«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T14:22:47+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|
Адиблар хиёбони – ҳаловат маскани

… Бу манзилдаги табаррукликнинг хосияти не, мўътабарликнинг синоати-чи? Унинг ҳар бир бурчаги, гулу райҳони, йўлаклари, айвони-ю, ўриндиқларидан сўзнинг нафаси келади.

… Бу манзилдаги табаррукликнинг хосияти не, мўътабарликнинг синоати-чи? Унинг ҳар бир бурчаги, гулу райҳони, йўлаклари, айвони-ю, ўриндиқларидан сўзнинг нафаси келади. Ҳа, қаранг, улар сўз айтиб қадр топганлардир. Сўзга оҳорли либос кийдириб, халқни сўз билан тўйинтириб кейин кўнгил ороми гаштини ҳис этганлардир.
Гўшанинг энг юқорисида Ҳазрат Навоий турибди, қўлида асо. Гу\ўёки одамийлик сабоғини қайта бошдан уқдириб: “Одами эрсанг, демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, – дея хитоб қилаётгандек. Атрофида, сал қуйида унинг издошлари, боғ бўйлаб машварат қилаётган адиблар, шоир-у, уламолар тизилиб туришибди. Куни кеча мамлакат раҳбарининг адиблар хиёбонида бўлиши ва бу ерда ижодкорлар билан юракдан қилинган суҳбатни телевизор орқали кўргач, олган таассуротим бу!
Тафаккур – фикрлар мажмуи. Агар уни вақтида суғориб, вақтида парвариш қилиб турмаса эскирмоғи бор. Занглайди. Илдамламай, бир нуқтада депсиниб туравериши мумкин. Тафаккурни тоблайдиган, уни ҳамиша равшан этиб турадиган, шуурни ўткир қарашлар ва сўз маҳзани билан бойитадиган ўлмас бисот бу – адабиётдир. Ростини айтай, адиблар хиёбонининг бу каби файзли бўлиши, яхлит мажмуага айлантирилиши – адабиётга эътибор, миллатнинг ижодкорларига бўлган ҳурмат ва уларни янгидан янги асарлар яратиши, халқ дилидаги гапни айтиши, замон қаҳрамонларининг портретини чизиши учун рағбатдир. Адабиётнинг кучи, унинг юкини ҳар недан устун қўйиш – миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари босилган қадамнинг энг қутлуғи бўлади.Хаёлан адиблар хиёбони бўйлаб кезаман.
Кундалик ташвишлар ичида елинг, югуринг. Белгилаб қўйганингиз режа-ю лойиҳаларни ижро этмоқ учун тиним билманг, аммо бир ҳорғинлик сезганингизда, ташвишлар ичида безганингизда, дил осойишини кўзлаган чоғингиз нима сизга юпанч бўлади? Албатта, яхши сўз. Қўшиқ ёки шеър, оқил дўст – китоб. Бир ёнда ҳофиз хониш қилади: “бу мажлисда йиғилганлар, муҳаббатга яқинлардур”. Сўз, соз ва овоз уйғунлиги сизни англаб бўлмас кечинмалар ичра олиб кетади. Қўлда китоб, умр саҳифаларини варақлай бошлайсиз.
Абдулла Қаҳҳор “Ўтмишдан эртаклар” айтмоқда. Сизни ҳам болалик хотиралари олис-олисларга чорлайди. Тандир-ўчоқ бўйида сочини дурра билан қўшиб танғиб олган онангиз куйманмоқда. Усти юпунгина болакай ариқ лабида лой ўйнаб ўтирибди.
– Яна лойда уйча қуришни бошладингми, оёғинг тойиб тушиб кетмагин. Бўлди, кўп сув ўйнама, кечаси ишни кўпайтирасан… – онангизнинг эркалаб ва дўқ аралаш айтгани қулоғингиз остида жаранглайди. Ғилқ этиб томоғингизга нимадир тиқилади. Бу соғинч, онанинг дийдорини бир бора кўришга бўлган интизорлик.
“Ёшлигимдан севаман мен Озодани,
Сулувларнинг сарвари хонзодани”… шоир бу каби ёзиши севимли бўлиб, дилингдаги топиб ёзиши учун содда Муҳаммад бўлиши керак эканда. Борича ёзиш, самимий бўлишни ўргатади у. Муҳаббатнинг рангини чизиб беради, сўз билан.
Оҳҳо, юзингиз худди чакич урилган патир сингари ғўдир-бўдир бўлган чоғлар. Қўлингиздан Эркин Воҳидовнинг “Ўртада бегона йўқ”и тушмайди. Ўқиб-ўқиб, китоб бетларини бармоқ изи билан эзиб ташлагансиз. Ҳар сатрини ёд олгансиз, атай ёдламаган бўлсангиз ҳам, қайта-қайта ўқилгани боис қўрғошиндек қўйилиб қолган сўзлар тилга кўчади: Қаро қошинг, қалам қошинг, Қийиқ қайрилма қошинг, қиз.
Дунёда ҳар кимнинг бор, ўз матлаби… Абдулла Орифнинг орифона сатрлари улғайиш палласига йўл бошлайди. Ижодкор дегани, ким ахир! Унинг ёзганини ўқиб юрагинг қирғоғидан тошиб кетса, куласан, йиғлайсан, баъзан чуқур ўйга тушасан. У сени ёнингдамас, аммо сўз билан сени идора қилади, тарбиялайди, юрагингга тафтиш солади. Баъзан ўзингни ёмон кўриб кетасан, айбларинг кўзгуда намоён бўлаётганидан уялиб, ён атрофга эҳтиёткорона боқасан. Яхшики, китобнинг тили йўқ. Гапиргувчи, садо бергувчи фақат сен.
Қодирийни ўқиб-ўқиб, уққанларинг шу бўлади: бу дунёда ватанпарастлик, миллатсеварликнинг мактаби йўқ. У қонда бўлади. Томирда яшайди. Жонда улғаяди. Шижоат ва метин ирода уни намоён этади. Бежизга Чўлпон фарёд урмайди: Кўклам билан юртимга ҳам кўкариш келсайди, дея. Унинг армонлари бугун ушалмоқда. Бир пайтлар Чўлпонни адабий давраларга сиғдирмаган, унинг ёзганларини хор қилганларнинг иши учун шоирга юкинасан. Юртда ижод аҳлига кўрсатилаётган эҳтиромни ҳис этиб, улар олдидаги бурч адо этилаётганидан таскин топасан. Элни улкан довонлардан эсон-омон олиб ўтувчи хазина, Авлоний айтганидек ойина — адабиёт эканини ҳис қилганинг он – кўкламларинг боқийдир, халқим дейсан баралла.
Адиблар хиёбони… Бугун барчаси Чўлпон истаганидек ойдан-да гўзал, кундан-да гўзал эканини яна бир бор кўрсатиб беради. Бунда сўзга қўйилган ҳайкални кўрдим. Сўзни ҳар неданда қадрлаш, қадрлиликни олиб келишини билдим. Бу олисдан туриб ёзганларим, адиблар хиёбонини бориб кўргач, ҳис қилганларимни ҳам албатта, улашаман. Адабиётсеварларга маънавият ошёни, тарих намоёни – хиёбон муборак!
Зиёда АМИНОВА,
журналист

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 44

OAV nomi va parolini kiriting!