«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T13:35:41+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|

 АХБОРОТ ОҚИМИ— ҚУДРАТЛИ ТЎЛҚИН…

Ахборот технологиялари асри ўзининг шартларию-қонуниятларини белгилаб берди. Бу — бугунги кунда ташкилотнинг медиа фаолиятини шакллантиришда мавжуд ахборот оқимини ҳисобга олиш зарур эканлигини тақозо этмоқда.  

Ҳуқуқий тартибга солиш

Ўзбекистон Республикасида ахборот хизматлари фаолияти бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.  Улар ичида  давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамиятга эгадир.

Медиа-маконнинг асосий иштирокчиларидан бири

Бугунги кунда аҳолига давлат идораси фаолияти тўғрисида мунтазам, долзарб ва самарали маълумотларни тақдим этишни ташкил қилишда бир нечта муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш муҳим. Масалан, ахборот тарқатиш каналлари сонининг ўсиши, ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланиши, ахборот оқимининг конвергенцияси.

Агар илгари асосан оммавий ахборот воситалари янгиликлар манбаи ҳисобланган бўлса, ҳозирги тенденцияларга кўра, сўнгги йилларда матбуот хизматлари ҳам бу соҳада фаоллик кўрсатмоқда.

Конструктив мулоқот катализатори

PR-бўлими, давлат ташкилоти вакили сифатида, одатда маълум бир масала бўйича айнан ушбу ташкилот позициясини етказади. Бироқ, бугун матбуот хизматининг олдида турган яна бир муҳим вазифа — ахборотни жамоатчилик конструктив муҳокамаси ва мунозараси учун муносиб тарзда тақдим этиш.

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ҳукумат ва жамиятни бирлаштирадиган ўзига хос ижтимоий институт сифатида ҳаракат қилиши керак.

Аҳоли билан самарали алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш учун Давлат хизматлари агентлиги ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари юритилиб, турли қайта алоқа усуллари — электрон почта, ишонч телефони ишлаб турибди, телеграмдаги қайта алоқа боти такомиллаштирилмоқда. Танқидий ва кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ахборот хуружларига тезкор равишда жавоб бериш учун мониторинг олиб борилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик билан ишончли мулоқотни давом эттириш мақсадида, интернетдаги кескин, ижтимоий аҳамиятга эга ва резонанс мавзуларда жонли эфирлар ташкил этилади.

Ахборотни ортиқча бюрократиясиз олиш

Давлат хизматлари агентлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими фаолияти янгиликлар, таҳлилий ахборотлар яратиш, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни аниқлаш ва бартараф этиш, журналистлар ва кенг жамоатчиликка ташкилот ташаббуслари ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ўзига хос хусусиятларини тушунтириш,  ахборотнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб беришдан иборат.

Давлат хизматлари агентлиги кенг жамоатчилик билан очиқ муносабатларни ўрнатиш тарафдори. Биз «расмий аккредитация» каби тушунчадан узоқлашмоқдамиз.

Ижтимоий тармоқларда танқидий материаллар билан ишлаш — биз тушунишга интиламиз

PR бўлимининг асосий вазифаси — ташкилотнинг ижобий обрўсини яратиш. Шундай экан, ҳар қандай матбуот хизмати биринчи навбатда юзага келиши ва имиджга зарар етказиши мумкин бўлган ахборот таҳдидлари, турли масалаларда жамоатчиликнинг норозилигини олдини олишга интилиши, табиий ҳол.

Шу мақсадда Давлат хизматлари агентлиги томонидан фуқароларнинг мурожаатларини мониторинг қилиш ишлари йўлга қўйилган. Масалан,
2020 йил октябрь ойида фуқаролардан ҳисоблагичларни қиёслаш билан боғлиқ саволлар келиб туша бошлади. Вазиятни тушунтириш ва муаммони бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишларга ойдинлик киритиш учун “Ҳисоблагичлар машмашаси: аҳоли нега сарсон?”  материали жойлаштирилди.

Пандемия билан боғлиқ бўлган қаттиқ карантин даврида Давлат хизматлари марказларида қисқа вақт ичида стикерлар бериш жараёнини йўлга қўйиш вазифаси қўйилган даврда турли саволлар кўпайган эди. Жамоатчиликка “Давлат хизматлари агентлиги: Стикерлар имтиёз эмас, карантин шароитидаги қатъий чорадир!”  тушунтириш материали тақдим этилди. Ушбу маатериал босма ОАВ, интернет нашрлар, фейсбукдаги йирик гуруҳларда тарқатилиб, айрим хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳам жойлаштирилди.

Бироқ, ҳар доим ҳам муаммонинг олдини олишнинг иложи бўлмай, истеъмолчи норози бўлиб, салбий хабарни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган ҳолатлар кузатилади. Биз бундан қўрқмаймиз, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари биз учун ўзига хос кўзгу эканлигини, муаммоли нуқталарни, фаолиятимизнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш кераклигини кўрсатиб беришига хизмат қилишини яхши англаймиз.

Бугунги кун матбуот хизмати замон билан ҳамнафас, мослашувчан бўлиши ва замонавий тенденциялар билан биргаликда ўзгариши керак дея хулоса қилиш мумкин. Ахборот маконидаги ўзгаришлар шароитида жамоатчилик билан алоқалар хизмати олдида турган функционал вазифалар ҳам мураккаблашиб боради.

Бугун биз нафақат ахборот манбаи бўлишимиз, балки медиа-майдоннинг барча иштирокчилари ўртасида ортиқча тўсиқларсиз конструктив мулоқот учун майдон яратишга ҳисса қўшишимиз лозим.

Севара ЗАКИРОВА,

Давлат хизматлари агентлиги

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи

“Инсон ва қонун” газетаси 30.03.2021 йил №13(1269)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.8 / 5. Baholaganlar soni: 12

OAV nomi va parolini kiriting!