«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-26T11:00:11+05:0026 Mart, 2021|Олтин қалам|

Бугуннинг гапи

АНИҚ МАҚСАДЛИ ИШЛАР

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

    Ҳар йили куз-қиш мавсуми турли соҳаларда, хусусан, хизмат кўрсатишда бир қатор камчиликлар кўзга ташланиб қолади. Яъни совуқ тушиши ва ёғингарчиликлар бошланиши  билан электр таъминотида узилишлар кўпаяди. Бу йил ҳам бундан мустасно бўлмади. Ноябрь ойи иккинчи ярмида ёққан қор атрофни оппоқ рангга буркади. Лекин кўплаб ҳудудлар, айниқса, қишлоқларда “свет” ўчиб, одамлар қоронғиликда қолди. Бу ҳолат бўйича турли ОАВларда бонг урилди. Хизмат кўрсатувчи корхоналарга мурожаатлар кўпайди. Жараён ҳали ҳам тингани йўқ. Яъни “свет” масаласи ҳали ҳам долзарб бўлиб турибди.

Хўш, бунинг сабаблари нимада? Айни пайтда тизим корхоналарида бундай камчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?  Истеъмолчи-чи? Улар ўз масъулиятларини ҳис қилишяптими?

Шулар хусусида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджоновнинг фикрлари билан қизиқдик.

 

Узилишларга нима сабаб бўлмоқда?

Аслида, узилишлар бизга тегишли масала эмас. Яъни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ етказиб берувчи ҳисобланади. Яъни у қанча электр энергияси бўлса, шуни истеъмолчиларга етказиб бериш билан шуғулланади. Биз чеклов қилиш ёки қисқартиришдан манфаат кўрмаймиз. Аксинча, етказиб берилган электр энергиясидан даромад оламиз.

Умумтизим доирасида оладиган бўлсак, айниқса, қиш кириши билан электр энергияси истеъмоли кескин ортади. Натижада подстанцияларда зўриқиш ҳосил бўлади. Шундан кейин қайсидир ҳудуд ёки линияда автоматик тарзда электр токи ўчади. Бу автоматик жараён. Буни ҳеч ким қўлда бажара олмайди. Агар ток автоматик ўчирилмаса, ўша подстанцияда аварияли ҳолат вужудга келади. Шундан келиб чиқиб, айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда мамлакатимизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар замирида битта  — истеъмолчиларга электр энергиясини кўпроқ ва узлуксиз  етказиб бериш мақсади ётибди. Жумладан, бу борада давлатимиз раҳбари  бозор иқтисодиётига ўтиш, бозлр қоидалари бўйича ишлаш топшириғини берган. Шунинг учун вазирлигимиз томонидан Осиё Тараққиёт банки, Жаҳон банки, ЕТТБ каби халқаро молиявий ташкилотлар ҳамкорликда электр энергиясини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлаш бўйича хориждан тажрибали консултантлар жалб этилиб, улар ёрдамида тайёрланган концепция асосида иш олиб борилмоқда.

Тўғри, муаммолар бор. Бу борадаги ислоҳотларга жиддий киришилганига энди уч йил бўлди. Олдин ҳам тизимда ишлар қилинган, лекин бугунгидай кенг миқёсда эмас. Масалан, муқобил энергетика бўйича ишланмаган. Ҳозир шамол ва қуёш энергияси бўйича катта ишлар бошланган. Бу ҳам қўшимча энергия манбаси, дегани. Масалан, Навоий вилоятида Саудия Арабистони компанияси билан ҳамкорликда қуёш нуридан 100 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарувчи  корхона қурилиши бошлаб юборилди. Худди шундай Сурхондарё вилоятида ҳам шамол энергияси бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

АСКУЭ — замонавий тизим

Тизимдаги муаммолар пул вақтида йиғилмаслигига ҳам бориб тақалган, албатта. Қандай қилиб? Масалан, айни пайтда республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоиздан ортиғи табий газ ҳиссасига тўғри келади. Газни эса “Ўзбекнефтгаз” компанияси қазиб чиқаради. Агар, биз истеъмолчилардан тўловларни вақтида ундира олмасак, тақсимловчи, яъни Миллий электр тармоқларига бера олмаймиз. У, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи — иссиқлик электр станцияларига, улар эса газчиларга ҳақ тўлолмайди. Демоқчиманки, жараён бир бирига чамбарчас боғлиқ. Шу боис олдин бу жараён учун алоҳида комиссия тузиларди ва комиссия аъзолари ҳудудларда юрарди. Умуман, электр энергиясига алоқадор бўлмаган касб эгалари ҳам пул йиғишга жалб қилинарди. Лекин бу усул натижа бермади. Пировардида, 2018 йилнинг сентябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси, октябрь ойида эса  Президентимиз томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни жадаллаштириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Шундан сўнг, АСКУЭ (Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими)га мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларига жиддий киришилди.

Бугунги кунда ҳолатига республика бўйича жами 4 миллион 765 минг 255 нафар ёки 64 фоиз истеъмолчиларга ушбу тизим талабларига мос келувчи ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ушбу ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчиларнинг қарийб 2,5 миллиони  нафари ёки 51 фоизи биллинг тизимига уланди.

Айтиш керакки, АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчиларининг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида модернизация ишларини амалга ошириб бориш ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувларини, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинади.

 

Уч йил, ўн миллион — оддий рақамлар эмас

Шу ўринда яна бир мулоҳаза.  Яъни бугун электр энергияси етказиб бериш бўйича жуда катта харажат қилинмоқда. Яъни юқорида айтиб ўтилган ишларга 322 млн. доллар маблағ йўналтирилмоқда. Буни, умуман, электр энергияси ишлаб чиқариш, етказиб бериш харажатлари ундирилиши керак.

Таҳлилларга кўра, аксарият истеъмолчилар охирги чора, яъни ўчирилмагунча фойдаланган электр энергияси учун тўловни амалга оширмайдилар. Масалан, 1 йилдан ортиқ давр мобайнида тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар сони 903 305 нафарни ташкил этиб, шундан қарздорлиги мавжудлари 573 655 нафарни, ҳаттоки 3 йилдан ортиқ давр мобайнида тўлов амалга оширмаган истеъмолчилар сони 361 185 нафарни, шундан қарздорлари 283 489 нафарни нафарни ташкил этмоқда.

Уч йилдан буён, умуман, тўлов қилмаган қарздор истеъмолчилар, Самарқанд вилоятида 46 158, Тошкент вилоятида 45 685, Фарғона вилоятида 28 770 ва Андижон вилоятида 26 867 нафардан иборат.

Шу билан бирга, бугунги кунда қарздорлиги 1 млн. сўмдан 3 млн. сўмгача бўлганлар сони 157 839, 3 млн. сўмдан 5 млн. сўмгача 14 890 нафарни ва 10 млн. сўмдан юқориси 5 199 нафарни ташкил қилмоқда.

Умуман олганда, ҳозирги кунда республика бўйича истеъмолчиларнинг электр энергиясидан жами қарзи 3 трлн. 500 млрд. сўмдан ортиб кетган. Шунинг 2 трлн. 400млрд. сўми аҳолига тегишли. Бу кичкина сумма эмас. Тасавур қилинг, ушбу маблағларга тизимда қанча ишларни бажариш мумкин.

Қолаверса, кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан ажратилганда улар томонидан ўзбошимчалик билан қайта уланиб олиш ҳолатлари мавжуд эди. АСКУЭ тизими айнан шундай ноқонуний аралашишларнинг олдини олади. Дейлик, истеъмолчи томонидан шундай ҳолатга йўл қўйилган ва қарздорлик қопланган тақдирда ҳам ҳисоблагичлар автоматик ёқилмайди. Бунинг учун электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан чоралар кўрилгач, ёқиб берилади.

Бундай юқори қарздорликлар соҳага ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, албатта. Масалан, истеъмолчиларни узлуксиз электр энергиясини билан таъминлаш учун амалга ошириладиган янги инвестицион лойиҳалар амалга оширилишига, янги трансформатор пунктлари ҳамдаэлектр тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш — барча –барчаси шунга боғлиқ.

Шу ўринда жорий этилаётган АСКУЭ тизими ҳамда ўрнатилаётган “Ақлли ҳисоблагич”лар, фойдаланилган электр энергияси учун қилинаётган тўловларга аниқлик киритишда, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлашда асосий вазифани бажаради.

Шу билан бирга, ушбу тизим орқали жойлардаги катта юкламалар билан ишлаётган трансформатор пунктларини, тармоқларни аниқлашда, юзага келадиган аварияли ҳолатларнинг олдини олишга, ушбу тизим орқали келгусида модернизация ва қурилиш ишларини амалга оширишни ҳамда энг асосийси истеъмолчиларимизга узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун хизмат қилади.

АСКУЭ тизими ҳозирда тўлиқ жорий этилмаганлигини инобатга олиб, истеъмолчилар томонидан қарздорликлар бартараф этилиши ва олдиндан тўловлар амалга оширилиши билан 15 дақиқагача истеъмолчи тармоққа қайта уланади. Шу сабабдан, ўрнатилган ҳисоблагичларга ташқаридан аралашувларни амалга оширмасликларини бундай ҳолат автоматик ёқиш тизимига салбий таъсир кўрсатишини айтиб ўтиш ўринлидир.

 

Қарздорлик мавжудми, демак, тармоқдан автоматик тарзда узиласиз

Қарздорлик  бўйича йиллар давомида жуда кўп шуғулланилган. Харажатлар қилинган. Лекин самара кутилганидек бўлмади. Бу лойиҳа ўзини қанчалик оқлайди? Яна ҳаракату харажатлар ортиб кетавермайдими? Бунинг техник иқтисодий асослари ҳисоб-китоб қилинган. Унга саккиз йилда ўзини қоплайди. Энг асосийси бу тизим истеъмолчиларимизни безовта қилмасликка ёрдам беради. Инсон омилини йўқотади.

Мисол учун, Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида истеъмолчилар ҳам қарздорлари ҳам жудаям кўп. Ҳозир аҳолига тўлиқ ҳисоблагичлар қўйилиб, биллинг тизимига уланганидан сўнг қарздорларни ўчириш чоралари бошланган. Масалан, Зангиота туманида 20 сентябрдан АСКУЭ тизими ишлатила бошланди. Бунгача аҳолининг электр энергияси учун қарзи 56 млрд. сўмни ташкил этаётганди. Ҳозир ушбу сумма 45 млрд.га тушди. Ачинарлиси, бу ҳар йили ўсиб келаётган эди. Хусусан, ушбу туманда сентябрь ойида 7 фоизга ошган эди. Демак, нафақат ошишнинг олди олинди, балки қарздорлик тушишига эришиляпти.

Худди шундай Қибрай туманида аҳолининг қарздорлиги 18 млрд. сўм эди. Ҳозир 8 млрд. сўмга тушди. Тошкент туманида бир кунда 4 млрд. сўм тушди. Ваҳоланки, бу туманда тушум бир ойда 500 млн. сўмдан ошмаган.

Жами Тошкент вилоятида ҳисоблагичларин ўчириш ҳисобига 9 млрд. пул тушди. Булар фақат АСКУЭга уланганларидан. Бунақа маблағ ҳеч қачон тушмаган.

Айтмоқчи бўлганимиз, бундан буёғига ўчиш кўпаяди. Чунки автоматик тизимга улаш ҳам кўпаймоқда. Яъни кунига минглаб истеъмолчилар тизимга уланяпти. Бу қарздорми, улар тармоқдан автоматик тарзда узилади, дегани.

 

Ҳисоблагичлар етарли

Қайд этганимиздек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.

Айни кунгача жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар инвестициялари ҳисобидан 4,6 млн.дан ортиқ замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди. Электрон ҳисоблагичлар Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектраппарат” МЧЖлар томонидан етказиб берилмоқда. Шулардан бири — “Электрон ҳисоблагич”  қўшма        корхонаси 16 йиллик фаолияти давомида мамлакатимизнинг электр тармоқлари корхоналарига 3 млн.га яқин 1 фазали ва 200 мингдан ортиқ 3 фазали ҳисоблагичларни етказиб берган. Ҳозирги кунда корхонада икки турдаги 1 фазали ва икки турдаги 3 фазали ҳисоблагичлар ишлаб чикарилмоқда. Корхона жамоаси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан 2019 йил 1 мартда тузилган шартномага асосан Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари истеъмолчиларига замонавий электр ўлчов асбоблари етказиб бермокда.

Бундан ташқари, жамият тасарруфида Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фаолият юритмоқда. Мазкур марказда республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар  кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланади. Шунингдек, дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шакилллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжуд.

Бундан ташқари, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга оширади. Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси томонидан ушбу марказга Корея, Хитой, Сингапур ва АҚШ каби дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари билан таъминланган.

Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ишга туширилишидан асосий мақсад, республика миқёсида электр энергияси истеъмолчиларининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шаклллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш, яъни қарздорларни автоматик равишда таъминотдан ўчириш ва фойдаланилган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта улаш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, ҳисоблагич маълумотларини қайта ишлаш каби вазифалар бажарилиши белгиланган.

Айни пайтда Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида фойдаланишга топширилган кичик марказлар сервер захира (Back-up) сифатида ишламоқда.

 

Қачон яхши бўлади?

Қачон электр токи таъминоти яхшиланади? Бунинг аниқ муддати белгиланганми? Бугун барчани бу каби саволлар қизиқтирмоқда ва бу борада мурожаатлар ҳам талайгина.

Айтиш жоизки, ҳозир тизимда ҳар куни яхши тарафга ўзгариш бўлмоқда. Бунинг учун бутун жамоа куну тун ишламоқда. Жамиятимиз мутасаддилари ҳудудларда. Электр энергетикаси трансформацияси бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Айтиб ўтганимиздек, бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимдаги ўзгаришлар айни шу мақсадларга қаратилган. Булар, табиийки, ўз самарасини бериши керак.

Тўғри, муаммолар мавжуд. Хусусан, 60-70 фоиз электр энергияси ишлаб чиқариш станцияларида блоклар эски. Жуда кўп энергия талаб қилади. Яъни ҳам маблағ, ҳам куч жиҳатдан кўп харажатли.  2030 йилгача мўлжалланган концепцияда ушбу эски блоклар янгисига алмаштирилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, унда қайси йили қаерда қуёш ва шамол электр станциялари  қурилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Булардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугун мамлакатимиз энергетика тизимида, хусусан, электр энергияси таъминотида аниқ мақсадли ишларга қўл урилмоқда.

Ўйлаймизки, яқин келажакда булар ўз натижасини кўрсатади. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасидаги ишлар янада жадаллашади. Чунки биз ҳали ушбу йўналишда анча орқадамиз. Унинг ҳуқуқий асослари қандай? Ундан фойдаланганда тўлов қилинадими ёки йўқ?!   Қисқаси саволлар кўп. Булар кейинги мақолаларимизга мавзуси.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

(“Халқ сўзи”).  

2020 йил 10 декабрь.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.4 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!