«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T18:46:00+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

«Духи етадими?» Ёки омади гаплардан иборат «креатив» фельетон

Иллюстратив фото

Ўзидан бошқа биронта ўзбек яшамайдиган шимолдаги шаҳарда иш бошлаган ўзбек, чойхонаси пештоқига «Биз очилдик!» деб ёзиб қўйибди. Аммо айни битик туфайли тез орада, қуёш ботмаёқ чойхонасини ёпишибди.

Ўзбеклардан бошқа биронта бошқа миллат яшамайдиган чекка бир ўзбек қишлоғида яшовчи ўзбек чойхонаси пештоқига «Мы открылись» деб ёзиб қўйибди. Лекин унинг чойхонаси ёпилмапти, ишлаб кетибди.

…………

«Креатив»ижодий ёндашувли телеграм каналининг эгаси ва «ўта замонавий  муҳаррир»лардан бирига қўнғироқ (Қўнғироқ қилган киши русчани руслардан ҳам кўра мукаммал билсада, соф ўзбекча гапирадиган кузатувчи эди) бўлди:

— Шу, «Духи етмади» демасдан, ақли ёки зеҳни етмади деб ёзсаларинг бўлмайдими?

— Э, қизиқмисиз, сиз айтаётган эскича сўзларни тушунишга ўқувчиларимизнинг… «духи» етмайди-ку!

………

Туркиянинг бир оёғи Осиёда, бир оёғи шундоқ Европанинг биқинида турса-да, турк тили ўз миллий жозибасини йўқотгани йўқ. Ҳам оғзаки, ҳам ОАВ тилида жаҳоний истеъмолда кенг тарқалган сўзларнинг ҳам туркча ифодаси ишлатилар экан.

Биз Осиёнинг қоқ марказида, Европадан анча узоқда, тилимизда бир сўзнинг бир эмас, бир неча ифода шакллари бўлса-да, дейлик, масофавийни «онлайн», анъанавийни «оффлайн» деймиз. («Яхши», «Тушунарли», «Хўп»нинг ўрнига «Окей»га ўрганиб боряпмиз). Турклар эса онлайнни «Жанли» дейди, вассалом, керак бўлса, инглизлар ҳам, европаликлар ҳам тушуниб олади.

Эслатма. Европаликлар Абу Али Ибн Синонинг исми шарифидан «Медицина» сўзини ясаб, дунёга тарқатган. Ал-Хоразмийдан эса «Алгебра», «Алгоритм»ни. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.

……….

Ўзбек тилини соф ўзбекча сўзлар жамланган қўлланма ва луғатлардан ўрганиб Ўзбекистонга келган сайёҳлар учун бизнинг оғзаки истеъмолимиздаги тилни тушунмай қолмаслиги мақсадида яна бир «Кўча тили луғати» яратиш керакмикан?

Масалан, мана бундай «ўзимизники»га айланган сўзларни киритган ҳолда:

«Нармална» — ҳаммаси жойида

«Всё» — бўлди, тамом

«Серёзна» (савол маъносида келса) —Ростми ёки ростанми?

«Короччи» —қисқаси

«Далнее момент»  айни вақтда, ҳозир…

«Астонавка» — бекат

«Так что» —шу десанг, шундай қилиб…

«Браво» —баракалла, балли, офарин…

«Вабше» —умуман, бутунлай…

«Абед»  тушлик

«Завтрак» —нонушта

«Сдачи ёки здачи» — қайтим

«Маладес» —балли, баракалла…

«Как будто» —гуё, худди…

«Братан» — ака

«Братишка»  ука

… ва ҳоказо.

Изоҳ: Ушбу тугалланмаган «Кўча тили луғати»даги сўзлар охиридаги уч нуқта ҳали бу сўз ва ибораларнинг ўзбекча синонимлари кўп дегани.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»). 

16 Ноябрь 2020

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.3 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!