«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T17:58:21+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|

Ҳорманг, журналист!

Рақобат муҳитида билим, малака ва шижоат даркор!

Босма нашрларнинг бугунги фаолияти, келажаги масаласи интернетда жадал муҳокама қилиниб, фикрлар, мулоҳаза-ю тахминлар, танқидлар асносида хомталаш қилинди, десак ўринли бўлади. Бинобарин, ҳар ким билганини айтади, ўз дунёқараши доирасида ёзғиради-да, кейин ушбу «баён»лари жоиз-ножоиз ёки ваколатлиликдан қатъий назар буни «сўз эркинлигига» менгзаб, ўзини-ўзи овутади ҳам.

Босма нашр бу – ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик мақолалар, хабарлар воситасида кенг тарғибот ишларини олиб бориб, жамиятда ижтимоий онгни шакллантирувчи асосий тарғибот воситасидир. Унинг саҳифаларида ижтимоий ҳаётимизда учраб турадиган турли иллатлар, олиб борилаётган қамровли ислоҳотлар йўлига жиддий ғов бўлаётган тўсиқларни фош қилувчи танқидий-таҳлилий фелъетонлар ҳам эълон қилиниши журналистик фаолият тамойиллари сирасига киради. Лекин кейинги вақтларда ўткир қалам тиғи остида ёзилган, кўпчиликнинг тилидаги ва дилидаги танқидлар босма нашрларда бирмунча камайиб кетди. Йўқ, бундай ҳолатда «газета дегани фақат танқидни англатмайди…», деган иддао билан ўзини оқлашнинг кераги йўқ. Чунки, газета дегани бу – фақат расмий ахбороту ура-урралардан ҳам иборат эмаслиги янада аниқ. Яшириб нима қиламиз – «шу бугунги куним тинч ўтса марра меники…» қабилидаги сийқа иш усули билан узоққа бориб бўлмаслиги тобора аёнлашмоқда. Иккинчидан, ўз аравасини ўзи тортаётган – хўжалик ҳисобидаги таҳририятда қалам тебратиб, муҳаррирнинг қош-қовоғига қараб, «ўлмагудек» маошга кўниб ишлаётган ижодкор-ходимнинг боши қотишини-да инкор қилолмаймиз. Муҳаррир ходимпарвар, холис ва ўзига тўқ, хушният бўлса-ку қанийди. Акс ҳолда у кўланкаси майдону ҳақни сўзловчи ходимлар учун эса дард устига чипқон бўлади. Зеро, ижодкорга ҳар қандай рағбат ниҳоятда муҳим.

Электрон нашрлару тезкор хабарларгина бугун кўпчиликнинг тили-ю дилидаги истаги, тараққиётимиз пойдевори, де-йишимиз етти ўлчаб бир кесиш тамойилига монандмикин?! Агарда бугун ўша ўзини «оммабоп» билаётган айрим электрон нашр-ларда тарқатилаётган «тезкор»у «ҳозиржавоб» оқимдаги таъбир жоиз бўлса, «йўлланма»-ю жўнатмаларнинг маъно-мазмунини, мухлисларга бераётган ақлий озуқасини рисоладагидек таҳлил қилиб кўрсак, наинки кўнгил беҳузур бўлади, балки, айтишади-ку «даҳшатдан лол бўлиб қоламиз». Ёнди-урди-пичоқлади-ўлдирди-сурди-судланди, сўкди-узр сўради-қамалди… Хўш, ушбу «тезкор»ликлардан баҳраманд бўлаётган жамиятимиздаги ёшу қариларнинг онгу шуурида қандай сафарбар ғоялар шаклланяпти экан-а?! Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиб, бунда ота-онасининг танбеҳига терс қараётган айрим (балки аксариятдир!) ёшларимизнинг савияси-чи?! Ёки бундай «замон талаби»даги «ахборот»лар манзилли тарзда алоҳидаланиб, фақатгина катталарнинг эътибори-ю истеъмолига хосланганми-ю ёшлар ихоталанганми?! Иккинчидан, ичбуруғ касаллиги янглиғ тезкор булғовчи оммавий тарғиботлар балоғат ёшидаги катталарнинг ҳам қандай инсоний хислатлари-ю фазилатларини юксалтиряпти экан?! Бизга бугун сўз эркинлиги керак. Аммо «сўз эркинлиги» деганда нимани тушунайлик?! Бир-биридан бадтар ваҳимали, қайғули, бемаъно-ю бебурдликка йўғрилган, андиша-ю ҳаёни, ҳамиятни, одобни ғорат қилувчи аудио ва видеотасвирларними?! Кимлардир суюқ-шилдирликни «бу менинг шахсий эркинлигимнинг намойиши», деб талқин қилаётган ҳамда оммага тарқатаётган бўлса янглишади! Айтмоқчимизки, ҳар нарсани ўз номи билан номлайлик! Турфа бузғунчиликларни ниқоблаб, жозибадор тарзда ифодалаб оғу улашиш маккорларгагина хос ҳийла-найранг эмасми?!

«Ошқозон миядан ақллидир, чунки, ошқозон қайт қилишни билади. Мия эса ҳар қандай расво нарсани қабул қилаверади», – деганида атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов нақадар ўринлатиб изоҳлаган инсоннинг онгу руҳий ҳолатини. Кимдир ўйламасин мақола муаллифи электрон нашрларни қоралаяпти, деб. Электрон нашрлар орасида жиддий-таҳлилий мавзудаги мақолаларни, ахборотларни ёритиб бораётган намунали каналлар ҳам бор. Буларни доимий тарзда ўзимиз ҳам кузатиб, ўқиб борамиз. Бироқ кимки «бугун ҳамма гап тезкор хабарларда» деган «матал»ни рўкач қилиб, босма нашрлар тугади, деган хулосага келаётган бўлса, у қаттиқ янглишмоқда. Британия ёки Америкадаги баъзи босма нашрларнинг қисмати биз учун мутлақо дастак ёки намуна-мезон, ўрнак бўлолмайди. Таажжуб, мақсадимиз ривожланган чет давлатлардан ибрат олиш экан, нега айнан улардаги таназзулга юз тутаётган соҳаларнигина юлиб олиб, ўзимизга сунъий тиқиштириб, мисолларни хаспўшлашимиз керак?! Улар босиб ўтган тарихий тараққиёт йўлида босма нашрларни «пуф сассиққа» чиқариш ҳисобигагина ривожланиб кетдимикин-а?! Жамиятни бунёдкор ғояларга сафарбар қилишда босма нашрларнинг беқиёс аҳамиятини жуда яхши фаҳмлайди чет элдагилар. Энг муҳими, барча соҳаларда ўшалардек тараққиёт даражасига етиб, улардан ўтиб ҳам кетайлик-чи, кейин босма нашрларимизнинг керак нокераклиги масаласини, маънавий-маърифий ишларимиз самарадорлигини муҳокама қилиш мавриди келар. Ҳозирча эса босма нашрлар фаолиятини замон талаби даражасида мувофиқлаштириш сув ва ҳаводек зарур! Шундай бўлгач, чет элда ундоқ, чет элда бундоқ, деб шохдан-шохга сакрайверсак, ўзимиз билиб-билмай қадриятларимизни оёқости қилиб қўйишимиз мумкин, қайсики, ўша чет элда кимларгадир кесатиб, «ҳаётий мезон» даражасига кўтариб қўйилган «замонавийлик»лар замирида бутун миллатларни пароканда қилиб, жамиятларни зимдан алғов-далғов қилиб юборадиган ўта бузғунчи ғоялар жамулжам бўлиши мумкин. Энг хатарлиси, бундай ғояларни айримлар ўз номи билан «бузғунчи» деб эмас, балки «эркинлик», «замонавийлик» … деб билиб, ҳийлаларга лаққа тушишмоқдаки, оқибати хайрли эмас.

Шунинг учун ҳам куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Қарор лойиҳаси моҳияти ва мазмунининг қисқача тавсифи эса баён қилинганидек:

«Мазкур қарор лойиҳаси еттита банд ва яна олтита кичик бандлардан иборат бўлиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрларларнинг фаолиятини сифатли ташкил этиш ва уларни ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ходимларининг штат жадвали бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини тасдиқлаш ва ушбу меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ташқари жамғармалари ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш, таҳририятларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида молиявий йил якунида тақсимланадиган таҳририят соф фойдасининг муассисга тегишли қисмини таҳририят ҳисобида қолдириш ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, даврий босма нашр-ларнинг бош муҳаррирлари, ходимлари малакасини ошириш, хусусан газета ва журналлар электрон нашрини юритишда зарур бўлган кўникмаларни шакл-лантириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланган»лигидан иборат.

Демак, ушбу қарор лойиҳаси амалга ошса босма нашрларда фаолият юритаётган барча журналистларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши баробарида, уларнинг зиммасига катта вазифалар, масъулият юкланадики, улар бундан буён замон билан ҳамнафас тарзда ўз устида ишлаш, изланиш орқали холис рақобат шароитида муносиб ўрнини топиши шарт бўлади. Бу борада барча ҳамкасбларга янгидан-янги ташаббускорлик, ижод йўлида кўникма ва маҳорат ҳамда муваффақиятлар доимо ёр бўлишини тилаймиз. Бардам бўлинг, ҳорманг, деймиз!

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,

«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

(“Наманган ҳақиқати” газетаси  2020 йил 9 май  №28-29 (19648)-сон).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 9

OAV nomi va parolini kiriting!