«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-27T13:44:33+05:0027 Mart, 2021|Олтин қалам|

Маънавият сабоқлари

ҚАДР-ҚИММАТ ИНСОН ЗИЙНАТИ

Инсон ўз қадр-қимматини билмасдан туриб маънавий бойликка эришолмайди. Ўзгаларни қадр-қимматини ҳурмат қилмаса инсонпарварлик туйғуси ҳақоратланади. Агар одам пулсиз, уйсиз, ер-мулксиз қолса садқаи сар – буларнинг ҳаммаси унга тегишли эмас. Инсоннинг ўз ҳақиқий мулки – инсоний қадр-қимматини йўқотиши эса жуда ачинарлидир.

Бобом раҳматлининг “ҳали мен бўлмасам қадрим шундай билинади-ки…” – деган сўзларини бот-бот эслайман. Оилада уларни йўқотганимиздан кейин бу туйғуни юракдан хис этдим. Биз яқинларимизни борида қадрлаб қолиш ҳақида вақтлироқ ўйлашимиз керак. Бобом яна бизларга “сувга туфлама”, “дарахт новдасини синдирма”, “нон ушоғини ерга ташлама”, “қуш инини бузма ёмон бўлади, ўзингдан каттани ҳурмат қил, аввал салом бер, ёлғон гапирма, меҳнатдан қочма”- деб кўп уқтирардилар. Бу билан бизларни болалигимиздан она табиатга меҳр уйғотар, инсонларга оқибатли бўлишни ўргатар эди. Момом рахматли бўлса биз набираларни жуда эрта ишга солганлар. Ўзлари қўлимиздан тутиб уй юмушларини, хамир қоришни, чучваралар тугишни, ховли супуришни, муомилани ўргатганлар.

Болалик ҳақида ўйласам руҳим енгил тортади. Нима боболаримиз, момоларимиз ўзлари билан яшилликни, покликни, осудаликни, гўзал инсоний фазилатларни олиб кетдимикан? Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Одамлар турмуш ташвишлари билан банд бўлиб оддийгина инсоний фазилатлар ҳақида ўйлашга вақт ҳам тополмай қоляпти. Биргина мисол, баъзан ён қўшнининг ким эканлигини билмаймиз. Иссиқ жон, баъзида ўзимиз хасталаниб ёрдам керак бўлиб қолганда кимникига чиқишни ҳам ўйлаб қоладиган холатларимиз бўлади. Бу даҳшат-ку. Қариндошлар билан бирга қўшниларнинг қадр-қимматини ҳам ўрнига қўйиш биз учун фарз деб биламан. Қишлоқда ён қўшнимиз Зулфизархон хола бўларди. У киши рахматли бўлиб кетганига анча йиллар бўлди, лекин бутун қўшнилар деярли кун ора шу инсонни руҳини шод этадилар. Чунки, хола ўша пайтда қишлоқнинг энг ёши кексаси бўлиб ким касал бўлса, кимни келини кўзи ёрса, қизи аразлаб келса, эр-хотин урушса танбеҳ берар, тўғри йўл кўрсатар, яраштирар эди. Холанинг доим чўнтагида қурт ёки конфет бўлар, болалар у кишини кўриши билан чопқиллаб борарди. Холанинг яна бир яхши одати, умр омонат, одам ғанимат, бир-биримизни тириклигимизда асрайлик – дея бир коса ёвғонми, тўрт дона олма ёки икки дона нон, бир пиёла қатиқ кўтариб бўлса ҳам доим қўшнилар дийдорига ошиқар эди. Мен холани “Суюнчи” фильмидаги Анзират момога ўхшатардим. Чунки хола ҳам назаримда қишлоғимизнинг виждони эди. Бугун эса қишлоғимда Зулфизар холага ўхшаб бир-бирларини йўқлаб турадиганлар тобора камайиб боряпти. Ахир ана шу йўқловлар, хол сўрашлар, қадрдонлар дийдори инсонийликнинг қадр дарвозаси, меҳрнинг хокисор кўриниши, оқибатнинг гўзал сифати эканлигини англатмайдими?

Халқимизда “қўшнинг тинч сен тинч”, “Гилам сотсанг қўшнингга сот бир четида ўзинг ўтирасан”, “Қўшничилик минг йилчилик”, “Ёмонга гўр қўшни ҳам қилмасин” деган ибратли гаплар бор. Булар ўйлаб топилган эмас бу ҳаётий ҳақиқатлар. Чунки, ота-боболаримиз шундай ибратли ҳаёт кечирган, бугун ота-онамиз уни давом эттирмоғи, эртага фарзандлар қўшничиликнинг одобини асрамоғи лозим эмасми? Шу тариқа бу гўзал анъана авлоддан-авлодга ўтади. Агар катталар бу борада эътиборли бўлсалар, буни шаҳар-қишлоққа ажратмай ҳамма жойда ардоқлаш мумкин. Зотан, яхши қўшни ҳаётимизни яхшиликларга безайди.

Қадр-қимматни англаш ва унга амал қилиш ўзбекка хос туйғу, уни бобо ва бувиларимиздан ўрганиш лозим. Инсон хасталанган пайтда бошқалар олдида ўз қадр-қимматини қанчалигини хис этади. Бировдан қадр-қиммат талаб қилишдан олдин ўзгаларга ўша туйғуни бера олиш лозим. Ҳаммамизга камтарлик керак. Буни катталар ҳам уқдириб келишади. Лекин керагидан ортиғи ҳам инсон қадрини ерга уриши мумкин деган қарашлар ҳам бор. Мен бу фикрга қаршиман. Агар инсон маънавиятли бўлса у камтарликни ҳар қандай кўринишини қадрлай олади. Тўғри, даврнинг шиддаткор оқими бугун бизларни ўз ўзанига тортиб кетган. Рўзғор деб аталмиш юҳонинг кўринмас иплари бизларни шу қадар боғлаб ташлаганки, атрофга боқиб ҳамма нарса ғанимат эканлигини тушуниб етиш, борига шукр қила билиш зарурлигини, агар астойдил интилса кечаги кундан бугун, бугундан эса эрта янада яхшироқ бўлишини ҳам хис қилмай яшайверамиз. Аслида эса бахтсизликнинг боши бизларни қадрни унутиб бораётганимизда кўпроқ аён бўларкан.

Келин бўлиб тушганимга 5 йилдан ошди. Оила аъзоларимнинг кўнгилларига қарайман. Айтганларини бажараман, лекин қадрим йўқ. Мени ҳам ўз ўрнида қадрлашларини жуда-жуда истайман – дейди суҳбатдошим. Мен эса унинг фикрларини инкор этаман, йўқ қадр-қиммат талаб қилинмайди, аксинча у қозонилади. Худди ҳурмат – эътибор каби. “Сен ҳамма нарсани унутишинг мумкин аммо бир нарсани унутмасанг бас, дунёга не учун келдинг, ўзингни арзон-гаров сотмагайсан, илло сенинг баҳойинг баланддир” – дейди Румий ҳазратлари. Дарҳақиқат, бу дунёда инсон қадри баланд, иқболи улуғдир.

Агар одам ўз қадрини яхши билса саломатлигини ҳам асраган бўлади. Биз ўзимиз учун зарур бўлган нарсани авайлашга асрашга харакат қиламиз. Лекин ўтаётган вақтимиз, умримизнинг қадрига етяпмизми? Вақт бизнинг қўлимизда экан, унинг бекор ўтказилганлигига биз фақат ўзимизнигина айблашимиз мумкин. Гарчи одамлар ҳаётининг давомийлиги хар хил бўлсада, аммо бизларнинг барчамиз учун бир сутка 24 соатдан иборат. Ва бу соатлардан қандай фойдаланиш ўзимизнинг қўлимизда. Албатта, ҳамманинг имконияти ҳар хил, аммо асосий аниқловчи –  бу вақт ва у ҳаммамизга бир хил берилган. Турмуш ташвишлари кўринмас ип каби бизларни шу қадар ўраб ташлаганки, темир йўл изларига ўхшаган бир хил ҳаёт иш – уй, уй – иш бўлиб бир-бирига чирмашиб кетган. Ҳатто энг яқинларимизнида холидан хабар олишга вақт тополмаймиз.

“Акамни кўрмаганимга бир йил бўлибди”, “ота-онамни кўрмаганимга олти ойдан ошди”, “синглим билан қачон кўришганимни эслолмайман” – дея оддийгина хасрат қилиб қўя қоламиз. Ваҳоланки, бу аслида бизнинг фожеамиз эмасми? Вақтнинг етишмаслигидан шикоят қиламиз, аммо ўша вақт тақсимланаётганда лоқайд бўламиз. Қанчалаб вақтни телевизор қаршисида ўтказамиз, қанчасини беҳуда сафсата сотиш билан  яна қанчасини уйқуда, қанчасини ғийбат-у, миш-миш билан. Агар бемор бўлсак саломатлик қадрини биламиз, кексалар ёшликнинг неъмати ҳақида гапирадилар, ёшлар муҳаббатни алқайдилар. Аммо ўтиб бораётган умримиз мезонида топиб бўлмас вақтнинг қадрини ёдга олмаймиз.

Атрофимизда неки бор барчаси азиз. Табиатни қадрлаш, нонни увол қилмаслик, пешона тери билан топилган даромадни ўрнида билиб сарф этиш ҳам аслида қадр туйғусининг бир кўриниши-ку?

Афлотундан сўрадилар: – дунёда ҳамма нарсадан юқори ҳисобланган ва ҳеч қачон вайрон бўлмайдиган нарса нима?

Афлотун жавоб берди: – Меҳр ҳамма нарсадан устун ҳисобланади. Қадр-қиммат ила бунёд бўлган адл бино ҳеч қачон вайрон бўлмайди.

Инсон меҳри билан борлиқни яшнатади, меҳр билан фарзандлар улғайтиради, яқинларининг қадрига етиб яшашни улуғлайди, ота-она ғаниматлигини, уларни ўз вақтида қадрлаш лозимлигини англайди. Меҳр-оқибат, қадр-қиммат инсонийликнинг улуғ фазилатларидан саналади. Ушбу фазилатлар инсоннинг одамийлигини акс эттиради. Илоҳим, орамиздан қадр-қиммат кўтарилмасин.

Феруза  ОРИПОВА

 Республика Маънавият ва Маърифат

маркази бош мутахассиси

(8.12.2020 йил  “Оила ва жамият” газетаси)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 172

OAV nomi va parolini kiriting!