«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-29T17:51:45+05:0029 Mart, 2021|Олтин қалам|

НАВОИЙНИНГ АВВАЛГИ ҲАЙКАЛИ ҲАМ ЎРНАТИЛСА…

1989 йил икки вилоят қўшилиб, марказ Жиззах шаҳрига кўчирилди. Бундан норози бўлган  аҳоли кўча ва майдонларга тинч намойишга чиқди. Гулистон шаҳри ҳувиллаб қолди.

Орадан йил ўтгач, бир гуруҳ зиёлилар  ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 549 йиллиги муносабати билан шаҳар бош майдонида  ғазалхонлик кечаси ўтказмоқчилигини билдириб, Гулистон шаҳар партия қўмитасига ариза топширди. Зиёлиларнинг имдоди туртки бўлдими, шаҳар партия қўмитаси котибаси Солия Давлатова раҳбарлигида ҳазрат туғилган кунга бағишлаб  театрлашган томоша тайёрланди. Тадбир адоғида ташаббускор зиёлиларнинг бир вакилига сўз бериладиган бўлди. Гуруҳимиз  маслаҳатлашиб, йиғилганларга ўз фикрларини етказишни каминага ишониб топширди. Томоша охирида Навоий сиймосини яратган вилоят театрининг актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдуҳамид Ғафуров (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин)  Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмасидаги мана бу парчани маромига етказиб ижро этди: “Биз етолмаган умидларга келажак наслларнинг етмоғи мумкин. Қачонлардир адолат офтоби барқ уриб чиқмоғи керак. Дунёда бахт ва ҳаққоният тантана қилмоғи лозим. Одамлар орасида низо йўқолмоғи даркор. Аммо қачон? Бу савол ҳамон жавобсиз қолмоқда. Лекин инсоният бу жумбоқни ахир ҳал қилур. Чунки унинг қўлида ҳақиқат ва адолат йўлини ёритувчи тафаккур машъали бор. Шунда кишилар мени ўзларининг буюк ҳамкорликларига чақирурлар ва мен асрлар оша ўз шеърларим билан лаббай, деб жавоб берурмен. Мен кетдим! Ижодимга. Халқимга!”. Ҳазрат саҳнани тарк этгач, эгнимда тўн, бошимда дўппи билан саҳнага кўтарилдим. Биродарларимнинг фикрларини йиғилганларга оқизмай-томизмай етказдим. Сўзимнинг охирида: “Келинглар, Гулистонда ҳам ҳазратнинг ҳайкалини ўрнатайлик”, деб ҳаммамизнинг истагимизни очиқладим. Зални гулдурос қарсаклар тутиб кетди.

Тез орада сирдарёлик зиёлиларнинг таклифи инобатга олиниб, ҳазратнинг ҳайкалини яратиш бўйича ташкилий комиссия тузилди. Унинг раиси этиб Солия Давлатова тайинланди. Ташаббусдан хабар топган аҳоли шахсий маблағларидан ионалар қила бошлашди. Журналистлар, шоирлар, ўқитувчилар, шифокорлар, турли касб эгалари қўйингки, барча-барча баҳоли қудрат маблағдан ёрдам берди. Навоий ҳайкалини яратиш москвалик ҳайкалтарош Колесников чекига тушди. Навоийшунос олим Ваҳоб Раҳмон Москвага бориб ҳайкалнинг Навоий қиёфасига мос тушишини назорат қилди, яъни маслаҳатчилик қилди.

Мустақиллик арафасида ҳайкал катта тантаналар билан очилди. Навоий майдони сирдарёликларнинг доимий зиёрат жойига айланди. Ўшанда бутун республика сирдарёликларнинг хайрли ишига тасаннолар айтди.

Бундан уч йил олдин Президентимиз Шавкат Мирзиёев Гулистонга ташриф буюриши асно Алишер Навоийнинг аввалгидан-да муҳташам ҳайкали ўрнатилишига замин ҳозирланди. Ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг мисдан ясалган муаззам ҳайкали 2018 йил шаҳар кўркига кўрк бўлиб қўшилди.  Бироқ халқ маблағлари эвазига бунёд этилган аввалги ҳайкал қаерда қолди? Кўпчилик билмайди. Колесников ижодига мансуб ҳазратнинг ҳайкали ҳам санъат асари даражасида гўзал эди. Уни ташлаб юбормай вилоятимизнинг бирор гўшасига ўрнатилса, нур устига нур бўларди. Масалан, ҳазрат “Хамса”сининг қаҳрамони номи билан аталган нурчилар шаҳри Ширинга. Бу юмуш Мир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланадиган жорий йилда амалга оширилса, адолатдан бўларди.

 

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири.

«Янги Сирдарё» газетаси  2021 йил 15 январь (№2)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.4 / 5. Baholaganlar soni: 11

OAV nomi va parolini kiriting!