос. Шундан сўнг, мазкур муаммоларни тезкор ҳал этиш борасидаги тадбирлар билан танишиш мақсадида «Паркенттумангаз» газ таъминоти бўлими раҳбари Тиркаш Хуморов билан суҳбатлашдик. Ўша кунлари туманда аҳвол анча жиддий эди. Қўлимиздаги маълумотларга кўра, «Хисорак», «Чанги», «Сой», «Чўққайма», «Ойбек», «Обжувоз» каби жами йигирмага яқин маҳаллалардаги 5920 та хонадонда газ таъминоти меъёридан пастлашиб кетганди. Шу боис аҳоли вакиллари туман газ бўлими ва ҳокимлик идорасига кетма-кет мурожаат қилишиб аҳволни тезда ўнглаш чорасини сўрашди. «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали бош директори А.А.Райимов номига  «Паркенттумангаз» газ таъминоти бўлими бош муҳандиси  Ф.М. Ирматов имзоси билан 2020 йил 29 октябрь ҳамда 13, 17, 20 ноябрь кунлари юзага келаётган вазиятни ўнглаш борасида амалий ёрдам сўраб юборилган  хатларда, жумладан, бундай дейилади: «Ҳавонинг кескин совуб кетиши сабабли туманда газ босими тушиб кетди. Натижада Бойқозон, Қўличи, Сой, Истиқбол, Ўчоқ, Чангчи, Қорақалпоқ қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларида норозиликлар келиб чиқмоқда». Бундай мурожаатларга негадир ҳадеганда ижобий жавоб бўлмагач, ўтган йил ноябрь ойининг охирги ўн кунлигига келиб, 3545 та аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминлаш қониқарсиз аҳволга келди. 750 та хонадон эса табиий газ таъминотидан бутунлай узилиб қолди.

— Шу хонадонга кўчиб келганимизга олти йил бўлди, — дейди «Бойқозон» қўрғонида истиқомат қилувчи Шавкат Эргашев. — Ҳар йили совуқ тушиши билан газ босими пасайиб кетади. Оила аъзоларимиз билан бир хонада электр иситгич атрофида ўтирибмиз. Яхшиям ҳозирча электр таъминотида узилиш бўлгани йўқ. Агар бу борада ҳам муаммо чиқса билмадим нима қиламиз.

Шу маҳалладаги Муҳайё Иноятова, Камолиддин Сабриддиновлар яшовчи хонадонларга бош суққанимизда совуқдан озор чекаётган оила аъзолари эътирозини эшитдик. Уларнинг таъкидлашича газ тақсимоти бир хилда эмас. Айрим кўчаларда яхши, айримларида ёмон, аксарият кўпчилик хонадонлар эса газ таъминотидан мутлақо узиб қўйилган.

Туманда бўлган кунларимиз 610 та давлат ташкилоти, 54 та умумтаълим мактаби, 7та МТМда ҳам иситиш ҳолати кўнгилдагидек эмаслигини айтишди. «Агар совуқ ҳаво оқими бир неча кун сақланиб турса, албатта, бу борадаги муаммолар янада кўпайиши табиий» дейишди улар. Бунинг асосий сабабларини ўрганганимизда шу нарса ойдинлашдики, туман аҳолисини табиий газ билан таъминлаш учун, «Ўзгазлойиҳа» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида хонадонларга тортилган газ қувурлари 6 кило газ босимига пешҳисоб қилинган. Ҳудудни газ билан таъминлаб турган Паркент ва Ўзбекистон ГТШ(газ тақсимлаш шохобчаси)лардаги босим миқдори эса, бор-йўғи 3,5 кгс/см2 ташкил этмоқда. Навбатчи диспетчерларнинг қайд этишича, баъзи кунлари бу кўрсаткич 2,9 кгс/см2га ҳам тушиб қолган.

Бундай ҳолатлар қўшни Юқори Чирчиқ туманининг «Нурли замин» маҳалласида, «Карантин зонаси»да,  «Бордонкўл», «Яшнобод», «Уччинор», «Янги ҳаёт», «Ийк-ота», «Аҳмад Яссавий» каби бир қатор маҳаллаларда ҳам юзага келди. Шу боис, бу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли билан суҳбатлашганимизда, хонадонларда табиий газ босимининг пасайиб кетишидан қаттиқ норозилик билдиришди.

Бўстонлиқ туманидаги «Думалоқ», «Сариқонли», «Уенкулсай» маҳаллаларидаги аҳвол эса бундан-да ачинарли. «Сариқонли»даги 538 та хонадонда 2390 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 220 нафари нафақа ёшидаги кексалар. «Уенкулсай» қишлоғидаги одамлар сони бундан-да кўпроқ. Улар билан ёнма-ён жойлашган Думалоқ қишлоғида ҳам минглаб кишилар яшайди. Бу ҳудудларда бир неча йилдирки, табиий газ таъминотида муаммолар ечим топмаётир. Одамларнинг таъкидлашича бу борадаги аҳволни ўнглаш анча мушкул эмиш. Чунки аҳолининг шикоят ёзмаган идораси, мурожаат қилинмаган раҳбари қолмади дейишмоқда улар. Бу қишлоқларда биргина газ таъминоти эмас, ички йўлларни таъмирлаш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Кексаларнинг эътироф этишича, ўнқир-чўнқир кўчаларга қарийб ўттиз йилдан буён асфальт ётқизилмаган. Энг ачинарлиси, Думалоқ қишлоғидаги «Истиқлол» маданият ва аҳоли дам олиш марказига 1-сектор раҳбарининг штаби жойлашган. Штабнинг шундоқ рўпарасидан ўтувчи катта йўлнинг аҳволини кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Наҳотки, қайсидир зарурат юзасидан ковлаб ташланган жойларни 1-сектор раҳбари бўлмиш туман ҳокими кўрмасалар. Ёки у киши бу штабга келмайдилармикан-а!

Қалин қор ёққан кунларда бу қишлоқларда йўловчи ташувчи автобус ва йўналишли таксилар қатнови сустлашади. Ғазалкент, Чирчиқ, Чорвоқ, Белдирсой ва Амирсойга қатнаб ишловчи аҳоли марказий трассагача яёв чиқишаркан. Баъзи қишлоқларда бу масофа 7-8 километрни ташкил этади. Шу боис, бу ҳудуддаги қариялар: «Агар лоторея ўйинларига бир «КаМАЗ»дан лиқ тўла асфальт ютуғи қўйилса, барча тиражни сотиб оламиз. Зора, шунда йўлларимиз равонлашса» дейишади.

— Ҳар доим совуқ тушиши билан газ босими кескин пасайиб кетади, —дейди «Уенкулсай» маҳалласининг Қанғли кўчасидаги 33-уйда истиқомат қилувчи Акромхўжа Абдураҳмонов. — Оилада беш нафар киши яшаймиз. Яхшиям ўтин печь қуриб олдик. Жуда кўп хонадонларда бу ҳам йўқ. Айниқса, ёш болалик оилалар совуқдан қийналишмоқда.

— Ҳаво ҳарорати исигандагина газ босими кўтарилади, — дейди шу кўчада истиқомат қилувчи Эсимхон Хўжахонов. — Қаҳратон қиш кунларида газдан деярли фойдаланмаймиз. Номига милтираб туради холос! Оилада кекса ёшдаги ота-онам билан ўн нафар киши яшаймиз. Ёлғиз илинжимиз ўтин ёқиладиган печь. Лекин бу жониворга ҳам ўтин керак, кўмир керак…

Бу қишлоқлардаги хонадонларда бўлганимизда, ота-оналар фарзандларини совуқ уйларда шамоллаб қолишидан хавотир олиб, мактабга жўнатишаётганини айтишди. «Ҳар ҳолда мактабда газ бор. Кун бўйи зах уйда қунишиб ўтиргандан кўра, илиқ бўлса-да, синф хоналаридан айирмасин», — дейишди улар. Энди, ёш гўдаги бор оилалардаги ота-оналар хавотирини тасаввур қилиб кўраверинг!

Вилоятдаги аҳоли хонадонларида табиий газ босимининг кескин пасайиб кетишининг асл сабаблари ва бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали бош директори А.А.Райимов қабулига борганимизда негадир у киши бизни қабул қилиш, вазиятни тушунтириш ўрнига, аксинча, эшик оғасига бизни ичкарига киритмасликни буюрдилар. Котиба эса, касаба уюшмаси раисига учрашишимизни амр этди. Унинг: «Бошлиқнинг буйруғи шундай бўлди», — деган сўзлари бизни ажаблантирди… Балки, совуқ хонадонларда ночор аҳволда яшаётган кишиларнинг магнит тасмасидаги сўзларини эшитишга «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали раҳбари жаноб Алишер Райимовнинг юраги бетламадимикан-а?

Вилоятнинг тегишли соҳа раҳбарларидаги мана шундай масъулиятсизлик, хўжасизлик туфайли ўтган 2020 йил давомида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ бир нечта фавқулодда вазиятлар юзага келди. Одамларнинг пешона тери эвазига қуриб битказган хонадонлар ёниб кулга айланди. Энг ачинарлиси, 4 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмди. Икки нафари турли даражадаги тан жароҳати олди. Битта фавқулодда вазиятда эса 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақида ўтган жума маърузаларининг бирида Нурафшон шаҳридаги жомеъ масжид имоми ҳам афсусланиб гапирди. Чунки, ис гази туфайли ҳаётдан кўз юмганлар орасида ёш гўдаклар ҳам бор эди.

Бугун «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали ўз ижтимоий тармоғида ис газига қарши тегишли тадбирлар кўраётгани ҳақидаги бодроқдек тарқатаётган хабарларини амалда эртароқ бошлашганида, жойлардаги муаммолар юзага келмасмиди?! Газ қувурлари, таъминот шохобчалари ва бошқа зарурий жараёнларда жорий ва мукаммал таъмирлар нега айнан қиш чилласигача ўз ҳолига ташлаб қўйилди? Балки, бу ишлар иссиқ-илиқда бошланганида юз берган фалокатлар содир бўлмасмиди?! Зимистон қишда газ таъминотидан узиб қўйилган уйлардаги юзлаб нафар аҳоли совуқдан дийдираб, ночор аҳволда қолишмасмиди?!

Энг асосийси, мутасадди раҳбарларнинг, айрим ҳокимларнинг осмонга кўтарилган тумшуғи пастлашишини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек, барча соҳа раҳбарларининг халқ хизматкорига айланиши, аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш, ижтимоий ривожланиш борасида бош омилга айланмоқда.

Изоҳ: Мақолани таҳририятга топшираётган кунимиз Паркентдан қўнғироқ қилишиб, газ босими кўтарилганини айтишди. Бироқ Бўстонлиқ ва қолган ҳудудларда бу борада ижобий фикр билдирилмаётир. Паркентда ҳам об-ҳаво ҳарорати кескин совуган кунларда газ босими яна тушиб кетганлиги қайд этилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)

11 Январь 2021

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!