«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-31T08:59:31+05:0031 Mart, 2021|Олтин қалам|

«Кучсизланган коронавирус», «тугаган карантин» ва «бузилган макияж». Ўзбекистонликлар нега ниқоб тақмай қўйди?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши вакциналар яратилгунга қадар вирусдан ҳимояланишнинг энг яхши воситаларидан бири сифатида тиббий ниқоблардан фойдаланиш кераклигини қайд этган.

Ўзбекистонда ҳам илк бор коронавирусга чалинган бемор аниқланганидан сўнг орадан 10 кун ўтиб — 2020 йил 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юрганлар жаримага тортила бошлади. Ҳозиргача жамоат жойларида ниқобда бўлиш талаби ўзгаргани йўқ. Аммо сўнгги ойларда Ўзбекистонда ниқобсиз юрган одамлар сони ортиб бормоқда.

«Дарё» интернет-нашри ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказди. Telegram’даги сўровномада қатнашганларнинг 36 фоизи, Instagram’даги сўровномада қатнашганларнинг 44 фоизи ниқоблардан фойдаланмай қўйганини маълум қилди.

«Дарё» сўровномаси натижалари.

Скрин: «Дарё»

Хўш, нима учун ўзбекистонликлар ниқоб тақмай қўйди? Ушбу саволга жавоб топиш учун Тошкент шаҳри кўчаларида ниқобсиз юрганларни сўроққа тутдик.

Шерзод, 23 ёш: Одамлар аллақачон коронавирусга қарши иммунитет ҳосил қилиб бўлди. Тақишнинг фойдаси йўқ, деб ҳисоблайман.

Масалан, мен ниқоб тақадиган бўлсам, қоидасига кўра, уни ҳар икки соатда алмаштириб туришим керак. Бундай қилишга менинг шароитим ҳам, вақтим ҳам йўқ.

Бундан ташқари, икки «пачка» маскани ёнимда олиб юролмайман. Вақтида алмаштиролмадимми, менга зарарга ишлайди. Шунинг учун сўралганда тақяпман, холос. Буёғи Худодан.

Бобур, 30 ёш: Масалан, ниқоб тақмаётганимнинг сабаби — доим кўчада юраман. Тез юрсам, ниқоб ҳўл бўлиб қолади. Ҳўл маскада эса нафас ололмайман. Кейин уни жағингизга тушириб қўясиз. Бу ҳам хунук кўринади.

Хуллас, буни тақиб юриш менга ноқулайлик туғдиради. Шунинг учун ҳозир ечиб, чўнтагимга солиб қўйдим. Институтда, метрога тушганимда тақаман. Лекин атрофимда одам бўлмаса, тақмайман.

Гулираъно, 25 ёш: Туркиядан Ўзбекистонга келишда иккита ниқоб тақиб келдим ва 2020 йилнинг кузигача ниқобсиз кўчага чиқмадим.

Энг қизиғи, 10 кун Ўртасаройда карантинда бўлдик, касаллик сони кўплиги бўйича етакчи бўлган Туркияда шунча юриб, ҳар хил одамларга тўла чартер-рейсдан қайтганда ҳам касал бўлмасдан, доимий равишда ниқоб тақиб ишга бориб келган вақтим вирус билан зарарландим.

Шундан буён аҳоли гавжум бўлган жойларда, масалан, савдо марказлари, метро ва дўконларга кирсамгина ниқоб тақаман. Кўчада, ишда эса бунга зарурат йўқ, деб ўйлайман. Тўғриси, одам нафас олмасликдан, димиқишдан чарчади. Ниқоб жонга тегди.

Фото: «Дарё»

Анвар, 23 ёш: Тугади-ку карантин, бўлди.

Беҳруз, 28 ёш: Тўғри, расман тугагани йўқ. Лекин ниқоб тақиш одамнинг жонига тегди. Коронавирус бўлганим йўқ. Иммунитетим баланд деб ўйлайман. Юқишидан ҳам қўрқмайман. Ўзим юрганимда ниқоб тақмайман. Лекин жамоат жойларида тақаман.

Нодирбек, 25 ёш: Касаллик биздан узоқлашди. Муҳитга қараб ҳам одамлар ниқоб тақмай қўйди, деб ўйлайман.

Ўзимда касалликнинг енгилроқ формасини ўтказдим. Иммунитетимга ишонмасликда эмас-ку, лекин керакли жойларда ниқоб тақаман.

Самандар, 21 ёш: Коронавирус вақтида олди олинди, бартараф қилинди. Касаллик кучсизланди. Ниқоб керак эмас деб ўйлайман. Ҳали касалликка чалинмадим. Қўрққаним ҳам йўқ.

Гулноза, 29 ёш: Мен тиббий ниқоб тақиш кераклигини инкор этмайман. Аммо уни тақиб юриш билан боғлиқ «бошоғриқ»лар сабаб баъзида уни тақишни истамайман. Айниқса, макияж қилиб бўлгач ниқоб тақиш…

Юзингиздаги бор косметика ниқобингизга кўчади! Ички қисми турли рангларга бежалган ниқобни эса тақиб юриш, назаримда, ҳеч қайси қизга хуш келмайди. У ҳам етмагандек, нафас олиш сабаб ичи терлаб кетган ниқоб юзга ёпишиб қолиши… Бундай ниқоб вирусни ушлаб қоладими?

Муслима, 19 ёш: Шу кунгача ниқоб таққанман. Лекин… Аслида уни ҳар икки соатда алмаштириб туриш керак. Ҳамма алмаштирадими? Йўқ! Сиз қилганингиз билан бошқалар бунга амал қилмаганидан кейин барибир ниқобнинг фойдаси йўқ, деб ҳисоблайман. Бироқ сумкамда ниқоб туради. Жамоат жойларида, албатта, тақиб оламан.

Эркин, 52 ёш: Касалликнинг юқумлилиги пасайган. Автобусда, метрода ва бошқа транспортда ҳам жуда кўпчилик ниқоб тақмаяпти. Тўғри, аввал метрога киришда сўрарди. Ҳозир у ҳам сўрамай қўйган.

Маска тақмасликка ўрганиб қолдим. Агар метрода тақинг деса, тақаман. Лекин бошқа жойда тақмайман.

Касал бўлганим йўқ, соппа-соғман, Худога шукр. Коронавирус юқишидан қўрқмайман. Чунки яхши овқат ейман. Вақтида ухлаб, вақтида тураман. Спорт билан шуғулланаман. Авваламбор Худо. Соғлиғим яхшилиги учун ҳам тақмайман. Агар хавф туғилиб қолса, тақиб юриш керак бўлади. Лекин хавф ҳозирча кўринмаяпти.

Бошқа давлатларда касаллик кучайиб кетаётганига келсак, улар билан бизнинг фарқимиз бор-да. Мисол учун, оддий одамларга қарасангиз, яхши, гўштли овқатлар ейди. Еримизда, еяётган овқатларимизда ҳам витаминлар кўп. Шунинг ҳисобига одамларнинг иммунитети яхши.

Бошқа давлатдагилар эса биздек овқатланмайди. Уларнинг ҳаммаси кимёвий усулда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ейди. Шунинг учун ҳам уларнинг иммунитети пастга тушиб кетаверади.

Ўзбекистондаги табиий озиқ-овқатлар бизга фойда келтиряпти. Ҳозирги шу туришимизда ниқоб тақиш керакмас, деб ўйлайман. Агар хавф туғилганда, одамлар иммунитетига ишонмасдан ўзини эҳтиёт қилиш учун ҳам, албатта, ниқоб таққан бўларди.

Лазиза, 30 ёш: Биз аллақачон оиламиз билан коронавирус бўлиб ўтдик. Ўзимда иммунитет шаклланди деб ўйлайман. Шунинг учун тақмаяпмиз.

Умида, 42 ёш: Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, жонимни Аллоҳга омонат топширганман. Қўрқмайман, қўрққанга қўш кўринади, дейишади. Қўрқсангиз, у янада яқинлашаверади.

Менинг оиламда ҳам ҳеч ким ниқоб тақмайди. Касал бўлганим ҳам йўқ. Ҳаммаси эътиқодга боғлиқ.

Тўғри, ўзини асраганни Худо асрайди. Лекин эрталаб туриб, «Оятал Курси»ни ўқиб, Аллоҳдан омонатингизни сўрасангиз, у ҳеч қачон омонатига хиёнат қилмайди. Биз шу эътиқодда катта бўлганмиз.

«Навбаҳор» стадионида 4 март куни ўтказилган тадбирга йиғилган мухлислар.

Скрин: Telegram

Сўнгги вақтларда нафақат фуқаролар, балки мансабдор шахслар ҳам карантин қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини унутиб қўяётганини кўриш мумкин. Мисол учун, 4 март куни Наманган шаҳрида «Навбаҳор» клубининг янги футболчиларини таништириш маросимида 15 минг кишилик стадион деярли тўлган. Бироқ стадионга келганларнинг аксарияти ниқоб тақмаган, ҳатто вилоят ҳокими ҳам.

Наманганлик мухлислар карантин талабларига риоя қилмаган бўлсалар-да, уларнинг бу иши вилоятда коронавирус кўпайишига олиб келмаган. ССВ маълумотларига кўра, 20 февралдан 14 мартга қадар Наманган вилоятида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ битта ҳам ҳолат қайд этилмаган.

Март ойи бошида Фарғона вилоятининг туристик масканларига уюштирилган инфотур иштирокчиларининг аксар қисми ниқоб тақмаганини кўриш мумкин, улар орасида Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳам бор.

Март ойи бошида Фарғонадаги инфотурга келган журналист ва блогерлар қуршовида турган Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Шу ўринда қизиқ бир савол туғилади, Ўзбекистонда ниқоб тақиш ҳали ҳам мажбурийми?

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ниқоб тақиш режими бекор бўлмаганини «Дарё»га маълум қилди:

«Ниқоб тақмаганлик учун жарима жазоси амалда. Ҳозирги пайтда фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ниқоб тақмаслик бўйича асосан хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларигагина жарима қўлланилмоқда. Оддий фуқаролар эса огоҳлантириш билан чекланилмоқда».

Шоҳрух Ғиёсовнинг қўшимча қилишича, 11 март куни 411 кишига жарима жазоси қўлланилган, 4 мингдан ортиқ фуқаро огоҳлантирилган. Ўзбекистонда карантин тадбирлари бошидан бери 900 мингга яқин фуқаро жаримага тортилган.

2020 йил давомида жами 855 794 кишига жарима қўлланилган бўлса, 2021 йилда (1 январдан 11 мартгача) 41 982 киши жаримага тортилган. 2021 йилда ниқоб тақмаганлик учун жарима ёзилганларнинг қарийб 40 фоизи (16 273) Фарғона вилояти ҳисобига тўғри келади. Балки бунинг сабаби вилоятда ҳали ҳам камера ва дронлар ёрдамида ниқобсиз фуқароларни аниқлаш ишлари давом этаётгани учундир?!

Ниқоб тақиш қачон «отмен» бўлади?

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда вирусдан ҳимояланиш учун тавсия этиладиган ниқоблардан яқин орада воз кечиш режаси йўқлигини маълум қилган.

«Бекор қилиш деган гап йўқ. Балки бирор эркинликка берилгандирмиз, лекин вирус атрофимизда юрибди, у орамизда. Нега бекор бўлиши керак? Кўряпман, айримлар ниқоб тақмаяпти. Бу хато. Одамлар жамоат хавфсизлиги учун ҳам ниқоб тақиши керак.

Биласизми, кўплаб давлатларда бирор касаллик бўлмаган тақдирда ҳам ниқоб тақишади. Чунки бу соғлиқ учун керак. Бизда дока ниқоб, ижтимоий масофа, антисептик воситалардан фойдаланишни тўхтатиш умуман илгари сурилмаяпти. Қайтараман, Ўзбекистонда вирус бор», — дейди Нурмат Отабеков.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев қирғизистонлик ҳамкасбига қўл узатмоқда.

Фото: «Дарё»

Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида вазирликлар ва идоралар ўртасида ҳужжатларни алмашиш маросимида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев қирғизистонлик ҳамкасбига қўл узатиб юборди. Қирғизистонлик вазир эса бу мумкин эмаслигини айтиб, Хожибоевга қўл узатмаган. Айнан Соғлиқни сақлаш вазири карантин қоидасини унутиб қўяётган бир вазиятда оддий фуқаролардан нимани талаб қилиш мумкин?

Хўш, энди нима қилиш лозим?

Охирги уч кун ичида эса Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин ошган. ССВ берган маълумотга кўра, 12 март куни 89, 13 март куни 86, 14 мартда эса 111 нафар киши коронавирус инфекциясини юқтириб олгани аниқланган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши айтилганди, аммо ҳалигача вакцинация бошлангани йўқ! Хуллас, айни пайтдаги касалликни олдини олиш борасида энг яхши чора — ниқоб бўлиб қолаверади. Бундан бир аср муқаддам (1918—1920 йилларда) испан гриппидан 550 миллиондан ортиқ одам зарарланган, 17 миллиондан 100 миллионгача одам вафот этган. Ўшанда ҳам касалликни тўхтатиш учун ниқоблар муҳим рол ўйнаган.

1918 йил. Чап томонда: Калифорнияда ниқоб тақиб олган ёшлар. Улардан бири «Ниқоб тақ ёки қамоқхонага кетасан» ёзувини ёпиштириб олган. Ўнг томонда: Япониялик ўқувчилар мактабга кетмоқда.

Фото: «Photar.ru»

Шундай экан карантин қоидаларига риоя қилинг. Фақат метро ва супермаркетларда эмас, кўчада ҳам ниқоб тақишни унутманг!

Дилшод Шарипов

Хонзодабегим Аъзамова

 

(“Дарё.уз” сайти 2021 йил, 15 март)

https://daryo.uz/k/2021/03/15/kuchsizlangan-koronavirus-tugagan-karantin-va-buzilgan-makiyaj-ozbekistonliklar-nega-niqob-taqmay-qoydi/

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 9

OAV nomi va parolini kiriting!