Яна келар сен кутган Баҳор!

2021-03-28T12:30:50+05:0028 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Ҳа, ушбу шоирона сўзлар таниқли шоир, содда, камтар, самимий ижодкор, устоз Саъдулла Ҳакимов қаламига мансуб шеърдан олинган. Ўлкамизда эса биз кутган кўклам нафаси кезиб юрибди. Шундай палла Жиззах сари отландик.
…Манзил сари яқинлашганимиз сайин суҳбатимиз қизиб борарди. Кенг далалар, ям-яшил тусга кира бошлаган табиатни айтмайсизми. Ўзида баҳорнинг бутун тароватини мужассам этган Фориш тоғлари қадим тарих, асрлар силсиласидан сўзларди гўё.
–Форишга қадамимиз қутлуғ келди. Оби раҳмат ёғмоқда. Форишнинг танти, меҳнаткаш халқи учун хозирги дақиқаларда бундан зўр туҳфа йўқ, – дея гап бошлади ҳамроҳларимиздан бири – “Халқ сўзи” газетаси Бош муҳаррир ўринбосари Шуҳрат Жабборов. – Ана бу тоғлар қўйнида ўтлаб юрган қўй-қўзиларни кўраяпсизми, агар мана шу ёмғир бўлмаса уларга емиш қайда. Барибир ям-яшил далаларга нима етсин-а? Мана, Саъдуллажон қаердан илҳом олган, манбайи қаерда, сири нимада?
Шу каби гангур-гунгур билан Фориш марказига қандай етиб келганимизни ҳам билмай қолдик. Бу ердаги маданият уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг вилоят бўлими ташаббуси билан Жиззах вилояти, Фориш тумани, туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Ватандан яралган – ватандан кетмас!” мавзуида адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда С. Ҳакимов билан бир ишлаган дўстлари, шогирдлари, таниқли журналистлар, шоир-ёзувчилар, Жиззах вилояти ва Фориш тумани ҳокимликлари масъуллари, шоирнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Кечани Фориш тумани ҳокими И.Матиев кириш сўзи билан очар экан, меҳмонларни қадим ва навқирон Форишда кўриб турганидан маъмнунлиги, таниқли шоирнинг хотираси нафақат республикада, балки ушбу туман, у туғилиб ўсган Гараша халқи ёдида ҳам узоқ йиллар сақланиши, шоирдан қолган туркум шеърлар, китоблар эса ёш авлод томонидан севиб мутолаа қилиниши бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Х. Салимов, «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ш. Жабборов, шоирнинг рафиқаси, фарзандлари, шогирдлари, ҳамқишлоқлари шоир билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди.
–Ўтган оғир йил турмуш ўртоғим шоир Саъдулла Ҳакимни олиб кетди. Кутилмаганда, қўққисдан бир зарб билан йиқитилган чинордек қулатди… Шундай, у киши ҳаётининг охирги кунларида ҳам ижод қилишдан, шогирдларига маслаҳат беришдан, дўстларини руҳлантиришдан тўхтамади. Биз бу инсон билан эллик йил бирга умргузаронлик қилдик, беш фарзандни тарбиялаб вояга етказдик, қанчадан-қанча орзу-ҳавасларимиз ушалди, – дейди шоирнинг рафиқаси, жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан «Дўстлик» ордени билан мукофотланган Салтанат Ҳакимова. –Саъдулла ака умрларининг сўнгги йилларида юртимиз равнақидан, ижодкорлар ва журналистлар учун яратилаётган имкониятлардан ниҳоятда руҳланиб, юз бераётган улкан бунёдкорлик ишларига шогирдларини камарбаста бўлишга даъват қилиб яшади. У киши юртнинг орини, номусини юксак тутар, сўзнинг кучини ва ижодкор масъулиятини чуқур англар эди. Қолаверса, журналист сифатида ҳам соҳанинг барча машаққатларини тотиб кўрган, касбининг фидойиси бўлган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, қадрлар эди.
Ҳақ гап. Халқимизнинг ардоқли фарзанди Саъдулла Ҳакимов ҳам беқиёс истеъдоди, журналистик салоҳияти, давлат ва жамоат ҳаётидаги раҳбарлик фаолияти билан умри бардавом ижодкорга айланган эди. Гарчанд бугун улар орамизда бўлмасада, улардан қолган ижодий меърос, туркум мақолалар, кўплаб китоблар биз билан яшамоқда. Демак, шоир ҳам ўтли нафаси билан ёнимизда.
Тадбирда форишлик ёшлар С. Ҳакимов қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқиган бўлса, жиззахлик санъаткорлар шоир шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан куйлади.
Таниқли журналист ва шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтар инсон Саъдулла Ҳакимовнинг ёрқин хотираси қалбларда мангу яшайди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.