«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-01T19:54:50+05:001 Aprel, 2021|Олтин қалам|

МЎЪЖИЗА КУТМАНГ. ОЗДИРУВЧИ ДОРИЛАР ҲАҚИДА СЕМИЗГИНА МАҚОЛА

Пандемия даврида эълон қилинган карантин туфайли кўпчиликнинг вазни ортди. Шу жумладан менинг ҳам. Тезда озиш учун самарали усулларни излай бошладим. Ижтимоий тармоқларда тинмай реклама қилинаётган турли оздирувчи дорилар эътиборимни тортди.

Рекламада айтилишича, «парҳез қилишингиз шарт эмас. Кунига иккита ичсангиз кифоя. Бир ойда 12 килограммгача озишингиз мумкин» экан.

Ушбу дориларнинг нархларини сўраб-суриштирсам, 200 минг сўмдан 400 минг сўмгача. Очиғи, бошида бу нархларни эшитиб, наҳотки озиш шунчалик осон ва арзон бўлса, деб ҳайрон қолдим. Кейин юқоридаги гаплар қанчалик ростлигини, оздирувчи дориларнинг фойда ёки зарарини аниқлаш учун бир неча ой суриштирув олиб бордим.

Бир куни Facebook‘даги аёллар гуруҳида Айжамол исмли фойдалувчининг оздирувчи дори ичганини ва бу соғлиғига ёмон таъсир қилгани ҳақидаги постини ўқиб қолдим. У дорини сотиб олаётганида «дори фойда қилмаса, пулингизни қайтариб берамиз», деб айтганини, аммо вазиятни тушунтирганда сотувчи қиз ўзи нотўғри ичганини айтиб, уни блоклаб қўйганини ёзган эди.

Скрин: «Дарё»

Тўлиқроқ маълумот олиш учун Айжамолга боғландим. У воқеани қуйидагича айтиб берди.

Касбим журналист. Оздирувчи дорилар ҳақида мақола ёзмоқчи эдим. Менда ортиқча вазн борлиги учун оздирувчи дорининг натижасини ўзимда синаб кўрмоқчи бўлиб, 280 мингга сотиб олдим. Ичаётган пайтда Coca-Cola, ширинликлар, фастфуд мумкинмаслигини айтди. Қоидасига риоя қилиб, икки ҳафта ичдим.

Биринчи ҳафта дори ростдан ҳам зўр натижа берди. Беш кун ичида 4,5 килограмм вазн ташладим. Иштаҳани бўғиб қўяркан. Қорнингиз очмайди, лекин тинмай бошингиз оғриб тураркан. Анчагача бошим айланиб, қон босимим ўйнади.

Қон босимим 110-70.  Тинмай бошим оғрийверганидан кейин ўлчасам, 80-50 бўлди, эртасига 140-90 бўлди. Кўчада юрганимда, метрога тушганимда, ҳатто ишда ўтирганимда ҳам нафасим қисиб, ҳаво етишмаётгандай бўлаверди. Икки кундан сўнг эса кўнглим айниб, еганимни қайд қилиб ташлайдиган одат чиқардим.

Иккинчи ҳафтадан бошлаб умуман натижа бермай қўйди. Аксинча, йўқотган вазним ўзимга яна икки кило қўшилиб қайтди.

Кейин дорини сотган аёлга ёздим. У дорини олаётган пайтимда натижа бўлмаса, пулингизни қайтариб берамиз деган эди. Вазиятни тушунтирдим. Фойда кўрмаганимни, соғлиғим ёмонлашганини, пулимни қайтариб беришини айтдим. Сотувчи қиз у деди, бу деди. Хуллас, тортишиб қолдик. Мени гуруҳидан чиқариб юборди, барча ижтимоий тармоқлардан блоклади.

Соғлиғим ёмонлашганидан сўнг эндокринологга бордим. Шифокор, гормонимда ўзгариш бўлганлигини, агар сотувчи қиз айтганидай дорини ҳамма курсини ичганимда онкологик касалликка чалинишим мумкинлигини айтди. Айтишича, қонимга витамин етишмай, қон босими ўйнагани учун гормонлар ўзгариши юз берган. Мутахассислар ичишим учун турли витаминлар ёзиб берди. Ҳозир уларни олиб ичяпман. Аҳволим анча яхши.

Айжамол Жолдасбоева

Оздирувчи воситаларнинг инсон организмига қандай таъсири бор? Мутахассислардан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

“Семизлик, ортиқча вазн бир кунлик муаммо эмас. Йиллар давомида йиғилиб, турли муаммолардан пайдо бўлган ҳолатдир. Мутахассис сифатида ортиқча вазнни йўқотмоқчи бўлганда режа билан ҳаракат қилиш шарт деб ҳисоблайман. Фаолиятим давомида оздирувчи дорилар ҳақида маслаҳатини доимо энг охирги ўринга қўйганман.

Афсуски, охирги пайтларда таъсири исботланмаган, номаълум сайтларда сотиладиган дориларга алданиб қолиш ҳолатлари кўп бўлмоқда. Очиғи, уларнинг таркибини ҳам билмайман. Аксарият оздирувчи дорилар ҳеч қаерда тасдиғини топмаган. Семизликда тасдиғини топган дорилар сафига уч гуруҳ дорилар киради. Ҳаттоки улар ҳам ҳаёт тарзини ўзгартирмагунча таъсири йўқ.

Менинг қабулимга мана шу дорилардан наф кўрмаган, наф кўрмагани ҳам майли, ҳатто зарар кўрган аёллар кўп келади. Нима учун ичдингиз деб сўрасам, тез озишим керак эди деб айтишади. Тез озиш бу нореал нарса. Инсон организми жуда ақлли, қанчада озиш кераклигини ўзи билади. Шунинг учун аёлларимиз, қизларимиз бу каби ёлғонларга ишониб қолмасдан, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда иш кўришларини маслаҳат бераман.”

Дилобар Иброҳимова, эндокринолог

 «Оздирувчи дори ишлаб чиқарувчи компанияларнинг мақсади — бизнес»

“Бугунги кунда турли хил оздирувчи дорилар кўпайиб кетган. У ҳақиқатан ҳам оздирадими ёки организмни бошқа аъзоларига зарар қиладими, кўпчилик билмайди.

Яқинда қабулимга шундай мурожаат билан келишди. Аёл киши мунтазам равишда оздирадиган дори ичган ва анорексия касаллигига чалинган. Ҳозир руҳий касалликлар шифохонасида ётибди. Овқатни кўрса, кўнгли озиб, қайт қилади. Ота-онасининг айтишича, аёл жуда кўп оздирувчи дорилар, слим чойлар ичган экан.

Шунинг учун оздирувчи дорилар ҳақида фикрим салбий. Оздирувчи дори ишлаб чиқарувчи компанияларнинг мақсади — бизнес.

Кўпчилик аёлларимиз озишни жудаям хоҳлайди-да, ким нима тавсия қилса, дорини сўраб-суриштирмасдан ичаверади. Ҳар бир ичилган дори аёл организмга ҳар хил таъсир қилади.

Кўп кузатганман, маълум муддат озиб юриб кейин яна аввалги ҳолатига қайтган. Ҳатто ундан-да кўпроқ семириб кетганлар бўлган.

Кўпинча «бир ойда 10 килограммгача оздирамиз» деган эълонларга кўзимиз тушади. Бундай эълонларга ишониш яхшиликка олиб келмайди. Бирдагина 10 ёки 15 килограмм вазн ташлаш организмни инқироз ҳолатга тушириб қўяди. Одам ким нима деса ишониб кетавермасдан ўзи ҳам маълумотга эга бўлиши лозим.

Бир нарсани унутмаслик керакки, тана қачон озиб, қачон семиради, ўзи билади. Организмга мақсадсиз ортиқча дори-дармон бериш бошқа касалликларга, хусусан, психик жараёнларга салбий таъсир кўрсатади. Инсон организми, физиологияси инқирозга учрадими, психикада ҳам истайсизми, йўқми, асабийлик, тажовузкорлик, норозилик, ёмон кайфият, ишчанликнинг пасайиши каби ҳолатлар кузатилади. Бу, албатта, оилавий низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.”

Шоира Исоқова, психолог

Озишнинг қандай самарали йўллари бор? Қандай тез ва осон озиш мумкин?

“Аввало, ҳаёт тарзини ўзгартириш шарт. Токи ҳаёт тарзи ўзгармагунча ҳеч қанақа дори таъсир қилмайди. Ҳаёт тарзи деганда тўғри кун тартибига амал қилиш, вақтида ухлаш, физик ҳаракат, тўғри овқатланиш, сўнг эса организмдаги нуқсонларни бартараф қилишдан иборат ҳисобланади.

Тез озмоқчи бўлган опа-сингилларимизга мутахассис сифатида тавсиям, ўзингизни севинг, ҳурмат қилинг. Чунки ўзини ҳурмат қилган инсон ўз соғлигига эътиборли бўлади. Рекламалардаги таъсири исботланмаган дорилардан ўзини тияди. Албатта, мутахассис шифокорларга мурожаат қилган ҳолда организмдаги ўзгаришларни топиб, шу билан шуғулланган маъқул.

Қатъий кун тартибига амал қилиш ва истеъмол қилаётган овқатларига эътиборли бўлишни тавсия қилиб қоламан.”

Дилобар Иброҳимова, эндокринолог

«Озишни аввало онгимиздан бошлашимиз керак»

“Албатта, аёл озишни истаса, мутахассис эндокринологга мурожаат қилиши керак. Психологга ҳам. Чунки унинг руҳий ҳолати, меҳнат фаолияти, темпераменти, муҳити ўзгариши керак. Тўғридан-тўғри организмга озиш дастури бериш тўғри келмайди. Сабаби, мен озишим керак деган психологик дастур пайдо бўлмагунча озиб бўлмайди.

Очмоқчи бўлган аёл аввало нима учун семирганини тушуниб етиши керак. Баъзилар сув ичсам ҳам, озгина овқат есам ҳам семираман, дейди. Бу ерда эндокрин ва асаб системасида ўзига хос муаммолар бор. Бу аёлнинг психологик ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Ҳар бир аёл гўзал қадди-қоматга эга бўлишни хоҳлайди. Буни онгимиздан бошлашимиз керак. Онг дастуримизга тўғри овқатланиш, жисмоний ҳаракат ҳақида маълумот киритсаккина ниятимизга эришамиз. Бироқ организмини хавфга қўйиб, тўғри келган нарсани ичишни тавсия қилмайман. Бунинг асоратлари оғир бўлиши мумкин. Чунки бизнинг организмларимиз биздан кўра ақллироқ.”

Шоира Исақова, психолог

Оздирувчи дорилар ҳақидаги афсоналар

Келинг, сизга оздирувчи дориларга ишонмаслигингиз учун еттита сабаб келтириб ўтаман.

  • Салкам олти ойдан бери Instagram’да оздирувчи дори сотаётган аёлларни, уни реклама қилаётган блогерларни кузатиб келаман. Уларнинг айтишича, оздирувчи дориларни ичаётган пайтда газли ичимликлар, фастфуд истеъмол қилмаслик шарт экан. Аслида булар одамни энг тез семиртирадиган маҳсулотлар ҳисобланади. Газли ичимликлар, фастфуд истеъмол қилинмаса, ўзи шундоқ ҳам озиш мумкин-ку?

Лирик чекиниш

Битта одам ўзининг Ford Focus машинасини сотишга бозорга олиб чиқибди. Машинага унчалик тушунмайдиган бир харидор келиб қолиб сўрай бошлабди.

– Бу қанақа машина ака?

– Бу форд фокус.

– Қанақа фокус кўрсатади? — деганакан.

– Ўтир, кўрасан, — деб машинага чиқишибди. Машинанинг эгаси уйига қараб ҳайдабди.

Машинанинг тезлиги 200 га чиққанида харидорга қараб:

– Тўғримиздаги деворга 10 метр қолганда кўзингни юмасан, — деб деворга яқинлаша бошлабди. Деворга яқин келганда пульт билан деворга ўрнатилган гаражнинг эшигини очиб, кириб кетибди.

Бояги харидор кўзини очса, деворнинг уёғида туришганакан. Қойил қолиб, машинани олиб, чойхонага борибди. Тўрт ўртоғини олиб, уларга ҳам деворга 10 метр қолганда кўзини юмишини айтиб, машинани ҳайдабди. Машина 200 тезликда келиб деворга урилиб, дабдала бўлибди.

Машинада ўтирганлар:

– Ваааай, расво қилдинг-ку! — дейишса, рулда ўтирган одам кўзини аранг очиб:

– Қайси биринг кўзингни юммадинг? — деган экан.

Бу латифани бекорга келтирмадим. Чунки дорилардан озолмаган аёллар фойда бўлмаганини, пулини қайтариб беришини сўраб, сотувчига ёзса, турли баҳоналар билан пулни қайтариб бермаётган экан. Бундай вазият Айжамол Жолдасбаевада ҳам кузатилган. Бу худди латифадаги кўзини юммагани учун девордан ўтолмаган содда одамнинг айбловига ўхшайди. Тўғрими?

  • Эътибор берсангиз, оздирувчи дорилар косметика сотувчиларида бўлади ёки «Ўрикзор»дан арзонроқ сотиб олиш мумкин. Дорилар ишончли бўлганида, улар дорихонда сотиларди, қўлда эмас.
  • Instagram’даги сотувчиларни кузацам, ҳозирги кунда машҳур бўлган оздирувчи дориларнинг баъзилари қора пакетда қутиси алоҳида, пластинкаси алоҳида олиб келинаркан. Худди айланма йўллар орқали олиб келинган товарларга ўхшаб. Энди айтдим, қўйдим-да!
  • Бир танишим сиз оздирувчи дориларни ёмон деяпсиз, лекин Instagram’даги сотувчилар дори ҳақида яхши изоҳларини сторйъсига қўйяпти-ку, деди. Шунчаки, озгина ўйланг! Ахир ким ўзи сотиб турган маҳсулотини ёмонлаб, зарар кўрдим деб ёзилган изоҳларни қўяди?
  • Энг қизиғи, маза қилиб еб ётавераркансиз, лекин дори туфайли озавераркансиз. Қандай ширин ёлғон-а? Орзуга айб йўқ. Аммо спортсиз, парҳезсиз озиб бўлмайди. Буни истаган мутахассисингиздан сўрашингиз мумкин.
  • Бу дорилар организмингизга салбий таъсир кўрмаслигига кимдир кафолат берадими? Агар жигарингизга ёки бошқа бир аъзойингизга зарар берса, сотувчилар кўрган зарарингизни қоплаб берадими? Менимча, йўқ.
  • Майли, сиз айтгандай бўла қолсин. 250 мингдан 400 минг сўмга бир ойда 10 килограммгача озиб бўлганида, бутун дунё аҳолиснинг 52 фоизи ортиқча вазндан қийналармиди?

Балки ростдан ҳам оздирувчи дорилардан наф кўраётган аёллар бордир орамизда. Аммо соғлиғингиз шунчаки таваккал қиладиган арзон нарса эмас.

Мен сизга қўлдан келганча, ҳар қандай оздирувчи дориларнинг организмга зарарини исботлашга ҳаракат қилдим. Самарали озиш ҳақида мутахассисларнинг тавсияларини келтирдик. Ҳаёт сизники. Озиш завқини ҳам жонингиз  оғриғини ҳам бир ўзингиз тортасиз. Хулоса ўзингиздан.

Хонзодабегим Аъзамова

(“Дарё.уз” сайти 2020 йил, 11 декабр)

https://daryo.uz/k/2020/12/11/mojiza-kutmang-ozdiruvchi-dorilar-haqida-semizgina-maqola/

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.1 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!