«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-01T14:51:04+05:001 Aprel, 2021|Олтин қалам|

 Қадриятларимиз

ОНАЖОН, АЛЛАНГИЗНИ СОҒИНДИМ

Тарихдан маълумки, халқимиз ўз анъаналарини асраш, авлодларга мерос қилиб қолдиришга ҳаракат қилади. Қадимги маданий меросимиз, анъана ва урф-одатларимиз бўлмаганда, ҳозирги турмуш тарзига эришиш ҳам қийин эди. Чиндан ҳам бугуннинг қадрига етишиш учун одам ўтмишини яхши билиши керак. Илдизсиз дарахт бўлмайди. Дарахт қанча томир отса, у шунча гуллаб-яшнайди. Халқимиз тарих ва маданий меросга эга. Булар эса халқнинг илдизи ҳисобланади. Элимизнинг ўзлигини белгиловчи қадимий анъаналаридан бири-халқ оғзаки ижодиётидир. Дарвоқе, мақол, матал, эртак, достон, алла, миф, афсона, ривоят, қўшиқ, латифа, ялла каби халқ ижодий асарларига назар соларканмиз, уларда умумбашарий қадриятларни кўрамиз. Ҳозирги мақоламизда алла ҳақида тўхталсак. Она алласи инсониятнинг ўзи каби қадимийдир. Болажонларимиз бешикда мириқиб тинглаётган «Алла» қўшиқлари момодан онага, онадан фарзандларга ўтиб келмоқда.

Ғунчамисан, нормисан, алла,

Қўзиларинг қўй бўлсин алла.

Алла, алла, оппоққинамей, алла,

Гул ичида япроққинамей, алла…

Ҳа, она бешикни бир маромда тебратиб, алла айтаркан, гўдак бир зумда қўшиқ-сеҳрига маҳлиё бўлиб, ухлаб  қолганини кўп шоҳиди бўлганман. Қурбоной онам синглим ва болаларимни бешикка боғларкан, доим ширали овозда алла айтардилар. Ўшанда, ёш бўлишимга қарамасдан, онам  айтган қўшиққа маҳлиё бўлардим. Болалар ухлагач, аллани тўхтатиб, бешикни ёпиб қўярдилар… Онамга яна алла айтишларини сўрардим. Ёшим етмишдан ўтибди ҳамки, онамнинг алласини бот-бот соғинаман.

Бўйингга гуллар талашар, алла,

Алла айтсам ўзингга, алла.

Уйқулар келар кўзингга, алла,

Олам кулар юзингда, алла.

Фарзанд дунёга келганда қанчалик қувонч билан кутиб олинса, уни илк бор бешикка белаш ҳам бир олам шодлик ва қувончли маросимга айланади. Онам раҳматли умр йўлдошим Зулхуморга шундай деганлари ёдимда.

– Бешикда ухлаган боланинг таги қуруқ ва тоза сақланади. Бешикка беланмаган бола уйқу пайтида ёнга ағдарилиб, қўлини босиб олиши ва ундан  қаттиқ чўчийди. Келинжон, неварам Шерзоджонни 2-3 ёшга етгунча бешикка боғласангиз нур устига нур бўлади. Ҳа, шуни унутмангки, чақалоқни бешикка киндиги ажралиб тушгандан сўнг ётқизилади…

Самарқанд Давлат университетининг биринчи курси пайтимда ўқитувчимиз: Маҳмуд Қошғарийнинг туркий халқлар яшаш тарзи, урф-одатлари тасвирланган «Девону луғотит-турк» асарида ҳам  бешик тўғрисида мисралар мавжуд», – деган эдилар.

Алишер Навоий «Лайли ва Мажнун» достонида Мажнунни бешикка боғлашни шундай тасвирлаган:

Ҳифз айлади они неча доя,

Ҳар нав ишидан топарға воя.

Чирмаб яна кишу ос бирла,

Ғунча каби юз либос бирла.

Ётқуздилар они маҳд ичинда,

Гул япроғи шаҳд ичинда…

Ҳа, алла халқимизнинг инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликни улуғловчи қадриятларни ўзида акс эттиради. У оналар томонидан бешик тебратган ҳолда айтилиб, юрак-бағридаги меҳр-муҳаббат, орзу-умидлар изҳор этилган қўшиқдир. Телевидение, радиода маромига етказилиб, айтиладиган «Алла»ни эшитганда кишининг қалби қувончга тўлади. Афсуски, ҳеч бир қўшиқ ёки оҳанг билан тенглаштириб бўлмайдиган алла кейинги пайтларда унутилмоқда. Кўплаб ёш оналар «Болангизга алла айтиб ухлатасизми?» – десангиз телевизордан берилаётган ашула, мультфилмларни томоша қилиб ухлайди», – деган жавобни оласиз. Ёки баъзи бирлари эса: «Боламни тинчлантириш, ухлатишнинг зўр йўлини топганман: «телевизордаги мультфильмни қўйиб ўзимнинг уй-юмушларимни қила бераман. Кўз узмай ўтириб, ухлаб қолади». «Дамас» автомашинасида келаётганимда иккита ёши улуғ оналарнинг суҳбати шундай бўлди:

– Онаси болалигида фарзандига алла айтмаган экан-да Ҳа, уларнинг суҳбатини тинглаб, хаёлимдан шулар ўтди. Қўшиқ инсонга ҳамроҳ, у инсон руҳини поклайди.  Уни гўзал ва нафосатли қилади. Аллада онанинг дард ва ҳасратлари, кулгуси ва шодлиги оҳанг­лар қатига шундай сингдириладики, бу жиҳатдан дунёдаги бирорта қўшиқ унинг ўрнини босолмайди. Бундан таш­қари йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдай таъсир қилади. Буюк аллома Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида шундай ёзади: «… Бири бешикни секин тебратиш, иккинчиси уни ухлатишда оҳиста алла айтишдир. Шу иккисининг уйғунлашиши билан болада тана билан бадантарбияга ва руҳ билан мусиқага бўлган истеъдод ҳосил бўлади». Афсуски, ёш оналар алла айтишни билишмайди. Бу эса маънавият хазинасининг заволга учрашишидан дарак беради. Боғчада тарбиячилар алла айтганини эшитмаганман. Мактабларда алла айтишдан қизларимизга тушунтириш ва сабоқ берилмайди. Аллани оналар қалбига қайтарсак, шу билан бирга одамларга меҳр-шафқатни ҳам қайтара оламиз. Алла-умумбашарий қимматга эга. У чегара билмайди, онажонларимиз алласини барча миллат ва элат гўдаклари ҳаммаси бир хил тинглайди, ором олади, йиғлаб турган бола тинчийди, ширин уйқуга кетади. Ҳа, қўшиқ она алласидан, Ватан эса остонадан бошланади. Ахир одамлар «қўшиқ айтган етар муродга» дейдиларку! Қани ҳамма оналар ўз ўғил-қизларини бешикда ухлата туриб, алла айтишиб уларнинг мурғак қалбларини, қўшиққа ошно қила олсалар эди…

Холиқ ҲАКИМОВ.

“Гулобод тонги” газетаси

12.02.2021 № 6- сон 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.4 / 5. Baholaganlar soni: 10

OAV nomi va parolini kiriting!