«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T16:22:51+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

Ўлда-жўлда қилинган қурилиш ишлари. Ёхуд Термиз ҳайвонот боғи қачон муаммолардан холи бўлади?

Мақолага бежиз бундай сарлавҳа танламадик. Чунки Термиз ҳайвонот боғи узоқ йиллик фаолияти давомида доимий муаммолар гирдобида бўлган.

Давлат раҳбарининг Сурхондарё вилоятидаги ижтимоий иншоотларнинг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича берган аниқ топшириқлари Термиз ҳайвонот боғи фаолиятини ҳам яхшилаш учун катта турки бериб, у тубдан қайта қуриладиган бўлди.

Афсуски, айни пайтда бу борадаги вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Нега?!

Дастлаб Термиз ҳайвонот боғи фаолиятига доир айрим маълумотларни келтириб ўтиш жоиз.

У 1947 йилнинг 1 май санасида ташкил этилган. Умумий майдони 13 гектардан иборат масканда ҳозир 127 турдаги 791 бош ноёб жонзотлар сақланиб, парвариш қилинмоқда.

Айтишларича, 1979 йилда «Евровидение»да Термиз ҳайвонот боғи ҳақида фильм намойиш этилгач, ўша вақтдаги республика раҳбарияти бу муассаса фаолиятига алоҳида эътибор қаратган. Шароф Рашидов ўша йили Термизга ташрифи доирасида муассаса раҳбари Худойберди Маҳмудовни ҳузурига чақириб, «Энг яхши ҳайвонот боғи» фильми ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади. Фурсатдан фойдаланган боғ раҳбари Термиз ҳайвонот боғини қайта қуришга эҳтиёж борлигини айтади. Шароф Рашидов ҳеч иккиланмай, бу юзасидан Москвадан рухсат олишини, вилоят раҳбарларига эса зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш бўйича топшириқ беради. Кўп ўтмай қурилиш ишлари бошланади, аммо Шароф Рашидовнинг ўлими сабаб у тўхтаб қолади…

Тўғри, сўнгги йилларда Термиз ҳайвонот боғи иш фаолиятини ва унда олиб борилаётган қурилиш ишларининг бажарилишини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалий ишга киришилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 июндаги фармойишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармонига биноан Термиз ҳайвонот боғи ҳудудида реконструкция ва ободонлаштириш ишлари Инвестиция дастурига киритилгани, унинг бош режаси ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгани ва экспертизадан ўтказилгани маълум қилинган. Унга кўра, ҳайвонот боғини қайта қуришга доир умумий қиймати 46 миллиард 482 миллион сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилди. Зарур маблағнинг 50 фоизи республика бюджетидан, қолган қисми маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган. Бугунги кунга қадар маъмурий ва хўжалик биноларини реконструкция қилиш, бу ерда сақланаётган ҳайвонлар учун зарур шароитлар яратиш ва ободонлаштириш ишларига 26 миллиард сўмга яқин маблағ молиялаштирилган. Аммо йилдан-йилга ўтувчи иншоотни қўшимча молиялаштиришдаги муаммолар сабаб бу борадаги қурилиш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 мартдаги «Республика ҳайвонот боғлари инфратузилмасини ва моддий-техника базасини такомиллаштириш, илмий тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш, ҳайвонот боғлари коллекцияси фондини бойитиш ва ўрнини тўлдириш ишларини тизимли ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ва фаол жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон замонавий ҳайвонот боғларини жаҳоннинг етакчи ҳайвонот боғларига айлантириш тўғрисида»ги фармойишида ҳам айни мақсадда бир қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, ушбу масканга Осиё фили, жирафа, тапир, кенгуру, мовийранг қўй, бегемот, ягуар, леопард, қора қоплон, тимсоҳ каби ҳайвонларни олиб келиш кўзда тутилган. Гарчи, 2020 йилда пандемия сабаб четдан бу тур ҳайвонлар олиб келишнинг имкони бўлмаган бўлса-да, ҳозир ҳам амалий ҳаракатлар кўзга ташланмаяпти. Ҳолбуки, ўтган йилнинг биринчи чорагида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 мартдаги фармойиши ижроси доирасида Тошкент ҳайвонот боғига 24 турдаги 394 бош ва Фарғона ҳайвонот боғига 3 турдаги 3 бош ҳайвонлар Саудия Арабистони, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Африка давлатларидан олиб келинган.

Биз юқорида маблағ етишмаслигига урғу бердик. Аммо берилган маблағдан қай даражада унумли фойдаланилган, деган савол туғилиши табиий.

Қарийб 13 гектарни ташкил этадиган ҳайвонот боғи ҳудуди девор билан ўралган, катта-кичик маъмурий ва хўжалик бинолари, ҳайвонларни ёзги ҳамда қишки мавсумда сақлашга мўлжалланган 50 га яқин иншоотлар бунёд этилганига қарамай, уларнинг бирортаси ҳам боғ маъмурияти томонидан тегишли далолатнома асосида қабул қилинмаган. Нега?

Демак… Масалан, катта маблағ эвазига муассасадаги ҳайвонлар учун клиниканинг ҳайбатли биноси қурилгану, ичида жиҳози йўқ. Сув минораси бору, ҳудудда сув таъминоти йўқ, ошхона бору… ва ҳоказо.

Термиз ҳайвонот боғи маъмурияти томонидан юқори турувчи бошқарма, ҳокимлик ва вазирликка йўлланган хатларда қурилиш ишларидаги қатор камчиликлар баён этилган.

Шу ўринда айримларини келтириб ўтамиз: «Қишки ва ёзги маймунхона биносида иситиш тизимини ташкил этиш керак… Яроқсиз электр симлари туфайли тез-тез қисқа туташувлар бўлаётгани учун янгидан монтаж қилиш лозим… Бинонинг том қисмидан чакка ўтиб, девор ва шифт қисмининг сувоқлари кўчиб кетмоқда… Ички хоналарда ҳайвонларнинг сув ичиши, озиқланиши учун идишлар ўрнатиш, ташқи канализация тизимини ер ости канализацияга улаш талаб этилади… Аксарият ҳайвонлар сақланадиган иншоот атрофида ҳимоя тўсиғи ўрнатилмаган. Бу эса томошабинларга катта хавф туғдираётир».

Алоқа хатларида бу каби ҳар бири алоҳида, 20 дан ортиқ бандда камчиликлар кўрсатиб ўтилган. Уларни ким кўриб чиқади, ким маъмурият додини тинглайди?

Маълумотларда келтирилган бу камчиликларни кўздан кечириб, мулоҳаза қилинса, лойиҳа ишларида камчиликка йўл қўйилганми, деган савол ҳам ўртага тушади. Агар лойиҳа-сметада кўрсатилганига қурувчи етарли даражада эътибор қаратмаган бўлса, унда ким айбдор, қурувчими ёки бу ишларни назорат қилувчи?!

Чиндан ҳам, Термиз ҳайвонот боғи ҳудудида қурилиш соҳасида тугалланмаган ишлар талайгина. Иншоотлар қурилиши якунига етказилмаган. Ҳудудда сув таъминоти таъминланмаган. Иккита бурғу қудуқдан биттаси ишлаб турибди, холос. Ободонлаштириш учун зарур бўладиган ёмғирлаш тизими ўрнатилмаган. Чиқинди, ичимлик суви қувурлари кўп тармоқли марказлашган оқова сув тармоғига уланмаган…

— Термиз ҳайвонот боғининг бугунги қиёфасини кечагиси билан қиёслаб бўлмайди — тамомила ўзгарган, — дейди муассаса директори вазифасини вақтинча бажарувчи Шуҳрат Улашов. — Аммо белгиланган ишлар ниҳоясига етказилмаётгани жамоамиз фаолиятига салбий таъсир кўрсатяпти. Назаримда, лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, хатоликлар бўлса, тузатиш киритиш лозим, деб ўйлайман. Ҳайвонларни парвариш қилиш ва насл олиш жараёнида маълум бир меъёрлар бор. Шу жиҳатдан олиб қараганда, янги қурилган барча волерларда у ёки бу камчиликлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бу бўйича биз юқори турувчи маданият бошқармаси ҳамда вазирликка мурожаат қилганмиз. Қурилиш ишлари бўйича назорат-тафтиш бошқармаси томонидан оптималлаштириш жараёнида бир қанча иншоотлар қурилиш режасидан чиқариб ташланган. Масалан, ҳудуддаги сув ҳавзасини реконструкция қилиш, 2 та дам олиш зонаси ва 100 ўринли автомашиналар тўхташ жойи ҳамда манзарали дарахтларни экиш шулар жумласидан. Яна бир гап. Қурувчиларнинг айтишича, лойиҳада ҳайвонлар учун қуриб битказилган клиника биносини жиҳозлаш кўзда тутилмаган. Ахир жиҳозсиз бинони биз нима қиламиз?

Гарчи, ҳайвонот боғида қурилиш ишлари ҳали тугалланмаган бўлсада, ҳудуддаги манзара киши таъбини хира қилади. Суғориш тизимидаги носозликлар сабаб кўп йиллик дарахтлар ҳам қуриб қолмаса эди, деган хавотир бор. Янги манзарали ёки мевали кўчатларни экиш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Тугалланмаган қурилишлар, ободонлаштирилмаган ҳудуд, умуман, нохуш умумий манзара хорижий сайёҳларни қўя туринг, маҳаллий аҳолини ҳам ўзига жалб этмаслиги аниқ.

Термиз ҳайвонот боғига 2020 йилда бюджетдан 1 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу маблағ жами харажатлар, жумладан, 80 нафарга яқин ишчи-ходимлар ойлик маоши учун сарфланган. Хусусан, ўтган йили ҳайвонларни озиқлантириш учун бюджетдан 590 миллион сўм атрофида маблағ ажратилган. Бу кўпми ёки кам?

2021 йилда Термиз ҳайвонот боғида сақланаётган ҳайвонлар учун белгиланган озиқ-овқат рациони бўйича 127 тур, жами 791 бош ноёб ҳайвонларни озиқлантириш учун 2 миллиард 693 миллион 288 минг сўм маблағга эҳтиёж бор. Бу фақат ҳайвонларнинг озиқ-овқати учун. Муассасада бюджет тақчиллиги сабаб гўштхўр ҳайвонларга бир ойда 4,5-5 тонна ўрнига 2-2,5 тонна гўшт берилмоқда. Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, маъмурият йиртқич ва гўштхўр ҳайвонлар ўрнини ўтхўрларга алмаштириш пайига тушган. Чора йўғида чора изламоқ ҳам керакда!

Термиз ҳайвонот боғи ҳудудини кўздан кечириш асносида шунга амин бўлдикки, бу ерга кўпроқ тадбиркор ва инвесторларни жалб этиш, умумий овқатланиш ҳамда турли кўнгилочар хизмат кўрсатиш тармоқларини яратиш, замонавий аттракционларни олиб келиб ўрнатиш, шуларнинг ҳисобида бюджетдан ташқари даромад ҳажмини ошириш лозим. Бинобарин, жаҳондаги аксарият ҳайвонот боғларида ўзини-ўзи молиялаштириш имкони бор ва уларда замонавий инфратузилма яратилган.

Модомики шундай бўлгач, юртимизда туризмни, шу жумладан, ички туризмни жадал ривожлантиришга эътибор қаратилаётган бир пайтда Термиз ҳайвонот боғи фаолиятидан ҳам унумли фойдаланиш, пировардида туризмнинг асосий маршрутига айлантиришнинг даврни ўзи тақозо этмоқда. Умуман, муассасани реконструкция қилиш, ободонлаштириш, уни етакчи ҳайвонот боғига айлантириш жараёнида бирламчи муаммо маблағ етишмаслиги билан боғлиқ экан, масалага шу жиҳатдан эътибор қаратиш лозимдир, эҳтимол. Қурилиш ва лойиҳа ишларидаги камчиликлар бўлса, уни тегишли тартибда ўрганиш мутасаддиларга ҳавола…

Илҳом РАҲМАТОВ
(«Халқ сўзи»).

02 Март 2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!