«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T10:28:00+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

МЕҲР ПАНОҲИ – ИНСОНИЯТНИ АСРАЁТГАН ИЛОҲИЙ РИШТА

Бу ёруғ олам нақадар кенг ва сирли. Инсон эса унинг эрка ва нодир мавжудоти. Инсоният ва бошқа барча мавжудотлар тириклик учун, яшаш учун доимо интилади, курашади. Илоҳий тарзда яратилган оламнинг буюк мувозанати эса, ҳаёт давомийлигини таъминлайди.

Баъзан инсоният ўзи билган-билмаган ҳолда ана шу мувозанатга номувофиқ иш қилиб қўяди ва бунинг натижасида «тузуккина жарима» тўлашига тўғри келади. Мана, бир йилдан зиёд вақтдан буён дунё аҳолисини таҳликага солаётган, хаётига хавф туғдираётган каронавирус пандемияси ана шу тўловлардан бири бўлса керак. Яратганга беҳисоб шукрларки, бугун юртимиз, халқимиз пандемия хавфидан анча ҳоли. Худо хоҳласа бу хавфдан тўла-тўкис қутуламиз ва дунё аҳлига ҳам шуни тилаймиз.

Яна ҳам шукрлар бўлсинки, бу пандемиядан бошқа давлатларга нисбатан енгил халос бўлдик. Аммо, ён-атрофдаги мамлакатлар халқига бу хасталик тажовуз қилиб турганда бепарволикка берилмаяпмиз, доимо огоҳ ва эҳтиёткормиз.

Пандемиянинг бошқа юртлардан кўра Ўзбекистондан тезроқ узоқлашаётганидан хурсанд бўлиш билан бирга унинг сабаб-омилларини ўзимча топишга уриндим. Ва топдим ҳам шекилли. Келинг, яхшиси ўз мулоҳазаларимни баён қилай ва бу кўпчиликка маъқул келиб, шоядки бу каби глобал хатарлар негизини, сабабини омма англаб етсин. Ва шунга мос тарзда яшаб, ҳаракат қилиб, фаровон ҳаётимизни таъминлайлик.

Хуллас, халқимизни пандемия хавфидан халос қилаётган сабаб – омилларни топиш илинжида «ақл сандиғи»мни титкиладим, ўқиган китобларимга мурожаат қилдим, заковатимни ишга солдим. Қуръони Каримнинг ўзбекча изоҳли таржимасини мутолаа қилишдек эзгу ният билан ўқишга киришарканман, дастлабки саҳифаларидаёқ, яъни бизнинг иймон-эътиқодимиз тимсолига айланган, тилимизга, дилимизга муҳрланган» Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм»нинг мазмун-моҳиятини ўқиб, англадим ва … тўғриси лол қолдим.

Таржима муаллифи Шайх Алоуддин Мансур Қуръони Каримни шунчалар моҳирона ўзбек тилига ўгирганки, ўқиган киши осон тушунади. «Меҳрибон ва раҳмдил аллоҳ номи билан» маъносини англатувчи ушбу калимада Яратганнинг номи билан унинг сифатлари жо этилган.

Тушунганларим шу бўлдики, Бу олам Оллоҳнинг меҳридан яралган, яъни меҳр бўлмаса ҳаёт ҳам бўлмайди. Оллоҳ дунёга меҳр улашишда унинг бир қисминигина бу дунёдаги барча жонзотлар (одам, ҳайвонлар, парранда, ҳашаротлар)га бераркан. Қолган тўқсон тўққиз қисмини  охират учун олиб қўйиб, бу дунёда холисона эътиқод ва ибодат қилган бандаларини шафоатлантириб, жаннатга киритаркан.

Буни чуқурроқ англасак, демак Оллоҳнинг инсонга меҳр бергани – бу унга ҳаёт бахш этгани, умр бергани демакдир. Кўзга кўринмас бу илоҳий ришта, яъни меҳр одамларни бир-бирига боғлайди, ҳаёт давомийлигини таъминлайди ва буюк мувозанатни сақлайди. Ушбу мувозанат инсониятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжлари орасида сақланиши ўта муҳим. Акс ҳолда…

Афсуслар бўлсинки, кейинги даврларда жаҳон аҳли фақат моддий бойликлар ортидан шунчалар қувиб кетдики, оқибатда ўаётимизни “моддийлаштириб” юбордик, маънавий эҳтиёж оқсоқланди, оч қолди. Натижада одамлар орасидаги меҳр, саҳоват, ғамхўрлик каби нозик ришаталар зафилашди, ҳатто узилди, мувозанат бузилди.

Э-воҳ, каронавирус аталмиш жазо юртимизга ҳам ана шу илоҳий ришаталар заифлашгани, буюк мувозанатга путур етаётгани учун ҳам кириб келган экан-да. Аллоҳга беҳисоб ҳамду-саноларки, бундай оғир дамларда аждодлардан мерос – миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз, миллий мафкурамиз халқимизга нажот бахш этди. Юртбошимиз раҳнамолигида бутун халқ бир тан-у бирж он бўлиб оёққа турди.

Каронавирусга чалинган беморларни даволаш билан бирга унинг тарқалишини олдини олиш бўйича тезкор ва самарали ишлар йўлга қўйилди. Энг аҳамиятлиси, меҳр, саҳоват каби илоҳий ришталар инсонлар қалбини яна бир-бирига боғлай бошлади, пайвандлади.

Ҳа, ишонаверинг, ўзлигимизга бирров қайтиш орқали қалбан жипслашдик, натижада касаллик жой тополмай, ноилож чекинди. Йўқса, бу пандемиядан шунчаки қутулиш осон эмасди.

Бу фикрларга яққол мисолни энг ривожланган мамлакатларнинг ҳам ночор аҳволда қолаётганида кўриш мумкин. Афсуски, ўша давлатлар асосан моддий жиҳатдангина ривожланган бўлиб, меҳр-оқибат, саҳоват, қондошлик, аҳлоқ каби хислатлар тақчиллигини кўриш мумкин.

Муқаддас Қуръони Каримда ҳаётнинг асоси сифатида таъкидланган меҳрни, халқимиз орасида қалбларни боғловчи бу илоҳий риштани авайлаб, мустаҳкамлайверарканмиз, бизга ҳеч қандай хатар таҳдид сололмайди.

Сабаби, биз меҳр паноҳидамиз. Қани энди буни бутун олам афкор оммаси англаб етса ва амал қилса…

Абдулҳамид ҲАЙДАРОВ.

“Чортоқ ҳақиқати” газетаси 2021 йил 9 февраль 4-сон.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!