«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T18:20:36+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ОЙ БОРИБ, ОМОН ҚАЙТ!

Фильм яратилишига сабаб бўлган ўзбек жангчисининг қаҳрамонлиги

Қудрат Суюнов 1919 йил 6 февралда Пахтачи туманида деҳқон оиласида туғилган. 1939 йил армияга сафарбар этилган. Сержант Суюнов Иккинчи жаҳон урушида немис фашистларига қарши 13-армиянинг 74-ўқчи дивизияси, 109-ўқчи полкида бўлинма командири лавозимида Ғарбий, Брянск, Дон ва Марказий фронтларда жангларда қатнашган.

1943 йил 12 сентябрда сержант Қудрат Суюнов Украинанинг Чернигов вилояти, Коропск райони, Оболонь қишлоғи учун бўлган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. У совет жангчиларининг Десна дарёси бўйидаги назорат ҳудудларини мус­таҳкамлаш учун олиб борган шиддатли жангларда ўз жонини қурбон қилиш эвазига душманнинг ўқ отиш нуқтасини йўқ қилган ва қуролдошларининг олға юришига йўл очиб берган. Қудрат Суюнов Оболонь қишлоғида, Десна дарёси бўйига дафн этилган.

Десна дарёсини кечиб ўтишда ва бу ердаги назорат ҳудудларини мустаҳкамлашда кўрсатган жасорати ҳамда қаҳрамонлиги учун Қудрат Суюнов СССР Олий Президиумининг 1943 йил 16 октябрдаги фармонига кўра «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони ва «Ленин» ордени билан тақдирланган.

Қудрат Суюнов таълим олган мактаб ва Оболонь қишлоғида қаҳрамоннинг бюсти қўйилган. Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани марказида эса жасур ўзбек ўғлонига улкан ҳайкал ўрнатилган.

ЎЗБЕКНИНГ БОТИР ЎҒЛОНИ

1943 йил 12 сентябрда 109-ўқчи полк Десна дарёси бўйидаги Оболонь қишлоғи йўналишини немис фашистларидан озод қилиш учун жангларга киришди. Шу вазиятда дарёнинг нариги қирғоғида баландликда жойлашган душман ўқ отиш нуқтаси полкни тинимсиз пулемётдан ўққа тута бошлади. Натижада ҳужумга ўтган полк жангчилари бош кўтара олмай қолишди. Қўмондонлик Қудрат Суюнов бўлинмаси ҳаракат қилаётган ротага Деснани биринчи бўлиб кечиб ўтиш топшириғини берди. Шунда ўзбек сержанти рота командири олдига келиб:

– Рухсат беринг, ўртоқ командир, душман ўқ очиш нуқтасини граната билан… – гапи охирига етмай буйруқ берилди:

– Ишга киришинг, Суюнов! Взвод сизни ўқ отиб, ҳимоя қилиб туради.

Қудрат хизмат қилаётган взвод фашистлар дзоти йўналишида ўқ ёғдирган ҳолда ўз сержантларини қўллаб-қувватлаб туришди. Қўрқув нималигини билмаган жасур ўзбек йигити сездирмасдан душманнинг бетон девор билан ҳимояланган пулемётига ён томондан эмаклаб борди. Душман дзотига чамаси 20 метр қолганда Қудрат оёғидан яраланди. Жароҳатланганига қарамай сафдошларини бош кўтаришга қўймаётган пулемёт нуқтасига янада яқинлашди. Ниҳоят, Қудрат Суюнов шундоққина қаршисида олов ёғдираётган дзотнинг қора туйнугини кўрди. Бир нечта гранатадан иборат ўрамни пулемёт нуқтасига улоқтирди. Граната ўрами дзот туйнугида портлади ва душманнинг саси ўчди. Кучли портлашдан ён-атрофга сочилган граната парчаларидан бири Қудратнинг бошига келиб тегди. У сафдошларининг «Ура!» дея ҳайқириқлар билан қишлоқни ишғол этганини эшитмади. Қуролдош дўстлари қаҳрамонни кўтариб олиб кетишаётганини Қудрат Суюнов ҳис қилмасди…

«СЎНМАС ЮЛДУЗ»

Ғалабадан кейин Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чиси, 1-Украина фронтида чоп этилган «Ватан шаъни учун» газетасининг ўзбек тилидаги нашри мухбири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Зиннат Фатхуллин қаламига мансуб «Сўнмас юлдуз» («Немеркнущая звезда») повести нашр қилинди. Қудрат Суюновнинг қаҳрамонлигини мадҳ этувчи ушбу асар Тошкент ва Москвада бир неча марта қайта босиб чиқарилди.

Кейинчалик Зиннат Фатхуллин «Ой бориб, омон қайт!» фильми учун сценарий ёзиб, уни 1968 йил машҳур Файзиевлар сулоласи вакили – кинорежиссёр Ҳабибулла (Пўлат) Файзиевга тақдим қилди. Ҳабибулла ака таниқли кино ва театр актёри, сценарист, кинорежиссёр, «Улуғбек юлдузи», «Али бобо ва қирқ қароқчи», «Севги афсонаси» каби машҳур фильмлар ижодкори, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти соҳиби Латиф Файзиевнинг укаси.

Ўзбекистон, Украина ва Белоруссияда олиб борилган 4,5 ойлик суратга олиш ишларидан кейин 1969 йил «Ой бориб, омон қайт!» фильми собиқ Иттифоқ ҳамда Европанинг мингга яқин кинотеатр­ларида намойиш этилди.

Қарийб ярим асрдан кўпроқ вақт олдин яратилган фильмда бош ролни ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ражаб Адашев билан биргаликда 82 ёшни қаршилаган Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев хонадонига ташриф буюрдик. Таниқли кинорежиссёр ва Ражаб Адашевнинг фильмни суратга олиш жараёнидаги хотиралари билан ўртоқлашдик.

– Ҳабибулла ака, бу асар сценарийси қандай қилиб сизнинг қўлингизга тушиб қолган?

Ҳабибулла (Пўлат – Ҳабибулла акани яқиндан таниган инсонлар ва ҳамкасблари уни шу исм билан аташади. Муаллиф) Файзиев:

– Зиннат Фатхуллин «Сўнмас юлдуз» повестидан кейин ушбу киносценарийни ёзди ва ўқиб кўриш учун менга берди. «Ой бориб, омон қайт!» сценарийсини қисқа вақтда ўқиб чиқиб, фильмни суратга олишга қарор қилдим. Биринчи қилган ишим, муаллифнинг катта ўғли – оператор Дилшод Фатхуллин ва рассом Вадим Добрин билан биргаликда узоқ сафарга чиқдик. Биринчи сафаримиз Қудрат Суюнов яшаган Пахтачи тумани қишлоғига бўлди. Яқин қариндошлари, адашмасам, Мусулмонқул деган укаси билан узоқ суҳбатлашдик.

Навбатдаги сафаримиз давомида Украина ва Белоруссияга йўл олдик. Ишонасизми, 1968 йилда ҳам Украина ва Белоруссияда фашистлар ёндириб кетган айрим қишлоқлар худди кечагина уруш бўлиб ўтгандай кўринишда эди. Иккинчи жаҳон урушини эслатиб турадиган ҳолатларни – окоплар, немис фашистлари қурган дзотлар, яксон қилинган ҳарбий техникаларни кўплаб кузатиш мумкин эди. Буларни кўрган ҳар бир инсоннинг қалби титраб кетиб, бадани жимирлаши аниқ. Кўз ўнгимда Қуд­рат Суюнов босиб ўтган жанговар йўл, урушнинг фожиали асоратлари гавдаланди. Отам Обид Файзиев ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. 1942 йил Киев атрофида бўлган жангларда бедарак йўқолган. Акам Латиф Файзиев отамизнинг дарагини топиш учун Москвадаги юқори лавозимда ишлайдиган танишларидан сўраб-суриштирган. Аммо ҳозиргача бирор маълумот топа олмадик…

Тошкентга қайтиб келганимиздан кейин фильм­да роль ўйнайдиган актёрларни танлаш бўйича синов ишларини бошлаб юбордик. Ўша пайтлар бу русчасига «актёрская кинопроба» дейиларди. Бугунги кунда актёрлар танлови бўйича синовни кастинг дейишади. Хуллас, бош роль ижроси учун йигирмата номзодни синовдан ўтказдик.

– Ражаб Адашевнинг бош роль ижросига танланиш тарихи қандай бўлган? У кишида Қудрат Суюновнинг қайси жиҳатларини кўргансиз?

Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев:

– Биринчидан, иқтидори бор эди. Иккинчидан, синовларда актёрлик маҳорати зўр эканлигини намойиш қилган. Бундан ташқари, Ургутдан келган ҳақиқий қишлоқлик йигит эди-да! Хуллас, ундан қишлоқнинг ҳавоси, янги соғилган сут, ва яйловларнинг иси қоришган бир ифор келиб турарди. Чунки ўзим ҳам урушдан кейин оғир дамларни бошимдан кечирганман. Тошкентлик бўлишимга қарамай, ёшлигимнинг олти йилини Бўка тумани қишлоғида ўтказганман.

Хабарингиз бор, фильмда Ҳамза Умаров, Ғани Аъзамов, Лола Бадалова, Раззоқ Ҳамроев, Саъдихон Табибуллаев каби ўнга яқин халқ артистлари, Хайрулла Саъдиев, Жамшид Зокиров, Ҳабибулла Каримов сингари устозлари даражасига эришган ёшлар роль ижро этган. Бош ролга эса йигирма номзод орасидан ёш актёр, театр ва рассомчилик институти 3-курс талабаси Ражаб Адашевни танладим. Ражабжон, ўшанда 22 ёшда эдингизми?

Ражаб Адашев:

– Қаҳрамоним Қудрат Суюнов каби 24 ёшда бўлганман. Театр ва рассомчилик институтининг 3-курсида ўқиш билан бирга «Ўзбекфильм»нинг актёрлар маҳоратини ошириш бўлимида ишлардим. 20 ёшимда «Ўзбекфильм» жамоасида ишлаш бахтига муяссар бўлганман.

Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев:

– Бадиий кенгаш эса бош роль ижросига бошқа номзодни танлаган экан. Шунда мен, «Қудрат ролини фақат Ражаб Адашев ўйнайди», деб ўз фикримда қатъий турдим. Акс ҳолда суратга олиш ишларини бошқа режиссёрга топширишларини талаб қилдим. Фикрларимни оператор Дилшод Фатхуллин ва рассом Вадим Добрин ҳам қўллаб-қувватлади. Бунинг натижасида «Ўзбекфильм»нинг ўша пайтдаги раҳбарлари билан ўртамизда бироз тортишув юзага келди. Ҳатто бу тортишувни ҳал этиш учун Шароф Рашидов қабулига чақиришди. Шароф Рашидов ўша ердаги кинозалда Ражаб Адашев иштирокидаги синов учун олинган лавҳаларни кўриб, «Менга ҳам маъқул», деган ҳолда мен ва оператордан нима учун айнан шу актёрга эътибор қаратаётганимизни сўрадилар.

Бош роль ижрочиси чиройли, келишган бўлиши муҳим эмаслигини, Ражабжоннинг истарали, қишлоқ нафаси уфуриб турган иқтидорли, хушбичим актёр эканлигини айтдим. Қишлоқда яланг оёқ ўсган, мол боқиб, ўша муҳитда катта бўлган одамгина экранда қаҳрамоннинг характерини, ўзбек йигитларига хос хусусиятларни очиб бера олишини тушунтирдим. Шароф Рашидовга бу гапларим маъқул келиб, «Мен розиман», дея бадиий кенгаш бошлиғига телефон қилди ва Ражаб Адашевни бош ролга тасдиқлашларини сўрадилар.

– Бош роль ижрочиси чиройли, келишган бўлиши муҳим, деган гаплардан руҳиятингиз тушиб, бу ҳолат суратга олиш майдонида ўз таъсирини кўрсатмадими?

Ражаб Адашев:

– Бу гапларни ҳозир эшитиб турибман. Кимнинг нима дейиши аҳамиятсиз. Асосийси, Пўлат акадан кейинчалик ўзимга билдирилган ишончни оқлаганимни кўп эшитганман.

Синов учун олинган лавҳаларда суратга тушиб, туғилиб ўсган юртим – Ургутга таътилга кетдим. Уйдагилар янги иморат қурилишини бошлаб юборган, мен эса поччам билан цемент қориб, уйнинг тагига бетон қуяётгандик. Бир маҳал почтальон телеграмма кўтариб келиб қолди. Унда Қудрат Сую­нов ролига номзодим тасдиқлангани ёзилганди. Поччам билан маслаҳатлашсам, «Боравермайсанми, ишни ўзимиз якунлаймиз», деб қолди. Дарҳол Тошкентга етиб келдим ва суратга олиш ишларига киришиб кетдик.

– Юқорида айтиб ўтган тортишувлардан ташқари яна қандай қийинчиликлар бўлган? Фильм айнан қаерларда суратга олинган?

Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев:

– Ҳар бир саҳна эпизодини суратга олишдан аввал бунга ҳар томонлама жиддий тайёргарлик кўрганмиз. Шунинг учун қийинчиликларга дуч келмадик, десам ҳам бўлади. Фақатгина Қудрат Суюновнинг яраланиши, портлаш саҳналарида ҳолатини суратга олишда Ражабжонга шикаст етиши мумкинлигидан хавотир олардим. Чунки кийими остида ва этиги ичига жойлаштирилган пиротехник воситалар актёр соғлиғига хавф туғдириши мумкин эди. Бундай кўнгилсизлик­ларнинг олдини олиш мақсадида ёрдамчиларимиз Ражаб Адашевнинг кийимлари ва этиги ичидан ўқ отилиб чиқадиган жойларга темир пластинкалардан махсус ҳимоя воситалари ўрнатишган.

Юқорида Ражабжон айрим гапларни биринчи марта эшитиб турганини таъкидлади. Мен ҳамиша унинг хатти-ҳаракатларини мақтардим. Аммо буни ўзига билдирмасдим. У ҳақдаги мақтовларни фақат оператор Дилшод Фатхуллиннинг қулоғига шивирлаб айтардим.

Ражаб Адашев:

– Устоз, мен ҳақимда қайғурганларингизни эшитиб, хурсанд бўлдим. Ўша пайтдаги ғамхўрлик­ларингизни кўз олдимга келтирдим. Буни сизларга тасвирлаб беришим қийин. Мураккаб эпизодларни суратга олиш жараёнидаги ҳолатингизни четдан туриб суратга олишнинг иложи бўлмаганда. Худди ҳозирги пайтда олинаётган кадр ортидаги фильмларга ўхшаб.

Қудрат Суюнов ролига тасдиқланишим учун устоз бадиий кенгашдан ташқари, Шароф Рашидов қабулида, кейинчалик Москвада мени ҳимоя қилганлар. Суратга олиш жараёнлари Чирчиқ полигонида ва Украинанинг Чернигов вилоятида, айнан қаҳрамоним ҳалок бўлган Десна дарёси бўйидаги Оболонь қишлоғида кечган.

Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев:

– Бизнинг давримизда фильмларни Москвада тасдиқдан ўтказишарди. «Ой бориб, омон қайт!» («Возвращайся с солнцем!») уларга ҳам маъқул келди. Аммо «Неужели нельзя найти красивого парня? Неужели нельзя найти в Узбекистане или в России красивого актёра?» деб қолишди. Ана шунда мен уларни айнан Ражабжон яратган образ орқали халққа қишлоқдан чиққан қаҳрамоннинг ҳақиқий қиёфасини кўрсата оламиз, деганман…

– Ўша даврда фильм премьераси муваффақиятли бўлгани ҳақидаги маълумотларга тўхталиб ўтсангиз.

Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев:

– Бутуниттифоқ намойишдан кейин айрим Европа давлатлари талабига биноан «Ой бориб, омон қайт!» 600 нусхада чиқарилган. Уларнинг 200 таси сурдо таржимаси ва ўзбекча титрлар билан намойиш қилишга мўлжалланганди.

Ражаб Адашев:

– Чехословакия, Венгрия, Руминия каби давлатларда ҳарбий хизматни ўтаган бир қанча ҳамюртларимиз бу фильмни ўша ерда кўрганларини айтишган. Фильмнинг қаҳрамон туғилиб ўсган Пахтачи туманидаги премьерасига айрим сабаблар билан бир кун кейин борганмиз. Ке­йинги кун Пахтачига худди фильмдагидек ҳарбий кийимда борганман. Қудрат Суюновнинг укаси Мусулмонқул ва синглисининг фарзанди Норхол мени кўриб қотиб қолишган. Уларнинг наздида гўёки Қудрат Суюнов тирилиб келгандек бўлган…

P/S: Биз ижодий гуруҳимиз билан Пахтачи туманида бўлганимизда Қудрат Суюновнинг ­жиянлари хонадонида меҳмон бўлдик. Қаҳрамоннинг укаси Мусулмонқул Суюновнинг фарзандлари Мавжуда ая, Суннат ака, Шоҳида опа амакиси ҳақида, синг­лисининг фарзанди Норхол ая эса тоғаси тўғрисидаги хотиралари ҳақида сўзлаб беришди. Улар ўз шахсий суратлар архивида Ражаб Адашевнинг 1968 йил Қудрат Суюнов ролини ижро этиш пайтида ҳарбий кийимдаги расмини бизга фахрланиб кўрсатишди. Улар: «Ражаб ака тоғамиз, амакимизга жуда ўхшар экан», дейишди.

24 ёшида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Қудрат ­Суюновнинг тақдири Ирланд халқининг озодлиги учун курашган Уильям Уоллесга ўхшаб кетади. Негаки, ирландлар Уильям Уоллесга «Шерюрак» («Отважное сердце») фильмида Мел Гибсон томонидан яратилган образ тимсолидан келиб чиққан ҳолда ҳайкал ўрнатган. Биз ҳам ўзидан биргина расми қолган ўзбек қаҳрамонининг сиймосини ­Ражаб Адашев қиёфасида кўрдик. Ҳабибулла (Пўлат) Файзиев, Зиннат ва Дилшод Фатхуллинлар ҳамда севимли актёримиз яратган образни биз ҳам унинг қариндошлари сингари Қудрат Суюнов тимсоли сифатида эътироф этишга ҳақлимиз.

Асрор РЎЗИБОЕВ, «Vatanparvar»

«Ой бориб, омон қайт». Ўзбек қаҳрамони ҳақидаги фильмнинг яратилиш тарихи. 8. Минг йиллик содиқ дўст. «Ватанпарвар» газетаси. 11-сон. 2020 йил. март.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 52

OAV nomi va parolini kiriting!