САЪДУЛЛА ҲАКИМНИ ЭСЛАБ ёки саккиз рубоий

2021-03-25T20:49:43+05:0025 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Қуёш қавми

 

Кўп бора панд еди Саъдулла Ҳаким,

Чун доим ҳақ деди Саъдулла Ҳаким.

Қалбларга қуёшдек нур сочиб ўтди,

Қуёш қавми эди Саъдулла Ҳаким.

 

Журналистлар отаси

 

Елка маломатдан кўп яғир бўлди,

Ҳамкасблар дарди деб қонбағир бўлди.

Саъдулла Ҳаким бу оламдан ўтди –

Шогирдлар фарзанддек, эҳ, сағир бўлди.

 

Хизматхонада сукунат

 

У “ўтди”. Шум хабар танамдан ўтди,

У шодликдан ёки аламдан  «ўтди».

Хизматхона ҳамон ҳувиллаб ётар –

Чун САЪДУЛЛА ҲАКИМ оламдан ўтди!

 

Жаҳолат иши

 

Ўта камтарлик ҳам залолат экан,

Бемаврид кетмакка далолат экан.

Инсон бир дарахтдир меҳр кўкартар

Қуритиб, кесмоқлик жаҳолат экан.

 

Узр мавриди

 

Статистика хабар берар бирма-бир:

– Саксондан юқори ўртача умр!

Ахир етмишга ҳам етмади-ку у

Сўраб қўймоқ керак марҳумдан узр.

 

Йиғлади

 

Шул кун Гарашада осмон йиғлади,

Кимнингдир қалбида армон йиғлади.

Йиғлади яқинлар, йиғлади ёт ҳам –

Ким ошкор, ким эса пинҳон йиғлади.

 

Соддалик

 

Жаҳонни зиёга тўлдирди Роббим,

Кимнидир кўкартиб, сўлдирди Роббим.

Гарашада ўлсам дер эди шоир

Дўрмон бир четига дўндирди Роббим.

 

Раиснинг сўнг сўзи

 

Ҳақ йўлида қатъий ҳам муқим бўлдим,

Ҳақ деб, айтинг, қачон жим бўлдим!

Доим турдим журналистлар ёнида

Айро тушсам, мен уларга ким бўлдим?

 

Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сирдарё вилоят бўлими раиси, шоир.