«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T11:56:47+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|

17 ноябрь-Халқаро талабалар куни

СЕНСОРЛИ ТРАКТОРЛАР ЯРАТИШ УСТИДА ИЗЛАНАЁТГАН ЮСУФБЕК

Юртимизда иқтидорли ёшлар, ўз олдига катта ва юксак мақсадлар қўйиб билим олаётган минг-минглаб талабалар бор. Халқаро фан олимпиадаларида, билимлар беллашувларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшаётган йигит-қизлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ўзининг илк муваффақиятлари билан кўпчиликнинг эътиборини қозонган талаба ёшлардан бири Юсуфбек Шермуҳаммедовдир. Айни пайтда у Тошкент давлат транспорт университетининг магистратура босқичида таҳсил олади. Ўз устида тинимсиз ишлашдан толмайдиган изланувчан бу талабанинг илм-фан соҳасидаги дастлабки дадил қадамларини кўп йиллик бой тажрибага эга малакали устозлари қўллаб-қувватламоқдалар. Бу эса

Юсуфбекни ўқиб-изланишдан бир зум тўхтамасликка ундайди. Ана шу саъй- ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, 2017 йил ёш изланувчи-тадқиқотчи Германияда малака

ошириб, Ўзбекистонда юксак салоҳиятли, иқтидорли ёшлар бор эканини амалда исботлади.

2018 йилда Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлган Юсуфбек бугунги кунда ўндан ортиқ илмий ишланма ва мақолалар муаллифидир. Шунингдек, ёш олим учта илмий иши учун патент олишга муяссар бўлди. Эътиборлиси, у Тошкент трактор заводи билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни пайтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун муҳим бўлган замонавий тракторларнинг тузилиши, уларни маҳаллий шароитга мос ва қулай тарзда такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш устида изланмоқда. Зеро, талаба етук мутахассислик йўлида назария ва амалиёт уйғунлиги муҳим омил бўлажагини чуқур англаб етган.

Юсуфбек зиёли оилада дунёга келди. Отаси Абдулазиз Шермуҳаммедов техника фанлари доктори, профессор, кўплаб ёш олим ва мутахассисларга устоз сифатида мамлакатимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Онаси Саодат Шермуҳаммедова кўп йиллардан буён Тошкент шаҳридаги ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ўқитувчи. Оиладаги соғлом муҳит Юсуфбекнинг билим пойдеворини пухта қуришига замин бўлгани аниқ. Зеро, у болалигидан отасининг ишхонасига борар, бу ерда илмий-амалий жараёнларни, тажрибаларни кузатиб, келажакда отаси каби олим бўлиб етишишни орзу қилган. Айни шу орзу ва қизиқишлари уни 2015 йилда Тошкент давлат автомобиль йўллари институтига етаклаган эди. Мазкур даргоҳга кириш бахтига эришганида ҳар қандай эзгу ниятга тинимсиз меҳнат ва изланиш орқали етиш мумкинлигига амин бўлди.

Шунингдек, инсон мураббий ва устозсиз ҳаётда бирор улкан натижага эриша олмаслигини ҳам у мана шу даргоҳда тушуниб етди. Юсуфбекнинг устозлари — техника фанлари номзоди Гулсара Аннақулова, PhD йўналишида Анвар Тоғаев илмнинг игна билан қудуқ қазишдек машаққат эканини, фақат қатъиятли ва шижоатли инсонларгина

муваффақиятга эришиши мумкинлигини таъкидлаб, Юсуфбекка ҳам илмий, ҳам ҳаётий сабоқлар бериб келмоқда.

Илмий раҳбари Анвар Тоғаев билан кичик қишлоқ хўжалиги техникаларини такомиллаштириш, хусусан, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида янги боғдорчилик тракторининг бугунги давр талабларига мос ҳолда рул механизми параметрларини асослаш устида ҳам иш олиб бормоқда. Айтиш жоиз-ки, ушбу тракторлар махсус роботлар орқали бошқарилади. Юсуфбек эса келажакда сенсорли бошқариладиган

тракторлар яратиб, амалиётга татбиқ этишни ният қилган.

Халқаро талабалар кунида илм сўқмоқларидан дадил бораётган Юсуфбек Шермуҳаммедов ҳақида бежиз ҳикоя қилмадик. Зеро, келажагимиз Юсуфбек каби салоҳиятли ва иқтидорли ёшлар қўлида. У каби эртамиз эгаларининг ҳар бир ютуғи Ватаннинг, халқнинг ютуғидир.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

2020 йил 17 ноябрь № 221 сон “Янги Ўзбекистон” газетаси

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.6 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!