“Олтин қалам” —  юксак  рағбат ва эътироф

2021-03-25T14:54:57+05:0025 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Шу йилнинг 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига ташриф буюрган давлатимиз раҳбари журналистлар билан мулоқот қилиб, уларни кўзга ташланаётган муаммолар бўйича масъулларни танқид қилишдан чўчимасликка чақирди: “Танқид қилинглар! Биласизларми, бу — учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади. Сизларнинг кучларинг катта”,  дея таъкидлади.

Президентимиз томонидан журналистларнинг бундай қўллаб-қувватланиши мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган барча ижодкорларни янгича ишлашга руҳлантириб, янада фаол бўлишга ундамоқда. Айни пайтда шу орқали журналистларда  ўз ишига бўлган иштиёқ ва меҳрни, ўз касбидан фахрланиш ҳиссини оширади десак, муболаға бўлмайди.

Журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг тарғиб қилиш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш, журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакл­лантириш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган танловлар кўп. “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов улар ичида энг нуфузлиси, десак янглишмаймиз.

Жорий йилдан эътиборан ушбу танловни аввалгиларидан бироз бошқача, бугунги кун талаби даражасида — янгича форматда ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз. “Олтин қалам” XV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ташкилий қўмитаси ва ишчи гуруҳлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси уюшма бошқаруви, унинг ҳузуридаги кенгашлар  аъзолари, тажрибали устозлар, фаол интернет журналистлари, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, журналист кадрлар етиштирувчи олий таълим муассасаларининг соҳага алоқадор етакчи ходимлари ҳамда тадқиқотчиларининг таклиф ва тавсия­лари асосида танлов низомига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.

Биринчи — чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун рағбатлантирувчи номинация асосий мукофотлар қаторига қўшилди.

Иккинчи — танловга тақдим этилган материалларнинг электрон шаклини уюшмамизнинг journalist.uz веб-сайтида очилган “Олтин қалам-2021” бўлимига жойлаштириш ва уни беш балли тизим бўйича баҳолаш йўлга қўйилди. Бу жараёнда иштирокчиларнинг ҳар бир материали ОАВ, соҳага дахлдор ташкилот ва олий таълим муассасалари, ахборот хизматлари жамоалари номидан баҳоланади.

Учинчи — ОАВ ва ахборот хизматлари томонидан танловга тақдим этиладиган ижодий ишлар сони чекланди — бештадан кам, ўнтадан кўп бўлмаслиги белгиланди. Ўзгартиришга кўра, танловда нафақат журналистлар, балки газета ва журналлар, интернет нашрлари — веб-сайтлар, радио ҳамда телеканаллар ҳам жамоавий иштирок этиши мумкин. Бу жараёнда ҳам ОАВнинг ўнтадан кўп бўлмаган (газета ёки журнал) сони, аудио ва видео материаллари кўриб чиқилиши қайд этилган. Ахборот хизматларига келганда асосий эътибор хизматнинг ташкилот фаолиятини кенг ва холис ёритилишида ОАВга  кўрсатаётган ёрдами, жамоатчилик билан алоқалар қанчалик йўлга қўйилгани, ижодий фаоллик каби мезонларга қаратилиши кўрсатиб ўтилган.

Албатта, бу билан “Олтин қалам” танлови низомига ўзгартиришлар киритиш тўхтаб қолмайди. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда, тегишли таклиф ва тавсиялар асосида бу борадаги ишлар давом эттирилиши мумкин.

Айни кунда ОАВлар ҳамда ахборот хизматлари вакиллари, эркин ижодкорлар томонидан танловга материаллар топшириш қизғин давом этмоқда. Уюшмамизда навбатчилик асосида ҳафтанинг шанба кунлари ҳам эрталаб соат 09:00 дан кечки 18:00 гача “Олтин қалам”га ижодий ишлар қабул қилинмоқда. Бундан ташқари, материалларни электрон манзил орқали олиш ҳам йўлга қўйилган.

Кези келганда айтиш жоиз, ижтимоий тармоқларда танлов билан боғлиқ турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Ғолибликка у муносиб, бу лойиқ қабилида. Аслида бу — табиий ҳол. Турли фикр-мулоҳазалар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Бу — аксиома, бошқача айтганда, ўз-ўзидан аниқ-равшанлиги сабабли исбот талаб қилмайдиган, исботсиз қабул қилинадиган ҳолат.

Журналист таниқли, истеъдодли, қалами ўткир бўлиши мумкин. Бу унинг айни йил “Олтин қалам”да ғолиб ёки совриндор бўлиши шартлигини англатмайди. Эҳтимол унинг энг юқори баллга муносиб “асар”лари 2-3 ёки 5-6 йил олдин битилгандир, балки кейинги йилларда ёзилар. Умуман, ҳар бир журналистнинг сермаҳсул ижод қилган йиллари бўлади.

“Олтин қалам” ҳақида сўз юритилганда танловда журналистнинг фақат 2020 йилнинг 31 мартидан 2021 йилнинг 31 мартигача эълон қилинган материаллари кўриб чиқилиши, айни шу даврда у нисбатан фаол ижод қилмаган бўлиши мумкинлиги каби омиллар ҳам ҳисобга олиниши лозим.

“Олтин қалам” танлови иштирокчиларининг ижодий ишларини соҳа бўйича катта тажриба ва билимга эга,  виждонли, адолатли устозлардан таркиб топган нуфузли ҳакамлар ҳайъати кўриб чиқади ва сайтимизда баҳоланган баллар жамланмасига таянган ҳолда холис якуний хулосага келинади. Жорий йилдан journalist.uz сайтида материалларни ижодий жамоаларнинг баҳолаши йўлга қўйилгани ҳам ана шу эзгу мақсад — “Олтин қалам” танловининг шаффоф ва ҳаққоний ўтиши таъминланишига қаратилган.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раисининг ўринбосари,

“Олтин қалам” Миллий мукофоти

ташкилий қўмитаси раиси