«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T18:34:38+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

СИЗГА ТАЪЗИМ, СИЗГА ЭҲТИРОМ

Биринчи муаллим,  Биринчи устозим… деганда юраги бир қалқиб тушмаган инсон бормикан?   Жажжигина қалб юрагида илк бор   Ватан суратини чизгувчи, маърифат чўғини ёндиргувчи  зот  ҳақида сўз борганда қалбларда  уйғонган эҳтиром ва миннатдорчилик туйғуларини  сўз билан ифодалашга тил ожиз . Қарангки,   бола тафаккур олами , қалб дунёсига тушадиган олтин калитлар сирини   фақатгина  улар  биладилар.Гоҳида ўйлаб қоламан, дунёда ўқитувчининг   тун бўйи бедор дафтар текшириб ўтказган амалига тенг  келадиган савоб бормикан?.Шарқираб оқаётган ўйинқароқ жилға,  ҳали тизгин нималигини билмаган беқарор шамол каби бола шўхликларини қандай тартибга соларкин улар,  қандай куч  болани  ўзига қаратаркин,  гўзал итоатга ўргатаркин?.Фақат меҳр ва меҳр билан, албатта.Ана шундай меҳр ва муҳаббатга қалби лиммо-лим тўлган инсонлар   боши ҳамиша сарбаланд. Бухоронинг энг  чекка тумани  ҳисобланган Ромитаннинг   Қизилравот қўрғонида   39-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси  Серикбаева Гулсара  ҳақида сўз бошлашингиз  ҳамоно жамоадошлари, қишлоқ аҳли  мактабнинг энг фидойи бошланғич синф ўқитувчиларидан бири дея эътироф этишади. Байрам арафасида опа билан суҳбатлашмоқ учун у кишини гурунгга чорладик.

  • Таълим соҳасига кириб келганимга 27 йил бўлди, — дейди опахон ғурур билан.— Бу касбни танлаганимдан хурсандман. Ҳаттоки бахтлиман. Чунки, жамиятнинг бугуни ва келажаги , унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Бошқача айтганда, мамлакатимизнинг эртанги тақдири кўп жиҳатдан бизнинг меҳнатимизга боғлиқ.Зеро, янги ҳаёт ҳам, келажак ҳам, истиқбол йўли ҳам ўқитувчилар қалбидан бошланади. Шу сабабли мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Навоий педагогика билим юртини тугатганман. Бизларга яратилган имтиёз туфайли БДУнинг  махсус сиртқи бўлимида   ўқиётганимга 3 йил бўлди.  Яқинда орзуимга эришиб, олий маълумотли мақомига ҳам эга бўламан. Қизилравотда  шаҳар мактабларидек, синфда 25-30 нафар ўқувчи бўлмас, аммо 10 нафар бўлсада илмга ташна талпинувчан ўқувчилар бағримга отилишади.Уларга ҳарф танита туриб, жамиятда илмлилар сафини кенгайтираётганимдан хурсанд бўламан. Гарчи олисда бўлсакда, ислоҳотлар шамоли бизгача етиб келган.синф хоналаримиз замонавий ўқув қуроллари билан таъминланмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг  2018 йил август ойида имзолаган  “Ёшларни маънавий-аҳлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори халқ таълими тизимида кескин ижобий бурилишга асос бўлди. Қарорда педагоглар нуфузини ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни  ўқиб ўша дамда қалбимиз тўлқинланиб кетганди.Мазкур қарор ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, яъни хизмат вазифамизга кирмайдиган  ҳар қандай ишлардан озод этиш  ва маошни кўтариш , шунингдек, қўшимча рағбатлантирувчи чораларни кўришга қаратилганлиги билан бизнинг кўнглимизни кўтарди. Бундай эътибор ўқитувчиларнинг бор куч-ғайратини ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбиясига қаратишга, таълимнинг сифати ва даражасини замон талаблари асосида оширишга, бу соҳада фаолият кўрсатаётган  барча фидойи инсонлар учун муносиб  меҳнат шароитларининг яратилишига олиб келмоқда.Орадан бир йилча вақт ўтди.  Бу даврда бизни рағбатлантиришга қаратилган яна бир нечта қарорлар қабул қилинди. Демакки, бизнинг меҳнатимиз юксак баҳоланмоқда.Қаддимиз ҳам, қадримиз ҳам юксалмоқда. Бугун  зиммамизда ана шундай юксак эътибор ва рағбатга муносиб бўлиш, астойдил меҳнат қилиб Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа турибди. Бу масъулият залвори бизни янги ва юксак марраларни эгаллаш учун астойдил меҳнат қилишга ундайди.

Ўқитувчи бўлмаганингизда ким бўлардингиз, дейман ҳазиллашиб.

—Ҳаёт турли танловлар ичра ўтади, одам дўст танлайди, ҳамкор танлайди.Бу дунёда икки зот борки, улар бундай танловлардан йироқ.Она фарзанд танламайди, муаллим эса ўқувчи!Болажонлар қалбида очилган орзу умидлар чечаги айнан ўқитувчининг қалбидан сув ичади.

Бу жавобдан лол қолдим. Устозни байрам билан табрикларканман, Беихтиёр “Таъзим сизга, эҳтиром Сизга” дея олдим, холос.

Шаҳло Бақоева,”Бухоронома” мухбири.

2020 йил 12 сентябрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.4 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!