«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T09:23:23+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

“ОЛТИН  ФОНД”ГА  ТАМАЛ  ТОШИ  ҚЎЙИЛМОҚДА

Юртбошимиз раҳнамолигида  навқирон авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш, бунинг учун ёшларга барча шарт-шароитларни яратиб бериш борасида мисли кўрилмаган кенг кўламли ишлар амалга ошрилмоқда. Таҳсилнинг барча босқичи –  мактабгача таълим, умумтаълим, профессионал ва олий таълим тизимлари шаклан ва мазмунан янгиланиб,  уларнинг узвийлиги таъминланмоқда, сифат даражаси юксаляпти.   

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев ушбу янги мактабда  яратилган шароитлар билан танишди, таълим масканининг “қалдирғоч” ўқувчилари билан суҳбатлашди. “Сизларни шундай нуфузли мактабга муносиб бўлганингиз билан чин юрагимдан табриклайман.   Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз бор… Сизлар билимингиз, юриш-туришингиз, ватанпарварлигингиз билан ҳамма ёшларга намуна бўлишингиз керак. Келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган куч бўласизлар. Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди”сиз”, – деди уларга қарата Президентимиз.

– Муҳтарам Президентимизнинг  бу сўзлари,  у инсоннинг умуман ёшлар сиёсатига қаратаётган алоҳида эътибори ҳаммамизни фаолликга, ислоҳот ва янгиликларга  қўл уришга ундади,  – дейди Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Фурқат Жўрақулов. – Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ортда қолаётган шу йилнинг ўзида ҳаётга татбиқ қилинган,  мазмун-моҳиятида жумладан, ёшлар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш  масаласи ҳам катта ўрин тутган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, улар  туфайли эришилган ижобий натижалар бизни руҳлантирди.

Маълумки, шу йилнинг 30 октябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисида мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада ривожлантириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, унинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш ҳамда ўқитувчи-мураббийларнинг мавқейи, обрў-эътиборини оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Биз учун аҳамиятли томони эса, ўша йиғилишда қабул қилинган қарорининг  иккита бандида  “Жиззах тажрибаси” ибораси тилга олиб ўтилди.

Жумладан, қарорнинг 26-банди билан  2021 йилдан бошлаб Жиззах давлат педагогика институти  салоҳиятидан фойдаланилган ҳолда, вилоятдаги мактаб ўқувчиларига психологик ташхис қўйиш орқали  касбга йўналтириш бўйича Жиззах тажрибаси намуна сифатида ташкил қилиш белгилаб берилди. Ҳужжатнинг 29-бандида эса, Жиззах вилояти тажрибаси сифатида халқ таълими, профессионал таълим, олий таълим тизимида аъло баҳоларга ўқиётган намунали хулқ, креатив фикрлаш ва келажакда юқори марраларни эгаллашни мақсад қилган иқтидорли ёшларни  аниқлаш, саралаш,  уларнинг келгуси тақдири, орзу-ниятиларининг амалга ошишига  кўмаклашиши мақсадида “Олтин фонд” дафтари тажрибасини  амалиётга татбиқ этиш  зарурлиги қайд қилиб ўтилди.

– Бугунги кунда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, энг аввало, таълим муассаларида амалиётчи психологларнинг ўрни катта. Чунки ёшларни ҳар жиҳатдан ўз иқтидорларини намоён этишларига кўмаклашиш, юксак маънавий фазилатларини намоён этишлари ва турли салбий иллатларга қарши иммунитетни ҳосил қилишлари учун малакали психологларнинг ёрдами керак, – дейди Жиззах давлат педагогика институтининг мактаб менежменти кафедраси мудири, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Тўйчи Аҳмедов. – Шу боисдан бизнинг олийгоҳ  томонидан вилоятдаги мактаб ўқувчиларига психологик ташхис қўйиш орқали касбга йўналтириш бўйича Жиззах тажрибасини шакллантириш ҳамда психология таълим йўналишида олий таълим муассасаларининг 3-курсидан бошлаб дуал таълим тизимини амалиётга жорий қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди,   Бугунда  2020-2021 ўқув йилининг охиригача тажриба-синов ишларини олиб бориш учун вилоятдаги 20 та умутаълим мактаби танлаб олинган бўлиб, уларда замонавий усул ва методикаларни қўллаган ҳолда психологик ташхислаш ишларини олиб бориш учун тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Шу ўринда  “дуал таълим”, деган иборанинг ўзи нима деган савол туғилиши табиий. Дуал таълимда таҳсилнинг назарий қисми таълим-тарбия муассасасида, амалий машғулотлар эса, корхонада ўтказилади. Шуниси борки. ҳозиргача дуал таълим фақатгина ишлаб чиқариш корхоналарига мутахассис тайёрловчи таълим муассасаларида татбиқ этилган, энди эса,  психология таълим йўналишида бундай амалиёт илк бора  синовдан ўтмоқда. Ваҳоланки, психология таълим йўналишида таҳсил олган мутахассислар турли ташкилотларда ишлаши мумкин.  Шуни эътиборга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг психология таълим йўналишида ҳам дуал таълимни жорий этиш мақсадга мувофиқ деган ҳулосага келинди.  Жиззах давлат педагогика инстутида бу тажрибани 2020-2021 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўриндошлик асосида психолог бўлиб ишлаётган 14 нафар талабалар мисолида синаб кўрилаётир.

Таъкидлаш жоизки, бу ишларни амалга ошириш учун институт қошида  касбга йўналтириш маркази ташкил этилди. Мазкур марказ зиммасига психологик ташхис қўйиш орқали олиб бориладиган илмий-методик жараённи мувофиқлаштириб бориш вазифаси юкланди.

Хўш,  Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисида тилга олиб ўтилган яна бир муҳим масала – “Олтин фонд” дафтарини шакллантиришдан кўзда тутилган мақсад нима? Унинг амалга ошишидан кимлар, қандай манфаат топади?

–  “Олтин фонд” дафтари  умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари, профессионал таълим, Олий таълим тизимида таҳсил олаётган аълочи ва иқтидорли ёшлардан шакллантирилади , – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Фурқат Жўрақулов. –  Бунда асосан қишлоқ ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшларнинг келажакда ўз олдига юқори марраларни қўлга киритишни мақсад қилган, билимга чанқоқ, аммо турли объектив ва субъектив сабабларга кўра, олий ўқув юртлари талабаси бўла олмаётган вакилларига  эътибор қаратилади.

Шунингдек, “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг олийгоҳларда  таълим олаётган иқтидорли ва истеъдодли,  илм-фанга қизиқиши юқори фарзандлари, фан олимпиадалари ва нуфузли танловлар ғолиби бўлган,  маданият, санъат ва спорт соҳаларида юқори натижаларга эришган, тадбиркорлик,  аграр соҳа ривожига оид инновацион ғоя ва лойиҳалари мавжуд, аммо бу борадаги имкониятларини намоён этишда қийналаётган ёшларга ҳам  “Олтин фонд” дафтари рўйхатига киритилишида енгилликлар берилади.

– Вилоятимиз ҳокими қарори билан “Олтин фонд” дафтарини амалиётга тадбиқ этиш юзасидан вилоят ишчи гуруҳи тузилди, – дейди 5Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи  Дилмурод Худайшукуров. –  Гуруҳ зиммасига мутасадди бошқарма ва ташкилотлар билан биргаликда икки хафта муддатда “Олтин фонд” дафтарини амалиётга тадбиқ этиш юзасидан намунавий Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиққа киритиш юклатилди. “Олтин фонд” дафтарига киритиладиган ёшларни маънавий, моддий ва молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнинг  бошқармамиз қошида “Олтин фонд” жамғармаси ташкил этилади. Энг муҳими, бу борада амалга оширилган ишлар вилоят раҳбариятинин доимий эътиборида туради, жумладан, ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига киритиб борилади.

“Олтин фонд” дафтарига киритилган ёшларнинг фан-таълим, тадбиркорлик, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришган ютуқларни маҳаллий ҳамда республика оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш бизнинг зиммамизда, – дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Эркин Шерманов. – Ҳозирданоқ вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг нашрларида,  МТРКнинг вилоят телерадиосида  шу мазмундаги алоҳида рукн остида мақолала ва чиқишлар, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаб, эълон қилиш  ишлари бошлаб юборилди.

Бугунгача Жиззах вилоятида  янгидан ташкил топаётган “Олтин дафтар” фондига киритилиши мумкин бўлган 570 нафардан ортиқ йигит-қизларнинг  рўйхати шакллантирилди. Уларнинг сони янада кўпайиши муқаррар. Шу билан бирга ушбу рўйҳатнинг шаффофлик тамойили асосида. одилона ва  ҳаққоний тузилиши, унга  чинаккам  муносиб ёшларнинг киритилишига эришиш ҳам муҳим масала.  Зеро, шундан кейин ушбу ёшлар вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаган  минглаб турли мавқедаги ҳамюртларимиз диққат-эътиборида бўлади. Уларнинг ғоялари, лойиҳалари-ю ишланмалари “Олтин фонд” жамғармаси томонидан рағбатлантирилиб борилади…

Худойберди КАРИМОВ, Янги Ўзбекистон” мухбири

(Мақола “Янги Ўзбекистон газетасининг 

2020 йил 27 декабрь сонида чоп этилган)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!