«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T12:08:25+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Огоҳ бўлайлик

“ЛЕВИС”, “МАЙК”, “ДИМАШ”, “ПОЛ”  ВА “РОБЕРТ”

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИ ҚАРИЙБ 170.000 АҚШ ДОЛЛАРИГА ЧУВ ТУШИРГАНИ ҲАҚИДА

Ишонувчанмиз. Гоҳида ана шу ишонувчанлигимиз ҳам панд бериши мумкин. Ҳаётда бунга мисоллар кўп. Яхшиси, судда кўрилган бир “иш”га тўхталсак.

Тошкент вилоятида яшовчи Мақсуджон  Сайфиддинов 2018 йилнинг охирида хориж давлатига борганида “Доктор Мур” исмли шахс билан танишади. Улар кейинчалик ижтимоий тармоқлар орқали алоқа ўрнатиб гаплашиб юришади. 2019 йилнинг август ойида “Доктор Мур” Мақсуджон Сайфуддиновга қўнғироқ қилиб, Камерун Республикасидан  инвесторлар Ўзбекистонга қизиқишаётганини айтади.

– Унинг исми Левис, – деди “Доктор Мур” гап орасида. – Отаси Камеруиннинг собиқ молия вазири бўлган. Катта пули бор. Уларга айтаман, сиз билан гаплашади.

Орадан кўп ўтмай Мақсуджон Сайфуддиновга қўнғироқ бўлди.

– Мен Камерун Республикасининг истеъфодаги молия вазириман, – дея ўзини таништирди хорижлик. – Ҳисоб рақамимда ва нақд шаклда катта миқдорда валютам  бор. Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан ишламоқчиман. Яқинда катта ўғлим Левис Ўзбекистонга боради. Левис билан бизнес режани келишиб олсангиз, нақда кўринишда таъсисчи сифатида 10.000.000 АҚШ доллар улуш қўшаман…

  • 000.000 АҚШ доллари… Омаднинг келишини қаранг. Мақсуджон Сайфуддинов камерунлик “бой” нинг оғзидан чиқан гапни эшитиб қай аҳволга тушган, ўзи билади.

Хорижлик бизнесменнинг ўғли Мақсуджонга телефон қилади.

– Левисман. Тошкентдаги “Гранд мир” меҳмонхонасида учрашсак.

Улар меҳмонхона ошхонасида учрашади.

– Ўзбекистонда тадбиркорлик қилмоқчиман, – дейди Левис. – Сизнинг корхонангиз қонуний рўйхатдан ўтганми? Мен ҳаммасини билишим керак. Отам Ўзбекистонга 10.000.000 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқчи. Лекин бизда, яъни Камерунда катта миқдорда валюта  олиб чиқиш таъқиқланган. Шунинг учун Тошкентга долларни олиб келишнинг йўли бор.

– Айтинг, – сўрайди Мақсуджон.

– Долларни қора рангли кимёвий моддалар билан яшириб олиб келамиз. Айтгандай  пул икки кунда Тошкентга  етиб келади.

– Ҳозир мен сизга долларни қандай қилиб ҳақиқийсига  айлантириш усулини кўрсатаман.

Левис шундай дея, 4 дона тўртбурчак шаклдаги қора рангли қоғозни  кўрсатди.

– Булар ҳақиқий доллар. Ҳозир сизга қандай қилиб пулни қора рангдан долларга айлантиришни кўрсатаман.

Левис қўлидаги тўрт дона қора қоғозни полителен  пакетга солиб, устига кимёвий модда қўйди. Аралаштиргандан кейин 4 дона қора қоғоз 400 АҚШ долларига айланди.

Ана кашфиёту мана кашфиёт. Тошкентлик йигитнинг оғзи очилиб қолди. Левис уни ишонтирганига кўзи етганидан кейин мақсадига кўчди:

– Икки  миллион долларни ҳам қора қоғоз шаклида олиб келамиз.

  • Қора қоғозни олиб келадиган камерунлик курьерга 14.000 АҚШ доллари беришингиз керак.

Мақсуджон Сайфуддинов хорижлик йигитга қойил қолди. Агар Левис айтган иш амалга ошса борми…

Улар меҳмонхона олдида учрашишди. Левиснинг ёнида камерундан келган “курьер” Майк ҳам бор эди. Мақсуджон  14.000 АҚШ долларини Левиснинг қўлига тутқазди…

У орзулари саробга айланиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган.

Олдиндан пухта ўйланган режага асосан Майк исмли чет эл фуқароси, у ҳам Камерун Республикасидан Жамшид Ҳакимовнинг электрон почтасига хат ёзиб, инвестор экани ва Ўзбекистонга инвестиция киритиш ниятида эканлиги ҳақида маълумот жўнатади. Табиийки, Жамшид Ҳакимов бундан хурсанд бўлиб, Майк билан гаплашиб туради. Тузилган режага биноан Майк ўзининг жиноий шериги Фабеан билан Жамшид Ҳакимовни “Наууат” меҳмонхонасида учраштиради.

2019 йил 4 сентябрда улар ўртасида шундай гап-сўз бўлади.

– Ўзбекистонга нақд пул кўринишида инвестиция киритмоқчиман, – деди Фабеан ҳамюртимизга қараб. –  Курьер Камерундан  нақд 2.000.000 АҚШ доллари олиб келади. Пул сизнинг уйингизда туради. Айтгандай, темир сейфингиз борми?

Жамшид Ҳакимов бош чайқади.

– Ундай бўлса, тезда сейф олинг. Пул бугун-эрта келиб қолади.  Пул олиб келган курьерга хизмат ҳақи сифатида 10.000 АҚШ доллари берасиз.

Улар икки кундан кейин меҳмонхонада кўришишади. Фабеан Жамшид Ҳакимовдан 10.000 АҚШ долларини олгач, “Ўзбекистон” меҳмонхонасидан иккита чемадон кўтариб чиқади ва Мақсуджонга қараб,

– 2.000.000 АҚШ  доллари шу ерда, – дейди чемоданга ишора қилиб.

Улар “Каптива”га ўтириб, Жамшид Ҳакимовнинг Қибрайдаги уйига келишади. Фабеан чемоданнинг биттасини очиб, ичидан 20 дона тўртбурчак шаклдаги қоғоз ўрамларини олиб, Жамшидга қаради.

  • Челакда иссиқ сув ва шампун олиб келинг, – тайинлади Фабеан. – Қора қоғозларни ювамиз. Ҳақиқий долларни кўрасиз.

Фабеан Жамшид Ҳакимовнинг кўз ўнгида аслида қора рангга бўялган 20 дона 100 купюралик АҚШ  долларига гўёки унга кимёвий ишлов бергандай бўлди. Ювганди, ҳақиқий долларга айланди.

Жамшид камерунлик “инвестор”га  тан берди.Бунақасини кўрмаганди.

– Кимёвий моддалар қотиб қолди. Энди уларни ишлатиб бўлмайди, бошқасини олиб келишимиз керак, – деб баҳона қилди Фабеан сири очилиб қолишидан хавфсираб. Ишонтирш учун у Майкка телефон қилди.

– Қотиб қолган кимёвий моддани текшириб кўриш учун 24 соат керак, –  деди Майк телефонда. –  Хизмат ҳаққи 1350 АҚШ доллари бўлади.

Бир кундан кейин Майк телефон қилди.

  • Кимё моддани ўрганиб чиқдим, – деди Майк келишилгандек, – яроқсиз экан. – Янгисини тайёрлаш учун 34.000 АҚШ доллари керак.

Хуллас, чет эллик  “инвестор” ҳамюртимизни ишонтириб, бу гал 7.000 АҚШ доллари олади.

2019 йил 10 сентябрь куни Фабеан Жамшид Ҳакимовнинг уйига боради. Сабаби, унинг гапларига ишониб юрган Жамшид Ҳакимовни яна алдаб, катта пулни қўлга киритиш эди.

Фабеан Жамшид Ҳакимов уйида турган  сейфдаги чемадондан 3 дона қора қоғозни ва Жамшидддан 100 АҚШ долларини олиб, яна “фокус” кўрсатади. У 3 дона қора қоғозни битта конвертга, 100 АҚШ долларини битта конвертга солиб, гўёки ўзи билан олиб келган кимёвий модда билан ишлов бергандек  кўрсатиб, беш дақиқа босиб туради. Сўнг қора қоғозни сув билан ювади. Жамшид қарасаки, ҳақиқий 300 АҚШ доллари! Қойил!

Фабеан Жамшиддаги  ишонч ҳамда қизиқишни пайқаб, дарҳол олдиндан тузилган режасини айтади.

– Оғайни, 300.000 АҚШ долларини “ювиш” учун 100.000 АҚШ доллари керак. Жамшид унинг қўлига 100.000 АҚШ долларини тутқазади. Фабеан ундан олган 100.000 АҚШ долларини ўзи билан олиб келган фальго қоғозларга ўраб, гўёки кимёвий ишлов бергандай бўлди. Аслида Фабеан Жамшидни чалғитиб, олдиндан ўзи тайёр келган, яъни ичига пул шаклидаги оддий қоғозлар солинган 21 дона ўрам фальга қоғозни сейфга солиб, калитни чўнтагига солар экан,тайинлайди.

– Сейфни қулфлаб, калитни олиб кетаяпман, – дейди 100.000 АҚШ долларини қўлга киритган Фабеан – Эртага кимёвий моддалар олиб келиб, пулларни ювамиз.

Жамшид Ҳакимов эртани умид ва ишонч билан кутган бўлиши керак, албатта.   Ҳарқалай, юз мингги уч юз минг “кўки”га айланади-ку!

Тонг отиб, кун ҳам ботди. “Инвестор” жим. Жамшид Ҳакимов Фабеан ва унинг шеригига қўнғироқ қилавериб чарчади. Жавоб беришмайди.

2019 йилнинг сентябрь ойининг охирларида Жамшид Ҳакимов телеграмм ижтимоий тармоғи орқали Майк билан боғланади.

– Мен ҳозир Малайзия давлатидаман, – дейди Майк Жамшидга. – Агар 30.000 АҚШ доллари юборсанг, кимёвий модда сотиб оламан. Кейин Францияга бориб, Фабеандан сейфнинг калитини олгач, Ўзбекистонга учиб бораман.

Иложсиз қолган Жамшид Ҳакимов Россияда яшовчи тадбиркор таниши орқали Майкнинг Малайзиядаги ҳисоб рақамига 30.000 АҚШ доллари ўтказади.

Майк эса “унга,бунга”, дея Жамшид Ҳакимовдан яна пул олади. Фабеан ва Майк алдов йўли билан Жамшид Ҳакимовдан оз эмас, кўп эмас 149.509 АҚШ долларини қўлга киритади.

Уларнинг шерикларидан бири “Пол” ҳам худди шу усулда самарқандлик бир инсоннинг “пулларингизни кўпайтириб бераман”, деб 10.000 АҚШ долларини, “Роберт”исмли камерунлик йигит тошкентлик А.Собировнинг 10.000 АҚШ долларини алдов йўли билан қўлга  киритган. “Димаш” эса Б.Ҳакимовга 100.000 АҚШ доллари берасанг, 300.000  доллар қилиб бераман”, дея катта кетди. Аммо унинг режаси амалга ошмади. Б. Ҳакимов  “Димаш” нинг хатти-ҳаракатидан шубҳаланиб, тегишли жойга мурожаат қилди. “Димаш” жиноят устида ушланган. Фабеан ва унинг шериклари ҳам қўлга олинади. Фабеан вақтинчалик яшаб келган Юнусободдаги хонадонда ўтказилган тинтувда 124 дона 100 АҚШ доллари, жами 12.400 қалбаки АҚШ долларини ўтказиш мақсадида ясаганлиги маълум бўлди. Хорижликлар ҳамюртларимизнинг қарийб 170.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Суд ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган чет эл фуқароларига қонуний жазо тайинлади. Фабеан 10 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилди. Унинг бошқа шериклари ҳам қилмишларига яраша жазоланди.

Шу ўринда бир гап. Юртдошларимизнинг шу куйга тушишларига ўзлари сабабчи эмас?  Улар даромад топиш, пулни кўпайтиришнинг ноқонуний  йўлини танлашган. Оқибатда фирибгарлар тузоғига илиниб, чув тушишди. Пулларидан айрилишди. Хулоса қилиш эса ўзларингизга  ҳавола.

Санжар МАХАМЕТОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Миробод туман суди  раиси.

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

2021 йил 24-феврал

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.2 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!