«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-26T15:52:56+05:0026 Mart, 2021|Олтин қалам|

ХАЛҚИММИ, ҲАЛҚУММИ?!

Айрим ишларимга улгурмаганим туфайли дам олиш куни бўлишига
қарамай ишхонага келдим. Хона эшигини очар эканман, қўл телефоним жиринглаб қолди. «Агар вақтингиз бўлса, бугун сиз
билан бир масалада гаплашиб олсак. Мен пойтахтда блогерлик
қиламан. Балки ижтимоий тармоқлар орқали саҳифамни ҳам
кузатаётгандирсиз. Ҳозир ишда бўлсангиз хонангизга кираман»…

Тўғриси, ҳайрон бўлдим. Бугун якшанба – дам олиш куни бўлса. Нега айнан бугун келди экан? Ҳа, майли, келсин-чи, кечиктириб бўлмайдиган муҳим иши бордирда. Туман ҳокимининг матбуот котиби бўлиб фаолият юритаётганим сабабли журналистлар ва блогерлар билан тез-тез мулоқотга киришиб тураман.

– Билсангиз, мен номдор блогерлардан бириман, – дея гап бошлади қотмадан келган, кўринишидан тоғни урса талқон қиладиган йигит. – Ҳозир кўплар менга мурожаат қилади. Уларнинг муаммоларини ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай тўсиқларсиз ёритаман. Аксарият раҳбарлар мен билан маслаҳатлашиб иш қилишади. Уларнинг фаолиятига тааллуқли воқеаларни матбуот котибидан кам ёритмайман. Шунинг учун ҳар байрамда ҳокимлар матбуот котиблари орқали совға-салом юборишади. Кичик-кичик муаммоларимни ҳал қилишга кўмаклашишади. Сизнинг ёнингизга келганимнинг сабаби шуки, сиз ва ҳокимингиз билан ҳамкорликда ишласак, тумандаги муаммо ва камчиликларнинг тармоқда чиқишига йўл қўймайман. Эътибор қилаётган бўлсангиз, туманимизда (блогер П.М. шўрчилик экан) «ёзувчи» кўп. Улар майда-чуйда муаммолар билан сизни ва ҳокимни обрўсизлантиришга ҳаракат қилаётганини кузатиб турибман. Мен билан ҳамкорлик қилсангиз ҳеч ким ишингизни салбий томондан ёритмайди. Мана яқинда туманимизга қўшни бўлган учта туман ҳокимининг матбуот котиби мени ҳамкорликка таклиф қилди. Ўша туманлардаги камчиликлар ижтимоий тармоқларда умуман эълон қилинмаяпти.

– Тўғриси, сиз ҳақингизда эшитмаган эканман. Ҳеч қандай тўсиқларсиз ёритаётган муаммоларингиз қай даражада ҳал бўлаяпти? Қолаверса, қўлида замонавий телефони бўлган ҳар бир фуқаро ўзи гувоҳ бўлган муаммони ижтимоий тармоқда ҳеч қандай тўсиқсиз ёритаётганига гувоҳман. Ҳар бир мурожаатни қонун доирасида ўрганиб, ҳал қилиш учун ҳаракат қилаяпмиз. Ҳеч бир мурожаат эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ. Оғзингизни мойлаб, сизга совға беришни ўзларига эп кўраётган матбуот котиблари билан ҳамкорликни давом эттираверинг. Бизнинг сизга эҳтиёжимиз йўқ.

– Тўғри. Ҳозир аксарият фуқаролар ижтимоий тармоқлардан ўз муаммосини ҳал қилиш учун фойдаланади. Мен эса халқ учун ишлайман. Халқнинг муаммоси устида бош қотираман. Мана яқинда Сардобада меҳнат қилган бир нечта ҳамюртимизнинг ойлик маошини ололмагани ҳақидаги мурожаати менинг постимдан кейин ижобий ечим топди. Қолаверса, судда ютқазиш арафасида турган бир нечта тадбиркорни ижтимоий тармоқларга чиқарганимдан сўнг ишлари қайта кўриладиган бўлди. Аслида менинг вазифам муаммони ҳал қилиш эмас, уни нишонга бориб тегадиган даражада ёритиш. Шартномани ана шундай ёритишим учун тузаман. Мен раҳбар эмасман-ку, аҳолининг муаммосини ҳал қилиб бергани. Шартнома асосида кўп муаммоларни тўсиқларсиз ёритганман.

– Ҳа-а. Демак, фуқароларнинг муаммосини ижтимоий тармоқда ёритганингиз учун ойлик олар экансиз-да. Муаммо ҳал бўлиш-бўлмаслигининг сизга қизиғи йўқ, шундайми? Блогерликдан бошқа бирор иш қиласизми?

– Эркин ижодкорман. Шартномага келадиган бўлсак, мен меҳнат қилиб пул топаман. Ҳал бўлса-бўлмаса йирик муаммони ёритиш ҳам осон иш эмас. Бунинг учун меҳнат қилиш керак. Ўзингиз биласиз, ҳеч ким манфаатсиз меҳнат қилмайди. Назаримда сизнинг ҳамкорлик қилиш ниятингиз йўқ. Ўзи аслида бир муаммони ҳал қилиб беришингиз учун келгандим. Агар ҳокимингизга айтиб, 4 сотих ер олиб берсангиз сизларнинг камчиликларингизни умуман ёритмайман. Олиб бермоқчи бўлган ерингиз шаҳар ҳудудидан бўлса яхши бўларди. Бемалол тадбиркорлигимни бошлардим.

– Гапни шу ердан бошламайсизми, ака? Келганингизга икки соат бўлди. Қаердаги гапларни айтиб, бекорга вақт йўқотдик. Энди мурожаатингизга келсак, бўш турган ерларни туман ҳокимлигидан эмас, «E-ijro auksion» ягона электрон савдо майдончаси орқали сотиб оласиз. Сизга бундан бошқа ёрдам беролмайман. e-auksion.uz сайтига кирсангиз туманимизнинг қайси ҳудудидаги ерлар сотувда эканлигини кўрасиз ва истаган жойингиздан сотиб оласиз.

– Демак, ёрдам ҳам бермайсиз. Ҳамкорликда ҳам ишламайсиз. Энди ўзингиздан кўринг. Сизнинг ҳам, ҳокимингизнинг ҳам ҳар қадами эътиборимда бўлади. Туманингиздаги ҳар бир ҳолатни ижтимоий тармоқлар орқали ёритаман.

Мана шу суҳбатга ҳам роппа-роса уч ой бўлди. Ўша кундан буён хурматли блогер ўзи айтганидек туманимиздаги майда-чуйда камчиликларни ижтимоий тармоқларда тинимсиз ёритиш билан овора. Наҳотки, халқ номидан гапираяпмиз, халқ қийналиб кетди дея бонг ураётган блогерларнинг аслида мақсади бошқа бўлса?! Нима бўлганда ҳам, халқни баҳона қилиб ўз ҳалқумини ўйлаётган, нафси йўлида шартнома асосида ишлаётган ижтимоий тармоқ фаоллари мулоҳаза қиладиган вақт келди назаримда. Зеро, юрт тараққиёти, фарзандларимизнинг бахту камоли учун астойдил, холис меҳнат қилишимиз керак.

Нигина ШОЕВА,
журналист

Huquq газетаси

2021 йил 21 январ № 3 (1252)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 95

OAV nomi va parolini kiriting!