«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-26T16:44:41+05:0026 Mart, 2021|Олтин қалам|

Бугуннинг мавзуси

САБР ҚИЛГАН  ЕТАР МУРОДГА

Бутун дунё аҳли, шу жумладан ватандошларимиз ҳам айни кунларда коронавирус инфекцияси туфайли жиддий синов даврини бошдан  кечирмоқда. Минг шукрки, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан бу офат мамлакат бўйлаб ўта ҳатарли даражага кўтарилиб кетишининг олдини олиш бўйича  кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу юзадан халқимизга қилган мурожаатида миллати,  тили,  динидан қатъи назар ҳаммамиз якдил бўлсак, гигиена қоидаларига, шифокорлар тавсияларига риоя қилсак бу қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз, деган эдилар.

Дарҳақикат, ана шу тартиб-коидаларга амал   қилингани  боис хавф-хатар чекиниши шубхасиз.

Тарихга назар ташласак халқимиз кўп оғир кунларни,  қийинчиликларни бошидан кечирганлигини ва уларни енгиб ўтганлигининг гувоҳи бўламиз. Бунинг асосий замини эса,  энг аввало сабр,  қаноат,  ирода ҳисобланади.

Пайғамбаримиз (с. а. в) нинг муборак  ҳадисларида ҳам бу ҳақда “Қайси бир банда ўзига етаётган озорга сабр қилса, Аллоҳ  унинг азизлигини зиёда қилади” деб айтиб ўтганлар.

Дарҳақиқат, карантин туфайли юзага келган вазиятда белгиланган тартиб қоидаларга амал қилган ҳолда сабрли бўлган киши ўзини ҳам, атрофидагиларни-ўзгаларни  ҳам хавф-хатардан асрайди. Кекса отахонлар ва онахонларимиз кўп такрорлайдиган, огоҳликка даъват этувчи  “Аллоҳ  сақланганни сақлайди” деган халқ нақли ҳам беҳуда айтилмаган.

Афсуски, айрим кимсалар қадриятларимизга, одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам амал қилмай кўча-куйда ниқобсиз юриш, зиёфатлар  уюштириш, гигиена қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари оз бўлсада учраб турибди-ки, ўзига ва яқинларига зарар келтириши табиий.

Буюк алломалар, мутаффаккирлар ҳам сабр ҳақида ҳикматли сатрларни битганлар. Алишер Навоий ҳазратларининг “Маҳбуб ул-қулуб” (Қалблар севгилиси) асарида шундай фикрлар бор: “Сабр-аччиқ, аммо фойда берувчи, у қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этувчи. Сабр шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир.

Сабр- табиб, бадхўр дори. Бемор ундан азоб тортади, аммо сўнгида соғлиққа эришади.”

Машҳур турман шоири Маҳтумқули қаламига мансуб

“Сабрсиз лар тез йўлиқар балоға,

Сабрли қул бора-бора шод бўлар.”

деган сатрлар ҳам кишиларни огоҳлик ва сабр-қаноатга даъват этади.

Чамаси бундан ўттиз-ўттиз беш йиллар олдин қайсидир китобдан ўқиганим,ибратомуз ҳикоят шу кунларда тез-тез хотирамга келади.

Ҳикоя қилинишича бир донишманд зиёрат мақсадида ёнида шогирдлари билан узоқ сафарга чиқишади.Йўл-йўлакай тўрт томони яйдоқ, яйлов ерда бир киши ёнида ўғиллари,неваралари билан дарахт ниҳоллари ўтқазишаётганига дуч келишади.Бир зум тўхтаб,саломлашиб,”ҳорманг-бор бўлинг”қилишади.

– Отахон,бу ерда катта бир боғ қилмоқчиман,-дейди суҳбат давомида ниҳол ўтқазаётган бўлгуси боғбон.

-Ниятингиз яхши,лекин ишингиз ғалат,-дейди донишманд ва гап айтмай йўл юришни давом эттиришади.

-Йўл юриб эртасига худди кечагидай яланглик бир жойда бир гуруҳ кишиларнинг пахса девор барпо қилишаётганини кўриб тўхташади.Ҳорманглар,дея ҳол-аҳвол сўрашишади.Гап орасида девор тортаётганларнинг ёши  каттароғи донишмандга бу жойда бир катта боғ қилмоқчи эканини айтади.Шунда донишманд унга қарата:

-Баракалла! Ниятингиз яхши,ишингиз ҳам дуруст,-дея олқишлайди.

Ҳамсафарлар йўлда давом этиб бир манзилда тўхтаганларида шогирдлар қариядан қизиқиб сўрашади:

-Устоз, йўлда иккалалари ҳам бир мақсадни кўзлаб иш қилаётганлардан бирининг амалига эътироз билдирдингиз.Кейингисини дуруст деб мақтадингиз.Сабаби  англамадик.

-Шунда донишманд йўлдаги сўзларни изоҳлайди:

-Биринчисининг ишини хушламаганим ўтқазаётган ниҳолларининг хавфсиз ўсиб-унишлари,дарахт бўлишлари,мева беришларида  кафолат кўрмадим,чунки,атрофида муҳофазаси йўқ,  Саёқ-сандироқ ҳайвонларга ем бўлиши турган гап. Кейингисини ҳаракатини маъқуллаганим, ишининг охирини ўйлаб,энг аввал бўлажак боғ ниҳолларининг ҳимояси учун хам девор тиклаётгани…

Ривоят мазмунидан бугунги вазият учун ҳам хулоса чиқариш мумкин. Дейлик, ҳар оилани,маҳаллани, борингки жамиятни бир боғ  деб  тасаввур қилсак, ундаги дарахтларнинг дахлсиз  ўсиши учун ҳам бугунги  кунда жорий этилган ва ижроси қатъий талаб қилинаётган карантин қоидалари ҳимоя девори вазифасини ўташи  шубҳасиз.

Хабарлардан маълум  бўлаяптики,касалликка чалинган бир киши эҳтиётсизлик орқали ўзига юқтирибгина қолмай оила аъзолари ва бошқаларга юқтирмоқда.

Бундан кўринадики,ўзимизни асрасак шу орқали атрофимиздагиларни ҳам асраган,шу орқали аввало ўзимизга ва ўзгаларга яхшилик қилган бўламиз.Зеро, шу яхшиликнинг ўзи хайр-саховатни бир кўриниши ҳамдир.

Шу ўринда ҳазрат Навоийнинг “Қўлингдан келса ўзгаларга яхшилик қил,келмаса ҳеч бўлмаса ёмонлиқ қилмагинки,шунинг ўзи яхшилик қилганинг билан баробардир” деган мазмундаги нурмаъно сатрлари ёдга келади.

Бугунги кун синовларининг яна бир талаби сўзимиз билан ишимиз бир бўлишининг ўта зарурлигидир.

Бир неча кун олдин жамоа ўртасида карантин қоидаларига қатъий амал қилишни талаб қилиб, панд насихат билан тарғибот ўтказган мутасадди ходимнинг ўзи эртаси куни айтганига амал қилмай жамоат жойида бениқоб юргани , беўхшов қилиқлари қилганини қўшниларимиздан бири  ачиниш билан гапирар зкан,қўшиб қўйди:

-Шунда бошқалардан,ёшлардан қандай гина қилиш мумкин?

Дарҳақиқат,унинг куюнганича бор.Аслида шу масъулиятли кунларда энг аввало, биз катталар(катталар деганда ёши  улуғлар баробарида мансаб,лавозим эгалари ҳам назардаи тутилмоқда) шу жумладан зиёлилар ҳам фақат сўзимиз билан намуна бўлишимиз шарт ва зарур.

Узтоз шоир,таржимон,тарихнавис ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли  таъкидлаганларидек

Халқ   аро     огаҳ    эсанг   Огаҳий,

Беғараз   ар  сўзни   десанг  Огаҳий

Чунки  эрур  бошдан оёқ чин  сўзинг,

Лек  керакдур амал этсанг  ўзинг.

Гар амалинг бўлмаса    не  фойда,

Барча сўзинг   бўлғуси бефойда.

Бугун атрофга зийраклик билан назар ташлаб, дунёда бўлаётган воқеа ҳодисалар ҳақидаги хабарларни эшитиб ҳаракатимизга холисона баҳо беришимиз,ўзимиз ва ўзгаларни кўринмас балодан асрашимиз,боболар айтганидек бирини кўриб фикр,бирни кўриб  шукр қилишимиз даркор.

Шу билан баробар руҳиятимизни ҳам баланд тутишимиз, аҳиллигимиз,сабр бардошимиз билан самовий синовлардан омон-эсон ўтиб олишимизга ишонишимиз лозим.

Машҳур ёзувчи Александр Дюманинг”Граф Монте –Кристо”асари қаҳрамони тили билан айтганда  “Кутмоқ ва умид қилмоқ керак!”

Албатта бу кунлар ортда қолади.

Зеро, аҳиллик, меҳр-оқибат, сабр- қаноат бор жойда яхшиликлар бардавом бўлади, қийинчиликлар енгиб ўтилади.

Отабек ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

 (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 24.07.2020)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!