«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-01T12:13:57+05:001 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Ширкатлар нега қулоғигача қарзга ботди?

Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолига намунали хизмат кўрсатиш мақсадида пойтахтнинг Юнусобод туманида ташкил этилган “Бошқарув сервис компанияси” иш тажрибасини оммалаштирди. Хўш бу қандай услуб? Унинг амалдаги уй-жой мулкдорлар ширкатидан фарқи нимада? Бугун Тошкент вилоятида ягона саналаётган бу янги услуб Олмалиқдаги мавжуд 674 та кўп қаватли уй-жойларда истиқомат қилаётган аҳоли ишончини оқлайдими? Жорий йилнинг 31 октябрь куни шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов раҳбарлигида тегишли соҳа мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирокида ўтган медиа-турда бу каби саволларга жавоб қидирилди.

Шаҳар ҳокимлиги тақдим этган маълумотларга кўра, бугунги кунда 355 та турар-жойларга 37 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва 1 та “Бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. 306 та уйлар эса, «Олмалик КМК» АЖ тассаруффида бўлиб, 13 та кўп қаватли турар-жой бинолари ширкатга аъзо бўлмаган «мустақил уйлар» мақомини олган.

Маълумотларда аҳоли турар-жойларини 2020-2021 йил куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун «Манзилли дастур» шакллантирилган. Унга кўра, 18 та кўп қаватли биноларни жорий ва мукаммал таъмирлаш учун «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ипотекабанк», «Ҳамкорбанк», Халқ банки ва ТИФ «Миллий банк» каби молия ташкилотларининг 904,0 млн.сўм маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилган эди. Бироқ, ширкатларнинг иқтисодий салоҳияти пастлиги, аҳолидан йиғилаётган мажбурий бадаллар камлиги туфайли пандемия даврида пул тушумининг кескин камайиши кузатилди. Банклардан олинган кредит маблағларини қайтариш имконияти чеклана бошлади. Натижада, шаҳардаги айрим ширкатларга тижорат банклари кредит ажратишни тўхтатди. Натижада режалаштирилган 18 та уй ўрнига дастурдаги 7 та уйларга 526,0 млн. сўм маблағ ажратилиши билан кифояланди. Бундай йўл тутилишининг иккинчи сабаби ҳам бор. Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, айни кунда мавжуд ширкатлар қулоғигача қарзга ботган. Аҳолидан йиғиб олинган бадаллардан мақсадсиз фойдаланиш фактлари ҳам мавжуд. Ширкатлар ўтган йилларда тижорат банкларидан олган кредит маблағларини ўз вақтида қайтаришмаган. Оқибатда, бугун уларнинг тижорат банкларидан қарздорлик суммаси 13 миллиардни ташкил этмоқда. Шаҳар аҳолисининг эса ширкатлардан муддати кечиктирилган қарзлари миқдори 2 миллиард сўмдан зиёд. Мутасаддиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир йилда аҳолидан 7 миллиард сўм атрофида бадал тўловлари йиғилиши мумкин. Демак, ширкатлар банклардан олинган қарзларни қоплаши учун роппа-роса икки йил вақт керак бўлади. Хўш бунга молия ташкилотларининг сабри етармикан?

Аслида, вилоятда илк бор тажриба тариқасида Олмалиқда «Бошқарув сервис компанияси»нинг жорий этилишидан мақсад ҳам, ширкатлар йўл қўйган мавжуд камчиликларни бартараф этиш, пул маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини бутунлай бартараф этиб, улар зиммасидаги қарздорликни тугатиш, аҳолига намунали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш орқали одамлар ишончини оқлашдан иборат.

—Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб фаолият кўрсатмоқдамиз,-дейди «Олмалиқ коммунал сервис» профессионал бошқарув компанияси раҳбари Толиб Қаҳҳоров. — «Олтин водий» «Яхши ният», «Содиқ сервис», «Самандар сервис», «Акромбек престиж», «Олмалиқ коммунал» сингари ширкатлар компаниямизга бириктирилди. Сабаби, уларнинг зиммасида 650 миллион сўмдан зиёд қарздорликлар мавжуд. Қолаверса, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳам ниҳоятда паст. Ширкатлар компаниямиз таркибида қайта оёққа туриб, банклар олдидаги кредит қарздорликлари босқичма-босқич бартараф этилади.

Бу янги иш услубининг яна бир афзаллиги шундаки, аҳолига 24 соат давомида хизмат кўрсатамиз. Бунинг учун куну тун ишлайдиган махсус бригадалар ташкил этилган. Турар-жойларнинг ертўла қисми ва хонадонлардаги мавжуд носозликларни бартараф этишда фойдаланиладиган барча сантехникв воситалари ва бутловчи қисмлар ширкатлар давридагидек бозордан эркин нархларга эмас, балки, бевосита ишлаб чиқарувчи корхоналардан харид қилинади. Албатта бу аҳолига арзон хизматлар кўрсатишга имконият яратади.

Бугунги кунда, ушбу компанияда 22 нафар ишчилар меҳнат қилишмоқда. Уларнинг мутахассислиги ва лавозимига қараб, 1,5 миллиондан 2,5 миллион сўмгача ойлик иш ҳақи белгиланган. Бироқ, бу янги иш бошлаган меҳнат жамоасининг ички имкониятлари. Хўш шаҳардаги кўп қаватли биноларда истиқомат қилувчилар улар хизматидан мамнунми? Бу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун шаҳарнинг Абдулла Қаҳҳор 5/3 даҳасига йўл оламиз.

—Иситиш тизими таъмирталаблиги боис хонадонларимиз совуқ. Йиллар давомида аҳвол шу. Носозликлар хусусида ширкатга буюртма бераверамиз, бироқ фойдаси йўқ, — дейди биз билан суҳбатда 12-уй, 17-хонадонда яшовчи кекса ёшли Тожинисо Норматова. — Устки иссиқ кийим-бош билан тунги уйқуга ётамиз. Чунки, хоналар совуқ. Ҳадемай қаҳратон қиш бошланади. Унда ҳолимиз нима кечади билмадим.

Қўшни 18-хонадон соҳибаси Мавлуда Холжигитова ҳам ўзи яшаётган уйнинг бир маромда иситилмаслигидан шикоят қилди: «Йил давомида иситиш тизими учун ҳар ойда 45.000 сўмдан узлуксиз тўлов қиляпмиз. Ваҳоланки, бор-йўғи ошиб борса, 6 ой бу тизимдан фойдаланамиз халос. Менимча бу жараённи қайта кўриб чиқиш керак. Ахир, бажарилмаган хизматга баҳор, ёз ва куз ойлари учун ҳам пул тўлаб келяпмиз-да!»-дейди М.Холжигитова.

Ўзини 44-уйнинг 23-хонадон соҳибаси деб, таништирган Хурсаной Салимованинг эътирозларига қулоқ тутайлик:

—Яшашимиз учун оддий шароитлар яратилмаган, дейди у. Хонадонларга кириш йўлаклари (подъездлар) ачинарли аҳволда таъмирталаб. Уйлар оралиғидаги транспорт қатновига мўлжалланган йўлларимиз ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Ер ости қувурлари ва электр кабелларини таъмирлаш учун қозиш ишлари олиб борилгач, кўмилмасдан, ўнқир-чўнқир ҳолатида қолиб кетади. Бир сўз билан айтганда, хўжасизлик ҳукмрон. Шаҳарга бориш учун изғиринли кунларда қўшни массивга чиқишга мажбурмиз Чунки, 9та кўп қаватли уйлар аҳолиси учун йўналишли автоуловлар тўхтайдиган бекатнинг ўзи йўқ. Буни ҳам қўйиб турайлик, аҳоли учун ҳалигача дорихона қурилмаган. Тасаввур қилинг, кечаси кимнингдир тоби қочиб қолди. Қаердан дори қидиради. Шаҳаргача уч-тўрт чақирим йўл юриш керак. Энг яқин дорихонагача ҳам анча-бунча масофа бор.

Болаларимиз ёнимизда жойлашган 1-умумтаълим мактабида таҳсил олишади. Улар дарсга қатнайдиган йўлда автоуловлар тезлиги тартибга солинмаган. Шу боис ҳайдовчилар кўнглига сиққан ҳолатда ҳаракатланишади. Бу болаларимиз ҳаёти учун ўта хавфли ҳолат. Буни шаҳар мутасаддилари жиддий ўйлаб кўришлари лозим.

Бу ердаги аҳолининг куйиниб таъкидлашича, массив атрофига туташ экин майдонларини суғориш жараёнида фермерларнинг совуққонлиги туфайли, ушбу кўп қаватли уйлар ертўласини доимий равишда сув босади. Айниқса, кеч кузда оқимга ҳеч ким эътибор қилмайди. Турар-жой массивидаги кўчалар ҳам сув остида қолади. Одамлар билан юзма-юз мулоқотда бу гапларни ўз қулоғи билан эшитган Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов барча камчилик ва хатоларни 15 кун муддатда тузатишга ваъда берди…

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(«Халқ сўзи»)

 02 Ноябрь 2020

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!