«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T11:02:59+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

Шерозий таваллудининг 130 йиллигига

БОШИНДА ШЕРОЗИ, ҚЎЛИНДА СОЗИ

Хоразм сўзи  тилга олинганда олис тарих не- не буюк алломалар, авлиё-анбиёлар, шоирлар хаёлдан ўтади. Шулар қатори машҳур созанда ҳамда ҳофизлар ҳам кўз олдимизга келади. Шулардан бири мафтункор сози ва хуш овози билан минг-минглаб дилларни сеҳрлаб, номи халқимиз ёдидан мангу жой олган санъатимиз дарғаси Ўзбекистон Халқ артисти Мадраҳим қубов-Шерозийдир.

У 1890 йили Хива шаҳрида таваллуд топган. Болалигидан мусиқага ихлос қўйган бўлғуси ҳофиз ўз даврининг таниқли хонанда  ва созандалари  Қуржи ота- Қурбонниёз Авазметов, Полвон дўзчи ва бошқаларга шогирд тушиб дутор, гармон чалишни, ижро маҳоратларини ўрганган. Иқтидори, интилиши туфайли элга танилган.

Ҳофиз ижодий фаолиятининг илк йиллари Хивада инқилобий воқеалар кечаётган синовли, таҳликали йилларга тўғри келган.

У шўролар ҳокимияти даврида сиёсий идора қошидаги концерт бригадасида (1920), кейинчалик Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий томонидан ташкил қилинган театр труппасида (1921 .) фаолият кўрсатган.

Истеъдоди ва беназир ижроси эътироф этилган Шерозий хонанда ва созанда сифатида 1923 йили Москвада Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги кўргазмасида, 1937 йилда эса ўзбек санъати декадасида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлди.

Ўша даврларда, кейинчалик ҳам  байрам тадбирлари, халқ сайллари, тўю-томошалар Шерозий иштирокисиз ўтмаган.

Шерозий ўз санъати билан Катта Фарғона канали бунёдкорлари хизматида ҳам бўлганлар.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрида ишлаган  Мадраҳим Ёқубов ўз куй-қўшиқлари билан халқимиз руҳини кўтариб буюк ғалабага  муносиб ҳисса қўшган  санъаткордир.

Маълумки. Хоразмда илк театр Хивада ташкил қилинган. 1933 йил у вилоят маркази Урганч шаҳрига кўчган.Театрнинг илк фаолиятидан бошлаб жамоа сардори саналган Шерозий кўплаб шогирдлар тарбиялади.1939 йил эса театр қошида гармончилар ансамбли ташкил этиб истеъдодли хотин-қизларни жалб қилган ҳолда уларга устозлик қилди.

Шерозий ҳалқ қўшиқлари,  Хоразм достон ҳамда мақом, сувора  йўлларидаги куй ва ашулаларни маҳорат билан куйлаш билан бирга ўзи ҳам “Гул Ватан”, “Асрлар орзиқиб” каби ўнлаб янги қўшиқлар яратган.

Шерозий ўз даврида  машҳур санъаткор ва сўз усталари Қурбон ота Исмоилов, Матюсуф Харратов-Чокар,  Баёний,  Партав, Мулла тўйчи Тошмуҳаммедов, Тамахоним, Юнус Ражабий,  Ҳожихон Болтаев, Ўрта Осиёнинг биринчи фото ва кинотасвирчиси Худойберган Девонов ҳамда бошқалар билан нафақат қадрдон дўст, балки ижодий ҳамкор, ҳамфикр бўлган.

Шунингдек, Комилжон Отаниёзов,Матёқуб Раҳимов, Султонпошша Раҳимова,Ваҳобжон Фаёзов, Матниёз Юсупов каби ўнлаган машҳур хонанда ва созандаларга устозлик қилган Шерозий умрининг охиригача (1973 й) юрт хизматида, эл ардоғида бўлди.

Ўзбекистон Халқ артисти юксак унвонидан ташқари кўксини “Меҳнат Қизил Байроқ”, “Ҳурмат белгиси” орденлари безади.

Бошида шерози дўппи кийиб гармон созни бағрига босиб жўшиб  куйлаган Шерозий хақида  халқимиз томонидан эҳтиром тариқасида ижод қилинган:

“Бошинда шерози қўлинда сози,

       Саҳарларда галар булбул овози”

каби термалар ҳозирда ҳам шўх-шодон давраларда тез-тез янграб туради.

Айни кунларда   ҳам Шерозий номи санъатсевар халқимиз тилидан тушмайди. У ижро этган қўшиқлар  ёш хонандалар томонидан байрамлар тўй-томошаларда севиб ижро этилади,мухлислар томонидан завқ билан тингланади.

Санъаткор хотирасини абадийлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳам давом этаётир.

Қадимий, музей-шахар Хивада, Ичан-Қалъанинг марказида меъморий ёдгорлик Қози Калон мадрасаси бор.Бу тарихий бинода ҳозирда музей-қўриқхонанинг  “Хоразм мусиқа тарихи” бўлими жойлашган. Бу ерда Шерозий ҳаёти ва ижодий фаолиятини акс эттирувчи экспозиция ташкил этилган. Ундаги нодир экспонатлар ташриф буюрувчиларни алоҳида эътибор ва қизиқишга сазовор бўлиб келмоқда.

-Бу ердаги   экспозиция ва кўргазмаларда эрамиз аввалидан то ҳозирги давргача бўлган мусиқа тарихига оид 500 га яқин экспонатлар жой олган,-дейди бўлим мудири Комилжон Аминов.- Улар, шунингдек, Шерозий бобо ижоди акс этган экспозиция ҳам янги осори – атиқалар билан бойитиб борилмоқда.

Бобоси касби ва анъаналарининг давомчиси, мусиқашунос невараси Зокиржон Мадраҳимов ташаббуси билан Урганч шаҳрида ҳам Шерозий уй музейи ташкил этилган. Музейга ташриф буюрувчилар ҳофиздан  ёдгорлик буюмларни кўриб ижросидаги куй-қўшиқларни тинглаб беҳад завқланадилар   Санъаткорнинг катта ўғли, филология фанлари доктори, профессори, раҳматлик Отаназар Мадраҳимов ҳамда шоир ва адиб Сотим Аваз қаламига мансуб “Мадраҳим Шерозий” номли китоб, шунингдек, Матниёз Юсупов ва бошқалар томонидан ноталаштирилган ёзма ва аудио манбалар мухлислар ва ёшлар томонидан ўқиб-ўрганилмоқда.

 Шерозий меросини  ўрганиш, тарғиб этиш ишлари  бардавом.

Ичон-Қалъа давлат музей қўриқхонаси ва маданият муассасалари томонидан Шерозий-Мадраҳим Ёқубов таваллудининг 130 йиллигига бағишлаб маданий,маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш  режалаштирилган.

Ана шундай тадбирлардан биринчиси-Шерозий ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбати Ичон-Қалъа давлат музей қўриқхонаси “Хоразм мусиқа  тарихи” бўлимида бўлиб ўтди.Унда мусиқа шунослар, илмий ходимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъат мухлислари вакиллари  иштирок этишди.

ОТАБЕК  ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар  уюшмаси аъзоси.

(“Маданият” 2020й. 30 июль, ”Жамият” 2020й.21 август.)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!