«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-01T16:06:34+05:001 Aprel, 2021|Олтин қалам|

  IT PARKЛАР ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг бошида Олий Мажлисга  йўллаган мурожаатидаТараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт…  Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, эртага жуда кеч бўлади. Шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади”, деган эди.

Дарҳақиқат, бугун дунёнинг қарийб барча ривожланган мамлакатлари  рақамли иқтисодиёт йўлини танламоқда.  Мамнун бўладиган томони. бу борада Юртбошимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда ҳам бир қатор эътиборга молик, салмоқли ишлар амалга оширилаётир. 2020 йилнинг  “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинишининг ўзи ҳам бу сўзларимизни тасдиқлайди.

Маълумки, 2019 йилнинг 24 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги биринчи дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари маркази – АТ  парк расман фаолият бошлаган эди. Шундан кейин ўтган давр ичида мамлакатимизнинг яна 3 та шаҳри – Андижон, Марғилон ва Гулистонда  ҳам АТ  паркнинг филиаллари фойдаланишга топширилди.  Куни кеча эса, навбат  Жиззах шаҳрига келди.  Ушбу шаҳар марказида ҳам навбатдаги замонавий АТ парк  тантанали равишда очилди.

АТ парк очилиши маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазир ўринбосари Баҳромжон Олматов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабҳат каиб нуфузли меҳмонлар иштирок этишди.

Янги тузилма вилоят ҳокимлигининг яқингинада мукаммал таъмирдан чиқарилган олти қаватли биносининг иккинчи қаватида жойлашди. АТ парк  хафтанинг етти куни давомида,  танаффуссиз  режимда фаолият юритади ва бу  чет эллик ҳамкорлар, хорижинг манфаатдор компаниялари билан узлуксиз равишда алоқада бўлиб туриш  имкониятини яратади.

Яна бир муҳим жиҳати, Жиззах АТ Парки ҳудудида ахборот технологиялари маркази ҳам мавжуд бўлиб,  бу ерда соҳага қизиққан ҳар бир  шахс ўзининг компютер саводхонлигини ошириши, дастурлашни ўрганиши, ВЭБ ва график дизайн, мобил робототехника, киберспорт соҳасида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаши,   АТ-инглиз тилини ўрганиши мумкин.

– Жиззахда АT Парк  филиалини ишга туширишдан кўзланган мақсад вилоятда рақамли иқтисодиётни кенг ривожлантириш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга шарт-шароитлар яратиб бериш, вилоятимиз аҳолиси, биринчи галда  ёшларининг рақамли технологиялар соҳасида билимларини ошириш, шунингдек инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиб ҳаётга тадбиқ этиш ҳисобланади, – деди муассаса очилишида  вилоят ҳокими Эргаш Салиев.  –  Бугун ана шу эзгу-ният амалга ошмоқда.  Энди воҳамиз аҳли, биринчи навбатда навқирон авлод бу масканда ахборот технологиялари билан боғлиқ соҳаларда ўз истеъдодини ривожлантириши, ўзларининг инновацион ва стартап лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишларига шароит бор.  Бу борада уларга юқори тезликдаги интернет,  кутубхона,  робототехника лабораторияси, медиа-марказ, киберспорт ва инновацион машьулотлар хоналари қўшимча имкониятлар яратади.

Жиззах АТ-паркига ўқув ва киберспорт хоналарига ўрнатиш учун  43 та компютер жамланмаси тортиқ қилинди. Салкам 45 қатновчига мўлжалланган 3 та замонавий ўқув хоналарида кўзланган мақсадларга эришиш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Филиалида коворкинг маркази,
45 ўринли мажлислар  зали,  стартап хоналари,  2 та кичик музокаралар хонаси мавжуд. Филиал ходимлари ва резидентлари кенг-мўл офисда унумли меҳнат қилиши, дам олиш бурчаклари ва мўъжаз  қаҳвахонада бўш вақтлариин мазмунли ўтказишлари мумкин.

Жиззах АТ паркининг ташкил бўлишида ҳиндистонлик мутахассис, «IT Software Texnology of India» компанияси раҳбари Жаярем Партҳасартининг ҳиссаси катта. Умумий қиймати 5 ярим  миллиард сўмни ташкил этган  ушбу лойиҳага тамал тоши қўйилишдан тортиб то бугунги кунгача жаноб Партасарти ўзининг маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан яқиндан ёрдам бериб турди..

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бундан икки йил аввал Ҳиндистон Республикасига бўлган биринчи ташрифи  давомида мамлакатимиз раҳбарияти билан ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олган эди, – дейди Ж.Партҳасарти. – Ана шу келишувга биноан  дастурий таъминотни ишлаб чиқиш,  ҳинд   мутахассисларнинг илғор тажрибаларини ўзлаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Жиззахда ўтган кунларим давомида  ушбу вилоят аҳли, аввало ёш йигит ва қизлар ўртасида ахборот технологиялар бўлган қизиқиш баландлигига амин бўлдим. Шунингдек. вилоят раҳбариятининг бу борадаги лойиҳаларни қўллаб қувватлаётгани  таҳсинга сазовор.

Айтиш жоизки, пойтахтда ташкил этилган биринчи АТ паркнинг доимий резидентлари орасида Жиззах вилоятининг вакиллари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Жумладан, ушбу ҳудуднинг 5 та вакили  веб-сайт ишлаб чиқиш, талабалар давомадини камера ёрдамида текшириш, соғлиқни сақлаш тизимини автоматлаштириш,  доменни рўйхатдан ўтказиш, юкларни етказиб бериш  каби хизматларни таклиф қилмоқда.  Ана  резидентлар тўплаган бой тажриба  Жиззах АТ паркнинг самарали фаолият юритишига, унинг ташкил бўлишидан  кутилган натижаларга тезроқ эришишда қўл келиши шубҳасиз.

—  Ҳар бир мамлакат жозибадорлигини ошириш, унинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаси учун инвестициялар жалб этишда ахборот технологияларини  пухта эгаллаган ёшлар кўп нарсани ҳал қилади, — дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг Жиззах вилоят бошқармаси ахборот ва медиа бўйича мутахассиси  Элдор Наврўзов. — Шунинг учун, бугун Жиззахда содир бўлган янгилик – АТ паркнинг фаолият бошлаши   вилоятимиз тарихида янги саҳифани очиши муқаррар. Ушбу маскан  соҳа  учун  етук ва малакали ёш мутахассисларни кашф қилиш, улар ёрдамида   ривожланган давлатлар  АТ компаниялари билан алоқаларини мустаҳкамлаш борасида  амалга ошириладиган ишлар учун замин бўлишига ишонамиз.

Худойберди КАРИМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг

2020 йил 23 сентябрь сонида чоп этилди)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.7 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!