«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-26T10:16:08+05:0026 Mart, 2021|Олтин қалам|

ЖУРНАЛИСТИКА ЖАМИЯТДА ЎЗ ЎРНИГА ЭГА БЎЛИБ БОРМОҚДА

«Xabar.uz» махсус мухбири Турсунали Акбаровнинг «Андижоннома» саволларига жавоблари

 

1.Турсунали, мукофот муборак бўлсин! Буниси фаолиятингиздаги нечанчи эътироф? Шундай мукофотларнинг қайси бири Сизга айниқса қадрли?

–  Қутлов учун раҳмат. Бу фаолиятимидаги нечанчи эътироф? Биринчиси! Илгари тор доирада ўтказилган бир-иккита танловларда ғолиб деб топилганим бор гап. Аммо кенгроқ миқёсдаги илк эътироф – шу. Қайси бири қадрли?  Биридан бошқасини баланд қўйиш қийин: эътирофнинг катта-кичиги бўлмайди.

2.Шу соҳанинг кўзга кўринган вакили сифатида бугунги журналистикада ижобий ва, аксинча, кўнглингизга ўтирмайдиган қандай мойилликлар (тенденциялар) бор?

– Ижобийси – журналстика жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Жараён давомли бўлсин, илоё!  Танқидий чиқишларга “барака кираётгани”ни (жамиятда муаммолар тиқилиб ётибди, ахир?!) кузатиш ҳам ёқимли. Бироқ айрим нашрлар, ижтимоий сайтларда “беркинмачоқ ўйинлари” кўзга ташланиб қолаётгани кўнгилда оғриқ уйғотмоқда. Яъниким, бирорта сайтда “урилган” ташкилот (амалдор) бошқаси орқали унга ўта юзаки муносабат билдириб, “виждонига сув сепмоқда”, гўё…  Буни беморнинг соғ аъзолари билан мақтаётганига ўхшатиш мумкин. Касалга чалинган аъзо, вақтида муолажа қилинмаса, бутун танага таъсир кўрсатишини аниқ. “Лўлича муаложа” билан тана узоқ яшай олмайди. Шуни ҳис қилсак, бас.

3.Танқидни тўғри қабул қилиш индекси, дея шартли ўлчов бирлигини жорий қилсак, Сиз “нишонга” олган қайси вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарлари қандай балл тўплаган бўларди?

– Мезонни банланд олвордингиз. “Танқидни тўғри қабул қилиш индекси”ни ҳатто шарти жорий қилишга ҳам фурсат бор-ов, ҳали. Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, жавоб беришга ҳаракат қиламан, майли. Бош прокуратура раҳабариятида танқидга тоқатлилилик яхшигина шаклланиб бораётгани кўзга ташланиб  қолди. Мамлакат Бош прокурори даврий нашрлардан тортиб, ижтимоий сайтларни мунтазам кузатиб боришига бир-неча бор гувоҳ бўлганман. Шу боис маҳкама матбуот хизмати наинки оммавий ахборот воситаларида, ҳатто ижтимоий тармоқларда билдираётган тизимга оид танқидларни кўздан қочирмасликка  ва ўз вақтида муносабат (иложи борича холис ва ҳаққоний!) билдиришга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, Адлия вазири ва вазирликнинг матбуот хизмати ҳақида ҳам шундай илиқ фикрларни билдириш мумкин (асосан ҳуқуқий мавзуда ёзганим боис “ўзимизга яқинроқ”дан келақолдим, айбга буюрмайсиз).

4.Андижонни ҳам кўп бор “сийлаб” ўтасиз. “Ҳазм” қилиш дурустми?

– Танқид кимга ёқибдики, биров келиб, мени боплаб урибсиз, раҳмат сизга, биродар, дея пешонангиздан чўлпиллатиб ўпса?! Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради. Бироқ, куни кеча вилоят ҳокимлигидан қўнғироқ қилиб, байрам билан табриклар экан, вилоят раҳбари сана муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус қабул уюштираётганини айтиб, шу тадбирга таклиф қилди. Вақт муаммоси сабаб тадбирда иштирок этиш насиб қилмади, афсус… “Андижонни  ҳам кўп бор “сийлаб” ўтадиган” журналистга қилинган бундай эътибор вилоятда танқидни “ҳазм” қилиш  чакки эмаслигини кўрсатяпти-ёв… Кўз тегмасин.

5.Сўзнинг ҳам уволи бор, деган эди таниқли адибимиз. Теша тегмаган гаплар, ўхшатишларни чертиб-чертиб қўллаш ижодингизга хос хусусият. Бу борада қандай булоқдан қувват оласиз?

– Лутф бироз ошиб кетмадими?.. Ясама камтарликка йўймасангиз, бир гап айтаман: Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби буюкларнинг публицистикаси ишқивози, Худойберди Тўхтабоев, Неъмат Аминов, Анвар Обдижон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам каби Катта Адиблар асос солган ”сўз қўллаш мактаблари”нинг ҳамон “сиртқи бўлим” талабасиман. Яна А. Несин, М. Зошченко, Я. Ҳашек, Б. Нунич, М. Задорнов, В. Шукшиннинг ҳажвиётига шайдолигим бор. Яхшигина пароканда ёзмишларимда сиз айтган хусусият кўзга ташлангудек бўлса, бу оздир-кўпдир мутолаа таъсири, қисқаси.

6.Турсунали Акбаровнинг қандай фазилати Сизга ёқмайди?

– Кўнгилбўшлик ва ишонувчанлик. Шуларнинг орқасидан кўп бор панд ейман доим. Бироқ уларни ёқмайди, дейишга тил бормайди. Нега десангиз, баъзан ўйланиб қоламан: шулардан бошқаси борми ўзи менда?!

7.Ижодингизга барака!

– Сизга ҳам айни тилак.

Саидаҳмад Шукуров,

«Андижоннома» газетасининг

2020 йил 1 июль сонида чоп этилди.

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!