Шогирдлар қалбида яшайсиз!

2021-03-25T14:37:06+05:0025 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси собиқ (марҳум) раиси Саъдулла Ҳакимов таваллуд топган кун. Шоир ҳаёт бўлганларида бугун қутлуғ 70 ёшни қаршилаган бўлар эди.

У киши тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгалари қатори каминага ҳам устозлик қилган. Ишонч билдириб, ёш-талаба бўлишимга қарамай Журналистлар Уюшмасига ишга қабул қилиб, оқ йўл тилаб, марказий нашрларда чиқадиган мақолаларимни кузатиб борар ва ҳар бирига фикр билдириб, қўллаб-қувватлар эдилар.

Ишга кирганимнинг илк кунида ўз қўллари билан “Юрт ўғлони” номли шеърий китобларини чиройли дил сўзлари: “Истеъдодли журналист, ижодкор Исломжонга энг яхши ниятлар билан, Саъдулла Ҳаким (имзолари) 09.07.2020 …” совға қила туриб “Сиздан ҳам мана шундай китоблар кутиб қоламиз, албатта, омадингизни берсин…” дея ишонч билдирганлари кечагидек эсимда.
Оғир, вазмин, самимий, ёшлар учун маслаҳатгўй эдилар.

Уюшмамиз қошидаги “Ҳуррият” газетасида эълон қилинган “Сизга айтар сўзим бор” номли мақоламга телеграм орқали қуйидагича фикр ёзган эдилар: “Исломжон, «Ҳуррият»даги мақолангиз билан табриклайман. Холис ва ҳаққоний, дунё миқёсида далилларга бой, одоб доирасида ёзилган ажойиб мақола бўлибди…”

Таниқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Саъдулла Ҳакимовнинг ёрқин хотираси биз-шогирдлар қалбида ҳамиша сақланиб қолади.

Ислом АСИЛБЕКОВ.