«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-26T14:34:31+05:0026 Mart, 2021|Олтин қалам|

ЭРТАНГИ КУНГА  БЎЛГАН ИШОНЧ

МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йилнинг 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташриф буюрган эди, Давлатимиз раҳбари вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифларида берилган топшириқлар ижросининг таъминланишига ўз кўзи билан шоҳид бўлди.  Янгидан барпо бўлган бир катор қорхоналар, уларда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Фаоллар билан бўлган самимий мулоқотда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш борасидаги таклиф ва тавсияларини берди.

“Бугунги кундаги энг муҳим вазифа – инвестиция ва технологиялар олиб келиб, янги корхоналар ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш”, деган эди ўшанда Шавкат Мирзиёев.  Жиззахда ана шу тарихий ташрифдан кейин ортда қолган икки йилга яқин вақт оралиғида    муайян ишлар амалга оширилди.

Ушбу сўзларимизнинг исботини биргина  жорий 2020 йилнинг  январь-ноябрь ойларида амалга оширилган ишлар ҳам тасдиқлайди. Вилоят инвестициялар ва ташқи  савдо бошқармасидан олинган маълумотларимизга кўра, бу муддат ичида  турли манбалар ҳисобидан жами 3 триллион 300 миллиард сўмлик инвестициялар жалб қилинда. Ушбу сармоянинг  2,7 триллион сўмига тенг 275 та лойиҳа  эса, аллақачон ишга туширилиб, бунинг натижасида 3 минг 340  нафарга яқин  янги иш ўринлари яратилган.

– Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Жиззах вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Суннат Мирзақобилов.  – Айтиш жоизки,  вилоятимиз Ўзбекистоннинг қоқ марказида жойлашгани,  қулай  инвестицион  муҳит мавжудлиги, ҳудудларимизнинг табиий ресурсларга бойлиги чет эллик сармоядорларнигш эътиборини ўзига тортмоқда.  Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш борасида 2020 йил учун белгиланган 302 ярим  миллион АҚШ долларига тенг прогноз-режа  йилнинг  ўн ойидаёқ  461 ярим  миллион долларга етказилиб, ортиғи билан бажарилганининг ўзи бунинг исботи.

Давлат раҳбарининг вилоятга бўлган ташрифидан кейин амалга ошган йирик лойиҳалардан бири  – бу Зафаробод туманида қад ростлаган ва лойиҳа баҳоси 150 миллион долларни ташкил этган МЧЖ шаклидаги “Ҳуаксин цемент Жиззах” хорижий корхонаси бўлди. Йилига 1 миллион 200 минг тонна  маҳсулот  ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхона хориж андозаларидаги энергия тежамкор технология билан жиҳозланди. Ҳозирча 300 кишини доимий иш билан таъминлаган жамоа томонидан тайёрланаётган цемент республикамизнинг турли бурчакларида қад ростлаётган энг замонавий осмонўпар биноларда ишлатилаётгини аҳамиятлидир. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – корхонага энг сўнгги русумдаги энергия тежамкор, экологияга таъсири кам бўлган технологиялар ўрнатилган. Корхона цехларида жаҳон андозаларига мос М-400 ва М-500 маркадаги сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётир. 300 дан ортиқ одам, асосан шу пайтгача ишсиз бўлган ёшлар иш билан таъминланган.

Ўрни келганда  Президентимиз “Ўзтрансгаз” АЖ зиммасига “Ҳуаксин цемент Жиззах” хорижий корхонасини табиий газ билан таъминлаш  вазифасини юклаганини ҳам айтиб ўтиш лозим.   Мазкур топшириқ ижроси доирасида Шароф Рашидов тумани ҳудудида “Янгиҳаёт” газ тақсимлаш станциясининг саноат тугуни лойиҳалаштирилди ва қурилиш ишлари тезкор суръатда олиб борилмоқда. «Трансгазинжиниринг» МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилган ГТСнинг технологик қисмлари жамланиб, жойига олиб келинди ва уларни ўрнатиш  ишлари бажарилмоқда. Айни кунгача 500 метр масофадан газ тармоғи тортилиб монтаж қилинди ва синов ишлари амалга ошириляпти. Станция тез орада фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.Соатига 30 минг  метр-куб табиий газ ўтказиш қувватига эга ушбу ГТС ўта муҳим қурилиш хом ашёси ҳисобланган цемент ишлаб чиаришга ихтисослашган корхонанинг биринчи босқичини ўзлуксиз равишда табиий газ билан таъминлашга имкон беради.   Яна бир муҳим жиҳати,  ушбу лойиҳа  нафақат мазкур йирик саноат корхонаси, балки унинг атрофидаги бошқа корхоналар ва аҳоли яшаш нуқталарига ҳам табиий газ етиб боришини таъминлади.   

Сир эмас, сўнгги йилларда мамлакатимизда, жумладан Жиззах вилоятида ҳам бунёдкорлик ишларининг кўлами сезилари даражада кенгайди. Бу эса, ўз-ўзидан қурилишда ишлатиладиган маҳсулотларга бўлган  эҳтиёжнинг   ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.  Жиззах вилояти ҳудудида  жуда катта оҳактош заҳиралари мавжуд. Вилоят  ҳокимлиги ва Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлиги натижасида  Фориш тумани ҳудудида яқинда фаолият бошлаган МЧЖ шаклидаги “Tianshan Industries” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси айнан айнан ана шу эҳтиёжни қондиришга,, яъни қурилиш соҳасининг энг муҳим компонентларидан бири бўлган оҳак ишлаб чиқпришга ихтисослашган.

– Мазкур завод лойиҳасининг салмоқли қисми, аниқроғи  2 ярим  миллион долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ташкил этади, – дейди вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бўлим бошлиғи Искандар Аҳатов. – Кўмир билан ишлайдиган корхона  кунига эса, 300 тоннага яқин  махсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Йилига 1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Давлатимиз раҳбари ўз  ташрифи давомида   аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг муҳим масалалардан бири эканини таъкидлаб, бу борадаги режадаги ишларни тез ва сифатли бажариш юзасидан топшириқлар берган, жумладан, «Жиззах вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимини Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига яхшилаш» лойиҳасининг бажарилишига ҳам алоҳида эътибор қаратган эди.

Мамнун бўладиган томони, бу борада кўзда тутилган  ишлар қарийб якунига етиб қолди.  Бугунгача лойиҳага асосан 2018-2020 йиллар учун ажратилган 248 миллиард сўм маблағнинг   246 ярим миллиард сўмдан ортиғи ўзлаштирилди. Пудратчи ташкилот амалга оширган ишлари учун 234,2 миллиард  сўм маблағ билан таъминланди.   Бу эса,  вилоятнинг Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 600 мингдан ортиқ аҳолининг марказлашган ҳолда  экологик тоза ичимлик суви таъминланишига қсиқа муддат қолмоқда, деганидир.

Президент Жиззахда бўлганида аҳоли даромадларини ошириш ва турмуш шароитини яхшилаш, қулай инвестиция муҳити яратиш ва янги ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш борасидаги  ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш зарурлигига алоҳида урғу берган эди.   “Одамларга муносиб турмуш шароити яратиш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши зарур. Бунинг учун барчамиз ҳамжиҳатликда виждонан ишлашимиз керак”, дея таъкидлаган Юртбошимиз аграр соҳада ҳам мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд қилиб ўтганди.

Вилоятда бу борада бажарилаётган ишларга Янгиобод туманида  МЧЖ шаклидаги «Фу Лай Жи” хорижий корхонасида  амалга оширилаётган ишлар  мисол бўлади. Илмий технологик агрокластер кўринишидаги мазкур жамоа аъзолари  2020-2021 йилларда умумий  қиймати 10 миллион  АҚШ долларига тенг бўлган, уруғчилик ва сабзавотчиликка мўлжалланган лойиҳани амалга оширишга аҳд қилишган.

Агрокластер учун “Хўжамушкентсой” СИУ ҳудудидан 1000 гектар лалми ер майдони ажратиб берилди.  Ушбу ҳудудда  замонавий энергия ва сув тежовчи технологиялардан фойдаланилган ҳолда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, кейинроқ эса, уларни қайта ишлаш  йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.  Бугунгача  лойиҳа учун жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий сармоя  ҳисобига  электр энергиясини тортиш, зарурий қишлоқ хўжалик техникаларини келтириш, томчилатиб  суғориш ускуналари ўрнатиш ишлари бажарилди.  2 та артезиан қудуқ қазилиб, сув чиқарилди. Синов тариқасида 5 гектар майдонга экилган ва  томчилатиб суғориш усулида парваришланган картошкадан кутилганидан ҳам мўл ҳосил олинди.  Лойиҳа тўлиқ амалга ошгандан кейин жамият даласида  йилига 4 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш,  200 кишини доимий иш билан таъминлаш имконияти юзага келади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки,  давлатимиз раҳбарининг республикамиз ҳудудларига бўлаётган ҳар бир ташрифи ана шу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривож топишига, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тезлашувига, янги-янги лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига  замин бўлаётир.  Энг муҳими, Ўзбекистоннинг чекка шаҳар ва қишлоқларида  яшаётган миллионлаб ҳамюртларимизнинг қалбига илиқлик бағишлаб, эртанги яхши кунларга бўлган ишончини  мустаҳкамламоқда…

Худойберди КАРИМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(Мақола “Янги Ўзбекистон газаетасининг

2020 йил 17 декарбь сонида чоп этилди)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!