Сирдарёлик журналистлар Самарқандда

2021-03-29T18:44:53+05:0029 Mart, 2021|Сирдарё вил.|

Ҳар қандай хайрли ишга кимдир ёхуд нимадир туртки бўлади. Фарғона вилоятида ўтган “Ўзбекистон ОАВдаги очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” мавзусидаги анъанавий “Чимён-2021” медиафоруми сирдарёлик журналистларга Самарқанд вилояти Булунғур туманига пресс-тур уюштиришга туртки бўлди.  Бунинг боиси бор, албатта. Чунки “Булунғур ҳаёти” газетаси  айни пайтда 4 минг нусхада чоп этилмоқда. Таҳририят ҳисоб рақамида юз миллион сўмлаб маблағ бор.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари бўлимлари, Булунғур туман ҳокимлиги ҳамда “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририяти ҳамкорликда ташкил этган тадбир икки томон учун ҳам манфаатли бўлди десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Сирдарёлик журналистлар делегациясини Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетасининг бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев бошчилигидаги  баковуллар тантанали тарзда кутиб олди. Дастлаб меҳмонлар Булунғур туманининг иқтисодий салоҳияти билан таништирилди. Ҳудуддаги йирик корхоналардан бири МЧЖ шаклидаги “Самарқанд гарден паласт” қўшма корхонаси мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва музлатишга ихтисослашган бўлиб, Туркия, Италия, Швейцариядан келтирилган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Туман асосан полиз-сабзавот ва мева-чева етиштиришга ихтисослашганлиги боис бундай корхонага эҳтиёж катта эди. Бундан беш йил олдин қайта ишлаш корхонасининг иш бошлагани ҳудуд ҳаётига ижобий таъсир кўрсатганлиги бор гап. Чунки айни чоқда корхонада 63 нафар ерли халқ вакиллари иш билан таъминланди. Қўшма корхонада ўтган йили маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2251 минг АҚШ долларига тенг бўлди. Тайёр маҳсулот асосан Россия давлатига экспорт қилинди. Бу ҳақда қўшма корхона директори Сергей Хижняк сирдарёлик журналистларга батафсил сўзлаб берди.

Кейинги манзил “Мароқант сифат” МЧЖ бўлди. Бу ерда асосан ип калава ва тикув иплари ишлаб чиқариларкан. Пахтадан ип ишлаб чиқарувчи ускунлар Италия, Хитой ва Швейцария давлатларидан келтирилиб ўрнатилган. Корхонанинг 13 минг гектар ер майдонида ғўза ўстирилади. Кластер мақомига эга МЧЖ ўзлари етиштирган пахта ҳосилини қайта ишлайди. Ўтган йил якунларига кўра корхона цехларида 4500 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқарилган. Айни чоқда корхонада 700 нафар ишчи меҳнат қилади.

Пресс-турнинг асосий қисми “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририятида бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги шафелигида жорий йил таҳририятга барча қулайликларга эга офис қуриб берилибди, хизмат машинаси тортиқ қилинибди. Бино янги мебеллар ва энг замонавий орг-техника билан таъминланибди. Бу йил газета ташкил топганига 90 йил тўлибди. Таҳририят фойесини ўзига хос мўъжазгина музейга менгзаш мумкин. Унда ўтган давр ичида газетага муҳаррирлик қилган журналистлар, айни чоқда фаолият олиб бораётган қаламкашлар, газетанинг ўқишли бўлишига муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар ҳақида ҳикоя қилувчи стендлар илинган. Таҳририятда фаолият олиб бораётган журналистларнинг барчаси 2 000 000 сўмдан зиёд маош оларкан. Боз устига, қалам ҳақи (гонарар), сафар харажатлари билан сийланаркан. Бу маълумотлардан хабар топган делегациямиз аъзолари ҳар дарди ичида “офарин!” дейишдан ўзга сўзга тиллари айланмади.

Икки вилоят журналистларининг учрашуви катта матбуот анжумани билан якун топди. Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов матбуот билан ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўлқинланиб гапирди.

-Оммавий ахборот воситаларидан қочишимиз керак эмас, – дея сўзини бошлади Баҳодир Абдуллаевич. –Аксинча, улар билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилишимиз зарур. Бу амалга ошираётган ислоҳотларимизни халқимизга етказишнинг ягона самарали усулидир.

Нотиқнинг таъкидлашича, обуна мавсумида ўзи бош бўлиб туман газетасининг  мақбул ададини таҳририят билан келишиб оларкан.

-Жорий йил газетамиз муҳаррири Ғулом Ўроловдан қанча обуна қилсак эмин-эркин ижод қилишларингга шароит яратилади, дея маслаҳатлашдик. 3500 нусха обуна бизга етади, деди муҳаррир. Биз бир ёқадан бош чиқариб газета ададини 4000 нусхадан оширдик. Энг муҳими, газетанинг танқидий-таҳлилий чиқишлари тараққиётимизга катта ёрдам бермоқда. Биргина мисол. Туманимиздаги маҳалларда ободончилик, озодалик бўйича йўл қўйилган камчиликлар танқид тиғи остига олинди. Танқидий мақола чиққан газета нусхасини ҳокимиятга ҳам осиб қўйдик. Қараб турибсизки, маҳаллаларда жонланиш бошланди. Матбуот – катта куч. Уни қўллаб-қувватласак, суянсак ишларимиз олдинга силжийверади, – деди Баҳодир Абдуллаевич.

Таҳририят маблағлари эвазига тумандаги Хожа Ҳофиз зиёратгоҳи ҳақида иккита китоб чиқарилибди. Шакар Аҳадов ва Адолат Зиётованинг “Хожа Ҳофиз меросий ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти” ҳамда Абдусаттор Жуманазарнинг “Туғли ҳикоялар буржи” туманга ташриф буюрадиган туристлар учун йўлкўрсаткич вазифасини ўтаса не ажаб!

Матбуот анжуманида сўз олган Фармон Тошев Самарқанд вилоятида ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари босма оммавий ахборот воситалари ададининг ошишига яқиндан ёрдам кўрсатаётганлигини алоҳида урғулади. Бугунги кунда “Зарафшон” газетаси ҳафтасига уч марта 18 674 нусхада чоп этилаётгани нотиқнинг фикрини тасдиқлаб турибди. Боз устига, ҳар йили “Зарафшон” газетаси кутубхонаси” сериясида вилоятнинг иқтидорли ижодкорлари асарлари мунтазам чоп этилмоқда.

Анжуман икки вилоят журналистларининг ўзаро фикр алмашиши билан якун топди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлимининг раиси Бойжигит Абдуллаев, Боёвут тумани “Нурли истиқбол”, Оқолтин тумани “Оқолтин” газеталари бош муҳарририлари Орзиқул Абдусаматов, Абдурашид Пардаев, “Новая Сирдарья” газетаси бўлим мудири  Тулкун Ахмадалиевлар  “Булунғур ҳаёти” газетасида тўпланган илғор тажриба ҳамда босма ОАВнинг нуфузи ва мавқени ошириш бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Матбуот анжумани самарқандлик ва сирдарёлик ижодкорларнинг қизғин мушоираси билан якун топди. Учрашув сўнггида томонлар бир-бирлари билан эсдалик совғалари алмашдилар. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими Сирдарё вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғофуржон  Мирзаевга махсус совға йўллади.

Булунғур сафари асно сирдарёлик журналистлар ички туризм ривожига ҳисса қўшишни ҳам унутмадилар. Қайтишда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Авлиё қишлоғидаги пайғамбаримиз авлодларидан саналган “Саъд ибн Абу Ваққос” розияллоҳу анҳунинг муборак қадамжосини зиёрат қилдилар.  Бир сўз билан айтганда Самарқанд сафари сирдарёлик журналистларнинг янги мавзуларни қаламга олишларига туртки бўлса ажаб эмас.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири.