«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-30T08:59:11+05:0030 Mart, 2021|Олтин қалам|

Парламент назорати

ҲАР БИР ИШДА ЭКОЛОГИЯ МАСАЛАСИ ИНОБАТГА ОЛИНИШИ ЗАРУР

Табиатни аслича, атроф-муҳитни мусаффо сақлаш бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Шу билан бирга, ушбу масалалар фақатгина бир ҳудуд ёки минтақага ҳам дахлдор эмас. Улар барчага тегишли. Бинобарин, табиатни қанчалик асраб-авайласак, вужудга келиши мумкин бўлган экологик муаммоларнинг қанчалик вақтли олдини олсак, эртанги ҳаётимиз ҳам шунчалик яхши бўлади. Шу маънода, ҳозир юртимизда амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор. Зотан, қайд этганимиздек, бугунги саъй-ҳаракатлар келажак учун қўйилган муҳим қадамдир.

Яқинда Ўзбекистон экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг партия дастури ва сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни 2020 йил ва кейинги йилларда самарали амалга оширишга йўналтирилган асосий ташкилий-ҳуқуқий, назорат-таҳлил ва бошқа йўналишлардаги ҳаракатлар дастури” ҳамда карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг  Навоий вилояти мисолида ўрганилиши ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар самарисидир. Икки кунлик тадбирлар аснсида партия мутасаддилари, Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросига бағишланди. Уларда 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети доирасида марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳисобидан сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастури асосида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Мулоқот ва муҳокамалар

Айтиш жоизки, ўрганиш жараёни дастлабки кунданоқ учрашув ва муҳокамларга бой бўлди. Хусасан, 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилояти партия ташкилотида  карантин шароитида ишни тўғри ташкил этиш, крантин талабларига риоя қилиш, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, партиянинг ҳудудлардаги депутатлик гуруҳлари, улар ҳузуридаги доимий комиссиялар фаолияти, маҳаллий кенгаш сессияларига масалаларни олиб чиқиш, депутатлик назорати институтидан фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш билан масалалар, маиший чиқиндилар полигонлари ва чиқиндиларни вақтинча йиғиш шоҳобчаларини доимий тарзда дезинфекция қилишни амалга ошириш ва уни доимий назорат қилиш ҳолати каби масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг сўнгги Пленуми Қарори ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг партия дастури ва сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни 2020 йил ва кейинги йилларда самарали амалга оширишга йўналтирилган асосий ташкилий-ҳуқуқий, назорат-таҳлил ва бошқа йўналишлардаги ҳаракатлар дастурининг Навоий вилоятига тегишли бўлган бандлари, жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси Навоий мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар бўйича вилоят партия ташкилоти раҳбарининг маълумоти тингланди. Шунингдек, Навоий вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни бошқариш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, канализация тармоқлари ҳолати, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, саноат корхоналарининг салбий таъсирини камайтириш, санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, вилоятдаги экологик ҳолатга салбий таъсир ўтказаётган омиллар хусусида партиянинг вилоят кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан бевосита мулоқот ташкил этилди. Ушбу масалалар юзасидан мавжуд муаммоларни халқ депутатлари Маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Халқ депутатлари вилоят, Навоий шаҳар кенгаши депутатлари ҳамда вилоят партия ташкилоти кенгаши аъзолари иштирокида “Навоий вилояти ҳудудида ва корхоналарда экологияни яхшилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш, чиқиндиларга доир ишлар юзасидан чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича 2020-2022 йиллар учун дастур” ижроси муҳокама қилинди. Дастурнинг барча бандлари ижросини назорат қилиш бўйича вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Эътиборсиз қолган ихтиролар

Бугун ҳар қандай соҳа инновацион ишланмаларга, ихтироларга муҳтож. Бинобарин, бусиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Тадбирлар асносида Ўзбекистон экологик партиясига ўз ишланмаларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган ёш ихтирочи билан учрашув ташкил этилгани бежиз эмас. Қолаверса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш борасида ёшларнинг илғор экологик инновацион ғоя ва технологияларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим вазифалардан саналади.

Бугунги экологик муаммолар глобаллашган бир пайтда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришнинг энг мақбул йўли  барча соҳаларда, айниқса, саноат, қишлоқ хўжалигида экологик тоза, ресурстежамкор технологияларни қўллаш ҳисобланади. Навоий  ҳар иккила соҳада ҳам республикамиздаги энг муҳим вилоятлардан бири эканлигини инобатга олсак, вилоят учун бу жуда муҳим.

Эътиборлиси, бугунги кунда партияга бу борада ўзининг илғор ғоя ва таклифлари билан мурожаат қилаётган ташаббускор ёшлар талайгина. Навоий кончилик коллежининг 3-босқич талабаси Достонбек Мухторов—шулардан бири. Учрашув чоғида ёш ихтирочи ўз ғояларини амалга оширишда ёрдам сўраб қатор вазирлик ва идораларга, корхонаю, ташкилотларга мурожаат қилганини, аммо, ҳозиргача ҳеч қандай натижа бўлмаётганлигини билдирди. Ваҳоланки, унинг таклифлари бири-биридан қизиқ. Шу боис унинг таклифлари, яъни беморлар учун функционал кроватлар ишлаб чиқариш, стационар велотренажёрлар ўрнатиш орқали электр-энергияси олиш ишланмаси, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда аҳолидан чиқиндиларни қабул қилиш ва қайта ишлашни ташкил этиш борасидаги таклифлари кенг муҳокама қилинди. Ёш истеъдод соҳибига ғоя ва таклифларини технологик такомиллаштириш, иқтисодий асослантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Асосийси, шу ернинг ўзида Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарлари билан боғланиб, ёш ихтирочининг ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан келишиб олинди. Шу билан бирга, ёш ихтирочининг Навоий вилояти партия ташкилоти қошида “Ёш эколог ихтирочилар” клубини ташкил этиш бўйича таклифи қўллаб-қувватланди.  Ёш ихтирочи партия сафига қабул қилинди.

Саноатимизнинг ноёб мажмуаси

Навоий — айтиб ўтганимиздек, саноатлашган ҳудуд. Бу ерда нафақат ушбу вилоят, балки республикамиз учун аҳамиятли бўлган йирик саноат корхоналари бир нечта. Улар орасида эса “Navoiyazot” акциядорлик жамиятининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда корхонада қарийб 9,5 минг нафар ишчи-муҳандис меҳнат қилаётгани, улкан саноат мажмуасида 70 дан ортиқ ноёб маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани фикримиз тасдиғидир. Шунингдек, ҳозир уни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириш мақсадида қатор йирик инвестиция лойиҳалари босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Лекин шу ўринда бир савол юзага чиқади: корхона фаолияти табиатга зарар келтирмаяптими, саноат объектида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Корхонада бўлиб ўтган учрашувда айни шу саволлар атрофида фирк алмашилди. Мулоқотлар давомида маҳаллийлаштириш, модернизация қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигига қаратилган қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, “Navoiyazot” акциядорлик жамияти балансидаги Биоҳовузни реконструкция қилиш орқали Зарафшон дарёсига тўғридан-тўғри ташланадиган  оқоваларни биологик тозалаш иншоотини тиклаш, азотли бирикма тайёрлашда ҳосил бўладиган ва атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи нитрозли газларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, атмосферага ташланадиган чиқинди газлар миқдори ҳамда электр энергияси сарфини камайтириш мақсадида корхонанинг азот кислотаси ишлаб чиқариш 1 ва 2- навбатини тўхтатиш ҳамда аммиак ва аммиак селитраси чангини 30 фоизга камайтириш мақсадида  аммиак селитраси ишлаб чиқариш 3 ва 23-цехларини модернизация қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Таъминотдаги аҳвол ўрганилди

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросида вилоят аҳлини ичимлик суви ва саноат корхоналарини техник сув билан таъминловчи “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис ўрганишлар жараёнида мазкур иншоот фаолияти билан яқиндан танишилди.

“Иссиқлик манбаи” ДУК фойдаланилишида диаметри 1200 дан 30 мм.гача бўлган сув, иссиқлик ва канализация тармоқлари қувурлари мавжуд бўлиб, улар муддатини 100 фоиз ўтаб бўлган. Лекин у айни пайтда Навоий шаҳрига йилига ичимлик суви сифатида 25 млн. кубометр ҳамда техник сув сифатида 27 млн. кубометр сув етказиб бермоқда. Булар эътиборталаб масала.

Навоий вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Сувоқова” ташкилоти ва вилоят сув инспекцияси раҳбарияти билан учрашувда ушбу ҳамда пандемия шароитида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув тозалагич иншоотларини реконструция қилиш, аҳолининг сув билан таъминланганлик даражаси, шу жумладан, Қизилтепа ва Кармана туманларидаги сув тозалаш иншоотлари, канализация тизимлари ҳолати, марказий сув таъминотидан олис ҳудудлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди. Зеро, инсон саломатлигини сақлашда сувнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, касалликларнинг 85фоизи бевосита сув билан боғлиқ экан. Афсусланарлиси, ҳар йили 25 миллион киши айнан шундай хасталиклардан вафот этади. Демак, аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш нақадар долзарб.

Ерга меҳр берган кам бўлмайди

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Б. Алихонов раҳбарлигида, Навоий вилояти партия ташкилоти мутахассислари, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати (А.Жалилов) ҳамда халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгаши депутатлари (З.Рашидова, Ғ.Сафаров, Б.Жумаев) иштирокида Қизилтепа туманида бўлиб ўтган учрашувда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология, ичимлик суви таъминоти, санитария-эпидемиологик ҳолатлар қаторида, карантин шароитида томорқалардан самарали фойдаланиш, кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. Муҳокамалар амалий ҳаракатга айланиб, барча  “Ванғози” МФЙда истиқомат қилувчи иккита фарзандни ёлғиз тарбиялаётган Сайёра Полсаева ҳамда ногирон фарзандли Мақсуда Норова ва Зиёдулла Ражабовлар хонадонига боришди. Эътиборлиси, ҳар иккила хонадон томорқаси тўкис. Экин-тикинларга меҳр билан ишлов берилган.  Жумладан, Сайёра Полсаева ўзининг бир парча ерида полиз экинлари етиштираётган бўлса, Зиёдулла Ражабовлар оиласида ипак қуртини парвариш қилиш баробарида, томорқасидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Орамизда етарлича ер ва кучга эга бўла туриб, томорқага ёт назар билан қараётганлар ҳам учравб турган бир пайтда уларнинг бу ишлари таҳсинга лойиқ, албатта. Шундай экан, “қўли калта” бўлса-да, қалби тоза, меҳнатсевар инсонлар ардоқланиши, рағбатлантирилиши лозим. Чунки улар бошқаларга ўрнак. Ва амалда шундай бўлди ҳам: туман ҳокими ўринбосари ва маҳалла раиси билан уларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишиб олинди.

Ўз навбатида, ишчи гуруҳи томорқасида ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиб, ихчам иссиқхоналардан юқори даромад олаётган оилалардар ҳам бўлишиб, уларнинг ижобий ютуқларини кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тежамкорлик— давр талаби

Иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда томчилаб суғориш тизимини суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида самарали жорий этишни таъминлаш, шунингдек, “Ақлли қишлоқ хўжалиги”ни кенгайтириш Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим вазифалардан саналади. Шу боис, партия фаоллари томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилаётган фермер хўжаликларида бўлиб, уларнинг ютуқларини ўрганиш ва ижобий тажрибаларини тарғиб қилиш бароабирда улар дуч келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида жойларда ўрганиш ишларини изчил олиб бормоқда. Навоий вилоятидаги ўрганишлар жараёнида ҳам амал қилинди. Яъни Қизилтепа туманида Эрон технологияси асосида 32 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўяётган “Ванғози баракали ҳосили” фермер хўжалигига  фаолияти билан танишилди. Фермер хўжалигида ушбу тизим орқали сув сарфини 40 фоизгача қисқартириш, ҳосилдорликни эса 30 фоизга ошириш мўлжалланган. Қолаверса, бу билан ер эрозиясининг ҳам олди олинади. Бундан кўринадки, табиатга зиён камаяди, маҳсулот эса кўпаяди. Бундай тажрибаларни оммалаштириш эса кони фойдадир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

(“Халқ сўзи”.)

2020 йил 26 май.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.1 / 5. Baholaganlar soni: 121

OAV nomi va parolini kiriting!