«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T11:27:27+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

БИЗ БИРМИЗ, БИРГАМИЗ. ҚИЙИНЧЛИКЛАРНИ, ОФАТНИ, ПАНДЕМИЯНИ

ЕНГИБ ЎТАМИЗ

Эзгуликни, хайр-саховатни эрта кечи бўлмайди. 1-май куни Сардоба сув омборини уриб кетиши туфайли сув тошқинидан зарар кўрган сардобалик, мирзаободлик, оқолтинлик оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам бериш мақсадида «Биз бирмиз, қалбан биргамиз» шиори остида Республикамизда ўтказилаётган кенг қамровли хайрия акцияларини кўриб тўғрисини айтганда кўзларимга ёш келди. Шу юртда туғилганимдан, шу одамларни ичида яшаётганимдан ғурурланиш, фахрланиш туйғусини тўйдим ичимдан.

Қаранг чор атрофга, одамларга, шундай кунда бир-бировига ёрдам қўлини чўзмоқда.  Синовли кунларда, табиий офатдан зарар кўрган фуқароларга далда бўлиб, имкон даражасида ёрдам қўлини чўзиб, қийинчиликларни бирга, бирлашиб, биргалашиб енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Буям бизни бир-бировимизга бўлган меҳримиз, муҳаббатимиз ифодаси эмасми?

Айтинг-чи? Бундай одати, кўҳна қадрияти, саховатпеша инсонлари бор юрт ер юзининг яна қаерида бор? Ер юзасидаги кўплаб юртлар ва у ерларда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари бизни муқаддас қадриятларимизга, бағрикенглигимизга, оқибатли ҳалқ эканлигимизга ҳавас қилишади, тан беришади.

Сардобада содир бўлган сув тошқини талофатларини бартараф этиш, офат оқибатида эвакуация қилинган аҳолига ёрдам бериш мақсадида ҳаракат қилаётган, югураётган, бирга бир жамоа бўлиб бирлашаётган халққа қаранг!

Кимдир имконидан келиб чиқиб офат туфайли қийинчиликни бошдан ўтказаётган аҳолига саховат ёрдамини кўрсатаётган бўлса, яна кимдир ширин сўзи, ширин каломи билан уларга далда бўлмоқда.

Буни  бошига ташвиш тушган одамгина яхши билади, ҳис этади. Муҳтарам Президентимиз воқеанинг дастлабки онлариданоқ Сардобага келиши, халққа далда бўлиб туриши, талофатни бартараф этиш ишларига ўзи бош-қош бўлаётгани нафақат тошқин оқибатидан зарар кўрган одамларни, қолаверса, бутун ўзбек халқини тўлқинлантириб, юрагини жунбушга келтириб юборди. Бу ҳолатни ижтимоий тармоқлардан ўқиб, телеканаллар орқали намойиш этилаётган кўрсатувлар орқали кўргач, ўша жараёнларда иштирок этаётгандек ўзимни тасаввур этдим. Миннатдорчилик сўзларини беихтиёр қалбдан, юракдан айта бошладим! Қўйилиб келаверди сўзлар ҳам, кўз ёшлари, севинч ёшлари ҳам.

Бу томонда пандемия туфайли жорий этилган карантин чора-тадбирлари, бу томонда Бухоро воқеалари, бу томонда Сардоба, яна бу томонда 34 миллионлик катта оила ташвишлари қараб турибди. Жуда катта… залворли юк! Давлатимиз раҳбари бу масалаларни оқилона ечимини топиб, йўл- йўлига қўяётган бир пайтда нега биз чеккада, панада паналаб, бегоналардай туришимиз керак?

Ҳа айтмоқчи, аҳиллигимизга, иноқлигимизга, меҳр- мурувватлилигимизга кўз тегмасин. Минг бора..!

Қаранг, сув тошқини оқибатида қийналиб қолган инсонларга ёрдам сифатида ана шундай меҳрли, қадриятли, иймонли, инсофли одамларимиз томонидан юборилаётган хайрия ёрдамларини, саховат карвонларини. Уларнинг охири кўринмайди.

Шундай оғир бир шароитда жипслашиб «Биз бирмиз, қалбан биргамиз», деганича улар ҳам Сардоба, Мирзаобод, Оқолтинликлар каби қийинчиликларни, синовларни енгиб ўтишига ҳаракат қилмоқда.

Уйсиз қолган, тушкунликка тушиб қолган одам аҳволини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз? Ёки эътиборсиз, меҳр- муҳаббатсиз киши аҳволини-чи? Айтишга осон, аммо қийин масала. Буни шу ҳолга, шу ҳолатга тушган одамгина яхши ҳис этади, юракдан, қалбдан.

Раҳматли момом айтар эди, «болам бу қийинчилик қийинчиликмас. Сени сўрайдиган, орқангдан қўллаб- қувватлайдиган, суянч бўладиган тоғинг, Ватанинг, одамлар ва яқинларинг бор. Энг ёмон қийинчилик – эътибордан четда қолиш, ёнингда далда бўладиган, қийинчилик кўрган кунларингда суянч бўладиган, сени сўраб турадиган одамларни, яқинларнинг бўлмаслиги» дерди.

Бу гапларнинг мағзини бугун Сардоба, Бухоро вилоятларда бўлиб ўтган офат келтирган талофатлар, об-ҳаво инжиқликлари, пандемия оқибати мисолида англагандай, ич-ичимдан ҳис этгандай бўляпман.

Ёлғиз эмас эканмиз. Қўл чўзадиган яқинларимиз, ҳалқимиз, яхши ва ёмон кунимизда суянч бўла оладиган Ватанимиз бор экан. Ўз юртини ташлаб ўзга юртларга чиқиб кетган Ватансиз, яқинсиз, қўни-қўшнисиз, жигарларсиз юрганлар қанча? Бизга эмас, уларга қийин. Суянч бўладиган юрти, шундай синовли кунларда далда бўладиган халқи ҳам, яқинлари ҳам йўқ!

Шукур..!, дейман. Шу Юрт, шу Ватанда яшаганимга. Яшаш имконини бергани учун Аллоҳга шукур!

«Очарчилик, қаҳатчилик, деган қийинчиликни кўрганман болам. Бир бурдагина нонни топиш азобини айтмайсанми. Биров-бировга ёрдам бера олмайди, яқинларинг эса ўзини олиб қочади, моли-давлатинг бор.» Тилла» дейсанми, «кумуш» дейсанми, аммо сотиб олиш учун нонни йўқ. Чақиртикан териб келиб, биров кўриб қолмасин, таомимга шерик бўлмасин, деганча яшириб, келичада эзиб, болаларимга қайнатиб берганман, болам.  Қайдан билай чақиртикон дони қорин дамлатишини.

Оч, кўзи милтиллаганча турган болаларим ўша қайнатилган егуликдан дамлаб қолишини, ўлишини. Очдан ўлгандан кўра еб ўлган яхши, деб еганмиз. Отанг ҳам, амакиларинг ҳам. Шу кунларни ҳам кўрдик. Ўлик кўмиш учун одам топилмайди. Нон қаҳат бўлгандай одам ҳам қаҳат бўлиб қоларкан шу пайтларда. Ҳозир яхши. Сени сўрайдиган, сенга суянч бўладиган, оғир ва қийинчилик кўрган кунларингда далда бўладиган, ёнингга келиб ёрдам қўлини чўзадиган одамлар бор. Ватан бор! Шукур қилиш керак болам, шукур! Очдан ўлмадингми, демак сени ҳеч қандай бало, офат, ўлат нима келсаям ўлдираолмайди», дерди момом.

Бу гапларни эшитганимгаям ўттиз беш йиллардан ошиб қолди. Қаранг, ҳозир шундайми? Албатта йўқ. Жаннатда, жаннатистонда яшаяпмиз. Сардоба ва Бухородаги табиий офатларини, пандемия қийинчиликларини айтмаганда.

Эсимда, Сардоба воқеасига ўхшаш воқеа болалигимда, 1986 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда қишлоғимизда қурилган, энди битиш арафасида турган Қалқама сув омборининг бир бурчагидан ёғингарчилик миқдорининг кўплиги, тоғда қорнинг эриши туфайли ўпирилиш содир бўлганди. Муқаддас китобларимизда ҳам, боболаримиз, момоларимиз ҳам бежизга айтмаган. «Бало, офат шомдан кейин, тонгга яқин келади» деб. Қалқама сув омборидаги ўпирилиш ҳам тонгга яқин содир бўлганди. Куни кеча кўз ўнгимда бўлгандай. Муҳрланиб қолган бу «майна» қурғурга.

Раҳматли акам сув иншоотининг бошлиғи эди. Ўша маҳаллари, ҳозиргидай қудратли техникалар қаерда, дейсиз. Биз билган «КАМАЗ»,» КРАЗ» деган машиналар бўларди. Бир ярим ой деганда  хавф базур бартараф этилганди.

Биз ёш бўлганмиз. Кўч-куронимизни, моли-ҳолимизни ташлаб уйдан қочиб чиққанмиз. Жонимизни сақлаб қолиш учун, яшаб қолиш учун. Ҳозиргидек катта талофат бўлмасада, Чамбил, Оқчова, Қўрғонтепа, Манғит, Довтош, Галабек, Уйшун, Чияли каби кўплаб қишлоқларда уйларга зарар етган эди.

Сардобадаги сув тошқини оқибатида зарар кўрган одамларни кўрарканман, улар билан суҳбатлашар эканман ёшлигим, болалигим, икки ойлаб бировларни уйида яшаганим, момом айтиб берган воқеалар эсимга тушиб кетаверади.

Ҳа, майли қўяверинг. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади . Кўрмагандай бўлиб кетамиз ҳали. Эслаб, эслаб, болаларимизнинг болаларига ҳам айтиб берармиз. Энг муҳими «Биз бирмиз, қалбан биргамиз». Шундай бир паллада бир-бировимизга ёрдам бериб синовларни енгиб ўтмасак, қачон енгиб ўтамиз. Яхшиси эҳтиёжмандларга ёрдам бериб саховат кўрсатайлик.

Энг муҳими оғир кунларда бир-бировини қўллайдиган ҳалқимиз, ёрдам қўлини чўзадиган саховатпеша инсонларимиз, қудратли техникаларимиз, қудратли давлатимиз бор.

Биз бирга ва биргаликда ҳаракатни давом этиришимиз лозим.

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи

Ҳуррият” газетасининг Сирдарё вилоят мухбири

http://t.me/malhamssb   телеграм каналида  06 май 2020 йил

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.4 / 5. Baholaganlar soni: 35

OAV nomi va parolini kiriting!