«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T14:03:53+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ТАНЛОВ  FОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Жорий йилнинг май ойида вилоят халқ таълими бошқармаси ва «Юрт таровати» газетаси таҳририяти ташаббуси билан мактаб ўқитувчилари учун «Хотира – тарихни уйғотгувчи нур» деб номланган  онлайн мақолалар ҳамда 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида «Шодликларга тўлдир дунёни» деб номланган  онлайн шеърият танловлари эълон қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилояти  Халқ қабулхонаси, вилоят адлия, божхона, транспорт, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси Қашқадарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловларда ўқитувчилар  ва  ўқувчилар ҳам фаол иштирок этишди. Жумладан, «Хотира – тарихни уйғотгувчи нур» танловига беш юздан ортиқ ўқитувчи онлайн равишда мақола юборган бўлса, «Шодликларга тўлдир дунёни» танловида беш юзга яқин ўқувчининг ижод намуналари келиб тушди.

Юборилган материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, «Хотира – тарихни уйғотгувчи нур» танлови ғолиблари Хотира ва қадрлаш куни арафасида, «Шодликларга тўлдир дунёни» танлови ғолиблари эса Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида эълон қилинган, бироқ коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб ғолибларни тақдирлаш маросими бироз кечиктирилган эди.

Карантин талаблари бироз юмшатилгач, куни кеча  Журналистлар уйида ўтказилган тадбирда ҳар иккала танлов ғолиблари тақдирланиб, уларга диплом ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

– Танлов ҳақидаги эълонни ўқиб, дарҳол унда иштирок этиш истаги туғилди, – дейди «Хотира – тарихни уйғотгувчи нур» танлови ғолиби Малоҳат Файзуллаева.

– Шундан сўнг қўлга қалам олиб, Иккинчи жаҳон уруши, унинг халқларимиз бошига келтирган кулфатлари, жангда иштирок этган отамнинг хотиралари ҳақида мақола ёзишга киришдим. Мақолам ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори ўринлардан бирига муносиб кўрилгани, танловда ғолиблар қаторидан жой олганимни эшитиб эса, қанчалик севинганимни изоҳлаб бера олмайман. Тўғрисини айтсам, танловдаги иштироким ва ғолиблар сафидан жой эгаллашим менда ўзимга бўлган ишончни янада оширди. Келгусида ҳам бу каби тадбирларда иштирок этишни ният қилдим. Мана шундай танловни ташкил этгани учун вилоят халқ таълими бошқармаси ва «Юрт таровати» газетаси таҳририятига, барча ҳомий ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

Шунингдек, тақдирлаш маросимида сўзга чиққан ғолиб ўқувчилар ҳам ўз қувончларини яшира олмади.

– Бадиий ижодга, шеъриятга жуда қизиқаман, – дейди Қарши шаҳридаги 9-мактабнинг 3-«б» синф ўқувчиси Ораста Қиличева –  «Юрт таровати» газетасида эълон қилинган «Шодликларга тўлдир дунёни» танлови ҳақида ўқиб, ушбу танловда қатнашишни мақсад қилдим. Бу фикримни оила аъзоларим, устозларим ҳам қўллаб-қувватлаб, уларга ёзган шеърларимни онлайн равишда танловга юборишимга ёрдам беришди. Бугун танлов ғолиблари сафида эканимдан жуда бахтиёрман. Бунинг учун барча-барчага раҳмат айтаман.

«Юрт таровати» газетаси таҳририяти ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда келгусида ҳам мана шундай танловларни ташкил этиб боришни режалаштирган.

Насиба Ибрагимова,  «Юрт таровати» газетаси 

30.06.2020 йил 12 (43)-сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.6 / 5. Baholaganlar soni: 9

OAV nomi va parolini kiriting!