«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T13:28:12+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

ЖАНГЧИ ВА ЖАРРОҲ

Очерк

1944 йил, 22 июн. 2 Белоруссия фронти 33 армия 95 дивизияга ушбу мамлакат тупроғига ўрнашиб олган фашистлар мудофаасини ёриб ўтиш ҳақида буйруқ берилди. Жанг бошланганига анча бўлган, бироқ армия сафига келиб қўшилган ёшлар урушга ҳали тайёр эмасди. Мазкур дивизиянинг 241 ўқчи полки сафида илк бор қўлига қурол олиб, жангга киришаётган 18 яшар, мўйлаби энди сабза урган сержант Бафо Баҳроновнинг ҳам кўз ўнгида урушнинг бутун даҳшати намоён бўлди. 1943 йил март ойида ҳарбий хизматга сафарбар этилган, бир йилдан ортиқроқ давр мобайнида сержантлар тайёрлаш қисмида ҳарбий тайёргарликни ўтаган бўлсада, тўсатдан жангга киришиш вазифаси нафақат уни, бакли у тенги кўплаб ёшларни эсанкиратиб қўйганди.

Еру кўкни титратиб артиллерия тўплари отила бошлади. Бомбаларнинг портлашидан уйдум-чуқурга айланган улкан майдонни бир зумда тутун ва чанг қоплаб олди. Қуролдош дўстларининг граната портлашию тепадан чийиллаб учиб келаётган ўқлардан ҳалок бўлаётганилиги кўрган Бафонинг қалбини шу дам ваҳм эгаллади. Мудофаа учун қазилган ҳандақнинг бир бурчига биқиниб, қулоқларини ҳам беркитиб олди.

Ўқтин-ўқтин тепадан учиб ўтаётган самолётлар душман устига бомбалар ёғдириб, вазиятни буткул ўзгартирди. Шу он фашистларнинг саросимада қолган пиёда аскарларига қарат ўқ узиш, улар томон бостириб бориш топшириғи берилди.

Ўлим шарпасини ҳис қилган ёш аскарнинг кўз ўнгидан туғилиб ўсган қишлоғи, ота-онаси — яқинлари бир-бир ўтарди. Мана, ўша у болаликда қўй боқиб юрган қирлар, мана лойқа сувларига мазза қилиб чўмилган ариқлар… Ахир, бу урушга шуларни ҳимоялаш, уруш олови она тупроғигача етиб бормаслиги учун келмаганмиди? Қонини ҳам, жонини ҳам шунга тикмаганмиди? Нега ўлим қаршисида довдираб қолди унда? Шуни хаёл қиларкан, юрагини эгаллаган қўрқув бирдан аллақаерга йўқолди ва чайир қўлларидан қочган мадор яна икки карра ўзига қайтгандек бўлди. Кўзларини очиб, командирнинг у томонга қараб, душманга ўқ отишга ишора қилаётганлиги кўрди ва ўрнидан қўзғалиб, нишонни аниқлади ва автоматини тарилатганча илк ўқларини уза бошлади…

* * *

2010 йил, май. Ёшлигимда ҳовлимизнинг бир бурчида ўрнатган турникка ҳар эрталаб тортилиш одатим бор эди. Бу сафар ҳам бадантарбия машқларни бажариб, чуқур-чуқур нафас олиб, дуккиллаб ураётган юрагимнинг ҳовурини туширишга ҳаракат қилардим. Сал ҳовурим босилгач, ўт босган йўлкадан энди уйга кираман деганда, ковушим эрталабки шудрингда тойилиб кетиб, йиқилиб тушдим. Уйга кирганимда эса рангларим оқариб, бутун танамни ҳолсизлик эгаллай бошлади. Қарасам, боя йиқилганимда тиззамни шиша бўлаги чуқур кесиб юборган, қон ҳам оқаётганди. Дарҳол ярани боғлаб, мени кўчамиз бошида яшовчи табиб бобо — Бафо отанинг уйига олиб боришди. Отахон тиззамни кўриб, дарҳол жарроҳлик асбобларини олдида, спирт билан аввал уларни, сўнг тиззамни артди. Кейин менга бу тарафга қарамасликни айтиб, ёғочқошиқни маҳкам тишлашимни тайинлади. Бир пасда тиззамнинг салкам ярим қарич кесилган жойи тикилди. Оғриқнинг зўридан оғзимдаги ёғочга тишларим тобора қаттиқ босарканман, пешонамдан дув-дув тер оқарди. Ингрардим.
— Нега қалтирайсан, қўрқма, бу ахир оддийгина жароҳат, — дея Бафо бобо ишини тугатиб, титроқ босган қўлларимдан маҳкам тутди. — Тез кунда битиб кетади. Шу дам табиб отанинг совуққина қўллари гўё ўт бўлиб ёнаётган бутун баданимни бирдан музлатиб, қўрқувим ҳам оғриқ ҳам ўз-ўзидан ариди…

* * *

Ўша йили Бафо Баҳронов Белоруссиянинг Могилев, Бобруйск, Минск шаҳарларини душмандан озод этиш жангларида қатнашди. Днепр дарёсини кечиб ўтишда жасорат кўрсатди. Халоскорлар 1944 йилнинг охирида Полша ерларига кириб борди. Белосток, Люблин шаҳарларини душмандан озод қилишда қатнашди. Висла дарёсини кечиб ўтиш, мамлакат пойтахти Варшава шаҳрини фашистлардан халос этиш учун олиб борилган жангларда у кўрсатган мардлик ва жасорат эвазига «Варшавани озод этгани учун» медали билан тақдирланди.

1945 йил январ ойида қўшинлар Висла дарёсини кечиб ўтиб, Германия тупроғига қадам қўйдилар. Шу йилнинг январ, март ойларида душманга қарши қақшатқич ҳужумлар уюштирилди. Германиянинг Франкфурт-Майне, Франкфурт-Одре шаҳарларини душмандан тозалашда Бафо Баҳронов мерган, яъни снайпер сифатида алоҳида жасорат кўрсатди. Қисқа вақтда 15 нафар фашистни ер тишлатиб, 2 нафарини асир олганлиги сабаб «Жасорати учун» медали, «ИИ-даражали Ватан уруши ордени» билан мукофотланди.
Жангчининг хотирасида ўчмас из қолдирган уруш воқеаларидан яна бири 1945 йилнинг апрелида Элба дарёси соҳилида америкалик иттифоқчи қўшинлар билан собиқ Совет армияси қўшинларининг тарихий учрашувида ҳамда Берлин шаҳрини олиш учун бўлган жангларда ҳеч бир талофатсиз кўзланган натижага эришилганидир. Буюк ғалабани Германия пойтахтида кутиб олган Бафо Баҳроновнинг кўксини кўплаб нишонлар қатори «Берлинни олишдаги иштироки учун» медали ҳам безаб турибди.  Кейинчалик, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилиб, у кишига давлатимизнинг юксак мукофоти — «Шуҳрат» медали ҳам тақдим қилинди.

* * *

Уруш тугагандан кейин ҳам Бафо Баҳронов яна беш йил ҳарбий хизматни давом эттирди ва 1950 йилдагина киндик қони тўкилган тупроқ — Навбаҳор туманининг Арабхона қишлоғига қайтди. Ёшлик шижоатини эл соғлиги йўлида хизмат қилишга бағишлади. 1955 йилда Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳридаги тиббиёт институтининг умумий даволаш факултетига ўқишга кирди. Ўқишни тугатгач, йўлланма билан қўшни давлатнинг Қўрғонтепа вилояти Куйбишев тумани марказий шифохонасининг жарроҳлик бўлими мудири вазифасида меҳнат фаолиятини бошлади. Самарали меҳнати эвазига «Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган врач», «Соғлиқни сақлаш аълочиси» унвонларига сазовор бўлди.  1993 йилда Бафо Баҳроновлар оиласи киндик қони тўкилган она юрти — Навбаҳордаги Арабхона қишлоғига қайтиб келди. Нафақага чиққан бўлсада, собиқ жангчи-жарроҳ кексаликни тан олгиси келмади ва тумандаги марказий шифохонада 1997 йилгача маслаҳатчи-врач сифатида фаолият кўрсатди. Ёш шифокорларга сермашаққат касбнинг сирларини ўргатди, тажриба ва малакасини халқ саломатлигини мустаҳкамлашга сарф этди.

Бу хонадон Арабхона маҳалласидаги энг ибратли, мақтовга лойиқ оилалардан ҳисобланади. Бафо ота қарийб 70 йилдан буён турмуш ўртоғи Майрам ая Тиллаева билан аҳил-иноқ ҳаёт кечириб, беш ўғил ва уч нафар қизни вояга етказди, уйли-жойли қилди. Бугунги кунда невара-чевараларининг ардоғида.

Отахон суҳбат асносида ҳаётидан мамнун ҳолда бугунги тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини қайта-қайта таъкидлайди.

— Ўзбекистонда уруш қатнашчиларига бўлган эътибор юксак даражада, — дейди Бафо бобо. — Бунинг учун давлатимиз раҳбарига ташаккур. Бу аввало, бугунги авлод тинчликни қадрлаб, уни асраб-авайлаётганлигини кўрсатади. Урушнинг нелигини биз кўрдик, бошқалар асло кўрмасин! Яратгандан ягона тилагим шу.

* * *

2020 йил, 3 май. Кармана туманидаги Хотира хиёбони. 95 ёшни қаршилаётган Бафо бобо эварасини етаклаб, зарҳал саҳифаларда битилган қайдларни бир-бир очиб кўраркан, ўзи билан бирга жанг қилган қуролдошларининг номини ахтарарди. Мана улардан бири… Нигоҳлари ўзига таниш исмга тушдию, кўзларида йилт этиб ёш пайдо бўлди. Ёт юртлар тупроғига қоришган дўстларининг хотираси ҳурмати учун ҳар йили мана шу хиёбонни зиёрат қилиб, қалби таскин топади, хотиржам бўлади.
— Бобо, мана бу онахон нега хомуш? — сўрайди невараси қўнғироқдай овозлари билан майдон тўрида савлат тўкиб турган Мотамсаро она ҳайкалини кўрсатиб. Бобоси уни опичлаб олади ва бағрига маҳкам босади:
— Э, қўзим, бу мотамсаро сиймода урушда фарзанди ҳалок бўлган минг-минглаб оналарнинг ғам-андуҳи мужассам. Урушнинг номи ўчсин, болажоним!

Озод МУСТАФОЕВ,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

(«Дўстлик байроғи» газетасининг 

 2020 йил, 27 май сонида эълон қилинган)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!