«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T10:43:18+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

БАҲС МАНЗИЛГА ЭЛТСА ҚАНИЙДИ…

Давом этаётган карантин кунларида муҳокама учун коронавирус пандемиясидан ҳам “долзарброқ” мавзу излашга уринишлар бўлаётганини кўриб, инсон табиатига хос беқарорлик уни ҳар қандай шароитда ҳам тарк этмас экан-да, деган мулоҳазага борасан, киши.

Бундай муҳокамалар миллат ғурури, халқ маънавияти, юрт эртаси билан боғлиқ бўлса-чи? Унда, шунчаки мулоҳаза ўрнини армон ва оғриқ эгаллайди. Армоннинг-да, оғриқнинг-да боиси аён: минг йиллар давомида шаклланган тил, миллат, маънавият сингари тушунчалар тақдири шунчаки муҳокама, шов-шув билан “ҳал қилиб юбориладиган” масалалар эмас!

Бир-икки йил бўлди, чамамда, замондош бир “файласуф”нинг “Маънавият керакми?” йўсинидаги иддаосига тўқнаш келган эдик. Жамоатчилик бир мушт бўлиб, унинг ҳовурини босиб қўйганимиздан кўп ўтмай, расмий тил масаласидаги мунозара “ўртага тушди”. Муҳтарам Президентимизнинг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганининг 30 йиллигини муносиб нишонлашга оид қарорлари туфайли, шукрки, бу масала ҳам кун тартибидан олинди.

Ортда қолган ҳафтада эса жамоатчилик ана шу каби иддаолардан яна иккитасига рўпара келди. Бири – “даврий нашрларнинг умри тугагани” тўғрисидаги “башорат” (бу ҳақда тўхталишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайман). Яна бири – давлат тилига оид қонуний меъёрларни бузган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси атрофида бошланган баҳслар.

Ўз даврида улуғ Алишер Навоий саъй-ҳаракати билан Ҳусайн Бойқаро томонидан ўзбек тилига алоҳида мақом берилганидан яхши хабардормиз. Ўша пайтларда ҳам ҳукмдор белгилаб берган меъёрлар бузилган тақдирда, белгиланган маълум чоралар амал қилар эди. Орадан тўрт асрдан зиёдроқ муддат ўтиб, буюк Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур…” дея бонг урди. Маърифатпарвар Абдурауф Фитрат “Чиғатой гурунги”га асос солиб, унинг машғулотларида миллий тил ва адабиёт мавқеини кўтариш масаласини такрор-такрор кун тартибига қўйди. Ўтган асрнинг 60-йилларида, таъбир жоиз бўлса, халқ қилич дамида яшаган бир шароитда жафокаш адибимиз Абдулла Қаҳҳор “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” дея дилидаги оғриқларни қоғозга туширди. Улардан кейин ҳам бутун бошли бир неча авлод миллий тил масаласида куюнчаклик билан ёзди, гапирди, мушоҳада юритди. Истиқлол остонасида миллий зиёлиларимиз саъй-ҳаракати билан тилимизга давлат тили мақоми берилишига эришилди.

Аммо барибир дунёнинг бир кемтиги бўлар экан-да: қай замон, қай маконда тилга оид масала кўтарилса, меъёрий ҳужжат ўртага қўйилса, албатта, бир “гувраниш” кузатилар экан-да. Бўлмаса, устоз Абдулла Қаҳҳорнинг айтилганига қарийб олтмиш йил тўлаётган гапини бугун яна кун тартибига қўйиб ўтирармидик?

Аслида юқорида эслатилган қонун лойиҳасига ҳукумат доирасидаги меъёрий ҳужжат деб қарашнинг ўзи кифоя. Бундай ҳужжатлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида амал қилаётгани эътиборга олинса, Ўзбекистон бу борада ҳеч қандай янгиликка қўл урмаётгани янада ойдинлашади.

Бинобарин, Қонун лойиҳасида ундаги меъёрлар фақат давлат ташкилотларига, жарима чораси эса фақат давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига дахлдор экани қайд этилган. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўзи истаган тилда гапириши, истаган тилида давлат органларига мурожаат йўллаши, истаган тилида одамлар билан мулоқот қилиши белгилаб қўйилган. Давлат ташкилотларида ишлаётган бошқа миллатдаги ва бошқа тилда сўзлашувчи ходимлар учун мулоқот эркинлиги таъминланиши, зарурат туғилганда, давлат ташкилотларининг расмий ҳужжатлари бошқа тилларда бўлишига ҳам тўсқинлик қилинмаслиги кафолатланган. Ҳа, лойиҳада ҳеч кимнинг ҳаёти ёхуд фаолият тарзига ҳеч бир нарсани мажбурлаб тиқиштиришга уриниш йўқ. Нари борса, давлат тилига озгина эътиборли бўлишга ундаш бор.

Чунки давлат тили, Абдулла Авлоний айтмоқчи, бизнинг борлигимизни кўрсатадиган кўзгу. Бу кўзгу қанча равшан, қанча тиниқ бўлса, бизнинг дунё олдидаги қиёфамиз ҳам шунча ораста бўлади. Тил ва ёзув масаласида беписандлик ва бирёқламаликка йўл қўйиш қандай оқибатларга олиб келишини эса тарих кўп маротаба исбот этган.

Шундай экан, бу борадаги баҳсларга тезроқ нуқта қўйиб, кўп минг сўзли захирага эга бўлган тилимиздан ҳар бир жабҳада кенг фойдаланиш ва уни ана шу жозибаси билан дунёга кўз-кўз этиш, дунёга кириб боришига кўмаклашиш пайида бўлмоғимиз даркор.

Шодмон СУЛАЙМОН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 

«Бухоронома» газетаси 2020 йил 8 май 27-28 қўшма сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.3 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!