«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-29T18:11:41+05:0029 Mart, 2021|Олтин қалам|

Германия университетининг ўзбекистонлик профессори Наманганда хусусий ОТМ очмоқчи. У университет топ-500 таликка киришига ишонмоқда

Германиянинг Кёльн бизнес университети профессори Одилжон Абдураззақов Наманганда нодавлат олий таълим муассасаси — Халқаро бизнес ва технология университетини ташкил этмоқчи. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Одилжон Абдураззақов 1979 йили Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. АҚШнинг Колорадо давлат университетида бизнес бошқаруви ихтисослиги бўйича бакалавр ва магистр даражасини олган. Докторлик илмий тадқиқотини Гарвард университетида олиб борган. Германиянинг Кёльн бизнес университети, Голландиянинг Мастрихт университети, Озарбайжон дипломатия академияси ва Халқаро Вестминстер университетида ишлаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлигида фаолият олиб борган. 2017 йилда «Инновацион фаолиятларни ривожлантиришда технология трансферининг роли» мавзусидаги номзодлик илмий ишини ҳимоя қилган.

Ҳозирда Германиянинг Кёльн бизнес университетида профессор сифатида талабаларга дарс бериб келмоқда.

«Ўзбекистонда олий таълим қамровини 2030 йилгача 60 фоизгача чиқариш вазифаси қўйилган. Шу режа амалга ошиши учун кўмаклашиш мақсадида ўзим туғилиб, ўсган Наманган вилоятида нодавлат олий таълим муассасаси — Халқаро бизнес ва технология университетини ташкил этмоқчиман. Жамоа асосини АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония ва Жанубий Кореядаги нуфузли университетларда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик олим, профессорлар ташкил этади. Улар шу лойиҳа амалга ошгудек бўлса, мамлакатга қайтиб, дунё стандартларига мувофиқ олий таълимни беришга тайёр. Университетимиздаги асосий ихтисосликлар сифатида технология, IT-дастурлаш ва педагогика йўналишларини танлаб олганмиз. Қўшимчасига, рақамли маркетинг, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида менежмент каби биз учун янгилик бўлган соҳаларни ҳам киритмоқчимиз», — дейди қаҳрамонимиз.

Одилжон Абдураззақовга кўра, университетда дарслар ўзбек ва инглиз тилларида ўтилади. Таълим борасида эса инновацион усул қўлланади — кундузги, кечки ва сиртқи ўқишдан ташқари, масофадан туриб таълим олиш имконияти яратилади. Шу орқали нафақат Наманган, балки бошқа вилоятлар ва ҳатто хориждаги талабаларни ҳам қамраб олиш, шунингдек, ўқиш харажатларини кескин камайтириш мумкин. Бу ҳозирги пандемия шароитида, айниқса, қўл келади. Унинг ўзи ҳам Германиядаги талабаларига айни пайтда онлайн усулда сабоқ бериб келмоқда.

«Бугунги кунда ушбу режани амалга ошириш учун хорижий инвестор жалб этганмиз. Кадрлар жамоаси шаклланган. Янги университет учун бино масаласида вилоят ҳокимлигига мурожаат қилганмиз. Барча масалалар ҳал этилгудек бўлса, 2021—2022-ўқув йилидан фаолиятимизни бошламоқчимиз. Университетнинг асосий кампуси Наманганда бўлади, кейинчалик Тошкент шаҳрида филиали очилади. Мақсадимиз — 2030 йилга келиб дунёнинг энг кучли университетлари 700 талиги, 2050 йилда эса 500 талигидан ўрин олиш», — дейди Одилжон Абдураззақов.

Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда учта олий ўқув юрти —Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтлари фаолият олиб бормоқда. Уларда жами 33 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Вилоятдаги умумтаълим мактабларини жорий йилда 36,5 минг ўқувчи битириши кутилмоқда.

Азизбек Абдувалиев, Дарё, 2021 йил, 18 март.

https://daryo.uz/k/2021/03/18/germaniya-universitetining-ozbekistonlik-professori-namanganda-xususiy-otm-ochmoqchi-u-universitet-top-500-talikka-kirishiga-ishonmoqda-video/

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!