«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T16:29:30+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|
Байрамга ҳали бор, лекин...

21 октябрь.

Бу сананинг Ўзбекистон ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти хусусида гапиришнинг ўзи ортиқча. Зотан ҳаммага маълум ҳақиқат, тил – миллат кўзгуси.

Хўш, кўзгунинг тиниқлиги, қадри бобида кўраётган чораларимиз қай аҳволда? Биз тилимизни “замонавий душманлар” – тараққиёт сабаб, пайдо бўлаётган ва ўзлашаётган сўзлар оқимидан қай даражада ҳимоялаяпмиз? Олам бир “глобал қишлоққа” айланиб бораётган замонда 50 йилдан кейин тилимиз софлиги-ю, “соғлиги” қай аҳволда бўлади? 2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу сана олдидан, юқоридаги саволларга жавоб қидириб кўрамиз.

Бир қарасак, кўнгил тўқдек. Бир қарасак…

Албатта, тилшунослар ўз касби тақозоси ва она тилимизга муҳаббатидан куч олиб, кўплаб изланишлар олиб бормоқда. Бунинг замирида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонун ижроси ва тилга муносабат борасида самарали ислоҳотлар, амалий чоралар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори.

Мазкур хужжат мустақиллигимизнинг маънавий асосларини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг амалий аҳамиятини оширгани билан муҳимдир. Шу билан бирга, 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Унинг асосида она тилимизга эътибор мутлақо янги босқичга чиқди. Бинобарин, Фармон билан 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш таклифи маъқулланди.

Соҳадаги ислоҳотларни тизимли ва самарали олиб боришнинг амалий ечими шакллантирилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Бугунги кунда департамент тилимизнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ қатор муҳим лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Жумладан, давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб келмоқда.

Ва ниҳоят, айтиб ўтганимиздек, 2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Умуман олганда, тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлашнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари сўнгги йилларда сезиларли равишда мустаҳкамлангани инкор қилиб бўлмас ҳақиқат.

Агар, жаҳонда мавжуд 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи борлиги, атиги 40 та тил оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлгани ва уларнинг орасида ўзбек тили ҳам борлигини инобатга олсак, кўнгил бироз таскин топади.

Лекин, дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, ривожланиш ва кашфиётлар натижасида пайдо бўлаётган сўзлар, ижтимоий тармоқларда мулоқот тилининг шакллангани, фойдаланувчилар қатламининг ёшариши каби омиллар мавжуд тилларнинг олдига бирдек – ўзлигини сақлаб қолиш ва рақобатбардош бўлиш вазифасини қўймоқда. Биргина дунёнинг энг йирик қидирув тармоғи – Google томонидан 2020 йил якунига кўра эълон қилинган хулосага кўра, 2020 йилда энг кўп қидирувга берилган мавзу коронавирус бўлди. Эътиборлиси, кейинги ўринларда ҳам айнан коронавирус билан боғлиқ сўровлар қайд этилганидир. Англашиладики, бир йилда коронавирус сабаб бир-неча ўнлаб сўз ва атамалар дунё миқёсида пайдо бўлди, инсонлар томонидан фаол фойдаланилмоқда.

Албатта, ўзлашма сўзлар тил бойишининг муҳим воситаларидан бири. Бироқ, уларнинг миқдори муайян тилга тегишли сўз бойлиги камайиши ҳисобига бўлмаслиги лозим.

Нима қилмоқ керак?

Тилга эътибор, ҳурмат ҳиссини шунчаки тарғибот билан уйғотиб ҳам яшатиб ҳам бўлмайди. Турли даражада китобхонлар танловлари, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар, ижодкорлар ўртасидаги танловларга эътиборни тамомила янги босқичга олиб чиқиш, бизнингча анчайин самарали бўлади. Ўз навбатида, таълим муассасаларида фидоийлик кўрсатиб, меҳнат қилаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш бобида ҳам шаффоф ва самарали тизим шаклланишини замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Айни масаланинг ўзи бир катта мақолага мавзу бўла олади.

Яна бир муҳим жиҳат, жанрларга қайта жон бериш лозим, назаримизда. Йиллар давомида фойдаланилмаган, аммо самараси ҳар жиҳатдан салмоқли бўлган фельетон сўз эркинлиги қайтса ҳам, матбуот саҳифаларига қайта олмаяпти. Унинг муайян мавзу, муаммо ёки ҳолат бўйича давлат ва жамиятга амалий таъсирини устозларимиз ўз тажрибаларидан яхши эслашига шубҳа йўқ. Зеро ҳар қандай бадхулқ, жиноятчи одам учун берилиши мумкин бўлган энг катта жазо, эл кулгусига қолиш, кўпнинг олдида изза бўлиш. Шундай эмасми?

Яна бир муҳим, аммо оммалашмаган жанр мансура. Унинг ихчамлиги ва ўзида катта ижтимоий муаммони сиғдира олиш имконияти, интернет таъсирида қисқа матнларни ўқишга мослашиб улгурган ҳар қайси ёш тоифадаги ўқувчининг диққатини торта олишига ишонамиз.

Фиқра жанри бўйича ҳам айни фикрлар мос келади.

Хулоса шуки, турли жанрлардаги ёзилган асарлар учун алоҳида танловлар эълон қилиш, унда ҳам мукофот жамғармасини катта бўлишига эришиш лозим. Миллатнинг ҳам элатнинг ҳам чин душмани бўлган “ТикТок”чига “iphone 12” тақдим қилиш мумкину, биргина фельетони билан хатто юзлаб инсонлар ҳаётига нур бера оладиган одамга 10 миллион ёки ундан ҳам кўпроқ, хатто автомобиль бериш мумкин эмасми ёки? Буларнинг қай бири бугун биз учун муҳимроқ? Энг яхши китобхонларга автомобиль тақдим қилингани яна минглаб ўқувчилар қўлларига китоб олишига, ота-оналар харидлари рўйхатига китоблар қўшишига сабаб бўлгани яхши намуна, шундай эмасми? Шундай.

Чунки

Бугунги Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, ижод аҳлининг олган илҳоми ва давлат томонидан, бевосита Президент томонидан тил ривожига қаратилаётган эътибор бунга тўла имкон беради.

Мақола ёзилаётган маҳал, айни мавзуда яна бир кўнгилни қувонтирадиган янгилик тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида Бокуда ўтказилган саммитда Ўзбекистоннинг туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида, адабиёт ва санъат соҳасида Халқаро мукофотни таъсис этишга оид ташаббусини илгари сургани ва мазкур ташаббусни маъқуллагани учун иштирокчи давлатлар етакчиларига миннатдорчилик билдирди. Қувонарлиси, ушбу мукофот Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган бўлди.

Бу эса, албатта ҳар бир юртдошимиз қалбига фаҳр, ғурур туйғуларини олиб киради. Зотан она тилимиз мавқеини янада мустаҳкамлаш ва халқаро минбарларда ҳам нуфузини оширишда ушбу ташаббуснинг беқиёс амалий аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган сана олидан айтмоқчи бўлганимиз эса, 21 октябрга янада улуғ мақсадлар ва уларнинг рўёби билан етиб борайлик. Тил бобида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий хужжатлар фақат саналар арафасида эслаш ва санаш учун эмас, тилимизнинг ўзи каби бетакрор ва мафтункор натижаларга эришиш учундир. Унутмайлик, ҳар бир юртдошимиз қалбигача бўлган йўл фақат таъсирли ижод наъмуналаридан барпо бўлади.

“Байрамга ҳали бор”, демайлик асло.

Алишер Равшанов, журналист

 31/Март/2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 56

OAV nomi va parolini kiriting!