«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-02T09:20:21+05:002 Aprel, 2021|Олтин қалам|

СУД ИДОРАЛАРИ ЭШИГИДА САРҒАЙГАН УМР

Айни бугунбоп мавзу. Биласизми, нега одамлар суд идораларига ишонмайдилар. Чунки ҳақ бўла туриб, айнан ўша идора эшигида ҳақсизликка учрагани боис… Ҳақиқатни айнан суд эшигида йўқотгани туфайли… Биласизми буни нимага ўхшатиш мумкин. Ҳавосиз хонада бўғилишдек гап, камига “ҳақсизлик”дан бўғилиш билан баробар. Гапнинг индаллоси шундай. Бир фуқаро тақдири, аниқроғи ҳуқуқи бузилиши жараёнида мамлакатимиздаги номдор Навоий кон-металлургия комбинатидек гигант саноат корхонасидаги ноҳақлик-у, суд идораларининг ўйинлари хусусида ошкор, холис ва бор гапни айтамиз.

Бу тақдир эгаси Навоий шаҳар Низомий кўчаси, 2-уй 94-хонадонда яшовчи Дониёр Бозоров бўлади. Фуқаро НКМКнинг Марказий Кон бошқармасига қарашли 9-автокорхонасида 32 йил ҳайдовчилик қилган. 2016 йил 1 март куни фуқаро ўз бошқарувидаги  МАN русумли автомашинага 400 литр дизел ёқилғисини олиб, ишга отланади. Шу куни текширув идоравий отряд қўшинлари ҳайдовчи автомашинасини тўхтатиб, тўсатдан текшириш ўтказадилар. Ҳайдовчининг йўл варақасидаги ёзувлар гўёки текширувчиларда шубҳа уйғотади.

Дарвоқе, текшириш жараёнида йўл варақасида ёзилган 114 литр дизел ёқилғиси ўрнига ортиқча 142 литр борлиги аниқланади. Бор “маш-маша” шундан кейин бошланади. Дониёр Бозоров ишдан бўшатилади. Камига “ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштирмасдан корхона ҳудудидан товар моддий бойликларини олиб чиқиб кетишга уриниш” ҳолатини сабаб қилиб… Халқ тилида айтадиган бўлсак, комбинат ходимига 142 литр дизел ёқилғисини ўзлаштириш айбини қўяди. Ишдан бўшатиш “юмуш”лари рисоладагидек, касаба уюшмасининг мажлислари-ю қоғозбозликлар  ўз ўрнида, ҳатто камчилик тополмайсиз. (Буни депутат сўрови орқали аниқлаган бўлсам-да, аммо халқ вакили сифатида сўраганларимнинг ўндан бирига ҳам жавоб бермаган. Ҳатто энг ҳайратланарлиси, НКМК касаба уюшмаси раҳбари билан учрашишим кераклигини сўраб хизмат телефони орқали оғзаки мурожаат қилганман. Менга ҳеч қандай жавоб берилмаган. Депутат сўровига берилган жавобда эса корхона касаба уюшмаси раиси референти менга “ҳозирда касаба уюшмаси раиси хизмат сафарида эканлиги ва Сиз бошқа куни раис билан ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашишингиз мумкин”лигини тушунтириб ўтган бўлиб чиқди).

Шундан кейин суд ишлари бошланади. Мурожаатчи фуқаро ҳали суд эшикларида сарғаймаганда, ҳақлигини исботлаш учун жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судига арз қилади, аммо суд ишни  монопол корхона фойдасига ҳал қилади. Суд уни айбдор деб топади. Дониёр Бозоров эл-улус олдида “дизел ёқилғиси ўғриси” эмаслигини исботлаш учун яна курашади. Бу кураш эркаклик шаъни, ор-номус кураши-да. Буни тушунган тушунади, билган билади. Чунки айримлар учун ор-номуснинг бир тийинли қиймати йўқ. Бу гал Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди  Зарафшон шаҳар суди қарорини бекор қилиб, Жиноят ишлари бўйича Томди тумани суди Д.Бозоровни бутунлай айбсиз деб топади. 2016 йилнинг 21 сентябрида эса Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди Дониёр Бозоровни ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқаради.

Шошилмай ўқинг, энг қизиғи энди бошланади

Энди бу сафар  Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди Зарафшон шаҳар суди қарорини бекор қилади. Камига Бозоровни айбдор деб ажрим чиқаради. Оҳ чарчаб кетдим, баракалла  шу фуқаронинг асабига!!

Шунда ҳам фуқаро курашдан тўхтамайди, прокуратурага мурожаат қилади. Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан протест киритишига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича олий судлов ҳайъатининг ажрими яна вилоят инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиради. Суд идораларидаги маш-маша тугади, хайрият… Аммо фуқаро барибир айбдор бўлиб қолаверди.

2016 йилда бошланган суд 2019 йилнинг ноябрида тугади. 4 йил давомида биргина айбсизлигини исботлаш учун курашган ва хақиқатни топа олмаган фуқаро қандай қилиб, СУДларга ишонсин? Яна бири ҳақ-ҳуқуқни тиклаб, иккинчиси инкор этаверса… бу суд эмас, қўлида ваколати бор ўйинчоқ идоранинг ўзгинаси.

Қанийди, қаҳрамонимиз 32 йиллик умрини шу касбига сарфламаганида…, қанийди ўз хоҳиши билан ишдан кетганида…, қанийди суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги қарори билан иш якун топганида… Қанийди! Йўқ, албатта, номдор корхона раҳбарларию ишчи-ходимининг ҳаёти бир пул бўлган касаба қўмиталари раисларининг айтгани айтган, дегани деган. Уялинг, 32 йиллик умрини комбинат учун сарфлаган ходимингизга дизель ёқилғиси ўғриси дейишга… Депутат сифатида шунақа мурожаатларни кўриб чиққанимда, одамларга чиндан раҳмим келади. Сиз нима дейсиз, шу инсофданми?…

Санжар ҚУРБОНОВ.

“НАВОИЙ ЗИЁСИ” газетаси, №36-37 сон 10 сентябрь 2020 йил

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 140

OAV nomi va parolini kiriting!