«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T13:35:57+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ТЎПГА РАҲМАТ АЙТИНГ!

Жаҳонда донг таратган, барча замон ва маконларнинг энг яхши ўйинчиси, деб тан олинган, футбол афсонаси Диего Мародонанаинг ўлимидан олдинги сўнгги сўзи шу бўлди: дунёда эришган барча ютуқларим учун тўпга раҳмат айтинг!

Мулоҳаза қилган киши бу гапнинг чуқур моҳиятга эга эканлигини тушунади. Ҳақиқатда миллиардлаб одамларнинг фикрини жам қилган, торишувлар, мунозараларга сабабчи бўлган, уларни майдонларга тўплаган ва қалбларни туғёнга келтирган футбол деб аталмиш ўйиннинг асосини аслида тўп ташкил қилади. Ҳа, худди шундай: тўп йўқ экан, ўйин ҳам, футбол ҳам йўқ демакдир!

Шунданда келиб чиқиб ўйлаб қолдим: ўзбек футболининг бугунги ночор ва аянчли аҳволи шу тўпга боғлиқ эмасмикан? Ахир Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун нималар қилинмади? Катта-катта пул эвазига донгдор футболчиларни сотиб олдик, ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Қимматбаҳога зўр тренерларни таклиф қилдик, нафи тегмади. Оддий ўзбекнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган пулларни ва вақтимизни беҳуда елга совурганимиз қолди, холос. Аслида эса муаммо тўпда экан. Тўп бўлса майдон ҳам, тепадиган одам ҳам топилади.

Нима, Ўзбекистонда тўп йўқми, демоқчимисиз. Албатта йўқ. Арзон, сифатли тўп йўқ. Биз ёшлигимизда тепган тўпни ёши кексалар яхши эслашади. Чунки, ўсмир борки тўп тепмаган бўлса. Оғзи боғич билан боғланадиган резина камерали тўп. Тоза чармдан, ўта чидамли бўларди. Тақир ерда, асфалтда тепсангиз ҳам анча-мунчага йиртилмасди. Маҳаллани қўйинг, ҳар бир кўчада турадиган болаларда битта иккитадан тўп бўларди. Кўпинча танга йиғиб тўп олардик.

Ҳозир шундай сифатли тўп сотиб олишга унча мунча кишининг имкони етмайди. Жуда қиммат туради. Ўртача арзонликдагиси икки уч ўйинга зўрға чидайди. Йиртилиб кетади. Шу сабабли юртимизда кўча футболи йўқолди. Футбол клубларида, мини футбол залларида ўйнаётганлар бор. Лекин бу оммавий футбол дегани эмас. Футбол клубларида зодагонларнинг болалари, мини майдонларда ёши ўттиздан ошган, аксарият бақалоқлар ўйнашаяпти. Бу қоринни ҳам йўқотмайди аслида. Соғлик учун ва келгусида катта футболга чиқиб ўртача ўйин кўрсатиб, катта ойлик олиб юрувчиларга фойдаси тегиши мумкин.

Миллионлар ўйинини миллионлаб ўсмирлар ўйнамас экан, унинг оммавийлигини таъминламас эканмиз, Ўзбекистонда футбол ҳеч қачон ривожланмайди. Ўзбекнинг Пеле, Мародона, Рональдо, Месси ва Солахлари пахтаю боғ далаларида, завод ва фабрика цехларида, чет элларда пул топиш илинжида ишлаб, панада қолиб кетаверади.

Халқ футболи бўлмас экан, халқдан футболчи чиқмайди. Бунинг учун тўп, футбол тўпи ўзбекнинг ўтмай қолган карамидек арзон ва кўп бўлиши керак.

Ўтган йиллари Месси ва Солах иштирокидаги “Пепси” рекламасини телевизорда кўп кўрсатишди. Оддий қишлоқ ҳудудидаги ёқилғи қуйиш шахобчасидаги музлаткичдан пепси ичмоқчи бўлган Солах билан Месси музлаткичдаги охирги банка пепси учун шу ерда тахланиб ётган футбол тўпларини ким яхши тепарига мусобақалашиб қолишади. Месси бу ёққа, Солах бу ёққа тепиб, эски баллонларнинг икки учтасининг орасидан бирваракай ўтказиб юборишади. Гап охирги банка пепсининг бошқа бировга насиб қилганида эмас, ёқилги қуйиш станциясида тўпларнинг бемалол ётганлигида, унинг ҳаммабоплигида. Ҳеч ким тўпни нимага тепаяпсан. Ахир қиммат тўп бўлса, сўрамайсанми, демайди. Тепилганига хурсанд.

Ўзбекистонда ҳам футбол тўпи арзон, пишиқ ва етарлидан ҳам ортиқ кўп бўлмас экан, ўзбекдан футбол қироллари чиқмайди. Ўзбекистон футбол мамлакатига айланмайди. Буни қандай амалга ошириш ҳукумат ҳукмига ҳавола. Бир нарсани айтишим мумкинки, қиммат футболчию тренерларга сарфланган маблағларга қанча тўп ишлаб чиқарувчи цехлару қанча стадион қурса бўларди.

Шу ўринда футбол майдонлари масаласида ҳам тўхталиб ўтсам. Олдиндан айтиб қўяй: мини футбол майдони катта футболга ҳеч қандай фойдаси тегмайди. У тижорат майдони холос. Бизга бепул, ҳамма фойдаланиш имкони бўлган оммавий ва стандарт, катта футбол майдонлари керак. Ўсмир катта майдонда югуриб тўп тепмас экан, ундан футболчи чиқмайди. У формага тушмайди. Ҳозирги футболчиларга ўхшаб! Ҳозирги футболчилар бир таймга зўрға чидайди. Чунки ўпкаси кўтармайди, кучи етмайди. Мини майдонда югурган ўйинчи катта майдонга қандай чидасин. Бу аквариумдаги балиқни дарёга қўйиб юборишдай гап. Шунинг учун бизнинг ўйинчилар бир тайм яхши ўйнайди, иккинчи таймда айниқса охирги дақиқаларда ҳориб чарчаб қолишади, Биринчи таймда ютиб турган бўлишса ҳам, ўйин сўнгида ютқизишади. Буни ғаним команда яхши билади. У бир тайм чидаб берса бўлди, иккинчи тайм уники.

Бунинг учун ўйинчини халқ ичидан, тозидек югуравериб пишиб кетган болалар ичидан излаш керак. Ўзбек боласига тўп беринг у тақир майдонда ҳам, қумда ҳам, совуқда ҳам, жазирамада ҳам тўп тепаверади. Агар унга майдон берилса-чи? Ҳозирги вақтда кўпчилик мактабларда футбол майдонлари бор. Уларни асраб қолиш, яшил, оммабоп майдонларга айлантириш ва ҳар биттасида ҳаваскорлик ва профессионал футбол мактаблари ташкил қилиш керак. Бу мактабларга донгдар футболчиларни бириктириш керак. Президентимиз санъатни ривожлантириш учун яхши таклиф билан чиққан эдилар: ҳар бир артист биттадан мусиқа мактабига бириктирилсин деб. Нима бизда футболчи камми ёки у артистдан кам пул топадими? Артистга ҳам футболчига ҳам керагиданда ортиқ шароит ва имтиёзлар бериб қўйилган. Санъаткор санъатнинг, футболчи футболнинг оммавийлигини таъминласин.

Шўрчи туманининг олдинги Охунбобоев номли колхозидаги Ломоносов номли мактабда катта футбол майдони бўларди. Кўп йиллар давомида мана шу майдон туманнинг катта мусобақалари ўтказиладиган бош майдони бўлиб қолди. Нимага деганда мана шу майдон атрофдаги қишлоқларнинг аҳолисини оҳангрободек ўзига тортарди. Қишлоқ аҳолиси тўй қилса битта қўй билан ичимлигини ажратиб футбол берарди. Қарабсизки тўй мавсумида ҳар куни футбол бўларди. Шу туфайли вилоятнинг “Сурхон” жамоасининг энг яхши ўйинчилари ва мураббийлари шу колхоздан чиққан.

Сўнгги масала футболда таниш билишчилик ва коррупция. Тажрибамдан айтаман. Мактабда ўқиб юрганимизда ўсмирлар ўртасида республика чемпионати бўлган. Бир мавсум ўйнаб вилоят босқичига борганимизда бизга рақиб команда финалга чиқиши керак экан. Уларнинг жамоасида тўртта прфессионал ўйинчи ўйнади. Кошки тамимасак. Ёши катта, мактаб кўрган. Хуллас, дабдаламизни чиқаришган. Эътирозларимизни ҳеч ким эшитмаган. Аламимиздан йиғлаганмиз. Энди ўйласам барбод қилинган ўзбек футболи учун тўкилган аччиқ кўз ёшлари экан ўша.

Якунда шуни айтмоқчиманки, бугун қаҳрамонга айланган Диего Марадона футбол тождори бўлгани учунгина халқ қаҳрамонига айланмади. У чин ватанпарвар эди. Унга АҚШ ҳукумати барча солиқларсиз ва қўшимча харажатларсиз тоза юз миллионлик шартнома таклиф қилган. Мародона уни рад этган. Нега деганда шартномада шартномани имзоловчи шахс АҚШ фуқоролигини қабул қилиши ва олдин яшаган мамлакат қонунларидан воз кечиб, АҚШ қонунларига ва фуқаролик мажбуриятларига амал қилиши шарт, деган жумлалар бор эди. У пул, бойлик ва афсонавий диёрда маза қилиб яшашдан воз кечди. Ватанига содиқ қолди. У Аргентина футболини яна бир бор дунёга танитди. Чемпион қилди. Сиёсий урушда ютқазилган мамлакатдан аламини олди. Ватан орини олди. Мамлакатини футбол диёрига, оддий тўпни ва ватанни севувчилар юртига айлантирди. Биз ҳам оддий футбол тўпини ва Ватан орини пулданда, маишатданда юқори қўяр эканмиз, Ўзбекистондан ҳам Мароданадай футболчилар албатта чиқади ва юрт футбол мамлакатига айланади.

Муҳиддин Абдураҳмонов,

Ўзбекистон журналистлар Ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилоят бўлими раиси

2020 йил 29 декабрда “Давр мезони” газетасида чоп қилитнган

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!