«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-25T15:39:50+05:0025 Mart, 2021|Олтин қалам|

ЯХШИЛАР КЎМАГИ БЕГЗОДНИ ҲАЁТГА ИШОНЧИНИ ҚАЙТАРДИ

Бир куни Бегзод мактабда тўсатдан бошланган оғриқдан кўксини чангаллаганча йиқилди. Синфдош дўстларию ўқитувчилари бир амаллаб тез ёрдамга олиб боришди. Биринчи ёрдам кўрсатилгач, Бегзодни шифокорлар обдон текширувдан ўтказишди. Таҳлиллар натижаси унинг юрагида Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми борлигини кўрсатди.

(Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми — юрак тузилишининг туғма аномалияси. Бу ҳақида биринчи бўлиб 1930 йилда Луи Вольф, Жон Паркинсон ҳамда Пол Дудли Уайт таърифлаган. 1940 йилда юрагида ҳам тахикардия асистоласи, ҳам пароксисмаси бўлган беморларга нисбатан “Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми” атамаси қўлланилган. Бу синдром таъсирида тўсатдан юрак ўлими ҳар йили тахминан 0,25-0,39 фоиз беморларда учрайди.)

Мутахассисларнинг фикрича, бу касаллик билан оғриган беморларда тез-тез юрак хуружи кузатилади ва у беморнинг ҳаётини жиддий хавф остида қолдиради. Улар бу хавфни жарроҳлик амалиёти билан бартараф этиш мумкинлигини айтишди.

Бу хабар, Термиз шаҳри “Мажнунтол” маҳалласида яшовчи Бегзод Жумаев ва унинг яқинларини бироз шошириб қўйди. Хуружлар эса тез-тез қайталанаверди. Унинг тузалиши учун мураккаб юрак операцияси ўтказилиши, бунинг учун 15 миллион сўмга яқин маблағ зарур эди.

Бу пул бошқалар учун арзимас бўлиши мумкин, аммо бундан беш йил аввал ҳам отадан, ҳам онадан айрилган, акаси ва синглиси билан амакисининг қарамоғида қолган ўқувчи бола учун бу имконсиз. Амакиси Маҳмуд Жумаев ташкилотда оддий боғбон, янгаси мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Тўрт нафар фарзанди ва акасининг қоракўзларини ҳам бағрига олган оила маошга кун кўради. Шу боис, операция учун шунча маблағ тўплаш улар учун оғирлик қиларди. Бу вазиятда уларнинг жонига “Мажнунтол” маҳалласи фаоли Фароғат Хатамова ора кирди. У аввал, болаларни “Темир дафтар”га киргиздирди. Сўнг, кўп ташкилотларнинг идорасига ёрдам сўраб борди.

Вилоят кардиология маркази директорининг ёрдами билан операция қилиш учун соғлиқни сақлаш бошқармасидан 2020 йил октябрь ойида ордер олишга муваффақ бўлишди. Бироқ, операцияда керак бўладиган тиббий дори-дармонлар, анжомлар учун маблағ керак. Фароғат Хатамова илтимос қилмаган, бормаган эшиги қолмади. “Ёрдам берамиз” деган ваъдалар ваъдалигича қолар, пулдан эса дарак бўлавермади.

  • 2020 йил 17 декабрь куни маҳалламизда жойлашган 7-умумтаълим мактабида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаевнинг сайловчилар билан учрашув ўтказаётгани ҳақида хабар топдим, — дейди Фароғат Хатамова. — Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади дейишганидек, мен ҳам илинж топилса, ўша ёққа чопардим. У ерда депутат билан учрашдим ва бўлган воқеани айтиб бердим. Ундан ҳомий топиб бериши учун ёрдам сўрадим. Чунки, не машаққат билан олинган ордернинг муддати тугаб бораётганди. Бегзод учун эса ҳар дақиқа ғанимат эди. Депутат бу мурожаатимни ўз назоратига олишини айтиб, боғланишимиз учун телефон рақамини берди. Ишониб ишонқирамай раҳмат айтдим. Лекин, шундан сўнг ишлар юришиб кетди. Мен депутатни тинч қўймадим, депутат вилоят ва шаҳардаги мутасадди ташкилот раҳбарларини тинч қўймади. Ниҳоят, ҳомийлар топилди ва етарлича маблағ ҳисоб рақамга ўтказиб берилди. Вилоят кардиология маркази раҳбари Баҳодир Ғаффоров операция шу ернинг ўзида Республика кардиология марказидан чақиртирилган малакали шифокор, эндоваскуляр жарроҳ Бахтиёр Амирқулов билан бирга ўтказилишини айтиб қолди. Биз Бегзодни марказга ётқиздик. Уни бир ҳафтача операцияга тайёрлашди ва жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.
  • Хабарингиз бор, марказимизда биринчи марта юрак операциялари йўлга қўйилди, — дейди жарроҳлик амалиётида иштирок этган вилоят кардиология маркази директори Баҳодир Ғаффоров. — Ҳозирда 50 га яқин юрак операцияларини муваффақиятли ўтказдик. Бунда бизга Республика кардиология маркази шифокор-мутахассислари ҳам яқиндан кўмак бермоқда. Бегзод Жумаевнинг операциясида ҳам эндоваскуляр жарроҳ Бахтиёр Амирқуловнинг ёрдами катта бўлди. Касаллик юрак ритмининг бузилиши билан боғлиқ бўлгани сабабли, уни жарроҳлик йўли билан даволашга ҳаракат қилинди. Муҳими, айни пайтда беморда ижобий ўзгаришлар кузатилаяпти.
  • Бекзоддан хабар олгани касалхонага борганимда унинг ҳаётга мустаҳкам ишонч билан қарай бошлаганини дарров сездим, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев. — Энди у келажаги ҳақида орзу қилишни бошлаганди.

Бегзод Жумаев ҳозирда 7-мактабнинг 10-синфида таҳсил олади. Унинг айтишича, саломатлиги анча яхшиланган. У билан суҳбатлашиш учун Маҳмуд Жумаевнинг хонадонига борганимизда Бегзоднинг ўзи бизни кулиб қарши олганини кўриб, қувондик. Суҳбат жараёнида у келажакдаги орзулари ҳақида гапирди. Ёш бўлсада, синовлардан олган хулосалари билан ўртоқлашди.

  • Тарих фанини яхши кўраман, — дейди Бегзод Жумаев. — Келажакда ўқитувчи бўлмоқчиман. Хорижий тилларни ҳам ўрганишга қизиқаман. Одам дард билан олишганда ҳаётнинг нақадар азиз неъмат эканлигини яхшироқ англаркан. Мен ҳам шуларни ҳис қилдим. Аммо, инсон ҳеч нимаси бўлмаса ҳам, кўксида уриб турган юраги, ҳар бир аъзоси учун шукр қилиши керак экан.

Ҳа, унинг англаганлари ҳақиқат. Лекин яна бир ҳақиқат борки, у ҳам бўлса дунёда яхшилар, яхшиликларнинг борлиги учун ҳам яшагимиз келади. Бегзоднинг соғлом ҳаётга қайтиши учун шунча инсоннинг ҳиссаси қўшилгани, ҳали инсонийликнинг не бир кўринишлари, сифатлари борлигидан далолатдир. Қўшнисининг фарзанди учун елиб-югурган бағри кенг аёлдан тортиб “бунақалар ҳозир камми” демай, ҳомийлик учун ҳиммат кўрсатганлар, халоскор шифокорларнинг орамизда борлиги кўнгилимизга таскин беради ва бошқаларни ҳам эзгу ишлар сари ундайверади.   

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

http://surxontongi.uz cайтида 2021 йил 22 февралда ва «Сурхон тонги» газетасида 26 февральда 16-сонда чоп қилинган

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.7 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!