«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T15:15:59+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

МАЪНАВИЯТИМИЗ КЕМТИКЛАРИ

БИРОВНИНГ   ҲАҚҚИ

Ким  нима  деса,  десину  кексаларимиз  замонамизга  шукурлар  айтиб:  “ Илоҳим  юртимизда  тинчлик  бўлсин,  бандаларига  инсоф  берсин!”,  дея  юзларига  фотиҳа  тортишади.  Бу  ҳақ  гап.  Истиқлол  туфайли  аждодлар  руҳи  шод  бўлмоқда, ўзлигимизни  танияпмиз,  миллат-миллат  сифатида  тобора  шакилланиб  бораётганини  ҳаётнинг  ўзи  кўрсатаётир.  Бироқ…  Бироқ  атрофимизда  шундай  айрим шахслар  борки,  бундайлар  ҳаммасини  ўз  қаричлари,  яъни  пул  билан  ўлчашга  одатланишган.  Оёқ  остини  кўзлаб  иш  тутишга  одатланган  бу  хил  кишилар  шахсий манфаатларини  шу  қадар  устун  қўйишадики,  иймон – эътиқодли  инсонларни  гўё  лақмага  айлантиришдан  виждонлари  заррача  қийналмайди  ҳам.  Дарвоқе,  уларда  асли  ВИЖДОН  борми  ўзи?!

Ора сира  тўрт  кишининг  суҳбатида  кимнингдир  албатта,  ҳасрат  қулфи  очилади:

– Нимасини  айтасиз,  фалончихон  “ Бир  ишга  қўл  ургандим.  600 минг  сўм  етмай  қолди.  Бир  ёрдам  қилиб  турсангиз”,  дея  ўшанда  ҳол-жонимга  қўймаганди.  Аммо  кайтаришга  келганда… Садқаи  одам  кетсин.  Ҳали  у,  ҳали  бу  баҳонани  рўкач  қилиб  пулимни  қайтармаяпти.  Тагида  “Тико” си  бор.

– Эй,  нимасини  айтасиз.  Қўшним  бир  тижоратчи  таниши  билан  ўртада  яхши  мақсад  ила  иш  бошлаганди.  Бироқ  шериги  муғомбир экан  шекилли,  анчага  “ухлатиб”  кетибди.  Ҳар  сафар  учрашганимизда  ҳасрати  бир  олам.

–  Бировнинг  ҳаққини  ҳеч  ким  еб  кетолмайди.  Бир  танишим  бировдан  автомашинасини  ўн олти  миллион  500  минг  сўмга  олган  экан.  У  келишган  нархининг  80  фоизини  тўлагандан  сўнг:

“Оғайни,  ҳужжатларини  номимга  ўтказиб  бераверинг.  Озгина  оқсаб  турибман.  Бир  ой  ичида  камини  тўғрилаб  бераман”, дебди-ю, алдаб юраверибди.  Ишлари  гуриллаб  кетибди.  2  та “Дамас” олиб,  кирага  чиқариб  юборибди.  Ўзи  эса  “Нексия” ни мазза  қилиб  чопиб  юрибди.  Ора-сира  “Жигули” нинг  собиқ  эгаси  қолган  ҳаққини  сўраса:  “Оғайни,  машинангизни  шалоғи  чиқиб  кетган  экан.  Мен  анча  сарфлаб  қўйдим.  Энди  бироз  шошмай  турасиз”, дея  чалғитаверибди.  Қарз берган  ориятли  ва  виждонли  инсонлиги  учунми  “Иши  яхши  бўлиб  боряпти-ку,  бир  кун  чаласини  берар”, деган  умидда  йилларни  ўтказибди.  У  охириги  бор  сўраганда  таниши  тан  олмай: “ Мен  сиздан  бир  сўм  ҳам  қарздор  эмасман.  Қайга  борсангиз,  бораверинг!”, деб  дағ-даға  қилибди.  Ҳалиги  иложсиз  қолган  киши  ўша  куни  барини  Худога  солиб,  юрагидан  оғринибди.

Бировнинг  ҳаққини  ҳеч  ким  ҳазм  қилолмас  экан.  Кунларнинг  бирида   қарздорнинг  катта  ўғли  Тошкентга  кетаётганда  довонда  автоҳалокатга  учрабди. Бошига  мусибат  тушгандан  сўнг,  кечалари  сабабларини  ахтариб  роса  ўйлаб,  “Жигули”  эгасининг  ҳаққини  еб  кетганлиги  ёдига  тушибди.  Афсуски  ғишт  қолибдан  кўчгандан  кейин  тушуниб  етганлигини аччиқ  кўз  ёшларини  тўкиб  айтиб  берди…

Дарҳақиқат,  бу  хил  суҳбатларни  кун  оша  эшитиш  мумкин.  Кимдир  маккорлик  билан  рози  қилиб, яна  биров  кўзингизга  тик  боқиб  замодошининг  ҳаққини  қўрқмай  виждонсизларча  еяётганлиги  ачинарлидир.  Товламачилик,  муттаҳамлик  йўлларини  ўзига  одат  қилиб  олган  шахслар  орамизда – сиз-у,  бизнинг  қаршимизда  бойваччадек  ўзларини  виқор  билан  тутишдан  хатто  заррача  уялишмайди.  Улар  пулга,  бойликка  шу  қадар  ҳирс  қўйишганки,  лозим  топилса  ўз  маанфатлари  йўлида  яқинларини  ҳам  “синдириб”  ташлашдан  тап  тортмайдилар.  Қани  энди  бундай  шахслар  БИРОВНИНГ  ҲАҚҚИ  оғирлигини,  уни  еб  кетиш  вақтинчалик  эканлигини  тушуниб  етишса!!!

Одилжон  МУҲАММАД,

журналист.

Одилжон МУҲАММАД телеграмм канали, Фасебоокдаги «ЖУРЪАТ» саҳифасида ёритилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.4 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!