«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T13:59:50+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|

УЧИНЧИ ЖАҲОН УРШИ ТУГАЙДИМИ???

2020 йил – инсоният тарихидаги энг йирик қирғинбаротлардан бири, иккинчи жаҳон уруши якунига 75 йил бўлди.

Инсоният қадами ойга етиб борган асрда оёғи ҳамон жаҳолат ботқоғида эканини исботловчи иккита жаҳон уруши миллионлаб одамлар ёстиғини қуритди. Гарчи биринчи жаҳон урушида 10 млндан ортиқ аскар, 11 ярим миллионга яқин тинч аҳоли вакиллари қурбон берилган бўлсада, бундан тегишли хулоса олинмади ва орадан кўп ўтмасдан, дунё миқёсида иккинчи қатли ом бошланди. 1941-1945 йиллардаги ҳарбий ҳаракатлар Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлат ҳудудида, барча окенлар сувларида олиб борилди. Ўша даврда мавжуд бўлган 73 та давлатдан 62 таси бевосита ёки билвосита иштирокчига айланди. Бу ер юзи аҳолисининг 80 фоизи демакдир. Ачинарлиси, 50 дан 80 млнгача инсонлар қурбон бўлди. Бу борада энг катта йўқотиш Собиқ иттифоқ, Хитой, Германия, Япония ва Польша ҳиссасига тўғри келади. Ҳарбий харажат ва кўрилган зарар миқдори 4 трлн АҚШ долларидан ошиб кетди. Миллионлаб инсонлар ногирон, болалар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Оналар фарзанлари, опалар ака-укасини бир парча “қора хат” ва умрга татийдиган армонга “алмашди”.

Албатта бу рақамлар 75 йилдирки, ҳар сафар баҳорда эсга олинади. Хатто минглаб асарлар учун урушнинг аянчли оқибати, жирканч юзи бош мавзу бўлиб келмоқда. Аммо дунё бундан қандай хулоса қилди? Урушдан кейинги йиллар ва айни пайтдаги қатор муаммоларни кўриб, кузатиб “биз учинчи жаҳон уруши авлодларимиз” деган фикр келади беихтиёр… Нега?

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади

Инсоният урушдан иккита асосий хулоса олди: биринчиси, унда ғолиблар бўлмайди, ғалаба баҳоси эса, қурбонлар ҳаётига арзимайди. Иккинчиси, қурбон бўлмаслик учун қурол бўлиши лозим. Бошқача айтганда, тинчлик истасанг, урушга тайёр тур.

Афсуски, дунё иккинчи хулосага амал қилишни маъқул топди. Натижада, бир қатор глобал ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаришга сабаб бўлган совуқ уруш даври бошланди. Бир тарафдан СССР қиёфасидаги коммунистик лагер, иккинчи тарафдан АҚШ бошчилигидаги Ғарб капиталмизми ўртасида тарихдаги энг кўламдор ва аёвсиз қарама-қаршилик шу тариқа старт олди. Бинобарин, уруш давлатларнинг қудрати билан бирга, заиф томонларини ҳам кўрсатиб берган эди. Ана шу заифликни бартараф этиш баробарида қудратни оширишга бўлган ҳаракат қуролланиш пойгасини авж олдирди. Унинг тафсилотлари ҳақида исталганча тўхталиш мумкин. Аммо бир нарса аниқ, қуролланиш талаб қиладиган катта маблағ томонлар кўзини шунчаки кўр қилди. Бу йўлда на ресурс, ва на инсоний ҳис туйғулар аялди. Аксинча, жаҳон урушидан сўнг гегемонлик тахти учун кураш ҳамма соҳада, барча йўналишда янгича руҳ ва шиддат билан давом этди. Энг дахшатли ва бугунги кун қиёфасига таъсир этгани, сўзсиз маънавий курашдир. Зеро икки қутбли дунёда кимўзарга қурилган ғоя, мақсад йўлида ҳеч қандай қоида ва ёки тўсиқларни билмасдан томир отди. Шунга қарамасдан, ХХ аср – илм-фан асри сифатида тарихга кирди. Таассуфки, илмий ривожланиш, салоҳият ҳам аввало ҳарбий мақсадларга йўналтирилган эътибор натижаси. Бунинг учун биргина интернет кашф этилишини эслаш кифоя.

Совуқ уруш СССРнинг парчаланиши билан якун топди, давлатлар ўзини гўё энди муаммо йўқдек тута бошлади, ҳеч бўлмаса шундай кўринишга ҳаракат қилди ва бу давом этмоқда. Аммо ундан қолган яралар яна кўплаб муаммоларни пайдо қилдики, пироварида, инсоният ўзи учун навбатдаги – “учинчи жаҳон урушини эълон қилди”. Фақат бу сафар жанглар очиқ майдонда эмас, пана-панада, “енг ичида” бормоқда. Бунда на қоида бор, на чегара. Қурбон эса, инсонларнинг ўзлари ва она табиат. Фақатгина биринчи бўлиш истаги ресурслардан олди ортига қарамасдан фойдаланиш, мақсад йўлида ҳеч нима ва хатто ҳеч кимни аямасликка ўргатди. Инсон шаъни, қадр-қиммати, эътиқод ва миллийлик деган тушунчаларни манфаат ямламай ютиб юборди. Бу ҳар қанча яширишга уринмайлик, ошкор бўлаётган иситмалардир.

Совуқ урушдан иситмалаган инсон

Иситма ҳарорати ва қиёфаси, тўғрироғи қиёфалари шу қадар аянчлики, уни англаш учун бугунги ҳаётга кўзгу тутиб, бироз мушоҳада қилиш кифоя. Дунё муаммоларини ўрганиш бўйича Стокгольм халқаро институти (SIPRI) томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, глобал миқёсда мудофаа мақсадида ажратилаётган маблағлар ҳажми сўнгги 20 йилда қарийб тўртдан уч қисмга ортган. 2018 йилда харажат миқдори $1,8 трлн АҚШ долларини ташкил этди. Бу шунчаки, 1998 йилдаги “чиқим”дан 76 фоиз кўп демакдир.

2014 йилда бу кўрсаткич дунё ЯИМнинг 2.1 фоизига тенг бўлган эди. Шу натижа 2018 йилда ҳам такрорланди. Айтиш жоиз, дунё ЯИМга нисбатан ҳарбий харажат шунчани ташкил этиши, совуқ уруш барҳам топгандан кейинги давр учун энг паст натижадир. Аммо пасайгани ҳам 1,8 трлн АҚШ доллари. Тўғри, SIPRI рўйхатига дунёнинг 40 та мамлакати киритилган. Аммо уларнинг умумий харажатдаги улуши оз-эмас, кўп эмас, 93 %га тенг.

Тасаввур қилайлик, ЮНИСЕФ докладида келтирилишича, дунёда 5 ёшгача бўлган ҳар учинчи бола соғлом ўсиши учун зарур миқдордаги озиқ-овқатни истеъмол қила олмаётган, 149 миллион бола ўсишдан орта қолаётган ва 340 миллион бола яширин ҳамда ошкора очарчилик гирдобида кун кечираётган пайтда шунча маблағ қуролга сарф этилмоқда. Бу ҳам ҳаммаси эмас, БМТ маълумотига кўра, 2009 йилда дунё бўйича 75 млн бола мактаб таълимидан мосуво бўлган бўлса, ҳозирда бу рақам, 110 млндан ошган. Ваҳоланки, 2000 йилда етакчи давлатлар раҳбарлари ва 180 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Бутун жаҳон форумида 2015 йилга бориб, барча болалар бошланғич таълим олишига эришиш мақсад қилинган эди. Эътиборлиси, 2015 йилда Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида 160 давлат вакиллари иштирокида ташкил қилинган таълим бўйича Бутун жаҳон Форумида яна шу масала кўтарилди, ҳал этилган эмас, ҳал қилиш лозим бўлган вазифа сифатида. Қолаверса, ЮНЕСКО хулосасига кўра, 2030 йилга бориб, ҳар олтинчи бола мактаб таълимидан мосуво бўлади.

Албатта, инсоният олдида биргина бу муаммо мавжуд эмас, аммо уни ҳал қилиш учун талаб этиладиган маблағ эса, шунчаки қуролланиш учун совурилаётган маблағ олдида денгиздан томчи. Демак аччиқ ҳақиқат, шуки инсоният уруш, совуқ урушдан кейин ҳам ўзига кела олгани йўқ, акс ҳолда фарзандларга бу қадар бефарқлик бўлмас эди. Битта ўқ учун сарф этиладиган 7 долларга қанча ручка, дафтар ишлаб чиқиш мумкин? Ваҳолангки, маълумотларга кўра, бугунги кунда инсоният қўлида мавжуд қурол ер юзи аҳолисини 32 марта йўқ қилиб юборишга етар экан!

Бу ҳали ҳаммаси эмас, “замонавий” урушнинг қиёфалари кўп…

Аслини олганда инсон шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан улуғ. Аммо сиртдан қаралса, ер юзи аҳолиси иккига бўлиниб, ушбу қарашни икки тарафга тортқилаётгандек. Биринчи гуруҳ ,тафаккури билан сунъий ақл устида ишламоқда, иккинчи гуруҳ инсон гўштидан овқат тайёрламоқда. Ҳамон ганнибал, ҳамон ибтидоий. Тубанлашув, илмсизлик эса, ноинсоний жиноят турларини пайдо қилди. Одам савдоси ва унинг тармоқлари: фоҳишабозлик, қуллик, инсон аъзолари савдоси, болалар қуллиги, гиёҳвандлик, террор, биологик уруш ва ниҳоят майда урушлар ва иқтисодий урушлар. Агар кўр-кўрона манфаат ортидан қувиш меваси бўлиб, 21-юз йиллик интихосида авж олган бу муаммоларнинг сўнгги 10 йилликдаги қурбонлари сонини умумлаштирсак, иккала жаҳон урушидаги йўқотишлар йўлда қолади. Иллатларнинг мавжудлиги ва давом этаётгани эса, ҳақиқий вазиятни янада дахшатлироқ тасаввур этишга имкон беради. Зеро санаб ўтилганларга, этник қарама-қаршиликлар, саратон ва юрак қон-томир каби “замонавий” хасталиклар, ижтимоий беқарорлик ортидан юзага келган криминоген вазият – жиноятчилик, табиий офатлар киритилмаган. Ёки ҳар йили африкалик ноқонуний мухожирларнинг яхши хаёт илинжи йўлида қурбон бўлишлари ҳам.

Фикримиз тасдиғи сифатида, қуйидаги рақамларга эътибор қаратамиз.

Тасаввур қилинг, сиз шу мақолани ўқиб ўтирган пайт дунёда, 25 дан 30 млнгача одам савдоси қурбони – қул бор. Уларнинг 71 фоиздан ортиғи аёллар ва қизлар. Кейинги ўринда жиноий тўдалар ва инсон органи учун “жонли товар”га айланган болалар туради. Қурол савдосига нисбатан, бир қадар хавфсиз бўлгани сабабли, “одамбозор”нинг йиллик айланма маблағи 7-12 млрд АҚШ долларига тенг. Унинг қурбонлари сони ва аниқки, келтирадиган “даромади” сония сайин ўсиб бораётгани барча хисоботларда якдиллик билан тан олинмоқда. Ачинарлиси, асосий қисми фохишабозлик деган яна бир иллатга зўр шароит яратмоқда. Шунингдек, инсон аъзоларини ноқонуний кўчириш учун ҳам. Бутун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили 100 800 та шундай амалиётлар ўтказилади. Бу ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳисоботлари асосида тайёрланган хулоса. Тиббиёт ривожланиши, инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириш имконини бергани бир тарафдан яхши албатта, аммо унинг одам савдоси фонида ноқонуний тус олиши ачинарлидир. Фалокат шундаки, бу борада аниқ қурбонлар сонини билиш имконсиз.

Яна бир муаммо, сўзсиз, гиёҳвандлик масаласидир. Зеро БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйича гиёҳвандлик таъсирида 35 млндан ортиқ инсон азобланмоқда. 2017 йилда дунё бўйича гиёҳвандлик моддаларини 15-64 ёш орасидаги 271 млн одам “татиб кўрган”. 53дан 56 млнгача бўлган инсон доимий истеъмолчидир. Шу йили гиёҳванд модда 585 000 инсон ҳаётига нуқта қўйган. Маълумотларга кўра, ҳар йили 450 минг инсон психофаол моддалар истеъмоли натижаси дунёни тарк этмоқда. Бу қурбонликлар ортидан наркобозорнинг йиллик айланма маблағи 800 млрд АҚШ долларига етган.

Одам савдоси ва гиёҳвандлик “булоғидан ”сув ичиб “катта бўлган” терроризм балоси ҳам йил сайин тобора дахшатли тус олмоқда. Гарчи 2018 йилга келиб, дунё бўйича 15 952 киши террор қурбонига айланган ва 2014 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 52 офизга камайган бўлсада, хунрезликлар географияси 71 та давлатни қамраб олди ва бу барча замонлар учун энг ёмон кўрсаткич бўлиб тарихга кирди.

Унга параллел давом этаётган майда урушлар эса, ноқонуний қурол савдоси ва гиёҳвандлик дарахтларини гуллатибгина қолмай, кўплаб тинч аҳоли ёстиғини қуритмоқда.

Биргина “Араб баҳори”ни олайлик, 2011 йилда бошланган бу воқелар шу кунга қадар Яқин Шарқда ижтимоий ва иқтисодий мувозанатни тўла издан чиқарди. Энг дахшатлиси, бундан икки йил аввал Миср президенти минтақа мамлакатлари кўрган зарар 1 трлн АҚШ долларидан ошган ҳолда, қурбонлар қарийб 1.5 млн эканини маълум қилган эди.

Сўнги кунларда қуролли тўқнашувлар Сурияда фаоллашгани, Ямандаги ҳолат умуман бугунги кунгача бўлган йўқотишлар ҳам жон, ҳам ҳамён бобида янада талофатли эканидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда, совуқ уруш давридан мерос бўлиб қолган ресурс талашувлар инсоният кўзини кўр қилиб, ҳар қандай қоидадан манфаатни устун билиш даражасига келганига санаб ўтилган мисоллар кифоядир. Демак, қурбонлар очиқ майдонлардан кўра, “панада” кўпроқ берилмоқда. Инсоният манфаати учун енгил воситага айланган фоҳишалик, одам савдоси, террор ва гиёҳвандлик мисли ўпқондек инсоннинг ўзини истеъмол қилмоқда. Кўзини каттароқ очиш керак бўлган томони, уларнинг ҳаммаси тарқалишида ижтимоий тармоқлар ҳал қилувчи воситага айланганидир.

Шу ўринда кибержиноятчилик сабабли кўрилаётган зарар ва интернетдан тартибсиз фойдаланиш натижасида орттириладиган хасталикларни шунчаки, рақамсиз ҳам эслаб ўтиш зиён қилмайди.

Биологик уруш эса, Чўчқа грипи, Сибир яраси, Парранда грипи ва ниҳоят, “Коронавирус” номлари билан умумий миқдорда яна миллионлаб ҳаётга нуқта қўймоқда. Ваҳоланки, ушбу касалликларни келтириб чиқарувчи вируслар лабараторияларда, инсон қўли билан яратилган.

Агар жаҳон уруши натижасига кўра, миллионлаб инсонлар ўлими ва катта миқдордаги моддий зарар бўлса, агар у ҳамма давлатни эгаллаб оладиган даражада кўламдор бўлса ва унда бола, аёл ёки кекса, инсон шаъни, қадр-қиммати деган қарашлар бўлмаса, оммавий қирғин қуроллари, бактериологик қуроллардан фойдаланилса, янги қуроллар синалса, унда айтинг дунёнинг бугунги ҳолати қай жиҳати билан учинчи жаҳон урушидан кам?

Аммо ҳаммаси қўлимизда(МИ)

Албатта, бу маълумотлар шунчаки хавотир уйғотиш ёки шовқин солиш учун келтирилмади. Ҳеч бир инсон бешикда ётган, қўлида ўйнаётган боласининг эртасида қийинчиликка дуч келишини ҳаёлига ҳам келтирмайди. Фарзанд азиз, аммо адашганлар ҳам кимнингдир уйида норасида бўлган, хатто ҳозир ҳам оиласининг эркаси.

Дунёда жаҳолат – илмсизлик меваси эканини айтиш янгилик эмас, такрор бўлади. Ижтимоий тармоқларни кузатиб, ОАВда берилаётган айрим материалларга қараб, сўз эркинлиги берган имкониятни фақат “кир қидириш”га сарфлаш қанчалик ўринли, деб ўйлаб қолади одам.

Бу фикр албатта, кўпчиликда норозилик уйғотиши мумкин, аммо ҳар бир хато айтилган, тўлиқ ўрганилмаган ёки тўғри талқин қилинмаган маълумот ортидан минглаб тарафдорлар чиқишини унутмаслик лозим. Мақолани ёзишдан мақса эса, буни эслатиш эмас.

Мақсад шуки, давлатнинг таълим соҳасидаги ҳар қандай ислоҳотини бир ёқадан бош чиқариб, қўллаб-қувватлаш лозим. Тан олиш керак, аввало қамров, кейин мутахассис, сўнгра моддий-техник база бўйича камчиликлар бор. Аммо ҳар қандай масала, таълим сифати ва тарбия самарадорлиги асосида қурилса, мақсадга мувофиқ. Илмсизлик – шахсни ўзини танимаслиги ва ўзгани ҳурмат қилмаслигига олиб келади. Натижасини эса, кўрдик, афсуски, айрим ҳолларда кўриб ётибмиз. Эркинлик ҳар тарафлама берилгани “билганини қилиш” дегани эмаслигини аввало катталар тушуниши, сўнгра оилада фарзандларга уқтириш энг бўлмаса, кўчага тинч замонда пичоқ кўтариб чиқишлар сонини камайтиради.

Катталарнинг ўзини тутиши, оиладаги масъулиятини билиши, болалар бемаҳал кўчада “наша”дан кайф қилишининг олдини олади.

Кўп ҳолларда одам савдоси қурбонлари ижтимоий аҳволи оғир оилалар вакиллари бўлади. Доимий даромадга, иш жойи ва ҳунарига эга бўлмаганлар учун эса, кўча тўла тузоқ. Демак ҳеч иккиланмасдан хулоса қилиш мумкинки, бугун учинчи жаҳон уруши аввало инсонлар онгида, сўнгра енг учларида, ундан ортгани пана-пана бурчакларда ва айрим ҳолатлардагина уруш майдонларида давом этмоқда. Ачинарлиси, бугун майда уруш ўчоғига айланган ҳудудлар 10 йил нари-берисида болалар ўйингоҳлари, миллионлаб инсонлар ватани эди. Эътибор қилинг, қочқинлар масаласи деярли кўтарилмаганда, шунча муаммо.

Мана давлат раҳбари нега камбағал оилалар ҳақидаги рақамларни яширмасликка, бундан ор қилмасликка чақирмоқда, мана нега бу йил номида илм-маърифат устун? Албатта, бу билан бутун оламдаги муаммоларни ҳал эта олмаймиз, аммо аниқки, бу иллатларни аввало юртимиз, сўнгра минтақамизда камайтиришга эришамиз. Ҳар бир оила, ота-она миқёсида оладиган энг кичик манфаатимиз эса, фарзандимиз тинч бўлади. Ахир Ўзбекистон ва жаҳонни девор ажратиб турмайди…

Мана нима учун 75 йил ибрати муҳим? Мана нега сарлавҳага шу савол қўйилди?

Алишер Равшанов, журналист

http://old.uza.uz/oz/society/uchinchi-zha-on-urushi-tugaydimi–10-05-2020

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 122

OAV nomi va parolini kiriting!