ХОСИЯТ ШЕЪРИЯТИДА ШЕЪРИЯТ ХОСИЯТИ

2021-03-29T18:46:40+05:0029 Mart, 2021|Наманган вил.|

Наманган Давлат университетида шоира Хосият Рустамованинг янги китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Наманганнинг суюкли фарзанди, Чустнинг Олмос қишлоғида туғилиб вояга етган шоира Ўзбекистон ва Озарбайжон ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси “Шуҳрат” медали соҳибаси, “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири   Хосият Рустамова 50 ёшида АҚШнинг Айёва штатидаги Адабиёт олий курси талабалигига қабул қилинди. У бир  қатор халқаро миқёсдаги ижодий кўрик-танловларда  ғолибликни қўлга киритган.

Шеърлари рус,  инглиз, татар қозоқ, турк ва озар тилларига таржима қилиниб, китоб ҳолида оммалаштирилган ҳамюртимизнинг яқинда яна уч китоби нашрдан чиқди. Шеър, драма ва наср жанридаги ижод намуналари жамланган “Саргардон соялар”, “Туннинг боши қоронғу”, “Бебош булутлар” номли  китоблари тақдимотига бағишланган ижодий кечада Қозоғистон педагогика Академияси пофессори Алема Хайдарова, “Аёл сирлари” ва “Соғлом аёл” газеталари бош муҳаррири Фатима Юнусовалар ҳам иштирок этиб, сўзга чиқишди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансур бошқарган маросимда университет проректори Наримон Деҳқонов, ўзбек адабиёти кафедраси мудири Мўминжон Сулаймонов, таниқли шоирлар Абдулла Жалил, Дилором Эргашевалар Ҳосият Рустамованинг серқирра фаолияти бўйича мулоҳазаларини билдирдилар. Ёш адабиётшунос Анвар Ботир ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, шоира Беназир томонидан тақдим этилган “Хосият Рустамова шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари” мавзусидаги илмий тадқиқий маърузалар  иштирокчиларга манзур бўлди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов, “Усмон Носир нашриёти” директори Алишер Жўраев, шоира Дилбар Ҳайдаровалар Х.Рустамованинг серқирра истедоди ва фазилатлари хусусида тўхталдилар. Бадиий ижодда муваффақиятли қалам тебратаётган  бир гуруҳ талаба-ёшлар мушоираси китоб тақдимотига ўзига хос мазмун бағишлади.

-Бугун Ўзбекистонимизни бутун дунё танийди, нафақат танишмоқда, балки юртимизга келиб, халқимизнинг бунёдкорона интилишларини  ўз кўзлари билан кўришга, зиёрат қилишга ошиқишмоқда,- деди Хосият Рустамова учрашув давомида. – Бу, албатта, яхши. Мен талаба ука-сингилларимизга  вақтни қадрлаш зарурлигини эслатмоқчиман. Бефойда ўтган ҳар бир дақиқангиз яшалмаган ҳисобланади. Умримиз ўлчовли, Ватанни севиш, унинг тараққиётини илм билан зийнатлаш имкони ҳар биримизда бор. Шу имконни йўқотмайлик!

Ижодий учрашув иштирокчиларга кўтаринки иштиёқ бағишлади.

 

Носир АББОС