«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-26T11:36:03+05:0026 Mart, 2021|Олтин қалам|

СЕМИНАР СИЙҚАЛАШМАСИН

У МАКТАБ ЁКИ ПЕДАГОГ ТАЖРИБАСИ ОММАЛАШИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ ШАРТ 

Президентимиз Ш. М. Мирзиёев раҳбарлигида кейинги уч йилдан буён мамлакатимиз халқ таълими тизимига қанчалар катта эътибор, педагогларга мислсиз ғамхўрликлар кўрсатилаётгани барчага равшан. Буларнинг амалий жавоб тасдиғини туманимиз халқ таълими бўлими рейтинг кўрсаткичлари кейинги уч йилда вилоятимиз бўйича 8 поғона кўтарилиб, 4-ўринни забт этганидаёқ кўриш мумкин.

Табиийки таълим-тарбия самарадорлиги ошувида изланувчан, ташкилотчи ва ташаббускор директорлар раҳбарлигидаги мактаблар педагогик жамоаларининг, бурчига виждонан ёндашувчи кўплаб ўқитувчиларимизнинг хизматлари катта. Гувоҳ бўляпмизки, улар азалдан мактаб шаъни ва ўқувчилар тақдирига масъулликларини юракдан чуқур англаган ҳолда ёндашишган ва эътибору ғамхўрликларга жавобан бугун янаям астойдил меҳнат қилишмоқда. Фикрларимизни кенг кўламда эмас, ўтказилаётган кўргазмали амалий семинарлар мисолида ифодалашни жоиз билдик. Зеро, ҳар қандай илғор тажриба кенг оммалашиши билан қимматлидир.

Тўғри, тўртта одамни таклиф этиб, битта тадбирни ўтказиш осонмас. Аммо кучига, билими, тажрибасига ишонган 13-ДИМИ, 5, 10, 14, 16, 17, 19, 30, 31, 41, 43-мактаблар жамоалари учун қайсидир мавзу бўйича туман ёки вилоят миқёсидаги семинар ўтказиш одатий ҳолга айланиб қолган. Бу уларда ҳар жиҳатдан кучли потенциал борлигидан далолатдир.

«Ўқувчилар билим самарадорлигини оширишнинг йўллари, усул ва услублари». 13-ДИМИ рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ўтказган семинар ана шундай номланди. Вилоят халқ таълими бошқармаси вакиллари, барча шаҳар, туманлар ХТБ тиллар бўйича услубчилари етакчилигида ўқитувчилар қатнашишди унда. Якуний йиғилишда А. Куртумерова, Г. Рўзиеваларнинг дарс машғулотлари ҳар жиҳатдан мукаммаллиги эътироф этилиб, тажрибаларини вилоят миқёсида оммалаштиришга қарор қилинди. Мактаб директори Ф. Каримова, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Б. Боқиевга вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Улар мукофотга муносиб эдилар аслида ҳам. Негаки 2018-2019 ўқув йилида мактабни битирган 48 нафар ўқувчидан 36 нафари ҳозирда олийгоҳларда ўқишаётгани, ўқувчи-ю ўқитувчилар республика ва халқаро беллашувларда эришаётган мислсиз натижалари учун ҳар қанча рағбатлантиришга лойиқ.

Марина Цай раҳбарлигидаги 14-мактабда ташкилланган семинар «Устоз-шогирд мураббийлик мактаби ва унинг амалий натижалари» деб номланди. Тадбирнинг сценарийси давр талабларига ҳамоҳанг тарзда ёзилганлиги ҳамда ўзгача завқ-шавқ ва жамоанинг уюшган ҳолда ўтгани билан аҳамиятга молик.

Меҳмону мезбонлар жамланишганда, НамДУ ўқитувчилари талабалари билан навбатдаги машғулотга тўпланишгандек кўриниш пайдо бўлди. Чунки йиғилган барча она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари мазкур олийгоҳнинг собиқ битирувчилари эдилар.

Халқ таълими аълочиси Мадина Фозилова «Дарс ўтишнинг инновацион методлари», унинг шогирдлари – Халқ таълими аълочиси Гулноза Ас­қарова ҳамда НамДУ 4-курс талабаси Нурхон Ҳошимовалар «Машҳур кишилар» мавзуларида очиқ дарслар ўтиб беришди. Машғулотларда қатнашган ҳамкасблар катта таассуротлар олишгани ҳақида мароқ билан гапирдилар.

НамДУ ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Дилором Бобохонова, кафедра катта ўқитувчиларидан Абдужаббор Олимов, Мамасоли Ҳайитовлар шогирдларининг фаолиятларидан мамнунликларини изҳор этдилар. Якуний тадбирда ўқитувчилар миллатлари турлича бўлса-да, ўзбек тилида шеъру рубойиларни маромига етказиб ёддан ўқиб беришгани даврага янаям улуғворлик бағишлади.

Ҳошимжон Бўронов директорлик қилаётган 5-мактаб – қутлуғ даргоҳ. Халқ ўқитувчиси Абдураҳмон Нишонов, Халқ таълими аълочиси Насима Жўраева сингари фидойи педагоглар кўп йиллар самарали бошқаришган бу илм масканини. Ўша йиллари мактаб ҳатто республикада довруғ қозонган. Ҳошимжон ана шу анъанани изчил давом эттиришга астойдил бел боғлаганидан қувондик. «Қизларжон қанча гўзал бўлса, шу даражада ҳаёли ва иболи бўлмоғи лозим», «Баҳорги депрессиянинг олдини олиш» мавзуларида бирин-кетин вилоят семинарини ўтказди. Улардан кўзланган асл муддаога эришилди, бизнингча. Ўқитувчилар илғор тажрибаларини турли туманлардан келган ҳамкасбларига эмин-эркин кўрсатиб бера олдилар.

6-мактабда «Ўзбекистонда маънавий тарихий мероснинг тикланиши» мавзусида ўтказилган вилоят семинари ҳам рисоладагидек тайёрланган. Директор Зарифжон Мўминовнинг таъкидлашича, Манзура Маматқўзиева, Наргиза Исомиддинова каби фидойи ўқитувчилар борки, бундай тадбирлар ҳамиша юксак савияда ўтган. Бурчини сидқидилдан адо этаётган педагоглар кўп. Уларнинг ҳамжиҳатлиги, ташкилотчиликлари бесамар кетмаяпти.

27-мактаб туманимизнинг чекка ҳудудида жойлашган. Шундай бўлса-да, директори Муҳаммаджон Ҳусановнинг куйди-пишдилиги билан қатор ибратли ишлар қилинмоқда. Олис бўлса-да, илм масканига янгиликлардан воқиф бўлиш мақсадида узоқ-яқиндан ташриф буюрувчи ҳамкасблари кўпайиб қолгани бежиз эмас. «Бағрингда беармон яшарман, Ватан!» мавзуидаги семинари ҳам меҳмонлар билан ниҳоятда гавжум ҳолда ўтганлиги фикримиз тасдиғидир.

«Бошланғич синфларда инновацион технологияларни қўллашда компетентликнинг аҳамияти» (3-мактаб), «Бошланғич таълим таълим-тарбиянинг сифатини ошириб, юксак марраларни кўзлайди» (16-мактаб), «Инновацион усулларни АКТ ва табиий фанларга мослаштириш» (9-мактаб), «Жадидчилик ҳаракатининг Туркистон ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётига таъсири» (41-мактаб) мавзуларидаги семинарлар ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтилди.

Семинарларни ташкил этиб, кўзланган мақсадга эришаётган бу каби мактаблар, ўқитувчилар талайгина. Аммо…

Очиқ айтиш керак. Семинарларни номигагина ва ҳатто миқдор учунгина ўтказилаётганлик ҳолатларига дуч келаяпмиз. Фан ойликлари доирасида режалаштирилгани учунгина ўтказилаётганлари қанча. Шу ўринда айрим мисолларга мурожаат этамиз.

Директор берган таклифномага биноан ўша мактабда «Инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда дарс самарадорлигини ошириш» мавзусидаги туман миқёсида ўтказилган семинарда қатнашдик. Мавзу – долзарб. Ҳар қандай одам, айниқса, ўқитувчи унда қатнашиб, илғор тажрибалардан баҳраманд бўлса, қандай яхши!

Афсус, 3 та синфда ўтказилган очиқ дарсда қатнашиб, ҳафсаламиз пир бўлди. Битта синфда компьютер номигагина турди. Машғулот мобайнида устоз унга қарамади ҳам. Бошқа иккита синфда ўша компьютер ҳам йўқ. Учала ўқитувчининг ҳам иш услуби бир хил. Ўқувчиларни 3 та гуруҳга бўлган ҳолда мусобақа шаклида дарс ўтдилар. Ҳеч қандай инновацион технологиядан фойдаланишмаганидан ёқа ушладик.

Яна бир мактабдаги ҳолат ундан-да ҳайратланарли. 3 та гуруҳга бўлинган ўқувчилар мусобақаси бошланди. Орадан 20 дақиқа ўтгач, ҳисоб-китобини йўқотиб қўйган ўқитувчи бир жамоадаги ўқувчини балларни ҳисоблаб туриш учун ёрдамга таклиф этди. Маш­ғулот тугади. Қайси гуруҳ ғолиб? Ким қанақа баҳо олди? Уларни билмаган ҳолда хайрлашдик. Негаки танаффус вақти ҳам тугаб, навбатдаги дарсга кириш учун қўнғироқ чалиниб қолди.

Учинчи мисол. Мақтовдаги мактаблардан биридамиз. Дарс бошланиши билан синфда ўқувчилар мадҳияни «куйлашди». Сўнг ёш тарихчилар гуруҳларга бўлинишди. Улар ўз гуруҳларининг шиорларини айтишди. 8 қатордан! Ҳар бир саволга жавобни ўхшаса-ўхшамаса шеър айтишдан бошлашди. Баҳру байт мусобақасими деб ўйлайсан одам.

Қани янгилик? Қани унда ўрганиш учун ҳамкасблар эътиборига тақдим этиладиган илғор тажриба?

Кишини таажжублантирадиган бош­қа жиҳат, бу – семинар мавзусининг ғариблиги. «Иккиланган бурчакнинг синуси ва косинуси», «Ўзбекистон гербини тасвирлаш», «Баскетбол тўпини олиб юриш» деб номланган мавзуларда туман семинарини ўтказишдан не фойда? Турли мактаблардан атайлаб келган ўқитувчилар кетган вақтларига яраша бирор нарса олдилармикин бу семинарлардан? Агар улар мабодо ушбу тадбирга келишган бўлса…

Яна бир гап: иш бор жойда камчилик бўлади. Йиллар мобайнида ўзининг тажрибаларини ёйишга қизиқмаган, ёки умуман янгиликка интилмаганлар қанча. Остонасига ҳатто қўшни мактаблардан умид билан қадам қў­йилмаган илм даргоҳлари ҳам йўқ эмас. «Ошхўрга ош, ишхўрга иш» деганлари шу бўлса керак-да.

Бугун ҳамма нарсани ўз номи билан аташимиз, баҳонинг шаффофлигини таъминлашимиз керак.

Маънавий-маърифий тадбирларни семинар деб номланаётгани кулгули. Деярли барча мактабларда ўтказилган «Олтин куз», «Қизларжон қанча гўзал бўлса, шу даражада ҳаёли ва иболи бўлмоғи лозим», «Она тилим – сарчашмангдан сархуш дилим», «Ўзбекистон гербини тасвирлаш», «Ўткир зеҳнлилар», «Зулфия – баҳор куйчиси» каби маънавий-маърифий тадбирларни нима учун семинар деб номланганлигига ҳайрон қоласан одам. Қолаверса, бир хил мавзу бўйича барча мактабларда семинар ўтказилавермайди-да ахир. Бу мантиқсизликдан бўлак нарса эмас.

Негадир кўпинча ўқитувчиларимиз кўргазмали семинар ва очиқ дарс­лар якунлари бўйича фикрларини баён қилишга холисона ёндашмаяптилар. Асосан ижобий фикрлар билдириляпти. Қарсакбозлик, маддоҳлик шунчалар бўладими? «Мендан олдин сўзга чиққанлар билдирган фикрларга қўшиламан» дейиш билан чекланиш эса замонавий ўқитувчига тамомила зиддир.

Баҳонинг арзонлигини қаранг. Кўзбўямачилик билан ўтказилган машғулот ва дарс ишланмаларини вилоят миқёсида оммалаштиришга тавсия этилаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аввал лоақал туманимизда оммалашсин эди. Баъзиларини-ку ҳатто мактаб бўйича оммалаштиришга умуман нолойиқ. Шундай эмасми?

Белгиланган вақтдан унумли фойдаланиш, ўқувчиларни машғулотга тўла қамраб олиш, инновацион технологияларни, янги усул ва услубларни қўллаш каби муҳим талабларни бажармаган ўқитувчининг фаолиятини юзсизларча қўллаб-қувватлаш заруратми?

Ўзимизни ўнглаб олайлик. Ютуқларни эътироф этган ҳолда хатоликларни бартараф этиш, келгусида нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги хусусидаги қимматли маслаҳатларимизни беришга, муносабат билдиришга одатланайлик. Акс ҳолда битта «семинар» баҳонасида ҳали етарли тажриба ва маҳоратга эга бўлмаган, шунчаки тирикчилик учун мактабда кун ўтказаётган ўқитувчини ҳаволантириб юборишимиз мумкин. У келгусида газак отиши табиий.

Яна бир масала. Кўргазмали амалий семинар ўз номига монанд бўлсин. Долзарб, оммалаштиришга лойиқ мавзуни режалаштирайлик. Унда мактаб ёки қайсидир ўқитувчининг ўзига хос қимматли тажрибаси бўлсин. Семинарга берилган таклифномадаёқ мавзу мавҳум ёзилган, ўндан ортиқ имловий ва стилистик хатоларга йўл қўйилган бўлса, ўтказилаётган тадбирдан қандай наф кутиш мумкин? Юқори ташкилотларга ўта сифатли қоғозларга рангли, жимжимадор ҳарфлар билан битилган таклифномадаги қатор хатоликларни кўргач, уни шахсан тақдим этган директорнинг саводхонлиги-ю савиясини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Мухтасар қилиб айтганда, поезд ўтиб кетиб бўлди. Янги ўқув йилидан эътиборан туман ХТБ ҳамда услубчиларининг бевосита ва билвосита раҳбарлигида оддий ўқитувчидан то директоргача таълим-тарбияга дахлдор ҳар қандай жараёнга юксак масъулият ҳисси билан ёндашилмоғи зарур. Жумладан кўргазмали амалий семинарларни номигагина ўтказишдек иллатга батамом чек қўйиш шарт. Нафақат унинг ташкилотчилари, қолаверса, таклиф этилган кишилар ҳам тадбирга бефарқ қарамасинлар. Атайлаб келган педагоглар яратилган, тўпланган илғор тажрибалардан қониқиш ҳосил қилишсин. Шунга эришайликки, таклиф этилган ҳар қандай директор ёки ўқитувчи қалбида семинарда, албатта, қатнашиш иштиёқи, ўзида ҳам шундай тадбирни рисоладагидек ташкиллаш ғояси пайдо бўлсин. Хулоса шу: самарасиз семинар – хиёнат билан баробар. Шундай экан, унга зинҳор-зинҳор юзаки ёндашмайлик!

Қосимжон АКБАРОВ,

«Мингбулоқ» газетаси муҳаррири.

«Мингбулоқ» газетаси 04.07.2020. №14

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!