“Журналистика антологияси” туркумидан: ХХ аср: жадидлар даври ва иккинчи жаҳон урушигача бўлган давр ўзбек миллий журналистикаси Маҳмудхўжа Беҳбудий

2021-03-26T23:08:10+05:0026 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

АЪМОЛИМИЗ ЁИНКИ МУРОДИМИЗ

     Маълумдурки, дунёда ҳар ким умид ва аъмол ила  яшайдур. Кеча–кундуз меҳнат ва машаққат тортмоқ оянда* учундур. Ҳар ким ўз ояндасини яхшиликка ҳаракат этарва келар замонда ўз орзуси ва ҳавасиға етмоқ учун ҳеч дам олмасдан ҳол қадаринча ҳаракатдадур. Тириклик кулфати ва меҳнати асносинда ҳар ким ўз ояндаси ва истиқболиға бир нав яхши умид ила қараб ва ўзиғабир муддао қарор бериб ва ўшал муддао ва ёинки муродин ҳосил қилмоқ учун қўшиш этиб, ҳар кун чекатурган кулфатини ўшал муддаосини ҳосил қилдирмоқ учун ўзиға олмай яна зиёдроқ интиладур. Ва баъзан ўшал муроду муддаосини, гўё ҳосил бўлди, деб роҳатланиб ўзиға тасалли берадур. Ва ҳеч аҳади* ушбу муддаоу орқасидан югурмоқдан ҳосил эмас. Ана шул муддао ва муродларни илми ислоҳ ила аъмол дерлар.

Энди аъмолимизға диққат қилмоқ керак. Аксар халқимизни аъмоли шулки, ишласа ва фойда қилса. Шоядки, ўғил ва қизини тўй қилса ва ҳам қандай! Ўз қаториндаги одамларни қилган тўйидан зиёдроқ!

Бечора косибни аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузни 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечорани аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Яна Аҳмад порина* ҳавли ва хона гираз. Тўй мусрифи* учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотин олган бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронлиқға сабаб бўлур. Бир косибни ақду никоҳиға, тўю обрўсиға минг сўм. Бир ўртаҳол учун 2000 ё 3000 минг сўм. Нимбой учун тўрт-беш минг сўм керак. Бу сўмларни юздан етмиш беши ейилиб-ичилиб… кетар. Бу сўмлар аслинда кимники эди? Бонка, фирма, фойдахўрники. Табиий, буларға пулларни бермоқ лозим, на берилур? Боғу хона ва уйи ичиндаги асбобни сотиб бермоқ керак. Бечора келин ва куёвни кўрпа ва либосиғача сотилур, қарзхоҳга берилур. Нимбойлар синар. Тириклигинда бўлмаса, ўлганда синар. Аҳли аёли дарбадар бўлур. Ой, бу нима? Тўғриси, бир нав девоналик эмасми? Ҳамда иллати бедавосидур. Ҳар киши бир уйланса ва сўнгра оиласидан бир ўлик кўмса, оллоҳи акбар. У хона аҳли косиб бўлса, бу дунёға ўзиға келмасдан кетар. Ҳоло, баъзи бечора ўлса, ани бой қариндошлари, абрў қилурмиз, деб сағир молини халқға эллар ила йиртиш, палов қилиб берар. Бечора сағирлар нонини бой кишилар қўлтуғига олиб кетар. “Ло такулуъ амволил ятима. Кулуъ ва ишрабу ва ло тасрафу”, фанда қолди.?…

Эй мусулмонлар, бу ояту масалаи шаръиға ким амал қилур. Ва муни халойиқға ким билдурар? Ҳар кун бир мусулмонни нимарсалари бозорға дини учун… сотилур. Ва ҳар кун нақадар векселлар “протест”, нақадар дўкон, корхона ҳажз (печат) бўлур. Бу ниманинг жазоси? Тўй, маърака, таъзия, кўпкари, базм. Бир маҳаллада аҳли савод йигирмадан бир йўқ. Имони исломни далиллари ила билатурғонларни нари қўйдук.Эрта қозилар барҳам бўлса, замонча қози бўлатурғон биргина киши бутун ўз милйўн Туркистонда йўқ… Йўқ, яна йўқ.Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами соғ? Албатта… Биз тўй ва маърака хаёлидан лаззат олардук.. Тўю маъракамиз ила фахр қилар эдук. Тўю маъракага сарф қилинатурғон оқчани жамламоқ ва ё қўлға киргузмоқ учун ҳаракат этурдук. Агарда тўй ва маъракага қадимгидек оқча тўкмасак, ул оқчани на қилмоқ керак? Мунга жавоб берилурки, тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила болларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун. Тўю маъракага сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтларига сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасиндан болаларни ҳукумат мактаблариға берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорилсаноатлариға юборилиб диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун. Бизни Туркистонда муаллим оздурки, тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқча ила Кафказ, Қирим, Ўринбург ва Қозонға усули таълим ўрганмоқ учун бола юбормоқ керакдур. Ҳукумат мактаблариға кирмоқ учун русча билмоқ ва имтиҳон бермоқ лозим. Ва бу имтиҳонни бермоқ учун ҳар болани икки сана русча ўқутуб, тарбият этмоқ керак. Ва бул икки сана учун ҳар бир болаға 600 сўм ақча керактур. Ақчалик оталар, албатта, тўй ва маъракаға қизғонмаганларидек, болани ўқутишға ҳам қизғонмасалар керакдур. Болалар учун тарбиятхона (пансиён) очмоқ керак. Ва бу тарбиятхоналар замонча ва ҳам миллий ва диний руҳда бўлиши керакдур. Бу тарбиятхоналарни очмоқ учун ва ҳукумат мактаблариға бола тайёр қилмоқ учун нашри маориф ёинки жамияти хайрия ва ёинки тарбияти атфол жамияти ва ё ўзга исм ила, хулоса, жамиятлар керакдур. Токи бул жамият(лар) халқдан оқча жамлаб миллат болаларини ўқутиш ва миллатни ояндаси учун керак бўлатурғон қози, яъни судя, закунчи, яъни ҳуқуқшунос, инжинер, яъни муҳандис, муаллим, яъни замона мактабдори, миллатни ҳомийси ва ходими, яъни Давлат Думасиға депутат, миллий саноатхоналаримизни ислоҳ ва иҳё этгувчи*, яъни техник, тижоратхона ва бонкаларда бизға ёрдам бергучи, яъни тижорат илмини ўқугон коммирсант, шаҳар думахоналариға ва минбаъд Туркистонда очилатурғон земства идораларинда бизни тарафдан кириб ва сайланиб, биз учун, ватани Рус учун, дин, мубаййини ислом учун, зауфо* учун, фуқаро учун ишлайдурғон одамларни етушдурмоқ керакдур.

Ҳозирги мўйсафидларимиз турсун, ўрта ёшлар яқинда ўлуб кетар, замона ҳар куни янгилашур. Янги илм ва янги фикрлик ва фунуни замонияни дарбар* қилган одамларни талаб қилур. Бу кундан бошлаб, ҳар шаҳардан ҳар сана ўн-йигирмалаб ҳукумат мактабларинда бола берилса, ўнбеш сана сўнгра ҳар шаҳарда 4-5 замона одами тайёр бўлур ва ҳукумат мансаблариға, замона доиралариға, тижорат ва саноатхоналаринда  кириб, бизларға манфаат еткурар. Келар замон бошқадур. Ҳатто, ҳозирда иккимиз урушсак, яҳудий ва ажнабий закунчилариға борурмиз. Сабаб надурки, ўзимиз ўқуб замоний одам бўлмаймиз? Ана энди биз учун тўй ва маърака ва кўпкари ўрнида шул юқоридаги айтулгон ишлар аъмол – идеал – мурод – тилак-муддао бўлсун. Вало, мун(и)сиз биз кундан кун йўқ ва забун бўлармиз.

“Ойна” ж. 1913 йил. 6-7 сонлар