Бухорода Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди

2021-04-02T09:57:12+05:002 Aprel, 2021|Бухоро вил.|

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари доирасида белгиланган устувор вазифаларни тарғиб этишга қаратилган “Ҳоким, вазир ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Учрашувда вилоят ҳокими Ботир Зарипов,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Давлат божхона қўмитаси, “Қишлоққурилишбанк”, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги масъуллари, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокимиўринбосарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш вамаънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан тўпланган ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Учрашув олдидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув спорт клуби техникалари намойиши, шунингдек, ёш ҳунармандлар, ташаббускор ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари кўргазмаси ташкил этилди.

Мулоқот давомида вилоят раҳбари амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг туб мазмун-моҳияти хусусида сўз юритиб, бу борада вилоятда бажарилаётган ишлар таҳлилига эътиборни қаратди.

Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 1 миллион 33 минг 285 нафари ёки 55 фоизини ёшлар ташкил этади. Ўтган давр мобайнида вилоятда мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида хатлов ўтказилиб, 344 минг 506 нафар ёшларнинг ижтимоий аҳволи  ўрганиб чиқилди. Ўрганиш якунлари бўйича 22 минг 619 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилди. Хатлов натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, 13 та туман (шаҳар) бўйича алоҳида Ёшлар дастури тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Биринчи чорак учун ишлаб чиқилган “Ёшлар дастурлари” доирасида бугунги кунга қадар 24 мингдан ортиқ ёшлар бандлиги таъминланди. Уларнинг 11 минг 768 нафари “Ёшлар дафтари”дагилардир.

Вилоятдаги иқтидорли, бироқ ижтимоий-иқтисодий шароити оғир бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ҳокими 20 нафар, туман (шаҳар)лар ҳокимлари 10 нафардан жами 150 нафар ёшларни оталиққа олиб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари ваолийгоҳларда ўқишларига ёрдамлашиш ҳамда ишга жойлаштириш тизими йўлга қўйилди.

Вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар томонидан ишлаб чиқилган инновацион ишланмалар ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда уларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида хизмат кўрсатиш соҳалари, туризмни ривожлантириш, энергетика ва саноат тармоқларини ривожлантириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда фан ва таълимни ривожлантириш бўйича ўз инновацион ғояларига эга бўлган энг яхши талабаларнинг лойиҳалари 1 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, вилоятда иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳаларда янги инновацион ғояларни ишлаб чиқишга қодир бўлган иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаси эълон қилинган.

Учрашув қатнашчилари вилоят раҳбари, вазирлик ва идоралар мутасаддиларига иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун ер ва имтиёзли кредит ажратиш, ёшлар марказини қуриш сингари таклиф ва мурожаатларини йўллашди.

Учрашувда кўтарилган ҳар бир масала дахлдор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, билдирилган таклиф, масала ва муаммоларни тезкорлик билан кўриб чиқиш, уларга ижобий ечим топиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

 Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати