«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T17:18:01+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|

C.A.T. SCIENCE ACCELERATOR СТАРТАПЛАРИ БИЛАН КЕЛАЖАККА ЙЎЛ

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида икки йил давомида иқтидорли ёшларнинг табиий фанлар соҳасидаги ғояларини тижоратлаштириш ва ривожлантириш мақсадида C.A.T. Science Accelerator — илмий лойиҳалар стартап-акселератори дастури ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам ушбу дастурда 100 дан ошиқ ёшлар турли қизиқарли лойиҳалари билан қатнашишди. Улар орасидан ўттизга яқин энг қизиқарли лойиҳалар саралаб олинди. Шулардан атиги 13 та жамоа C.A.T. Science Accelerator финалига ўз илмий стартап лойиҳаларини тақдим этди. Қуйида сизларни қизиқарли лойиҳалари ва омма эътиборини жалб қиладиган тақдимотлари билан қатнашган жамоа ишлари билан таништирамиз.

 Қишлоқ хўжалиги учун ақлли технология

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти докторанти Эъзоз Озодов “DefuseIt” лойиҳаси (масофавий бошқарув ёрдамида қишлоқ хўжалигида суғориш сувларини тозалаш учун фильтрлар) билан қатнашди.

– Бизнинг лойиҳамиз сув тозалаш тизимларида қўлланилади. Талабаликнинг илк йилларида курсдошларимиз билан шаҳар чеккасидаги туман ва қишлоқларга борганмиз. У ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун сув нафақат ичимлик, балки ҳаёт учун муҳим ресурслардан бири ҳисобланар экан. Уларнинг йиллик даромади, асосан, сувга боғлиқ экан. Афсуски, сув ҳажми ва шўрлаганлик даражаси юқори бўлганлиги сабабли қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўллашга яроқсиз бўлиб қолмоқда. Шундан сўнг биз ушбу муаммоларга ечим топиш мақсадида изланишлар бордик ва мана шу технологияни яратишга муваффақ бўлдик.

Ускуна масофадан туриб бошқарилади ва ўзи қарор қабул қилиш тизимига эга. Бу дегани фермер уйда ўтирган ҳолда оддийгина смс хабар орқали суғориш жараёнини бошқариши мумкин. Биламизки, пахта йиғим-терим мавсумида кечки суғориш ишлари олиб борилади. Бу эса жуда ҳам машаққатли меҳнат. Мазкур ускуна ана шундай пайтларда жуда қўл келади.

Ускунамиз ҳозирги кунга қадар техник тажрибалардан ўтди. Биринчи сотувни амалга оширишга ҳам эришдик. Институтимизда ушбу технологияни янада ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигига кенг татбиқ этиш йўлида саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Қувонарлиси шундаки, олийгоҳимизда мазкур лойиҳамиз учун алоҳида лаборатория ҳам мавжуд.

Ускуна, биринчи навбатда, сувнинг тузланганлик даражасини манбанинг ўзида аниқлайди. Сўнг дистилланган сув даражасига қараб, алгоритм орқали қанча сув миқдори фильтрланиши ва тўғридан-тўғри капсулага тушишини белгилайди. Биз эса уни битта ягона капсулада йиғамиз. 6-синф физикасида “diffusio” аралаштириш тизими бор. Шу орқали бу аралашма кейинчалик суғориш даражасигача олиб борилади. Қай даражада шўрланганлик даражасидан қатъи назар, сув бизнинг тизимимиз унга мос равишдаги тозалаш жараёнини белгилаб бериши мумкин. Diffusio ҳолати бўлганлиги учун лойиҳамизни ҳам шундай номладик.

Йиллар ўтган сари иқлим ўзгариши, сувларнинг шўрланганлик даражаси, транс-чегаравий муаммолар сабаб ресурслар қисқариши мумкин. Бизнинг мақсадимиз, унинг ўрнини тўлдириб, инсониятнинг бундан азият чекмаслигини таъминлашдир. Шу ўринда интеллектуал технологиялар муаммоларнинг энг катта ечими ҳисобланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Илғор технология маркази бизга бу борада катта кўмак беришди. Чет эллик менторлар ва улар томонидан ўтказилган тренинглар биз учун катта тажриба мактаби бўлди. Лойиҳамизни амалга оширишда Илғор технологиялари маркази барча технологиялардан кенг миқёсда фойдаланиш имкониятини яратиб берди.

TumorOnTarget – саратонни эрта аниқлаш босқичи

Шоҳиста Рустамова, TumorOnTarget стартап лойиҳаси муаллифи:

– Ҳозирги кунда саратон касаллиги энг хавфли касалликлардан бири ҳисобланади. Шулар ичида кўкрак бези саратони дунё миқёсида ўпка саратонидан кейин иккинчи ўринда (2,09 млн ҳолат), ошқозон саратони эса олтинчи ўринда (1,03 млн ҳолат) туради. Кўкрак бези саратони ва ошқозон саратонининг ўсимта маркерларидан бири бўлган HER2/neu нинг гиперэкспрессияси ёки амплификациясининг кучайиши кўкрак бези саратони касаллигининг 15-30 % ва ошқозон саратони касаллигининг 9-15 %ида кузатилади. Онкомаркер миқдори ортиб кетган беморларни даволашда нишон (target) терапияни қўллаш мумкин. Нишон терапия бу – нишон препаратлар ёрдамида даволаш усули бўлиб, бундай препаратлар айнан ўсимта тўқимасигагина таъсир қилади ва уни бартараф этишга ёрдам беради.

Ҳозирги кунда республикамизда саратон касаллигига чалинган беморларни даволашда кимётерапия усулидан фойдаланилаётган бир пайтда, нишон терапия ёрдамида даволашни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилиш бўйича қилинаётган ишлар ўз долзарблиги билан ажралиб туради. Шу туфайли нишон терапияни қўллаш мумкин бўлган беморлар гуруҳини ажратиб олиш учун ПЗР асосида амалга ошириладиган HER2 статусини аниқлаш усулини ишлаб чиқдик. Мазкур онкомаркерни аниқлаш ҳозирги кунда фақатгина Республика онкология марказида иммуногистокимё усули ёрдамида амалга оширилади. Бу бутун республикадаги нишон терапияни қўллаш мумкин бўлган беморлар гуруҳини ажратиб олиш учун етарли эмас. Шунингдек, нархи ҳам қиммат. Мазкур муаммони ҳал қилиш йўлида биз томондан ПЗР асосида онкомаркерни аниқлаш учун ишлаб чиқарилаётган усулни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилиш катта қадамдир. ПЗР асосида онкомаркерни аниқлаш усулининг аналоги иммуногистокимёга нисбатан 2 баробар тез ва арзон амалга оширилади. Шунингдек, ПЗР ускунаси бутун республикамизнинг барча вилоятлари клиникаларида мавжудлиги туфайли уни юртимиз миқёсида кенг кўламда йўлга қўйиш имкониятининг мавжудлиги амалиётнинг асосий афзалликлари ҳисобланади.

Ҳозирги кунда аксарият давлатларда кўкрак бези саратони ҳолатларида HER2 статусини аниқлаш анъанавий ҳолат бўлиб, нишон терапия ёрдамида даволаш мумкин бўлган беморлар ажратиб олинади. Нишон терапия препаратлар ёрдамида даволанади. Бу улар умрининг сезиларли даражада узайишига, айрим ҳолларда ўсимтанинг буткул ўсишдан тўхташига олиб келиши кузатилмоқда. Ўзбек аёлларининг лоақал 20 % беморларининг умрини узайтиришга оз бўлса ҳам ҳиссамизни қўшиш истаги бизни (илмий раҳбарим ва жамоамиз) шу ишга қўл уришимизга катта туртки бўлди.

 “ЛОГОС” иловаси афазияни тиклашга кўмак беради

Дилбар Расулова, “ЛОГОС” мобил иловаси муаллифи:

– Бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши инсульт ҳолатига олиб келади. Унинг оқибатида бемор афазияга учраб, нутқи бузилади. Айнан ушбу касалликда нутқни тиклашга ёрдам берувчи ўзбек тилидаги биринчи мультимедияли ЛОГОС мобил иловаси ишга туширилмоқда.

Дастлаб афазия ҳақида тўлиқроқ тўхталсам. Афазия – тўлиқ ёки қисман йўқолган нутқ бузилиши бўлиб, бунга нутқ функцияси учун жавобгар бош мия бўлимларининг зарарланиши сабаб бўлади. Луғавий маънода афазия сўзи “а” – йўқотиш, “фазис” – нутқ маъносини билдиради. Бунда нутқ бузилишлари (нутқи бузилса, бемор ўқиш ва ёзиш қобилиятини ҳам йўқотиши мумкин), когнитив ўзгаришлар, кейинчалик эса оғир тушкунлик, ўриндан тура олмаслик каби аянчли ҳолатлар рўй бериши кузатилади. Миллий инсульт регистри кўрсаткичига кўра, ҳар йили республикамизда 60000 дан кўп инсонларда инсульт ҳолати қайд этилади. Инсультдан кейинги афазияли беморлар нутқини тиклаш ниҳоятда мураккаб ва қийин жараён. Афазиядаги нутқ тикланиши давомийлиги индивидуал бўлиб, бу кўплаб факторларга боғлиқ. Лекин кўпинча нутқ дефекти турғун бўлиб, тикланиши 2 йилдан 6 йилгача вақтни талаб қилади.

Бемор нутқининг бузилиши унинг меҳнат қобилиятига ҳам салбий таъсир қилади. Европа, Америка ва МДҲ давлатларида инсульт ўтказган беморлар реабилитациясига кўпгина мутахассислардан иборат мультидисциплинар жамоаси жалб қилинади (невролог, реаниматолог, логопед, кинезотерапевт, даволовчи жисмоний тарбия инструкторлари ва бошқалар). Афазия-нутқ бузилишлари реабилитацияси қанча эрта бошланса, шунча тезроқ ва яхшироқ тикланиш кузатилади.

Бош мия органик зарарланиши туфайли келиб чиқадиган нутқ бузилишлари билан ўтказиладиган логопедик ишлар идеалдан жуда узоқ. Бундай ёрдамга муҳтож беморлар кўп, бироқ мутахассислар саноқли. Нутқ тикланишига қаршилик қиладиган яна бир фактор – бу беморда ривожланадиган интеллектуал бузилишлар ёки беморнинг даволанишга ишончсизлигидир. Кўпинча тикланган нутқ қобилиятини қайтармаслик ёки беморларнинг ўз камчилигидан уялиши, алоҳида товуш ёки сўз билангина кифояланиши нутқнинг яна йўқолишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги ёки профилактикаси учун беморларни иложи борича эрта ижтимоий ҳаётга қайтариш, ўрганган кўникмаларини тиклаш ва кундалик ҳаётида мустақил бўлишга ўргатиш зарур.

Юқоридаги барча ҳолатлардан келиб чиқиб, бемор нутқи реабилитацияси билан нафақат стационар, балки уй шароитида ҳам шуғулланиш учун ЛОГОС – биринчи мультимедияли мобил иловасини яратишга қарор қилдик. Нутқ тикланиш динамикасининг ўтказилган инсульт тури ва оғирлик даражасига боғлиқлиги ўрганилди. Лойиҳамиз 657 та стартап лойиҳалар ичида 27 та энг яхши инновацион лойиҳа сафига қўшилди ва тақдирланди.

Кутилаётган натижалар

Турли афазияли беморларда мия инсультининг тури ва оғирлик даражасига қараб, касалликнинг ўткир ва тикланиш даврида “ЛОГОС” ўзбек тилидаги мобил илова билан даволаш ишлари олиб борилади. Бу миллий мобил илова республикамизнинг барча вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқларидаги инсульт ўтказган афазияли беморлар учун ижобий қўлланма бўла олади. Энг асосийси, инсульт асорати бўлган депрессия, деменция, деградация, социал дезадаптация кўрсаткичлари аҳамиятини камайтиришга хизмат қилади.

Тадқиқот натижаларини татбиқ этиш режалари

Ихтиро қилинган биринчи ўзбек тилидаги – “ЛОГОС” – миллий мобил иловасини мамлакатимизда ўтказиладиган республика, вилоят, шаҳар неврологлар, умумий амалиёт шифокорлари ва логопедлар конференциялари ва семинарларида тақдим этиш режалаштирилган. Олинган тадқиқот натижалари ва ишлаб чиқилган диагностик алгоритмларидан невролог, логопед, афазиологлар ва реабилитологлар кундалик иш жараёнида, Ўзбекистон Республикаси тиббиёт муассасалари ва тиббиёт олийгоҳларининг 5-6-босқич талабалари ва магистрларини ўқитишда фойдаланилади.

 Севара Абдуллаева ёзиб олди.

“Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи” сайти  https://indep.uz/
2021 йил 13 январда мақола жойлаштирилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!