«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-01T16:55:46+05:001 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ШАРОФ ОТА ЭККАН АРЧА

нега қаровсиз ётибди?

Гуржиларда яхши бир одат бор экан. Агар миллат ҳаётига дахлдор бўлса, отнинг тақасини ҳам бахмалга ўраб сақлаб қўяркан. Бу миллатнинг ўзлигини яхши англашидан далолат беради. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз ҳам: “Эл нечук топқай мениким, мен ўзимни топмасам”, дея бежиз лутф этмаганлар. Ҳа, қайси халқ ўзлигини яхши англаса, келажаги буюклашиб бораверади.

Муборак ҳадисларда: “Эртага қиёмат қойим бўлишини билсанг ҳам қўлингда кўчат бўлса экиб қўй”, деган даъват бор. Кейинги пайтларда вилоятимизда кўчат экишдан кўра, вояга етган дарахтларни қирқиш авж олиб кетди. Бу борада қўлимизда анчагина маълумотлар бор. Балки мавриди билан бу мавзуда алоҳида мақола ёзармиз.

Бу галги мақоламиз ройиши бутунлай бошқа йўналишда. Давлат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари Сирдарёга ташриф буюришганда “яхшидан боғ қолади”, қабилида кўчатлар ўтқазишган.

Мақоламизнинг кириш қисми бироз чўзилиб кетган бўлса, узр. Гапнинг индаллоси бундай. Бурноғи йили Ховос тумани Болалар мусиқа ва санъат мактабида Сирдарё халқ таълими фидойилари Дўстбек Сулаймонбеков ва Мамадали Нурматовларнинг хотирлаш кечаси бўлди. Ушбу анжуманда сўз олган меҳнат фахрийси Андоқул Тўхлиев яхши бир муаммони кўтарди. Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов Ховос туманига ташриф буюрганларида бир туп арча дарахти ўтқазган эканлар. Мана шу ниҳол ҳозир кўкка бўй чўзиб, улкан дарахтга айланибди. Бироқ дарахтни парваришлаш барчанинг эсидан чиқибди. Унинг атрофини ўраб, “Бу ниҳолни давлат арбоби Шароф Рашидов ўтқазган”, деб ёзилган лавҳа ўрнатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаётганини ачиниш билан йиғилиш иштирокчиларига маълум қилди. Ўша пайтда каминаи камтарин бу чиқишдан илҳомланиб ихчамгина луқма ёзгандим. Танқидий чиқиш ўша пайтдаги туман ҳокими Раҳимжон Бобоев номига йўлланганди. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади. У киши айрим раҳбарларга ўхшаб газета ўқишдан зада бўлган экан. Фақат ижтимоий тармоқларни кузатаркан.

Мен Шароф ота эккан арчани аниқладим. У Ховос шаҳарчасини “Фарҳод-5” аҳоли пункти билан боғлайдиган темир йўл устига қурилган осма кўприкдан тушган заҳотингиз шундоқ кўчанинг кун чиқиш тарафида савлат тўкиб турибди. На атрофи ўралган, на сув ичадиган ариғи бор. Арча чидамли ва умри узоқ дарахт бўлади. Сураткашимиз Муҳаммад Карим билан Ховос туманига сафарга борганимизда Шароф ота эккан арчани суратга олдирдик.

Вилоятимизда улуғларимиз ўтқазган бундай дарахтлар анчагина. Масалан, Усмон ота Юсупов яратган боғлар, Сайхунобод туманида Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўтқазган дарахт ҳақида маълумотларга эгамиз.

Бизнинг назаримда, улуғларимиз ўтқазган бу каби дарахтлар ҳам моддий ёдгорликлар сифатда рўйхатга олиниб, кўз қорачиғидек сақланиши керак. Бу дарахтларнинг соясида қушлар ҳордиқ чиқариб, савоби азизларимиз руҳини шод этаётганлиги шак-шубҳасиз. Бироқ биз, тириклар улуғларимиз эккан дарахтларни асраб-авайлаб авлодларга етказсак, савоб ишга қўл урган бўламиз. Бу ишда янги ташкил этилган Экологик партия ҳам ўз ҳиссасини қўшса, нур устига аъло нур бўларди.

Ховос туманида ҳоким ўзгарди. Кўҳна тарихий обида — Ховостепада улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. (Биз бу ҳақда “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, Ховосим” деб номланган публицистик мақола ҳам ёзгандик. У “Сирдарёдаги улуғвор ўзгаришлар” китобидан босилиб чиқди). Ўйлаймизки, янги раҳбар ва унинг ёнидаги мулозимлари Шароф ота эккан арчани тарихий бир обидадек тартибга келтириб, марҳумнинг руҳини шод этадилар. Биз ҳокимликдан ишнинг натижаси ҳақида жавоб кутиб қоламиз.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири.

“Янги Сирдарё” газетаси 2020 йил 18 август (№56)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 11

OAV nomi va parolini kiriting!