«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-01T13:28:16+05:001 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Андишанинг оти нима ёхуд маънавият ҳақида айрим мулоҳазалар

Нуқтаи назар

  1. Холислик асосий мезон бўлсин

Кекса ота-онамни кўргани қишлоққа боргандим. Бугун қишлоқларимиз тубдан ўзгариб, замонавийлашиб кетган. Электр ўчмаяпти, газ, сув борган. Секинроқ бўлсада, интернет ҳам ишлаб турибди.

Тўшакда ётиб қолган отам дунёдаги ҳамма ахборотни билади: Трамп, Путин нима қилаяптию Шавкат Мирзиёев нима деяпти?

Қишлоқда ҳамма нарса ойнадай равшан: кимнинг боласи қандай ўқишга кирди? Кимнинг келини қаерда ишлаяпти? Унга ким ёрдам берди? Фалон раҳбар фаррошдан ҳам пул олмаса, иш бермайди? Ким тўғри, ким ўғри? Кимнинг оиласида жанжал кўп. Кимнинг бобо-момоси нима иш қилгану фарзандлари ким бўлди? Хуллас, бу ерда сир йўқ. Гоҳида ўйлаб қоламан: кимки ислоҳотларнинг қандай бораётгани, ҳукумат қарорларининг ижроси билан қизиқса, қишлоққа бориб, одамларнинг гурунгларига қулоқ тутсин. Халқ фикрини билишга масъул бўлган ҳар хил “марказ”лар ходимлари кабинетдан чиқмай ижтимоий тармоқларни титгунча, одамлар орасига борсин. Шунда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ҳамиша ҳам холис эмаслиги, халқ фикрининг тўлиқ ифодаси бўлолмаслигини, халқимизнинг асосий қисми меҳнат билан банд экани, ўзини андишали ҳисоблайдиган катта тоифа ижтимоий тармоқлардан деярли фойдаланмаслиги, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ҳам бошқарилиши, гуруҳларнинг ўз “кўзир”лари борлигига амин бўлади.

Андиша халқимизнинг ўзига хослигини ифодалайдиган миллий қадриятларидан биридир. Биз андишали, одобли, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш руҳида тарбияланган авлодлармиз. Андишанинг ҳаётда ижобий томонлари кўп. Масалан, бирон жамоада раҳбар бир ташаббус кўрсатди ё фикр билдирди. Қарши фикр, таклифлар бўлса-да, раҳбарнинг ҳурмати учун одоб сақланади, қўллаб-қувватланади. Бу қўллаб-қувватлашнинг умумий ишга фойдаси бор. Жамоанинг якдиллиги кўтарилган муаммонинг ҳал бўлишига кўмаклашади.

Аммо бугун ижтимоий тармоқларни кузатган киши бетгачопарлик, шантаж урф бўлаётганига ишониб қолади. Асосий нишонда ҳокимлар, катта-кичик раҳбарлар турибди. Аввало, ҳокимлар ким, деб ўзимизга савол берайлик. Улар халқ сайлаган Президентнинг ҳудудлардаги вакили. Ҳоким ҳам ўз-ўзидан ҳоким бўлиб қолмаган. Аввал агроном, муҳандис, кейин раис бўлган. Қуйи бўғинда ишлаб, тажриба орттиргач, кўтарилган. Улар ҳам кимнингдир фарзанди, уларнинг ҳам ўғил-қизи бор. Кимсан, бир туман ё вилоят биринчи раҳбарининг кичик бир камчилиги видеога олинадию, пуфлаб шиширилади, эл-юрт олдида шарманда қилинади. Айниқса, чет элда юрган баъзи қочқин ватандошларимизнинг собиқ ёки айни пайтда ҳам ишлаб турган раҳбарлар ҳақида айтаётган гапларидан, мобода эшитса, илон пўст ташлайди.

Миллионлаб одамлар ўқийдиган тармоқда инсонни ҳақоратлаш, унинг шаънига бўлмағур гапларни айтиш – бу демократия, ошкораликми? Ёки матбуотда инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги қоидалари бузилаётганига нима дейсиз? Ўз даврида таниқли бўлган бирон ёзувчи, санъаткор ёки раҳбар ҳақида икки оғиз илиқ фикр билдириб кўринг, дарров “уриб ташлашади”. Ўзбекистон учун мутлақо типик бўлмаган бирон салбий воқеа, бир носоғлом одамнинг ножўя қилмиши ҳақида дунёга жар солишади. Энг ёмони, бу чиқишларни ҳали оқ-қорани англамайдиган, яхши-ёмонни фарқлолмайдиган ёшлар ҳам кўришаяпти, ўқишаяпти. Бу кетишда ҳадемай андиша тилимизда ишлатилмайдиган, эскирган архаик сўзга айланса ажабмас, деган хавотирга боради гоҳида одам.

  1. Ғоявий бўшлиқ пайдо бўлмасин

Қишлоқда эшитганим икки нохуш хабар мени ларзага солди: эмишки, битирувчи синфнинг уч ўқувчиси математика ўқитувчисини четга чиқариб, уриб жағини чиқариб юборибди. Таниқли бир раҳбарнинг ўғли – мактаб ўқувчиси жиноий тўдага қўшилиб, ўғрилик билан шуғулланаркан.

Бу ота-боболари полвон, чавандоз ўтган, ҳаромдан ҳазар қилган ориятли эл учун шармандали ҳолатку?! Айнан зўравонликда, ўғриликда айбланаётган йигитларнинг боболари яхши инсонлар эди…

Кейинги пайтларда ёшлар томонидан содир этилаётган бундай хунук воқеалар тез-тез учраётгани зиёлилар, педагоглар, ота-оналар, раҳбарлар – ҳаммамизни чуқур мулоҳаза қилишга ундайди. Бу ножўя ишларнинг асл сабаби нимада, илдизи қаерда?

Ўз-ўзидан гап яна тарбияга бориб тақалади.

– Мактабларда болаларни бўйсундириш қийин бўлиб қолди, – дейди мактабда раҳбар бўлиб ишлайдиган таниш педагог. – Айниқса, юқори синф ўқувчилари билан ишлаш тобора оғирлашиб бормоқда. Назаримда, хориж фильмлари, интернет, жиловланмаган ахборот оқимлари ёшлар онгини бузмоқда. Албатта, фарзанд тарбиясида ота-она, оиланинг ролини сира унутмаслигимиз лозим: қуш уясида кўрганини қилади.

Менинг фикримча эса, айрим ёшлар тарбиясида бўшлиқ пайдо бўлмоқда. Бу бўшлиқни тўлдириш учун зиёлиларимиз масъулдир. Жамиятда олимлар, ўқитувчилар, шифокорлар, қалам аҳлининг мавқеи юқори бўлмоғи, маънавият соҳасига бозор тамойиллари татбиқ этилмаслиги зарур.

Бугун жамиятда ижтимоий фикрни, маънавиятни шакллантириш воситаларидан бири бўлган босма матбуот таназзулга учрамоқда, деб кўп ёзаяпмиз.

Бунинг бир қатор объектив ва субъектив сабаблари бор. Биринчиси, интернет, электрон нашрлар ривожланмоқда. Босма матбуот эса бозор шароитида ишлашга мослаша олмаяпти. Иккинчиси, бу ҳолатга, аччиқ бўлсада, айтишимиз зарур, газета-журналларда ишлайдиган ҳамкасбларимизнинг ҳам ҳиссаси бор. Чунки, босма матбуот давр талабидан, ўқувчиларнинг қизиқишларидан ортда қолмоқда. Масалан, партиялар, вазирликлар, жамоат ташкилотларининг тармоқ нашрлари ўз муассисларининг ҳаёти, тадбирларини ёритиш билан овора. Ваҳоланки, аҳолининг муаммолари, дарду ўйлари кўпроқ ёритилиши лозим. Матбуот ўзининг назорат қилувчи вазифаси – “тўртинчи ҳокимият” ролини бажариши керак.

Бизнингча, бугун ўзбек босма матбуоти давлат даражасидаги эътибор, қўлловга муҳтож. Шу ўринда 40-50 йил олдинги манзарани эсга олайлик. Газета-журналлар нархи арзимас чақа турар, ҳар бир хонадон – у ишчими ё деҳқон, албатта, тўрт-бешта нашрни оларди. Биз ушбу газета-журналларни ўқиб, ҳаёт ҳақида тасаввуримиз шаклланган, дунёни англаганмиз. Устозларга эргашиб, қўлимизга қалам олганмиз. Тўғри, жамият сиёсийлашган эди. Партия ўз мафкурасини сингдириш, тарқатиш учун матбуотни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватларди. Газета-журналлар миллионлаб нусхаларда чоп этилар, энг яхши бадиий асарлар, кинофильмлар ўша йиллари яратилганди, десак ишонаверинг. Китоб ёзиб кун кўриш, бой бўлиш мумкин эди. Масалан, Ойбек “Қутлуғ қон” романини ёзгандан сўнг ҳаёти изга тушган. Саид Аҳмад бутун умр китоблари қалам ҳақи ҳисобига моддий фаровонликда яшаган. Нега биз ўтмишнинг бундай ижобий томонларидан фойдаланмаслигимиз керак?

Бугун ҳам муассислари ўз нашрига тўғри муносабатда бўлган ташкилотларнинг нашрлари бинойидек чиқиб турибди. Буни “Ишонч”, “Маҳалла” каби республика газеталари, бир қатор вилоят ҳокимликларининг нашрлари мисолида айтишимиз мумкин. Аммо Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Халқ таълими вазирлиги каби ўз нашрлари тақдирига эътиборсиз қараётган ташкилотлар босма нашрларининг иқтисодий аҳволи эса ачинарлидир. Наҳотки, мамлакат ёшлари, зиёлиларининг қизиқишларини ифодаловчи газета-журналларга эҳтиёж бўлмаса?

Ёки китоб нашр қилиш, нашриётлар фаолиятини олиб қарайлик. Бугун пули бор одам китоб чиқараяпти. У нимани ёзаяпти, нимани тарғиб қилаяпти, ғоявий-бадиий савияси қандай?

Бу соҳага масъул идораларнинг ходимлари китоб дўконлари, нашрларнинг “қора бозори”ни тез-тез мониторинг қилиб туриши керак. Энди биз ёшларимизни китоб ўқишга ўргатиш билан бир қаторда уларни савияси паст, ғояси бузуқ китоблардан ҳимоя ҳам қилишимизга тўғри келади. Шундай шароитда мафкура соҳасида пайдо бўлаётган ғоявий бўшлиқни тўлдиришга интилаётган ҳар хил ташқи кучлар пайдо бўлмоқда. Бунинг эса оқибати ҳалокатлидир.

Мухтасар айтганда, ёшларимиз онгида, маънавиятида бўшлиқ пайдо бўлишига асло йўл қўймаслигимиз, бу бўшлиқни миллий мафкура, мустақиллик ғоялари билан мунтазам тўлдириб боришимиз лозим бўлади.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан мақсадимиз эзгу – Сизни баҳсга чорлаш, ёшлар маънавий дунёсида юз бераётган ўзгаришларни эътибордан қочирмаслик, доимо хушёрликка даъват этишдир. Зеро, Президентимиз раҳнамолигида барпо этилаётган янги Ўзбекистон ҳар жиҳатдан комил инсонлар яшайдиган масканга айлансин.

Абдужалол Тайпатов,

ЎзА

30.04.2020  http://uza.uz

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!